Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 20 / Хўжалик юритиш қоидалари

Давлат божи ортиқча тўланганда уни қандай қайтариш мумкин?

 

Ташкилотимиз турар жойнинг 1-қаватида жойлашган нотурар жойнинг бир қисмини сотиб олиш мақсадида 16.10.2015 йилда қурувчи билан инвестиция шартномасини тузди. Сотиб олинаётган жой майдони – 224,83 кв.м (кейинчалик тузилган нотурар жойни бериш шартномасида объектнинг кадастр ҳужжатларига биноан 249 кв.м деб кўрсатилган), қиймати – 1 598 933 000 сўм. Нотариус бизнинг шартномани Давлат божи ставкаларининг 4-банди «д» кичик бандида назарда тутилган баҳоланадиган бошқа шартномаларга киритиб, шартнома суммасининг 1%и миқдорида – 15 989 330 сўм ундирди. Фикримизча, давлат божини 1 кв.м майдон учун энг кам иш ҳақининг 1%и миқдорида, яъни Ставкаларнинг 4-банди «б» кичик бандига кўра ундириш керак эди, унда квартиралар (квартираларнинг бир қисми), шу жумладан хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), турар жойлар (уйларнинг бир қисми), дала ҳовлилар, гаражлар, бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларнинг олди-сотди, алмаштириш, рента олиш, умрбод таъминлаш шарти билан бошқаларга бериш ва ҳадя қилиш шартномаларини тасдиқлаш ҳақида сўз боради.

Нотурар жойни бериш шартномаси нотариал тасдиқланганда уни Давлат божи ставкалари 4-бандининг қандай кичик бандига кўра тўлашимиз керак эди?

Д.Носиров.

 

– Хатингиздан кўринишича, сиз билан қурувчи ўртасида турар жой қурилишига инвестицион ҳисса қўшиш тўғрисида шартнома тузилган. Ҳисса суммаси 1 598 933 000 сўмни ташкил этган ва сиз томонингиздан ўз вақтида киритилган. Уй қурилиши якунланганда, унинг таркибида инвестицияланган объект (224,83 кв.м майдонга эга нотурар жой) ҳам бор, томонлар бошқа шартнома – ушбу объектни бериш шартномасини тасдиқлаш учун нотариал идорага мурожаат қилганлар.

 

Инвестор ҳуқуқида...

«Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ:

► инвесторлар – уларга Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахслар ҳам киради (9-моддаси 1-қисми 2-хатбошиси), буюртмачи (маблағ киритувчи), кредитор, сотиб олувчи сифатида иш юритиши, шунингдек инвестиция фаолияти иштирокчиси вазифаларини бажариши мумкин (9-модда 2-қисми);

► инвестицияларни амалга ошириш шаклларидан бири қонун ҳужжатларига мувофиқ мулк ҳуқуқини олиш ҳисобланади (5-модда 1-қисми 5-хатбошиси).

Мол-мулк олиш-сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин (ФКнинг 184-моддаси 1-қисми).

 

... ва шартномага кўра

Чунончи, олди-сотди шартномаси бўйича сотувчи товарни сотиб олувчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 386-моддаси 1-қисми). Шартнома предмети бўлиб, агар қонунда бошқача ҳол белгиланган бўлмаса ёки у товарнинг хусусиятидан келиб чиқмаса, уни тузиш пайтида сотувчида мавжуд бўлган товар, шунингдек келажакда сотувчи яратадиган ёки оладиган товар (бўлажак ашёнинг олди-сотди шартномаси) ҳисобланиши мумкин (ФКнинг 387-моддаси 2-қисми).

Айрим турдаги олди-сотди (шу жумладан кўчмас мулкни сотиш) шартномаларига нисбатан, агар ФКнинг бу турдаги шартномаларга доир қоидаларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, олди-сотди ҳақидаги умумий қоидалар (ФКнинг 29-боби 1-параграфи) қўлланади (ФКнинг 386-моддаси 6-қисми). Кўчмас мулкни сотиш шартномаси тўғрисидаги қоидаларда (ФКнинг 29-боби 7-параграфи) бошқача ҳол назарда тутилмаганлиги сабабли сотувчининг кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи унинг олди-сотди шартномасини тузиш санасида рўйхатдан ўтказилмаган, бироқ шартларига кўра келгусида унда юзага келадиган (бўлажак кўчмас ашёнинг олди-сотди шартномаси) кўчмас мулкнинг (масалан, ҳали барпо этилмаган) олди-сотди шартномасини тузиш имконини берувчи олди-сотди тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.

 

Битим хусусияти

Айни пайтда шуни инобатга олиш лозимки, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг сотиб олувчига ўтганлигини рўйхатдан ўтказиш учун (ФКнинг 8-моддаси 3-қисми, 84-моддаси 1-қисми ва 481-моддаси 1-қисми) сотувчи унга бўлган мулк ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Шу сабабли кўчмас мулк объектларини қуриш ёки реконструкция қилишни молиялаштириш соҳасида инвестиция фаолияти билан боғлиқ шартномаларни, агар уларда бошқача ҳол белгиланмаган бўлса, бўлажак кўчмас ашёнинг олди-сотди шартномалари сифатида баҳолаш лозим. Бунда инвестициялар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини (хусусан, Қонуннинг 10-моддасини) қурилишни фақат молиялаштирувчи шахсларга уларнинг ҳисобига кўтарилаётган кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини (шу жумладан улушли мулк ҳуқуқини) бериш маъносида талқин қилиб бўлмаслигини инобатга олиш даркор.

Сизнинг ҳолатда айни товарнинг (турар жой таркибидаги 224,83 кв.м майдонга эга нотурар жойнинг) олди-сотди шартномаси (гарчи турар жой қуришга инвестицион ҳисса деб номланган бўлса ҳам) тузилган, қурувчи (сотувчи) уни бунёд этиши бўлажак даврга тўғри келган.

Бироқ, юқорида баён этилганлардан келиб чиқишича, кўчмас мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқи, ФКнинг 185-моддаси қоидаларига кўра, яъни сотиб олувчининг ушбу ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бўлажак кўчмас ашёнинг олди-сотди шартномасини тузган шахсларда юзага келади (шу жумладан инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бу хил шартномаларга татбиқ этилган ҳолларда).

Сиз ва қурувчи нотурар жойни бериш деб номлаган иккинчи шартнома, башарти ҳар бирингиз буни талаб қилмаган бўлсангиз, мажбурий нотариал тасдиқланиши керак эмас эди (ФКнинг 110-моддаси 2-қисми*).

Ушбу шартнома қандай номланишига қарамай, у, шубҳасиз, ҳақ эвазига тузилган ҳисобланади ва нотурар жой ўрнига унинг мулкдорига пул эквивалентини берганлигингиз сабабли олди-сотди битими тусига эга, унинг асосида ушбу объект бошқа шахсга берилган.

 

Ставканинг ставкадан фарқи бор

Шартномангизни тасдиқлаган нотариус давлат божини ҳисоблаб чиқаришда, фикримизча, Давлат божи ставкаларининг (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган) 4-банди «д» кичик бандини нотўғри қўллаган. Шу сабабли уни шартнома суммасининг 1%и миқдорида – 15 989 330 сўм тўлагансиз. Айни ушбу ҳолатда турар жойлар, хусусан, бошқа (яъни нотурар) жойларнинг олди-сотди ва ўзгача шаклда бошқа шахсга бериш шартномаларини тасдиқлаганлик учун 1 кв.м майдон учун ЭКИҲнинг 1%и миқдорида давлат божи ундирилиши (тўланиши) зарурлигини назарда тутувчи Ставкаларнинг 4-банди «б» кичик банди 3-хатбошиси қўлланиши лозим эди. Демак, ушбу тўловни 372 939,75 сўм (149 775 сўм (ЭКИҲ) х 1% / 100 х 249 кв.м) миқдорида тўлашингиз керак эди.

Юқорида баён этилганлар асосида ортиқча тўланган сумма қисмида давлат божини қайтаришга юридик асосингиз бор деб ҳисоблаймиз. Уни қайтариш учун Тошкент шаҳар адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилишни тавсия этамиз (Солиқ кодексининг 342-моддаси 1-қисми 1-банди ва 3-қисми).

Давлат божининг ортиқча тўланган қисмини қайтаришдан бош тортсалар, юқори турувчи орган (Адлия вазирлиги), прокуратура органлари ёки судга бунинг устидан шикоят қилишга ҳақлисиз.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 


*Қонун мақомига эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг биронтасида бир юридик шахснинг бошқасига нотурар жойни сотишини нотариал тасдиқлаш мажбурияти қайд этилмаган.

Прочитано: 1822 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика