Уй-жой коммунал хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш арафасида «тез орада битта катта ЖЭК пайдо бўлармиш», «ширкатлар ёпиларкан», «ХУМШлар бошқарувчи компанияларга (БК) киритиб юборилади», «битта уйдан иборат ширкатлар тугатилиб, фақат БКлар қолар эмиш» ва ҳоказо миш-мишлар тарқалди. Уй-жой коммунал хўжалиги бугунги кунда катта ўзгаришлар остонасида турибди, УКХ вазирлигини ташкил этиш бўйича иш олиб бориляпти. Шу муносабат билан ушбу соҳа фаолиятини тартибга соладиган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар тайёрланяпти. Бироқ туб ўзгаришлар доирасида хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлайдиган негиз бўлувчи, базавий нормалар, ишонамизки, бузилмайди. Шу жумладан кўп квартирали уйда умумий мол-мулк жой мулкдорларига умумий улушли эгалик қилиш ҳуқуқи билан тегишли бўлишини белгилайдиган нормалар ҳам. Мулкдорлар уни сақлаб туриш, шу жумладан бошқариш, хизмат кўрсатиш, таъмирлаш усулини танлаш бўйича мустақил қарорлар қабул қилишга ҳақлилар.
Мулкдорларнинг умумий мол-мулкини бошқариш мавзусида суҳбатлашиш учун Тошкентдаги Чилонзор туманининг 19-мавзесида жойлашган «Моҳи-Нур Коммунал» бошқарувчи компаниясига йўл олдик. У уй-жой хизматлари бозорида ўн йилдан бери ишлайди, барқарор, тезкор суръатлар билан ривожланаётган компания сифатида ном чиқарган. Пойтахтдаги энг муваффақиятли компаниялардан бири ҳисобланади.
БК раҳбари Моҳира Нуралиеванинг айтишича, УКХни ислоҳ қилиш уй-жой фонди ҳолатини, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга, унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, умуман тармоқ самарадорлигини оширишга йўналтирилади. УКХ аҳолининг турмуш тарзини белгилайдиган соҳалардан бири ҳисобланади, у ҳар бир кишига дахлдор. Шу боис бўлғуси ўзгартиришлар кўп фуқароларни қизиқтираётган масалалардан. Ташвишланишга асос йўқ деб ўйлайман. Бошқарув усулини танлаш ҳуқуқи ширкатда қолиши керак. Дастлаб БКлар ўз штатини сақлаб туриш самарасиз бўлган кичик ва бир уйдан иборат ХУМШларга хизмат кўрсатиш учун барпо этилган эди. Бироқ ҳеч ким БКга куч билан киритилиши керак эмас. Қарорни ширкат аъзолари қабул қилишлари керак. Агар ширкат ўз уйи учун профессионал бошқарувдаги манфаатни кўрса, у бошқарувчи компанияни ёллайди. ХУМШни жалб этиш учун компания ўзининг профессионализми, иш ва хизматларининг сифатлилиги, шартномавий мажбуриятларни бажаришда масъулиятлилигига ишонтириши керак.
– Компаниямиз 8 ширкатга хизмат кўрсатади, уларда 28 кўп хонадонли уй бор, – дейди Моҳира Нуралиева. – 26 уйга тўлиқ техникавий хизмат кўрсатамиз, иккитаси учун айрим хизматларни кўрсатамиз. Бунда танлашда тўлиқ эркинлик бор. Бизга уй хўжалигини сақлаб туриш бўйича барча иш ва хизматларни топширган ХУМШлар бошқаришнинг бундай усули самарадор эканлигига ишонч ҳосил қилдилар. Уларга фақат БК ишини назорат қилиш, мажбурий бадалларни ўз вақтида тўлашлари учун ХУМШ аъзолари билан ишлашгина қолади. Бир марталик хизматларга буюртма берадиган ширкатлар эса хизмат кўрсатишни ўзлари уддалаяптилар. Ҳар бир ХУМШ унга нима фойдали эканлигини ўзи ҳал қилади.
БК хизматидан фойдаланадиган ширкатлар таркиби турлича: битта уйлидан олти уйлигача бор. Бизга учта уйни ўз ичига олган ХУМШ тўлиқ хизмат кўрсатишимизга доир шартномани тузиш нияти билан мурожаат қилди. Уларга аввал ўзаро ажралиб, ҳар бир уйда ширкат тузишни, кейин биз билан шартнома тузишни таклиф қилдим. Умумий йиғилишни қандай ўтказишни кўрсатдим, ўзим унда иштирок этдим. ХУМШ аъзолари ажралиш учун овоз беришганда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини тўплашда ёрдам бердим.
БК фаолияти биринчи навбатда бир уйли ва кичик ХУМШларга қаратилган бўлса-да, «Моҳи-Нур Коммунал» бошқарувида 6 уйли ширкат бор, у умумий мол-мулкка ўз кучи билан хизмат кўрсатиш борасида аччиқ тажрибага эга. Илгари у ерда фақат бир ижрочи директор бўлган, у уй хўжалиги сақлаб турилишини йўлга қўя олмаган. Ширкат аъзолари шикоят қилиб бормаган жойлари қолмади. Бошқарувчи компания ёрдамида қўшни уйлар тубдан ўзгараётганлигини кўриб, улар ҳам бир ярим йил аввал унга ўз кўп қаватли уйларига хизмат кўрсатишни топширишга қарор қилди. Бир неча ХУМШга бўлинишни эса улар хоҳламадилар. БК ёрдамида ҳатто бундай уйлар ҳамжамиятида ҳеч қандай бош оғриғи бўлмайди. «Бироқ ҳаммаси дарҳол бўлишини хоҳлашади, – деб ҳикоя қилади Моҳира. – «Қўшни уйларда кўп нарсалар қилинган, қачон бизда ҳам шундай бўлади?», – дейишади. Бироқ қўшни уйларни тартибга келтиришга бир неча йил кетган. Бу ерда эса ишларнинг жуда катта ҳажми ётибди, ўз ҳолига ташлаб қўйилган хўжалик бор, уни бир ярим йил ичида тиклаб бўлмайди».
Сиздаги европача бошқарув бизга ҳам керак
БК хизмат кўрсатадиган кўп қаватли уйларда ишларнинг қизғин бораётганлигига ҳавас билан қараб қўшни уйларнинг яшовчилари шундай дейишади. Улар ўртасидаги фарқ ҳақиқатан ҳам сезиларли. Фақат 2016 йил якунларига назар ташласак: ҳудудга бетон ётқизиш бўйича жуда катта иш бажарилди; 4 уйда пластик деразалар ўрнатилди, 2 уйдаги шахталарда иссиқ сув ва совуқ сув қувурлари алмаштирилди; 3 уйда том мукаммал таъмирланди; 2 уйда эса ертўлалар мукаммал таъмирланди; қарийб 50 га яқин йўлак таъмирланди; квартира стоякларини пластик стоякларга алмаштириш ишлари бажариляпти ва ҳоказо.
Катта харажатли ишлар кредитлар ҳисобидан бажариляпти, уларни бу ерда муаммосиз қайтаришади. Аввалига қўшнилар бадал миқдори кескин ошиб кетади деб хавфсираган эдилар, бироқ бундай бўлмади. Моҳира агар бадаллар ўз вақтида тўланса, кредит олиш қўрқинчли эмаслигига уларни ишонтира олди. Кредит тўлов интизомини тақозо этишини тушунтирди. Кишилар уларнинг уйларидаги ўзгаришлар қарз маблағлари ҳисобига юз бераётганлигини кўрдилар. Бунда 2017 йил учун бадал миқдори шаҳар бўйича ўртачадир. Икки ХУМШда у 1м2 умумий майдон учун 500 сўмни, қолган уйларда эса 1м2 учун 600 сўмни ташкил этади. БК хизматлари ҳисобланмаларнинг 30%ини ташкил этади. Хизматлар учун тўловнинг нисбатан паст бўлиши компания обороти ҳисобига юз беряпти. Кўп квартирали уй-жой фондидан ташқари у бошқа объектларда таъмирлаш ишларини бажаради.
Кредит олиш хусусига келсак, том ва пештоқни мукаммал таъмирлашга дастлабки кредитни Моҳира 2005 йилда ўша пайтда бошқараётган ширкат учун олган эди. У пайтларда кредит бериш механизми етарлича ишлаб чиқилмаган эди. Бошқа ширкатлар қарз-кредит олишдан чўчишарди, Моҳира эса дадил иш тутди. Қарзни муваффақият билан сўндириб, янгисини олди. Қарз маблағлари ёрдамида ана шу ХУМШга бирлашган 17 уйни тартибга келтира олди. Хуллас, БКга раҳбарликни бошлаганда кредит маблағларини муваффақият билан ўзлаштириш тажрибасига эга эди. Қарзларни қайтариш жадвал бўйича боради, баъзан депозит маблағлар ҳисобига муддатидан олдин қарзни узади.
2017 йил учун ҳам туб ўзгартиришларнинг кенг дастури мўлжалланган. 10 уйда энергияни тежаш мақсадида пластик деразалар ўрнатилади. Бу эса йўлакларда, демак квартираларда ҳам иссиқлик сақлаш имконини беради. Бир уйда томни мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. 9 уй ҳудудини бетонлаштириш назарда тутилган. 4 уйда ертўлалардаги ётқизилган ходалар алмаштирилади ва ҳоказо.
БК техник ходимлар билан таъминланганлиги ҳам унинг ютуғидир. «Моҳи-Нур Коммунал» штатида 4 сантехник, пайвандчи, 7 фаррош, электрик, ҳисоб-китоб бухгалтери, бош бухгалтер, бош муҳандис, диспетчер бор. Бундан ташқари, зарурат бўлганда вақтинчалик ҳажмларда бетон ётқизувчилар (3 киши), бўёқчи (4 киши), том ёпувчилар (2 киши) бригадалари шакллантирилади. Улар БК билан кўп йиллардан бери ишлаб келадиган мутахассислардир.
Яшовчиларнинг кўпчилиги қўшнилар уй деразалари ёнида ўз автомобилларини сақлашларидан норози эди. Бошқарувчи бетартиб тураргоҳларни тугатиш учун автоқўнимгоҳларни барпо этишни таклиф қилди. ХУМШ аъзолари ушбу масалани умумий йиғилишда муҳокама қилдилар, уни маъқулладилар. Дастлабки икки қўнимгоҳ ўтган йили пайдо бўлди. Мазкур иш жорий йилда ҳам давом эттирилади.
