Корхона директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинми?
Газетхон.
– Юридик шахснинг мансабдор шахси маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганда жавобгарликка тортилади. Булар бошқарув тартибини, давлат ва жамоат тартибини сақлаш, табиий муҳитни, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида белгиланган қоидаларга ва бажарилишини таъминлаш ўз хизмат вазифаларига кирадиган бошқа қоидаларга риоя этмаганлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўлиши мумкин.
Доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс мансабдор шахс деб эътироф этилади (МЖТКнинг 15-моддаси).
Шу тариқа, директор бўлган шахс ушбу мажбуриятни вақтинча бажарган тақдирда ҳам – мансабдор шахс саналади. Бинобарин, уни хизмат вазифаларини бажараётганда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин.
Сабоҳат Султонова, «Norma Online» эксперти.