Ёр-ёр садолари остида муқаддас остонага кириб келган келиннинг хушбичим оппоқ либоси ҳамманинг эътиборини ўзига тортади. Лекин бу либос хориждан божхона назоратини четлаб ўтиб, қинғир йўллар билан олиб кирилган бўлса-чи?
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси «Самарқанд аэропорт» чегара божхона пости ходимлари С.О.нинг багаж ва қўл юкларини кўздан кечиришганда, унинг юклари орасида йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 7 дона келинлар учун тўй либослари борлиги аниқланди.
Назорат-рентген аппаратида қиймати дастлабки маълумотларга кўра 11 млн сўмлик бежирим келин кўйлаклари қимматбаҳо тошлари-ю шода-шода марваридлари билан бор бўй-бастича намоён бўлди. Қонунбузар бу билан кифояланмай, 20 дона ҳашаротларга қарши қўлланиладиган упаларни ҳам шу либослар орасига яширганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текшируви ва суриштирув жараёнлари бошлаб юборилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.