Ободонлаштириш ишлари доирасида шийпончалар, болалар майдончаларини қуриш режалаштирилган. Уларни буюртириш жуда қимматга тушади. Ўз кучи билан бажаришган эди – ХУМШ учун 1,5 млн сўмни тежашди. Моҳира болалар майдончалари ва шийпончалар барпо этиш ҳадисини олмоқчи, буни БК фаолиятининг йўналишларидан бирига айлантиради. Бунинг учун моддий-техник базани кенгайтиришяпти.
«Нима учун тўлаймиз?» деган савол йўқ бўлди
БК раҳбарининг айтишича, у хизмат кўрсатаётган уйларнинг аҳолиси «Нима учун тўлаймиз?» деган саволни бермай қўйишди. Моҳира Нуралиеванинг ўзи ана шу уйлардан бирида яшайди. Хизматлар буюртирувчилари – унинг қўшнилари, Моҳиранинг ўзи уларнинг фаровонлигини кўзлаб ишлайди. Кишилар ўз уйларидаги ўзгаришларни кўриб туришибди, шу боис ҳам БКга ишонишади. Олий мукофот ҳам уларнинг миннатдорчилиги бўлиб, бошқарувчи учун у моддий манфаатдан юқори туради. Моҳира ҳақида гап кетганда у компанияга қараганда ХУМШ манфаатларини кўпроқ ўйлайди дейишади.
БК – тижорат тузилмаси, унинг пировард мақсади – фойда олиш. «Моҳи-Нур Коммунал»да эса бизнес, айтиш мумкинки, инсонлар манфаатига йўналтирилган. Бошқаларнинг турмуши янада яхшироқ бўлишини кўзлашади, аҳоли учун ишлашади ва улар дардларига шерик бўлишади. Ширкатлар дарҳол ишга ҳақ тўлай олмасалар, бошқарувчи уларнинг аҳволини доим тушунади. Ишни қарз эвазига бажаради, кейин ХУМШ қарзини узади. Ёки ҳамма вақт улар учун пулни тежашга ҳаракат қилади, бу эса оз сумма эмас. Нима қилишса яхши бўлишини айтади. Бир сафар бир ширкат аъзолари уларда ҳамма иш ёмон эканлиги хусусида шикоят қилишди. Уй қишга тайёр эмас, нима қилишни билишмайди. Моҳира ҳаммаси уларнинг ўзига боғлиқлигини тушунтиришга уринди. «Умумий йиғилиш чақиринглар!». Йиғилишга келганида яшовчиларнинг қаршиликларига дуч келди. Аёллардан бири шундай деди: «У нима қилишини кўрайлик-чи. Ҳамма ҳам чиройли гапира олади». Бугун у ушбу ХУМШни бошқаряпти, уй БКнинг тўлиқ хизмат кўрсатишида, барқарор тусда ишлаяпти. Йўлакларни таъмирлаш вақтида бошқарувчи компания девор ва панелларни қандай рангга бўяш кераклиги тўғрисида қўшнилар билан маслаҳатлашади. Яшовчилар кўпинча тез кир бўлмаслиги учун тўқроқ бўлсин дейишади. Бунда БК учун фарқ йўқ: тўқроқ бўлишини хоҳлашяптими – марҳамат! Моҳира эса очроқ рангни таклиф қилади: ўз уйингдагидек чиройли бўлади-да.
ХУМШ аъзолари билан муносабатларда инсон омили катта роль ўйнайди. Эҳтимол, уй-жой соҳасида айни шундай бўлиши керакдир? Аслида ишнинг муваффақияти ширкатнинг ёки БК яшовчилар билан муносабатларни қандай қуришига боғлиқ. Бошқарувчи уларнинг уйлари тўғрисида уларнинг ўзларига қараганда кўпроқ ғамхўрлик қилаётганлигини кўришса, уни ўз қадрдон одамлари, деб қабул қиладилар, у билан қувонч ва ташвишда бирга бўладилар.
8 март арафасида Моҳира Нуралиева уч миллий телеканалнинг диққат марказида бўлиб қолди. Масалалар кредитлар, томлар, кўп қаватли уйларни қандай қилиб тартибга келтириш тўғрисида, яшовчилар кўп шикоят қиладиган нарсаларга тааллуқли бўлди. Уй-жой соҳасида ишлаётган 20 йил давомидаги шиорини такрорлади: «Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ», – ва ХУМШ ҳамда БК амалиётидан ишонарли мисоллар келтирди.
Телебошловчи ва иштирокчилар ҳайратда эдилар: хоҳлаган одам танқид қиладиган, маст-аласт сантехниклар, чакка ўтаётган томлар, сувга тўлган ертўлалар, бошқа ишкалликларга тўлиб ётган уй-жой соҳасида қандай қилиб 20 йил мобайнида ишлаш ва ушбу соҳадан қизиқарлироқ иш йўқ деб ҳисоблаш мумкин экан? Ёки ширкат ва яшовчиларнинг манфаатларини ўз бизнесидан, моддий нафлардан юқори қўйиш мумкин?
Телевидение ходимининг: «Агар ҳаёт сизга иккинчи марта яшаш имкониятини берса, қандай касбни танлар эдингиз?» – деган саволга у шундай деб жавоб берди: «Мен барибир уй-жой соҳасини танлар эдим, ўзимни унга бағишлаганликдан ҳеч ҳам ачинмайман, чунки кишилар ҳаётини яхшироқ қилишга интилдим». Балки, кимдир бу сўзларнинг самимийлигидан шубҳаланар. Бироқ кишиларнинг: «Нима иш қилган бўлсак, ҳаммаси самимийдир», – деган миннатдорлик сўзлари келтирилган видео бунинг тасдиғидир. Моҳирага бағишланган самимий шеър ҳам бунга исбот. Шеърни оддий аёл, уйда яшовчилардан бири қалбидан чиқариб, таъсирли қилиб ёзган. Аслида ана шу меҳрнинг қадри баланд туради.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан Моҳира Нуралиева ҳақли равишда «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланди. Баҳорги нурафшон кунларда унга мустаҳкам соғлиқ, барча хайрли ташаббуслари амалга ошишини, ўз йўлидан ҳормай-толмай бораверишини тилаймиз.
ХУМШ муаммолари
Етказиб берувчилар шошадилар
Кейинги вақтда Тошкент ХУМШ уюшмасининг юридик хизматига келадиган, уй-жой мулкдорларининг мажбурий бадаллар бўйича қарзларини ундириш масалалари бўйича мурожаатлари сони қисқарди. Илгари уларнинг салмоғи катта бўларди. Бу ҳол ХУМШдан қарздорлар камайганлигини кўрсатмайди. Аксинча, ширкатларни режали текшириш якунлари бўйича уларга кечиктирилган дебиторлик қарзи учун кўплаб жарималар солиняпти. Текширувчилар нима учун ширкатлар уни суд тартибида ундирмаётганлигидан ҳайрон бўлишади – зеро ушбу даъволар ҳеч қандай сансалорликсиз кўриб чиқилади.
Улар электр ва иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар билан суд муҳокамаларига шўнғиб кетганликлари боис ХУМШнинг қарздорлар билан иши бўлмай қолган. Қарздорларга уларнинг қўллари етиб бормаяпти. Бунда ҳам кучли эҳтирослар жўш уради. Кўпчиликнинг фикрича, етказиб берувчилар билан судлашиш, уларга ўз ҳақликларини исботлаш аввал-бошдан фойдасиз ишдир. Донишманд айтганидек: «Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим». Бунинг устига кучли – монополиячи бўлиб, ўзининг монопол ҳолатидан тез-тез фойдаланиб, ХУМШларга миллионлаб ҳисобланадиган суммаларни асоссиз равишда тақаб туради.
Шундай бўлса-да, кўпгина ширкатлар қатъият, бир сўзлилик намоён этиб, ўз позицияларини ҳимоя қиляптилар. Бунда уларга Уюшманинг юридик хизмати ёрдам бермоқда. У ХУМШ номидан ширкатларнинг манфаатларини судларда ҳимоя қилади, маслаҳатлар беради, рўйхатдан ўтказишда, қарзларни ундиришда кўмаклашади, кредитларни ўзлаштириш билан боғлиқ масалаларни тушунтиради ва ҳоказо.
Ширкат раҳбарлари ва уларнинг аъзолари бу ерга қандай муаммолар билан мурожаат этади? Бу ҳақда юридик хизмат раҳбари Кристина Тантибоева ҳикоя қилади.
Иссиқлик зарби
– 2015 йил охирида туман «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК вакиллари (бундан кейин – Тошиссиққуввати) кўп хонадонли уйларда иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларидан иссиқлик манбаини оқизишларни аниқлаш мақсадида ширкатларни айланиб чиқдилар. Иссиқлик таъминотчилари учун бу – коммунал маҳсулотни йўқотишлар, шу боис бу қонун ҳужжатлари билан тақиқланган. Ушбу иш якунлари бўйича 2016 йилда Тошкент хўжалик судига Тошиссиққувватининг оқизиб юборишлар оқибатидаги зарарларини ХУМШлар тўлаши хусусидаги талаблари ёғилди. Етказиб берувчи томонидан қўйилган жарималар миқдори 300 мингдан 150 млн сўмгачани (!) ташкил этди. Бу жуда катта пул! Кўплаб ширкатлар учун бу ҳалокат таҳдидини соларди. Бунинг устига асоссиз бўлган бундай жарималарни ҳисоблаб ёзиш ХУМШ ишини бутунлай фалаж қилди.
Текширувларни ўтказиш чоғида иссиқлик таъминотчилари ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорини рўкач қилдилар, ҳолбуки ушбу ҳужжатга кўра балансга тегишли бўлиш чегаралари – бинонинг бурчаги (цоколи). Нимага асосланиб улар ўз ҳолларича уйларнинг ертўлаларига кирдилар ва мулкдорларнинг умумий мол-мулк ҳолатини текширдилар? Зеро ертўлада мавжуд бўлган ҳамма нарса ХУМШ балансида туради. 194-сон ВМҚ иссиқлик таъминотчиларининг уйнинг умумий тизимларига киришини ХУМШ ходимлари таъминлашлари кераклигини белгилайди.
«Янги Қозиробод» ХУМШга эътибор қаратамиз. Ундаги вазият бошқа ширкатлар учун ҳам хосдир. Тошиссиққуввати ушбу ХУМШга нисбатан даъво бериб, унга 5 млн 254 минг сўм миқдорида жарима тўлашни талаб қилди. Биринчи ва иккинчи инстанция судлари етказиб берувчининг талабини қондирдилар. Бироқ улар иссиқлик таъминотчиларининг ҳисоб-китоблари ҳам, текшириш далолатномалари сингари, етарлича асосланмаганлигини эътиборга олмадилар. Уларда кўрсатилган иссиқлик манбаининг параметрларидан келиб чиқилганда, оқизиб юборишлар бўлиши мумкин эмас эди.
Ширкатлар суднинг қарорларига рози бўлмадилар. ХУМШ номидан Уюшманинг юридик хизмати кассация шикоятини берди. Биринчидан, ФКнинг 8, 234-моддаларига мувофиқ шартномалар бўйича мажбуриятлар зарарлар етказилиши оқибатида ва ФКда кўрсатилган бошқа асослардан юзага келади. Бироқ ХУМШ билан Тошиссиққуввати ўртасида иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш шартномаси мавжуд эмас. У етказиб берувчи билан истеъмолчи ўртасида тузилади. Ширкатда етказиб берувчи билан фақат иссиқлик таъминоти тизимларини ювишга шартнома бор. Бундай ҳолатда етказиб берувчи ХУМШга нисбатан даъво талабларини қўйиши мумкинми?
ВМнинг 194-сон қарори билан белгиланишича, оқизиб юборишлар аниқланганда далолатнома тузилади, уни етказиб берувчининг вакили ва истеъмолчи имзолайдилар. Истеъмолчи далолатномани имзолашдан бош тортганда ижрочи (ХУМШ) бўйин товлашни қайд этади.
Бироқ бизнинг ҳолатда оқизиб юборишлар аниқланганда ва бу ҳақда далолатнома тузилганда Тошиссиққуввати вакиллари далолатноманинг иккинчи нусхасини атайлаб ХУМШга бермаганлар, чунки уни ширкат раиси эмас, балки «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунга (бундан кейин – ХУМШ тўғрисидаги Қонун) мувофиқ имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлмаган бошқарувчи компаниянинг раҳбари имзолаган эди. Далолатнома ХУМШ муҳри билан тасдиқланган эди. БК раҳбари далолатномадаги ўз имзосини тан олмади. Муҳр қандай қилиб олинганлиги ҳам муаммо. Бундан келиб чиқиб, сўз имзони қалбакилаштириш ва муҳрни алдов йўли билан олиш тўғрисида боряпти деб ҳисоблаш мумкин.
Кассация қарорида Тошиссиққувватининг важлари қабул қилинмади. Суд унинг текширув далолатномаларини тан олмади. Бунинг устига қонун ҳужжатларида уларга муҳр қўйиш назарда тутилмаган, шу боис далолатномаларни тан олишни тасдиқлаш учун асос бўла олмас эди. Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, апелляция ажримини бекор қилиш ва Тошиссиққувватининг «Янги Қозиробод» ХУМШга нисбатан талабларини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Электр – машмаша
Хўжалик судига ширкатларга нисбатан ТошшаҳарЭТКдан ҳам даъволар оқими бошланди. Улар ХУМШни текширувдан ўтказдилар ва натижада кўп квартирали уйларда умумий уй электр ҳисоблагичларининг йўқлигини аниқладилар. Ҳисоблагичлар бўлмаган жойларда ширкатларга, шу жумладан ХУМШ офисларида электр истеъмолини ҳисобга олган ҳолда жарима солдилар. Бунда даъво муддатини ҳисобга олган ҳолда 3 йил учун ҳисоблашди. Натижада 1 компьютер, 1 электр чойнак ва 1 лампочка бўлган кичик хона учун ширкат етказиб берувчига жуда катта сумма – 15–18 млн сўм тўлаши белгиланди. Бунинг устига ҳисоблаш куну тун истеъмолдан келиб чиқиб амалга оширилди. Лифтлар ишини ҳам худди шундай – суммасига тўхтовсиз 24 соат ишлашдан келиб чиқиб ҳисоблашди.
Бундай ҳолларда ширкат қайси пайтдан бошлаб офисга эгалигига эътибор бериш керак. Ҳисоблашлар миқдори ана шунга боғлиқ. Агар текширув далолатномасини ТошшаҳарЭТК апрелда тузган, ширкат эса хонага мартда кўчиб келган бўлса, суд етказиб берувчининг 3 йил эмас, балки 1 ой учун талабларини қондиради. Бироқ кўчиб келиш санаси бошқарув ёки умумий йиғилиш баённомаси билан тасдиқланиши, ижара шартномасида акс эттирилиши керак. Шу сабабли ширкат ҳужжатларни тўғри, батартиб юритиши, ўзининг ҳаракатларини баённомалар билан тасдиқлаши керак.
ХУМШга нисбатан етказиб берувчилар судга 150 дан ортиқ даъво тақдим этдилар. Ширкатлар ТошшаҳарЭТКнинг ҳисоб-китобларига рози бўлмадилар ва судда уларга нисбатан норозилик билдирдилар. Улардан бири «Заргар Сервис Коммунал» бўлиб, ундан 68 млн 682 минг сўм жарима ундириш тўғрисида даъво талаблари қўйилган. Суд етказиб берувчининг талабларини қондирди, бироқ ХУМШ уларни тан олмади. Апелляция инстанцияси уларни қисман қондириш: ХУМШдан 5 млн 723 инг сўм жарима ундириш тўғрисида ажрим чиқарди.
Бундан кейин қандайдир ошкор этилмаган кўрсатмага асосланиб ТошшаҳарЭТКнинг ХУМШга нисбатан жарима ундириш тўғрисида даъво талабларини судлар қарийб 10% миқдорида қондира бошладилар. Чамаси, ўз манфаатларини ҳимоя қилиб жон-жаҳдлари билан курашган бир қатор ХУМШларнинг қатъий позицияси роль ўйнади. Зеро етказиб берувчилар даъво талабларида ҳисоблашларнинг ҳисоб-китобларини асослаб бермаган, уларни ширкатларга тақдим этишдан бўйин товлаган эдилар.
Бугунги кунда ТошшаҳарЭТК умумий уй ҳисоблагичлари йўқлиги боис ХУМШ билан судлашишда давом этяпти. Жарималар миқдори аввалгидек юқори бўлиб қоляпти. Уларни яшовчиларнинг бадаллари ҳисобига тўлашга тўғри келади. Ширкатлар учун бундай текширувлар аввалгидек оғир аҳволга солишдир, чунки натижада улар бир маромда фаолият юрита олмаяптилар.
Бир томондан, умумий уй ҳисоблагичининг йўқлигини электр таъминоти ташкилотининг ходимлари ҳуқуқбузарлик деб ҳисоблайдилар ва бунинг учун ХУМШга жарима соладилар. Бошқа томондан эса, ширкатлар ҳисоб асбобларини харид қиладилар, уларни ўрнатиш ва пломбалаш учун етказиб берувчига мурожаат қиладилар, бироқ ТЭТК ходимлари буни бажаришлари учун узоқ вақт кутишга тўғри келади. Яъни кейинчалик ширкатлар пулни тўлашига тўғри келадиган вақт даври атайлаб яратилади.
Таъмирлаш пули қайтариладими?
Кўпинча юридик хизматга ХУМШ аъзолари мурожаат қиладилар. Бироқ биз жисмоний шахсларнинг манфаатларини суд органларида ҳимоя қила олмаймиз. Уларга маслаҳатлар берамиз, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирамиз. Бир нечта мисол келтираман. Ширкат аъзоси ХУМШга қарши даъво бериши мумкин-мумкин эмаслиги тўғрисида савол билан келди. Сўз ширкат унга 445 минг сўм миқдорида мажбурий бадаллар бўйича қарзни ундириш талабини қўйганлиги хусусида борди. Бунда фуқарода 3 ой мобайнида иситиш амалга оширилмаган. У ХУМШга мурожаат қилган, етказиб берувчиларнинг вакилларини чақирган, улар иссиқлик таъминоти тизимларини текшириш бобида уч марта далолатнома туздилар. Уларнинг аниқлашича, иссиқлик энергияси параметрлари уйга меъёрларга мувофиқ берилган. Муаммо квартира стоякларида бўлиб, улар алмаштирилиши керак, далолатномаларда бу ҳол қайд этилган. Яъни бу ерда ХУМШнинг айби бор. Ширкат аъзоси судга қарши даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
2013 йилда фуқаро ўз ҳисобига томни таъмирлаган. Харажатлар 2 млн сўмни ташкил қилган, бу далолатномалар билан тасдиқланган. ХУМШ раҳбари унга қайта ҳисоб-китоб қилишни ваъда қилган. Фуқаро узоқ муддатли хизмат сафарига кетган. 2015 йилда уйга қайтиб, унга қайта ҳисоб-китоб қилинмаганлини билган, аввалги ХУМШ раҳбари ишдан кетган. ХУМШнинг янги раҳбари эса 3 йил учун 2 млн 300 сўм қарзни ундириш даъвоси билан уни судга берган. Ушбу ҳисоблашда 50%ни пеня ташкил қилган – у кечикишнинг ҳар бир куни учун қарз суммасининг 0,1%ида тўпланиб борган. Даъво талабларида кўрсатилганидек, Президентнинг 11.02.2005 йилдаги ПҚ-5-сон қарорига мувофиқ шундай ҳисобланган. Бироқ ПҚ-5-сон қарорда сўз пеня белгиланмайдиган умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар тўғрисида эмас, балки коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоблар тўғрисида боради. Агар у қарши даъво берса, ундан ҳисобланган пеняни олишлари учун ҳуқуқий асосланма тақдим этиш лозим.
Фуқаро таъмирлашга сарфланган пулларини қайтара оладими?
Бунинг учун ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган механизмга риоя этилиши керак. Яъни 5 йил аввал умумий йиғилишнинг уй-жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши керак эди. Агар у кейинчалик харажатларни қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда томни таъмирлашга розилик олганлиги тасдиқланса, уй-жой-қурилиш экспертизаси ўтказилади, у томни таъмирлаш ўтказилган вақт ва унга қилинган харажатларни тасдиқлаши керак.
Пухталикни синаш
Албатта, суд жараёнлари ширкатлар учун жуда оғир. Улар учун бу – сабр-бардош, пухта мустаҳкамлик синови. Маблағлар, куч, асаб, вақт сарфи. Судлар кўпинча тарафларга ҳурматсизлик кўрсатишади. Даъвони кўриб чиқиш вақтини тайинлашади, унга бир неча соат ўтгач киришадилар ёки кейинга қолдирадилар. Тиришиб ҳаракат қиладиган, ўз манфаатлари, ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган, тўрачилик, сансалорликни, бошқа тўсиқларни енгадиган ширкатлар бор, улар ҳурматга сазоворлар.
Апелляция ва кассация шикоятларини бериш чоғида улар давлат божи тўлайдилар. Агар сўз етказиб берувчиларнинг ҳисоблашлари тўғрисида борса, бу – катта сумма. Ҳатто агар ХУМШ даъвони ютиб чиқса ҳам, давлат божини қайтариш анча мушкул иш.
ХУМШдан маблағларни ундириш тўғрисида суд қарори қабул қилинганда унинг счёти блокировка қилинади. Суд ижрочилари қарз суммасини ўз ҳисобрақамларига ундирадилар, кейин уни етказиб берувчига ўтказадилар. Бироқ пул уларда бўлган вақтда электр таъминоти ташкилоти яна бир марта ширкатга ушбу суммани қўйиши мумкин. Бу кўп учраб туради. Баъзи ҳолларда ҳисоблашлар суммаси кўп бўлмаса, ХУМШ уни дарҳол тўлайди. Бунда шундай бўладики, пул етказиб берувчига келиб тушган бўлса-да, бухгалтерия ниманидир кўздан нари қилган, пул маълумотлар базасига келиб тушмаган, Туман электр тармоғи ҳам учинчи марта ширкатга қарз суммасини тақдим этади, пеняни ҳисоблайди. Пеня қарз миқдоридан ошиб кетадиган ҳоллар учрайди. Тушунмовчилик юзага келади. Ушбу вазиятни ойдинлаштириш, инспекцияларга чопиш, исботлаш, вақт сарфлаш, асаббузарлик ширкат зиммасига тушади. Мазкур муаммони қандай бўлмасин ҳал этиш керак.
Судларда ХУМШ манфаатларини ҳимоя қилишда кўпинча етказиб берувчилар, суд ходимларининг пала-партишлиги, эътиборсизлигига тўқнаш келамиз. Айниқса кўпинча саналарда номувофиқликларга йўл қўйишади. Масалан, Тошиссиққуввати даъвоси бўйича суд қарорларининг бири 2017 йил 10 январда қабул қилинган. Ҳисоблашлар ҳисоб-китоб қилинишига асос бўлган текширув далолатномаси эса 17 январда имзоланган. Буни техник хато деб тахмин қилиш мумкин. Бироқ суд муҳокамасида ҳар қандай кичик пала-партишлик жуда катта роль ўйнаши мумкин.
Кўпинча ҳар бир суд қарорига бериладиган индивидуал рақамлар бобида англашилмовчилик юз беради. Кўринишича, ишлар оқими жўш урганда, шошма-шошарлик билан рақам ўзгартирилади. Кейин архивда суднинг бирор-бир қарорини топиш қийин бўлади, чунки у бошқа рақам билан белгиланган.
Баъзи суд қарорлари ва ажримларини «бир қайнови ичидагилар» тоифасига киритиш мумкин. Масалан, «Боғобод Коммунал» ХУМШ судга дебиторлик қарзини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди. Суд қарорида эса сўз... Никоҳни бекор қилиш тўғрисида боради.
Мурожаатларнинг салмоқли қисми ХУМШни ўзгартириш муносабати билан ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатишга тааллуқлидир. Ширкатлар қотиб қолган идоралар эмас. Улар бўлинади, бирлашади... Баъзи фуқаролар беғам раис устидан шикоят қиладилар, катта ХУМШдан чиқишга ҳаракат қиладилар. Мустақил ширкатни рўйхатдан ўтказадилар ва бундан кейин нима қилиш кераклигини, унга қандай хизмат кўрсатишни билмайдилар.
Кейинги вақтда бизга Тошкент вилоятидан ширкатлар юридик ёрдам сўраб мурожаат қила бошладилар. Улар ҳам коммунал хизматлар етказиб берувчилари даъволари бўйича нолишяпти. Улар бизнинг «ҳудудимиз» бўлмаса-да, тажрибамиз билан ўртоқлашяпмиз, қўлимиздан келганча ёрдам беряпмиз.
Таҳририят почтасидан
Электр тармоғидан узиб қўйиш сабаблари
Электр энергиясини етказиб берувчи қандай ҳолларда уни истеъмолчига узатишни тўхтатиб қўйишга ҳақли бўлади?
Р.Аҳмедова.
– Маиший истеъмолчилар (аҳоли) учун электр таъминоти шартномасида электр энергиясини узатишни чеклаш ва тўхтатиб қўйиш тартиби белгиланган (Шартноманинг IV бўлими). Электр таъминотидаги узилишлар, электр энергиясини узатишни чеклаш ва тўхтатиб қўйишга фақат қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.
Етказиб берувчи қуйидаги ҳолларда истеъмолчига энергияни етказиб беришни тўхтатиб қўяди ва узиб қўйиш оқибатлари учун жавобгар бўлмайди:
а) электр таъминоти корхонаси (бундан кейин – корхона) тизимида аварияларнинг олдини олиш ёки уларни бартараф этишга доир шошилинч чораларни келишувсиз ва огоҳлантиришсиз қабул қилиш зарур бўлганда;
б) электр таъминоти шартномасисиз энергия истеъмол қилинганда;
в) «Ўзстандарт» агентлиги белгиланган тартибда текширган энергияни ҳисобга олувчи ҳисоб-китоб асбоблари йўқ бўлганда;
г) шартномада белгиланган муддатда энергия учун ҳақ тўланмаганда;
д) корхона тармоқларига электр қабул қилгичлар ўзбошимчалик билан улаб олинган ёки электр қабул қилгичлар ҳисобга олувчи ҳисоб-китоб асбобларидан ташқари улаб олинганда, энергияни ҳисобга олиш чизмалари, ҳисобга олувчи ҳисоб-китоб асбоблари пломбалари бузилганда;
е) корхона вакили ҳисобга олувчи ҳисоб-китоб асбоблари олдига қўйилмаганда (Шартноманинг 4.2-банди).
Кўрсатилган ҳолларда истеъмолчи шулар билан боғлиқ харажатларни қоплаганидан кейин навбати билан ягона электр энергияси тизими электр тармоқларига такроран уланади ва энергия етказиб бериш тикланади (Шартноманинг 4.3-банди).
ХУМШ аъзоси бўлишни истамайман
Мени ширкатимизнинг иши қониқтирмайди. Ҳеч нима қилмайди, фақат бадаллар миқдорини оширишни билади. Аслини олганда, унга кирмаганман ҳам. ХУМШ аъзолигидан воз кечсам бўладими?
А.Михайлов.
– Ширкат кўп квартирали уйдаги хусусий уй-жой мулкдорларининг умумий мол-мулкини биргаликда бошқариш ва сақлаш учун барпо этилади. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 29-моддасида белгиланишича, умумий мол-мулк жой мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши асл ҳолида ажратиб берилиши мумкин эмас. Жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари шарт (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддаси).
ХУМШ тўғрисидаги Қонун моҳиятидан келиб чиқишича, кўпчилик уй-жой мулкдорларининг ихтиёрий қарори билан уйда ширкат барпо этилганидан сўнг барча мулкдорлар ХУМШ аъзоларига айланади. Бу ширкат ташкил этилган уйдан жой олган шахслар ўзларида шу жойга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган пайтдан эътиборан ширкат аъзоси бўлиши билан тасдиқланади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 13-моддаси).
Ширкатга аъзолик қуйидаги ҳолларда тугатилади: жойга бўлган мулк ҳуқуқи бекор қилинганда; айрим кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг кўпчилиги томонидан ширкатдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинганда; ширкат тугатилганда (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 14-моддаси). Яъни уй-жойларнинг барча мулкдорлари, агар бунга кўпчилик овоз берган бўлса, ХУМШ аъзолари бўлмай қўядилар (алоҳида мулкдор эмас).
Шу тариқа, ХУМШ тўғрисидаги Қонунда белгиланишича, кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкда умумий улушли мулк ҳуқуқида иштирок этиш ширкатга бирлашиш асоси ҳисобланади. Жисмоний ёки юридик шахс ХУМШ ташкил этилган уйдаги уй-жой мулкдори ҳисобланар экан, у ширкат аъзоси бўлади. Қонунда уй-жойнинг алоҳида мулкдори аризасига кўра ХУМШда аъзолик юзага келиши ҳам, тугатилиши ҳам назарда тутилмайди.
Айни пайтда ширкат – мулкдорларнинг умумий мулкни бошқариш ҳуқуқини амалга оширишнинг ягона усули эмас. ФКнинг 219-моддасида белгиланишича, улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш унинг барча иштирокчилари келишувига мувофиқ амалга оширилади. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш суд томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Яъни юридик шахсни (ХУМШ) барпо этмаган ҳолда мулкдорлар жамоасининг умумий мулкни бевосита бошқариши имконияти ҳақида сўз бормоқда.
Буни билган яхши
Ҳокимлик ижтимоий тармоқларда мулоқотга киришди
Пойтахтдаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги Фейсбукда саҳифа очди. Ташриф буюрувчиларга мурожаатда айтилишича, бу маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал этиш учун давлат ҳокимияти органининг аҳоли билан узвий ҳамкорлик қилиши мақсадида барпо этилган пилот лойиҳадир.
Илк бор ҳокимлик ўз фаолияти ҳақида аҳолини ахборот билан таъминлаш масъулиятини зиммасига олди ва саҳифага ташриф буюрувчилардан саволларга ўз вақтида муносабат билдирилмаганда вазиятни тўғри қабул қилишни сўради. Жавоб албатта берилади, – дея ишонтирдилар ушбу хайрли иш ташаббускорлари.
Тошкентликлар ташаббусни ижобий қабул қилдилар ва дарҳол мулоқотга киришдилар. Дастлабки шарҳларда йўлларни таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, болалар майдончаларини қуриш зарурати, квартиралардаги қониқарсиз иситиш, истеъмолчиларга коммунал хизматлар кўрсатишда уларнинг ҳуқуқларини бузиш сингари саволлар янгради. Саҳифа ташкилотчилари шарҳда кўрсатилган кўчани ободонлаштиришга доир таъмирлаш-қурилиш ишлари фотоҳисоботини тақдим этиб, тезкор муносабат билдирдилар, иситиш ва коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолар моҳиятини аниқлаштириб, уларни яқин орада кўриб чиқишга ваъда қилдилар. Қайтар алоқага чиқишингизни кутамиз!
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.