Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 27 / Божхона

90 кун – бепул

 

Чет эл фуқароси қўшма компаниянинг соҳа департаменти раҳбари этиб тайинланди. У ўз эҳтиёжлари учун шахсий автомобилини олиб кирмоқчи, шартнома тугагандан кейин уни сотса керак.

Автомашинани олиб кириш тартиби қандай?

У божхонада қандай тўловларни тўлашига тўғри келади?

Р.Муртазина.

 

Вақтинча олиб кириш имконияти тўғрисида

Мамлакатимиз норезиденти ўзи фойдаланиши учун автомашинани олиб кираётганда уни вақтинча олиб кириш бажхона режимида расмийлаштириши зарур. Бу шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига муай­ян муддатга олиб кирилади ва божхона тўловларидан шартли озод этилган ёки даврий божхона тўловлари тўланган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ундан вақтинча фойдаланилади (Божхона кодексининг 61-моддаси, бундан кейин – БК).

Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Кўрсатилган режимда товарлар мамлакат ҳудудида вақтинча бўлиши ва белгиланган муддат давомида ўзгармас ҳолатда фойдаланилиши назарда тутилади. Бироқ бу шартни айнан қабул қилиш керак эмас, сабаби вақтинча олиб кирилган автомобиль фойдаланиш жараёнида эскириши аён. Шунинг учун уни таъмирлаш мумкин, фақат капитал таъмирлашга йўл қўйилмайди. Яъни автомобилнинг бут сақланишини таъминлаш учун зарур операцияларни, шу жумладан, майда таъмирлаш операцияларини (бундан уни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш мустасно), техник хизмат кўрсатиш ва уни соз ҳолатда сақлаб туриш учун зарур бошқа операцияларни амалга оширишга йўл қўйилади. Бироқ бунинг битта шарти бор: уларни амалга ошириш натижасида товар қиймати унинг вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган пайтдаги қийматига нисбатан ошиб кетмаслиги лозим (БКнинг 62-моддаси).

Асосийси, автомобиль республикадан олиб чиқилаётганда божхона органлари уни аниқ идентификациялай олишлари керак.

Автомобиль шахсан олиб ўтилаётганда Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ йўловчи божхона декларациясининг 6-бандида маълумотларни қайд этиш орқали унинг олиб кирилиши маълум қилинади. Декларациялаш пайтида автомашинанинг давлат рақами ва русуми кўрсатилади.

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб кирилган товарнинг божхона назоратини уни божхонада расмийлаштирган божхона органи амалга оширади.

 

Бўлиш муддатлари ҳақида

Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш муддати БКнинг 64-моддасида белгиланган. У товар ушбу режимга жойлаштирилган санадан эътиборан 2 йилни ташкил этади. Рухсатнома амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Чет эл фуқароси томонидан шахсан фойдаланилиши учун мўлжалланган автотранспорт эгасининг республикада тахминан бўлиш муддати ҳақидаги ёзма аризаси асосида белгиланадиган даврга вақтинча олиб кирилиши мумкин.

 

Маълумот учун. Товарни вақтинча олиб кириш режимига жойлаштирган шахс мазкур режимни унинг амал қилиш муддати ўтгунига қадар тугаллаш ҳуқуқига эга.

 

Айрим тоифадаги товарлар учун (шу жумладан автомобиллар учун ҳам) узоқроқ муддатлар белгиланиши мумкин. БКнинг 64-моддаси 4-қисмида уларнинг батафсил рўйхати келтирилган.

Вақтинча олиб кириш муддати ваколатли шахснинг аризаси асосида божхона органи томонидан 2 йилдан кўпроқ муддатга узайтирилиши мумкин. У божхона органига божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар берилиши керак. Вақтинча олиб кириш муддатини узайтириш ушбу режимга жойлаштириш рухсатномасини бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Уни узайтириш тўғрисида ариза берилганлиги вақтинча олиб кириш муддатини узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди.

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб кириш муддати узайтирилганда алоҳида божхона декларацияси тақдим қилинмайди.

 

Божхона тўловлари ҳақида

Айрим вақтинча олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари ва солиқлардан шартли равишда озод қилиш қўлланади.

Чунончи, чет эллик жисмоний шахс 1 календарь йил давомида 90 календарь кунгача муддатга нотижорат мақсадларида транспорт воситасини вақтинча олиб кирса, уларни тўлашдан шартли равишда озод қилинади. У қайтиб олиб чиқилишини назорат қилиш учун кириш божхона пости ҳайдовчи тақдим этган шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва автомобиль техпаспорти асосида транспортни қайтиб олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятни расмийлаштиради (ВМнинг 20.06.2016 йилдаги 212-сон қарори билан тасдиқланган Рўйхатнинг 3-банди).

Ушбу муддат ўтгач автомобиль республикадан олиб чиқилмаган бўлса, божхона божлари ва солиқларни тўлашдан қисман озод қилиш қўлланади. Вақтинча олиб кириш чоғида даврий божхона тўловларини тўлаш билан боғлиқ барча масалалар БКнинг 66-моддасида очиб берилган.

Ушбу тўловлар товар вақтинча олиб кириш божхона режимида турган ҳар бир тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган календарь ой учун, у вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган кунда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда тўланиши лозим бўлган божхона божлари ва солиқлар суммасининг 5%и миқдорида чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилади. Улар тўланадиган куни Марказий банк томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича миллий валютада тўланади.

 

Маълумот учун. Даврий божхона тўловларини ҳисоблашда товар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган куни амалда бўлган божхона тўловлари ставкалари қўлланилади.

 

Даврий божхона тўловларини тўлаб товарни ушбу режимга жойлаштираётган шахс тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг умумий суммасини тўлаш ёхуд тегишли давр бошлангунига қадар уларни ҳар ойда ёхуд йилнинг ҳар чорагида тўлаш ҳуқуқларига эга.

Тўланадиган даврий божхона тўловларининг умумий суммаси товар вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштирилган куни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган тақдирда тўланиши лозим бўлган, чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловларининг суммасидан ошмаслиги лозим.

 

Маълумот учун. Даврий божхона тўловларининг тўланган суммалари вақтинча олиб кирилган товар олиб чиқилган ёхуд бошқа божхона режимларига жойлаштирилган тақдирда қайтарилмайди. Ушбу товарларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммаси ҳисобига ўтказилади.

 

Алоҳида жиҳатлар

Вақтинча олиб кирилган автомобилдан уни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахсгина фойдаланиши ва (ёки) уни тасарруф этиши мумкин.

Ундан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини вақтинча олиб кириш муддати тугагунига қадар бошқа шахсга ўтказишга, башарти ушбу шахс божхона органлари олдида ушбу режим шартларига бундан буён ҳам риоя этилиши бўйича ёзма мажбуриятларни ўз зиммасига олса, йўл қўйилади.

Агар товар даврий божхона тўловлари тўланган ҳолда вақтинча олиб кирилган бўлса, уни дастлаб вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахс товар ушбу режимда турган бутун давр учун божхона тўловларини бундай ҳуқуқ бошқа шахсга ўтказиладиган пайтга қадар тўлаши керак.

Вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига риоя этишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш учун бошқа шахс тақдим этган божхона декларацияси божхона органи томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан бошқа шахсга ўтказилган деб ҳисобланади (БКнинг 67-моддаси).

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб кирилган товар бошқа шахсга ўтказилганлиги дастлаб белгиланган вақтинча олиб кириш муддатини тўхтатиб турмайди ва узайтирмайди.

Вақтинча олиб кириш божхона режими вақтинча олиб кириш муддати ўтган куннинг эртасидан кечиктирмай автомашинани олиб чиқиш ёки уни бошқа божхона режимига жойлаштириш билан тугалланиши керак.

 

Вақтинча олиб кириш товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш билан тугалланганда ва даврий божхона тўловлари тўланганда товарни божхона йиғимларини тўлаган ҳолда импорт режимига жойлаштириш учун божхона юк декларацияси расмийлаштирилади (БКнинг 69-моддаси).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1628 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика