Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 27 / Малакали мутахассис маслаҳатлари

Чақириладиган бухгалтерия

 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Қайси соҳада ўз ишини бошлашдан қатъи назар, уни бухгалтерия кузатувисиз амалга ошириб бўлмайди. Бироқ ҳар битта тадбиркорнинг ҳам бухгалтерия ходимлари штатини тутиб туришга қурби етмайди. Бухгалтерияни ўзи юритишга уриниб кўриши мумкин, албатта. Бироқ эртами-кеч талай ҳужжатлар йиғилиб қолиб, муаммоларни ҳал этишда ва ҳисоботларни ўз вақтида топширишда кўмак берувчи мутахассисни зудлик билан излаб топиш зарур бўладиган пайт келади. Шу сабабли бозорда бундай хизматларни кўрсатувчи махсус фирмаларни ташкил этиш зарурати юзага келди. Ташкилот иши бухгалтерия ҳисобини ташкил этишнинг ушбу усули танланганда бошланғич ҳужжатларни юритиш, банк, солиқ ва бошқа органлар билан муомала қилиш «таклиф этилган» бухгалтерга топширилади. Бунда бошловчи бизнесмен нималарни билиши зарурлиги ҳақида сўз юритамиз.

 

Бухгалтерия хизматларини кўрсатиш учун шартнома тузиш чоғидаги музокараларда кўпинча қуйидаги саволлар берилади:

Бошланғич ҳужжатларни ким тайёрлайди?

Тўлов ҳужжатлари, ишончномалар, ҳисобварақ-фактураларни бош бухгалтер ўрнига ким имзолайди?

Ким банк билан ўзаро алоқа ўрнатади?

Солиқ органлари билан ким муомала қилади? Ҳисоботларни ким жўнатади?

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишда йўл қўйилган хатолар учун ким жавоб беради?

«Balans Plus» МЧЖ директори Ольга ИГАМРАТОВА амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда бухгалтерия ҳисобини юритиш ва тиклаш хизматларини кўрсатувчи ўз компаниясининг амалиётига таянган ҳолда ушбу саволларга жавоб беради. 

 

Бошланғич ҳужжатлар

Бошланғич ҳужжатлар икки турда: кирувчи ва чиқувчи бўлади. Кирувчи ҳужжатларни (юкхатлар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳ.к.) бухгалтерия хизматларини кўрсатувчи фирмага (бундан кейин – аутсорсер) қабул қилиш-топшириш далолатномасига кўра бериш лозим. Агар буюртмачининг штатида атиги 3 киши бўлса ва бундай қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузиш учун вақт ва одам бўлмаса, аутсорсер уни ўзи тайёрлаши мумкин. Асосийси – уни лозим даражада расмийлаштириш ва иккала тараф имзосини қўйиш (топширди/қабул қилди). Одатда қабул қилиш-топшириш далолатномасининг шакли бухгалтерия хизматларини кўрсатиш шартномасига иловада келтирилади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Кўпинча бошланғич ҳужжатлар қандай кўринишда – қоғоз (асл нусхалари, кўчирма нусхалари) ёки электрон (сканерланган) шаклда топширилади, деб сўрайдилар. Қонун ҳужжатларида бу тартибга солинмаган, ҳаммаси буюртмачининг манфаатларига боғлиқ.

Амалиётимизда аутсорсер буюртмачи ҳудудига келганда кўпинча бошланғич ҳужжатларнинг қоғоздаги нусхалари топширилади. Одатда мижозларимиз бўлган микро- ва кичик корхоналарда ҳужжатлар айланмаси катта бўлмайди. Шу сабабли ҳужжатларни топшириш ва далолатнома тузиш даврийлиги – ҳафтасига 1 ёки 2 марта. Далолатномаларни ҳужжатларни топшираётган вақтда тузган маъқул. Буни шартномада қайд этиш лозим.

Сўнгги вақтда ҳужжатлар ва қабул қилиш-топшириш далолатномаларини электрон кўринишда, сканерланган шаклларини электрон почтага жўнатишни афзал кўрувчи буюртмачилар ҳам пайдо бўла бошлади. Бу ҳолда электрон ҳужжатлар бухгалтерия дастурига киритиш учун асл нусхага тенглаштирилади. Буни ҳам шартномада акс эттириш зарур.

Чиқувчи бошланғич ҳужжатларни аутсорсер ҳам, буюртмачининг масъул шахси ҳам расмийлаштириши мумкин. Қайси вариант маъқул? Бунда ўйлашга ўрин йўқдек туюлади – бошланғич ҳужжатларни тайёрлашни аутсорсерга топшириш лозим дейсиз. Бироқ аутсорсер қанча кўп вазифани зиммасига олса, унинг хизматлари шунча қимматлашади. Шу сабабли иш ҳажмига эътибор қаратинг. Агар корхонада чиқувчи ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа бошланғич ҳужжатлар оқими катта бўлса, буюртмачи фақат уларни расмийлаштириш билан шуғулланадиган ходимга эга бўлиши фойдалироқ. Аутсорсерга пул тўлагандан кўра, ушбу вазифаларни ходимга юклаган (буйруқ билан ёки уларни меҳнат шартномасида кўрсатган ҳолда) арзонроқ тушади.

Қайси бири фойдалироқ эканлиги юзасидан бир тўхтамга келиб, бухгалтерия хизматларини кўрсатиш шартномасида бошланғич ҳужжатларни ким – буюртмачи ёки аутсорсер расмийлаштиришини албатта акс эттиринг.

Яна бир кўп бериладиган савол: тўлов ҳужжатлари, ишончномалар, ҳисобварақ-фактураларни бухгалтер ўрнига ким имзолайди – директорми ёки аутсорсер ходимими?

Қонун ҳужжатларида бу саволга тўғридан-тўғри жавоб берилмаган. Бироқ амалиётда бошланғич ҳужжатларни аутсорсер имзолаган ҳолатга гувоҳ бўлмаганман. Буни ҳам ўзи, ҳам бош бухгалтер учун имзо чекадиган директор қилади. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларини таҳлил қилиб, бунинг билвосита асосини топиш мумкин.

Ҳақиқатан ҳам, имзо – ваколатли мансабдор шахснинг ўз қўли билан қўйган ҳужжат реквизити. У бошланғич ҳужжатга юридик куч беради.

Мансабдор шахс – доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс (МЖТКнинг 15-моддаси). Аутсорсер ходими буюртмачининг мансабдор шахси эмаслиги аён, шу сабабли унинг ҳужжатларини имзолашга ҳақли эмас. 

Буюртмачининг директори имзолаш ҳуқуқи бериладиган шахсларнинг иккинчи рўйхатини белгилаётганда унда бошқа ташкилот, мазкур ҳолатда – аутсорсер ходимини кўрсата олмайди. Кўпинча у иккинчи имзо ҳуқуқини ўзида қолдиради.

 

Банк билан ўзаро муносабатлар

Агар буюртмачи «Банк-мижоз» тизимидан фойдаланса, аутсорсерга мурожаат этмасдан, тўловни ўзи амалга ошириши керак. Аутсорсерга банк берган калит билан флешкани хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам бериб бўлмайди. Унга фақат кўчирмаларни юклаб олиш, тўловлар ва тушумларни кўриб чиқиш учун «Банк-мижоз» дастуридан фойдаланиш имконини бериш мумкин. Бунинг учун хизмат кўрсатувчи банкдан чекланган функцияли дастур ёзилган флешкани олиш мумкин.

Агар буюртмачида «Банк-мижоз» тизими бўлмаса, аутсорсер ҳам банкка тўлов топшириқномаларини олиб бориши мумкин. Бунинг учун буюртмачи унга банк томонидан белгиланган шаклдаги ишончномани бериши керак. Ишончномада тўлов топшириқномаларини олиб келиш ва банк кўчирмаларини олиб кетиш ҳуқуқи кимга тегишлилиги акс эттирилиши лозим.

Бироқ бу қанчалик мақсадга мувофиқ? Бу ҳолда аутсорсер бухгалтерлик эмас, балки курьерлик хизматларини кўрсатади. Тўлов топшириқномаларини олиб бориш ва банкдан кўчирмаларни олиб келишни буюртмачининг исталган ходими, ҳатто ҳайдовчи ҳам эплайди. Асосийси, у расмий ходими бўлиши ва ишончномага эга бўлиши керак.

 

Солиқ ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш

Кўпинча ҳисоботларни аутсорсер тузади ва манзилига жўнатади. У қуйидагилар учун жавобгар бўлади:

►  тақдим этилган бошланғич ҳужжатлар асосида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри ҳисобланганлиги;

►  ҳисоботлар тўғри тузилганлиги;

►  ҳисоботлар ўз вақтида жўнатилганлиги.

Шу сабабли молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботлари тўғри тузилганлиги ва ўз вақтида топширилганлиги масалалари юзасидан давлат органлари билан фақат аутсорсер мулоқот қилади.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун бу – аутсорсернинг стандарт хизмати. Йирик корхоналарда аутсорсер одатда алоҳида участкалар бухгалтерия ҳисобини юритишни зиммасига олади. Агар ушбу участкалар ҳисоботларни тузиш ва жўнатишни назарда тутса, бу ишни ҳам бажаради.

 

МИСОЛ. Аутсорсер йирик корхона билан ташқи иқтисодий фаолият ҳисобини юритиш бўйича шартнома тузди. Импорт товар, хом ашё, материаллар таннархини шакллантириш ва товарлар экспортга сотилишини расмийлаштириш, шунингдек валюта кўчирмаларини қайд этиш унинг вазифасига киради. Бу ҳолда аутсорсерга валюта тушумини мажбурий сотиш бўйича ҳисоботни тузиш ва жўнатишни ҳам топширдилар.

 

Йўл қўйилган хатолар учун жавобгарлик

Кимнинг айби билан қандай хатога йўл қўйилганини диққат билан аниқлаш лозим. Бунинг учун буюртмачидан аутсорсерга берилган бошланғич ҳужжатларни қабул қилиш-топшириш далолатномаларини таҳлил қилиш лозим. Берилган бошланғич ҳужжатлар рўйхати ва топшириш санасига алоҳида ­эътибор қаратилади.

Агар аутсорсерга, айтайлик, муай­ян суммадаги реализация қилиш ҳужжатлари тақдим этилмаган бўлса, уни даромадга киритмайди ва унга солиқ солмайди. Ёки, масалан, иш ҳақи солиқлари бўйича ҳисоботлар топширилган, буюртмачи эса ўтган сана билан янги ходимни ишга қабул қилган бўлса – боқимонда юзага келиши тайин. Бундай ҳолларда аутсорсер жавобгар бўлмайди.

Жуда кам ҳолларда, бироқ шундай ҳам бўлиб туради, барча ҳужжатлар аутсорсерга вақтида топширилган бўлади. Бироқ ҳисобда хатоликларга йўл қўйилиб, бу ҳисобланган солиқлар суммалари бузиб кўрсатилишига сабабчи бўлади. Бу ҳолда аутсорсер ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган жарималар, пеня миқдорида жавобгарликни зиммасига олади.

Бошқа вазият. Аутсорсер солиқ инспекциясига электрон ҳисоботни жўнатди, бироқ унинг мақомини – ҳисобот қабул қилинган-қилинмаганини текширмади. Агар техник узилиш натижасида ҳисобот қабул қилинмаган бўлса, аутсорсер уни вақтида топширмаганлик учун жавобгар бўлади.

Шу сабабли бухгалтерия хизматларини кўрсатиш шартномасида жабрланган тарафга компенсация тўлаш механизми қайд этилган бўлиши шарт.

Прочитано: 1762 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика