Norma.uz

Ижобий ўзгаришлар

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори (27.06.2017 йилдаги 429-сон) қабул қилинди. Янгиликлар пенсия тўғрисидаги айрим қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш имконини берибгина қолмай, балки пенсияни расмийлаштириш учун зарур бўлган, ўз навбатида стажга кўра пенсия тўловлари ҳисобланишини кафолатловчи ҳужжатларни тўплашни ҳам анча осонлаштиради.

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев янгиликларга батафсил тушунтиришлар тайёрлади.

 

Қуйидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмоқда:

■ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низом (ВМнинг 19.02.2010 йилдаги 30-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 30-сон Низом);

■ Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – ­252-сон Низом);

■ Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – 46-сон Низом).

Ўзгартиришларни 2 гуруҳга ажратиш мумкин: техник (1-жадвал) ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича (2-жадвал).

252-сон Низомнинг 36-бандига киритилган тузатишларни таҳлил қилиб кўрайлик.

Агар иш стажига қўшиб ҳисобланадиган даврлар рўйхатларига назар ташласак, 252-сон Низомнинг 35-банди «а»–«г» кичик бандлари (ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш) меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқлигини тушуниш мумкин. «д»–«и» кичик бандлари (ногиронга, қарияга қараб туриш вақти, болани парваришлаш таътилида бўлиш, кундузги ўқиш, ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, дипломатик ваколатхоналар ходимларининг хотини (эри) чет элда бўлган давр) эса, меҳнат фаолияти ҳисобланмаса ҳам (Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмайди), муайян шартлар билан умумий иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Мазкур ўзгартиришлар билан жисмоний шахс танлаши мумкин бўлган даврлар, қайсиларини эса танлаб бўлмаслиги аниқлаштирилган (1-жадвал).

 

МИСОЛ. Бир вақтнинг ўзида меҳнат шартномасига кўра ишлайдиган ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган олий ўқув юрти талабасига иш стажига қўшиб ҳисоблаш учун битта даврни танлаш ҳуқуқи берилар эди. Танлашнинг бундай нисбати амалиётда қўллаш чоғида бир қатор қийинчиликларни юзага келтирар эди. Энди олий ўқув юрти талабасининг иш стажига унинг ўзи танлаган фақат битта давр (меҳнат шартномасига кўра иш ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш) қўшиб ҳисобланади. 

 

МАЪЛУМОТ УЧУН! 252-сон Низомнинг 35-банди «а»–«г» кичик бандларида кўрсатилган даврлар:

биринчидан, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаб келинган меҳнат фаолияти даврлари ҳисобланади;

иккинчидан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи улар асосида белгиланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг ­8-моддаси);

учинчидан, 252-сон Низомнинг 35-банди «д»–«и» кичик бандлари «а»–«г» кичик бандларда назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлганда иш стажига қўшиб ҳисобланади.


1-жадвал

Илгари шундай эди

 

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ

 

30-сон Низом; 252-сон Низом

 

Ишламайдиган пенсионерларга пенсия яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан «Ўзбекистон почтаси» ОАЖнинг почта алоқаси объектлари, операторлари ва провайдерлари орқали ёки пенсионернинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисобрақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланар эди (30-сон Низомнинг 8-банди; 252-сон Низомнинг 157-банди)

 

2017 йил 1 июлдан бошлаб пенсия ва нафақалар Халқ банкининг таркибий бўлинмалари томонидан етказиб берилмоқда (Президентнинг 13.03.2017 йилдаги ПҚ-2826-сон қарори).

 

Тегишинча, пенсия ва нафақани етказиб берувчи (берувчи) органни белгилаш қисмида низомларга тузатишлар киритилди

252-сон Низом

 

Хорижда бўлган шахсларга меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсиясини тўловчи орган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати ҳисобланар эди (186–188, 191-бандлар)

 

Энди у Пенсия жамғармаси бўлими ҳисобланади

 

Низомнинг 35-банди «а»–«и» кичик бандларида кўрсатилган даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, бир даврни танлаш назарда тутилган эди (36-банд)

 

Эндиликда, бундан ташқари, фуқаро Низомнинг 35-банди «д»–«и» кичик бандларида назарда тутилган даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, улардан фақат биттасини танлаш ҳуқуқига ҳам эга. Яъни иккита рўйхатдаги
(«а»–«г» ва «д»–«и») даврлар ўртасида танлашга эндиликда алоҳида қаралади. Агар «а»–«г» ва «д»–«и» кичик бандларида кўрсатилган даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, у ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига «а»–«г» кичик бандларида кўрсатилган даврлардан бири қўшиб ҳисобланади

 

Пенсионер томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсиянинг ҳисобланган суммаси ўтган вақт учун ЎзР Президентининг фармонларига мувофиқ пенсиялар миқдорлари оширилиши ҳисобга олинган ҳолда бир йўла тўланади, бироқ пенсия олиш учун мурожаат қилишдан олдинги 12 ойдан ортиқ вақт учун эмас.

Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмаган пенсия суммаси ўтган вақт учун Президентнинг фармонларига мувофиқ пенсиялар миқдорлари оширилиши ҳисобга олинган ҳолда, муддат чекланмасдан бир йўла тўланади
(169-банд)

Киритилган қўшимчада назарда тутилишича, ўтган давр учун тўловлар бир йўла тегишли ойлар учун ҳисоблаб чиқариб қўйилган ва олинмаган пенсиянинг суммаларига мос миқдорда тўланади

 

 

 

Фуқароларнинг мурожаатлари, шу жумладан ЎзР Президентининг виртуал Қабулхонасига мурожаатларини ўрганиш асосида, қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимояланишини таъминлаш мақсадида 85, 87, 149, 160, 163, 168, 171, 172 ва 175-бандларга ўзгартиришлар, шунингдек янги бандлар (113-1 ва 168-1) билан қўшимчалар киритилди.

2-жадвал

Илгари шундай эди

 

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ

 

252-сон Низом

 

ДСҚ маълумотлар базасидаги жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлар ҳам пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун зарур иш ҳақини аниқлашда асос бўлиб хизмат қила олмас эди, сабаби иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади, уни гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга эса йўл қўйилмайди. Иш ҳақини тасдиқлаш учун лавозим маоши тўғрисидаги штат жадвалидан кўчирмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетларидан ҳам фойдаланилмайди. Бу пенсияларнинг пасайишига ва аҳолининг бундай ҳисоб-китобга рози бўлмаслигига олиб келар эди (85-банд) 

 

Қўшимчада назарда тутилишича, агар архив маълумотлари мавжуд бўлмаса, иш ҳақи миқдори 2005 йилдан кейинги давр учун жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиқиб аниқланади.

 

2015 йилдан кейин – фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб аниқланади

Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, бироқ муайян шартлар билан иш стажига қўшиб ҳисобланадиган иш ҳақини аниқлаш учун меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмаган даврлар белгиланган эди (Низомнинг 35-банди «д»–«и» кичик бандлари).

 

Иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тақдим этмаганлик муносабати билан иш стажига киритилмаган даврлар, шунингдек иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда бўлиш даврлари меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик давридаги иш ҳақи ҳисоб-китобидан чиқариб ташланмайди.

 

Одатда ушбу норма мажбурий тартибда суғурта бадалларини тўловчиларга ҳам, уларни ихтиёрий равишда тўловчиларга ҳам тегишли эди. Натижада Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда суғурта бадаллари тўланмаганлиги муносабати билан иш стажига қўшиб ҳисобланмаган даврлар пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақини аниқлашда меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик давридан чиқариб ташланмас эди. Пенсиялар эса энг кам иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилар, бу унинг миқдори камайишига олиб келар эди (87-банд)

Ижтимоий адолат ва тенг шароитларни таъминлаш мақсадида киритилган қўшимчалар пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақини иш стажига қўшиб ҳисобланган меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик давридан келиб чиқиб аниқлаш имконини беради.

 

МИСОЛ. Киши 2005–2015 йилларда РФда ишлаган (суғурта бадаллари тўланмаган). Бу давр меҳнат фаолиятидан чиқариб ташланади. Унга пенсия ҳисоблаб чиқариш учун ўтган 10 йилдаги, масалан, 1995–2005 йиллардаги иш ҳақи қабул қилинади. Унга пенсия ушбу даврдаги 1 ЭКИҲ ҳисобидан эмас, балки ҳақиқий иш ҳақидан (суғурта бадаллари тўланган) ҳисоблаб чиқарилади

 

Қуйидаги шахсларга пенсияга устама ҳақлар назарда тутилган:

► Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматларга эга бўлган шахсларга. Бироқ қонун ҳужжатлари билан бундай шахслар доираси белгиланмаган эди
(112-банднинг «и» кичик банди; 113-банд);

► театр-концерт ташкилотларида ёки таълим муассасаларида ишлаган имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганларга;

► 20.10.1995 йилдаги ПФ-1280-сон Фармоннинг амал қилиши татбиқ этиладиган театр ва мусиқа санъатининг ижодий ходимларини тайёрлаш билан банд бўлганларга (112-банднинг «к»–«л» кичик бандлари; 113-банд)

Пенсияга ЭКИҲнинг 100%и миқдоридаги устамаларни «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган ва олий нишон – «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланганлар олишга ҳақли эканликлари аниқлаштирилди (113-1-банд).

 

Энди устамалар (ЭКИҲнинг 50, 75%и) пенсионер тегишли муассасалардан ишдан бўшагандан сўнг пенсияни қайта ҳисоблаш учун мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб белгиланади

I гуруҳ ногиронлари учун ЭКИҲнинг 75 ва 100%и миқдорида пенсияга устама ҳақлар назарда тутилган. Бироқ пенсионер I гуруҳ ногиронлиги белгиланганлиги муносабати билан пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилмагунча, у ҳисоблаб ёзилмас эди (149-банд)

 

Энди I гуруҳ ногирони пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза билан мурожаат этиши талаб қилинмайди

 

Пенсия олишга ишончнома берган пенсионер фақат пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига албатта келиб, ҳар йили унга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак эди (160-банд). Бироқ муайян вазиятлар туфайли пенсионерлар доим ҳам бундай имкониятга эга бўлмайдилар

 

Агар пенсионерларнинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига келиш имконияти бўлмаса (соғлиғи туфайли даволаш муассасаларида, шу жумладан руҳий касаллар учун стационар даволанишда бўлсалар), уларга Пенсия жамғармасининг исталган бўлимига бориш (ёки Пенсия жамғармаси бўлимлари ходимларига пенсионер турган жойга чиқиш) ёки чет элдаги дипломатик ваколатхонага мурожаат қилиш (пенсионер хорижий давлатда бўлганда) имкони берилади

 

Сабабидан қатъи назар, 2011 йил 1 январдан кейин ногирон бўлиб қолган III гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси тўланмас эди (163-банд)

 

Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган шахсларга пенсия тўланиши назарда тутилди

 

Ўқувчилар уларга боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш муддатини узайтириш учун 18 ёшга тўлгунга қадар ўқиш жойидан маълумотнома тақдим этишлари шарт эди

 

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси 18 ёшга тўлгунга қадар бетўхтов тўланади, Пенсия жамғармаси бўлимлари эса ҳар йили таълим муассасасига ташриф буюрган ҳолда таълим олинаётганлиги ҳолатини белгилаш юзасидан мониторингни амалга оширади (168-1-банд)

 

Пенсияни тўлаш тўхтатиладиган (пенсионер вафот этиши; тайинланган пенсияга ҳуқуқларни йўқотиши; доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига чиқиб кетиши) ҳамда тўхтатиб туриладиган (пенсия тўлаш муддати тамом бўлиши; кетма-кет 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсия олмаслик; пенсионернинг озодликдан маҳрум этилиши; руҳий беморлар интернат уйларида яшаши; пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилиши) ҳолатлар белгиланган (171, 172-бандлар)

 

171, 172-бандлар хорижий давлатда бўлган даврда пенсия (ижтимоий нафақа) олганлик ҳолати аниқланганда ҳам пенсияни тўлаш тўхтатилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилди.

Суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда; ишончнома берган шахс унга тайинланган пенсияга ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда пенсияни тўлаш тўхтатиб турилади. Бундан ташқари, пенсионернинг ҳаракатланиш имкони бўлмаганда ПЖ бўлими ходимлари у турган жойга чиқадилар, у хорижда бўлган ҳоллар бундан мустасно

Пенсионернинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия фақат вафот этган пенсионернинг яшаш жойи бўйича пропискага эга бўлган оила аъзоларига тўланар эди. Амалиётда бундай вазият вафот этган пенсионерга ҳақиқатан ҳам қараган, бироқ унинг яшаш жойи бўйича пропискадан ўтмаган оила аъзоларининг кўплаб эътироз ва норозиликларига сабабчи бўлар эди (175-банд)

 

Энди оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинган маълумотлар асосида белгиланади. Вафот этган пенсионернинг яшаш жойи бўйича прописка бундан буён талаб қилинмайди

 

46-сон Низом

 

Шу жумладан қуйидаги жисмоний шахслар Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлаш ҳуқуқига эга эдилар:

► Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёки фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий Бюролардан рухсатнома олган чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар (2-банднинг 2-хатбошиси);

► шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлган шахслар (3-банднинг 4-хатбошиси)

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайдиган шахслар доираси кенгайтирилди. Энди уларга қуйидагилар ҳам киради:

меҳнат шартномаси асосида, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёки фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Бюролардан чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олмасдан чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар;

шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан банд бўлган шахслар

 

МАЪЛУМОТ УЧУН!

 

ЧЕТ ЭЛДА ёлланган ҳолда ИШЛОВЧИ ШАХСЛАР Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини қонун ҳужжатларида белгиланган суғурта бадалларини тўлаш санасида ойига камида 1 ЭКИҲ миқдорида тўлайдилар.

 

Шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан БАНД БЎЛГАН ШАХСЛАР Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини йилига камида 4,5 ЭКИҲ миқдорида тўлайдилар.

Прочитано: 1766 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика