Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 27 / Божхона

Таъмирлашда ТИА талаб этилмайди

 

Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлардан фойдаланган ҳолда ускунани импорт қилган корхона ушбу имтиёзларнинг амал қилиш муддати ўтгунча таъмирлаш учун уни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимига расмийлаштиришга ҳақлими?

Илгари импорт қилинган ускунани божхона ҳудудидан ташқарида таъмирлаш учун олиб чиқаётганда божхона органига техник-иқтисодий асосланмани (ТИА) тақдим этиш зарурми? Таъмирлашдан мақсад – ускунанинг эскирган деталларини алмаштириш ва уни ташхис қилиш, ­яъни товарнинг тавсифи ва ТИФ ТН бўйича коди ўзгармайди.

К.Маҳмудов, ХК директори.

 

1

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш мақсадида олиб чиқилади. Ушбу товарларга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўланишидан шартли озод этиш қўлланилади. Уларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан Божхона кодексининг 54-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно.

Қуйидаги ҳолларда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимидан фойдаланиш мумкин эмас:

● агар товарнинг олиб чиқилиши тўланган божхона божлари ва солиқлар суммасини қайтаришни, улардан озод қилишни ёхуд олиб чиқишда тақдим этиладиган тўловларни ундиришни талаб қилишга асос бўлса;

● божхона тўловларини тўлашдан шартли озод этилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига илгари жойлаштирилган товарга нисбатан ушбу шартли озод этишнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар, бундан шундай товарни таъмирлаш, шу жумладан, уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш учун олиб чиқиш мустасно (БКнинг ­44-моддаси).

Тегишинча, божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлардан фойдаланган ҳолда ускунани импорт қилган корхона ушбу ускунани таъмирлаш мақсадида импорт божхона божлари ва солиқлардан озод қилишнинг амал қилиш муддати ўтгунча уни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимида расмийлаштириши мумкин.

 

2

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш божхона органининг БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатномаси асосида амалга оширилади.

Ушбу рухсатномани олиш учун ваколатли шахс товар қайси божхона органи фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

►  рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

►  қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлари бўлган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар), шунингдек ваколатли органларнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан, божхона лабораторияларининг) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларини белгилаш учун аниқ қайта ишлаш технологик жараёнига асосланган хулосалари;

►  қайта ишлашни амалга ошириш учун асос бўлган контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) ёки товарни қайта ишлаш учун олиб чиқишга ва қайта ишлаш маҳсулотларини олиб киришга доир контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) кўчирма нусхаси.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш операциялари сирасида товарни таъмирлаш, шу жумладан, уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёхуд тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш ҳам кўрсатилган (БКнинг 43-моддаси).

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга қуйидаги талабларга ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

● олиб чиқилган товарни божхона органлари томонидан уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш мумкин бўлганда, бундан БК 46-моддасининг 4-қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

● устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун – товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишилган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

● устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун – товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосаси мавжуд бўлса;

● агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида ушбу органларнинг рухсатномалари мавжудлиги;

● техник-иқтисодий асосларнинг ва амалдаги қайта ишлаш жараёнининг кўрсаткичлари бир-бирига мос бўлиши;

● товарни қайта ишлаш операцияларининг БК 43-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши (БКнинг 44-моддаси).

Бироқ агар товарлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари:

● товарларни қайта ишлаш тижорат хусусиятига эга бўлмаган;

● товарларни таъмирлаш қайта ишлашнинг мақсади ҳисобланган;

● бир контракт бўйича қайта ишланадиган товарларнинг божхона қиймати ЭКИҲнинг 500 бараваридан ошмаган ҳолларда айни бир божхона органига тақдим этилганда қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги* билан келишилиши талаб этилмайди (ВМнинг 17.08.2004 йилдаги 398-сон қарори).

 


*Президентнинг 13.04.2017 йилдаги ПФ-5012-сон Фармони билан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди.

 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1463 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика