Norma.uz

Тиббий кўрик: иш берувчи ва ходимнинг мажбуриятлари

 

Қурилиш ташкилоти (штатида 13 киши) том ёпиш ва арматура иншоотларини кўтариш билан шуғулланади.

Қурилиш ташкилоти ходимларни касбга лаёқатлилиги борасида тиббий кўрикдан ўтказиши шартми? Агар шарт бўлса, буни қайси муддатларда қилиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун қаерга мурожаат қилиш зарур?

И.Доркина.

 

Тиббий кўрик:

иш берувчи ва ходимнинг мажбуриятлари

Ҳа, шарт.

Меҳнат кодексида иш берувчи дастлабки тарзда (меҳнат шартномаси тузиш чоғида) ва вақти-вақти билан (иш давомида) тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт бўлган ходимлар тоифаси кўрсатилган. Бундай ходимларга қуйидагилар киради:

► 18 ёшга тўлмаганлар;

► 60 ёшга тўлган эркаклар, 55 ёшга тўлган аёллар;

► ногиронлар;

меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;

► озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;

► умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.

Меҳнат шароити ноқулай ишлар ва бажарилаётганида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим бўлган бошқа ишларнинг рўйхати ва уларни ўтказиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

МКнинг 214-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар. Ушбу талаб бузилганда ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсиялари бажарилмаганда иш берувчи уларни ишга қўймасликка ҳақлидир (МКнинг 214-моддаси).

Тиббий кўриклар юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек касб касалликлари, заҳарланишлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.

Баландликда ишлаш меҳнат шароити ноқулай иш ҳисобланади. Уларга ер, том тўсини ёки ишчи тўшама юзасидан 1,5 м ва ундан баландликда нарвонлар, нарвончалар, супалар, майдончалар, машиналар ва бошқа ёрдамчи ускуналарнинг устида туриб бажариладиган ишлар киради (АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 2-илова).

Бинобарин, бу турдаги ишларни бажарувчи ходимлар дастлабки тарзда (ишга қабул қилиш чоғида) ва вақти-вақти билан (иш давомида) 2 йилда 1 марта тиббий кўриклардан ўтишлари шарт. Улар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаса, ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.

Вақти-вақти билан ўтказиладиган тиббий кўриклар Санитария, гигиена ва касб касалликлари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг тегишли клиникаларида ҳам ўтказилиши мумкин (Низомнинг 5-банди).

Вақти-вақти билан ўтказиладиган тиббий кўриклар иш давомида ўтказилади. Уларни ўтказиш пайтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади (Низомнинг 6, 7-бандлари).

 

Жамолиддин Ваққосов,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 3100 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика