Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 20 / Хўжалик юритиш қоидалари

Мукофотни ҳисоблашда суд харажатлари инобатга олинмайди

 

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомда белгиланишича, юридик хизмат талабнома-даъво тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ундирилган сумманинг 5%и, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофот олиш ҳуқуқига эга.

1. Давлат органи ва ташкилоти фойдасига ундирилган сумма деганда қандай сумма тушунилади – суднинг ҳал қилув қарори билан ҳукм қилинган суммами ёки ташкилотнинг ҳисоб-китоб счётига тушган суммами?

2. Мукофот суммасини ҳисоблашда жавобгардан даъвогар фойдасига ундирилган суд харажатлари суммаси (давлат божи ва почта харажатлари) инобатга олинадими?

Х.Отабоева,

бош бухгалтер.

 

1

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги низом (19.01.2017 йилдаги ПҚ-2733-сон қарорга 1-илова) давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжатнинг умумий моҳиятига кўра, юридик хизмат давлат органлари ишининг самарадорлигини оширишга замин яратувчи ҳуқуқий вазифаларни бажариши лозим. Юридик хизмат бажарадиган вазифалар орасида дебиторлик қарзини ундиришга йўналтирилган талабнома-даъво иши алоҳида ўрин эгаллайди.

Низомда белгиланишича, юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда давлат органи ва ташкилоти фойдасига ундирилган сумманинг 5%и, бироқ ЭКИҲнинг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофот олишга ҳақли (ПҚ-2733-сон қарорнинг 3-банди; Низомнинг 18-банди).

Хўжалик судининг ҳал қилув қарорига кўра давлат органига ҳукм қилинган сумма билан давлат органининг ҳисоб-китоб счётига амалда тушган суммани фарқлаш зарур. Гарчи давлат органи фойдасига қарз суммасини ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган ва ижро ҳужжати берилган бўлса ҳам, қарздорда қарзни қоплаш учун пул маблағлари бўлмаслиги (ёки етарли бўлмаслиги) мумкин. Бу ҳолда давлат органи, айтайлик, ундирувни қарздорнинг мол-мулкига, агар бўлса, қаратиш учун суд ижрочисига мурожаат қилишга («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 47–57-моддалари) ёки мажбурий ундирув юзасидан бошқа хатти-ҳаракатларни амалга оширишга мажбур бўлади. Тегишинча, қарз суммасининг давлат органи счётига тушиши яна муайян даврга ушланиб қолади. Қарздор банкрот деб тан олиниб, давлат органи пул олмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатларнинг юзага келиши давлат органи юридик хизмат ходимига мукофот тўлай олиши учун унда пул маблағлари бўлмаслигини англатади.

Бунинг устига, суднинг ҳал қилув қарори билан ҳукм қилинган, бироқ давлат органи счётига тушмаган суммадан мукофот тўланса, бу давлат органининг харажати ҳисобланади. Аслида бюджет ташкилоти ва Давлат бюджети ҳисобидан маблағ олувчиларнинг харажатлари бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида ва уларнинг харажатлар сметаларида кўрсатилган мақсадларда амалга оширилади. Агар қўшимча харажатларга зарурат юзага келса, сметага ўзгартиришлар киритиш лозим (АВ томонидан 15.12.2014 йилда ­2634-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1, 6-бандлари).

Низом хўжалик бошқаруви органлари ва давлат унитар корхоналарига ҳам татбиқ этилади. Чунончи, улар счётларига тушган қарз суммасидан эмас, балки ўз маблағлари ҳисобидан мукофот тўласалар, бу ҳам «давлат корхонаси фойдасига ундирилган сумма» тушунчасига мос келмайди.

Юқорида айтилганларга асосланиб, давлат органи ва ташкилоти фойдасига ундирилган сумма деганда суднинг ҳал қилув қарори ва ижро ҳужжатига мувофиқ давлат органининг ҳисоб-китоб счётига тушган сумма тушунилади деб ҳисоблаймиз.

 

2

Суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан: почта харажатларидан, экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни ўз жойида кўздан кечириш учун экспертларга тўланиши керак бўлган сумма, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа харажатлардан ташкил топади (ХПКнинг 90-моддаси). Шу тариқа, суд харажатлари – даъвогар суд унинг ишини белгиланган процессуал тартибда кўриб чиқиши учун киритган тўлов*. Улар ишда иштирок этувчи шахсларга қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади (ХПКнинг 95-моддаси 1-қисми). Яъни суд даъвогарнинг даъво талабларини тўлиқ қондирган бўлса, у қилган суд харажатлари даъвогар фойдасига жавобгардан ундирилади.

Даъвогар тўлашдан озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилади (ХПКнинг 95-моддаси 2-қисми).

Бинобарин, суд харажатлари суммаси – жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарз суммаси эмас, балки бюджет олдидаги қарз суммасидир.

Шу муносабат билан суднинг ҳал қилув қарорига биноан даъвогар фойдасига жавобгардан ундирилган суд харажатлари суммаси мукофот миқдори аниқланадиган суммага қўшилмаслиги керак деб ҳисоблаймиз.

Юзага келаётган турлича талқинларни бартараф этиш учун Низомга қонун ҳужжатлари даражасида ўзгартиришлар киритиш ва қуйидаги жиҳатларга ойдинлик киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

1) суднинг ҳал қилув қарорига биноан давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳақиқатда ундирилган суммадан мукофот тўланишини кўрсатиш;

2) қарз суммаси қарздорга талабнома юборилиши натижасида давлат органи счётига тушган, яъни қарз низони судгача ҳал этиш тартибида сўндирилган вазиятни тушунтириш.

 

Сабоҳат Султонова, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1753 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика