Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 06 / Паспорт масалалари

Фамилия эгасига ёқмаганда

 

Фамилия, исм ва ота исмини қандай қилиб тўлиқ ўзгартириш мумкин?

Л.Х.

 

– Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги ариза ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органи томонидан кўриб чиқилади (Қоидаларнинг X боби, ВМнинг 14.11.2016 йилдаги 387-сон қарорига 1-илова). Агар паспорт ёки унинг ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи ҳужжат олингунга қадар ариза берилса, у ҳолда унга туғилганлик ҳақида гувоҳнома илова қилинади.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар:

  • «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 15-моддасига биноан миллий-тарихий анъаналарга мувофиқлаштириш мақсадида;
  • суднинг ҳал қилув қарори асосида;
  • агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;
  • агар улар миллатига тўғри келмаса;
  • хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;
  • оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);
  • 16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда кўриб чиқилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

  • ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
  • агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса – никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
  • агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;
  • ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;
  • агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;
  • 1 дона 3 х 4 см ўлчамли фотосурат.

Ўзгартиришлар киритилиши учун зарур бўлган далолатнома ёзувлари йўқолган тақдирда, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ушбу ҳужжатлар тиклангандан кейин амалга оширилади.

ФҲДЁ бўлими мудири йиғилган ҳужжатларни тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар органига жўнатади. ИИО уларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчининг шахсий маълумотларини ўзгартириш хусусида асосланган хулоса тузади. У ФҲДЁ органига тақдим этилади, бу ерда асосланган хулоса тузилади. Агар у ижобий бўлса, туғилганлик тўғрисида, никоҳ тузилганлиги ёки никоҳдан ажралганлик тўғрисида, болаларининг туғилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёзувларига тегишли ўзгартиришлар киритилади ва янги гувоҳномалар берилади.

Ўзаро қонуний никоҳда турган эр ёки хотиндан бирининг фамилияси ўзгартирилиши иккинчисининг ҳам фамилияси ўзгаришига сабаб бўлмайди. Ота-оналардан ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилиши 16 ёшга тўлмаган болалари фамилиясининг ҳам ўзгартирилишига сабаб бўлади.

Отанинг исмини ўзгартириши вояга етмаган болаларнинг ота исми ўзгаришига олиб келади. Вояга етган болаларнинг ота исми эса фақат уларнинг аризаларига кўра ўзгартирилади.

Аризани кўриб чиқишнинг умумий муддати – 2 ой. Ушбу маълумотларни ўзгартирганлик учун фуқаролардан давлат божи ундирилади:

16 ёшдан 18 ёшгача – ЭКИҲнинг 50%и;

18 ёшдан ошганлар – ЭКИҲнинг 100%и (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Ставкаларнинг 5-банди).

 

Вақтинча зарурат

 

Тошкентда пропискадан ўтган эр-хотин вақтинча рўйхатдан ўтмасдан ва қайта рўйхатга олинмасдан бошқа манзилда яшашга ҳақлими? Агар ҳақли бўлмаса, уларга нисбатан қандай жазо қўлланиши мумкин?

А.Валиев.

Тошкент ш.

 

– Бу ҳолда истиқомат қилаётган манзилингиз бўйича вақтинча рўйхатдан ўтишингиз зарур. Буни 3 кун мобайнида қилиш шарт (Низомнинг 41-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга ­1-илова).

Вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаш ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Рўйхатга олиниши лозим даражада расмийлаштирилмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйган квартира эгаси эса ЭКИҲнинг 10 баравари миқдоридаги жарима билан жазоланади (МЖТКнинг ­223-моддаси).

 

Ҳаммаси қонунга мувофиқми?

 

Фуқарога қайси хорижий давлатда бўлгани ва у ерда нималар қилгани ҳақида тўлиқ ҳисобот топшириш мажбуриятини юклайдиган қонун ҳужжати мавжудми? Хорижга сафардан сўнг 2 йил ўтгач тушунтириш хати талаб қилишга ҳақлимилар?

И.К.

Тошкент ш.

 

– «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, ички ишлар органлари:

  • фаолияти тақиқланган ташкилотларга ва диний-экстремистик йўналишдаги гуруҳларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлайди, уларга нисбатан чора-тадбирлар кўради;
  • паспорт-виза режимига риоя қилиниши устидан назоратни таъминлайди.

Шунингдек профилактика суҳбати сингари ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари кўрилади (Қонуннинг 29-моддаси). Мазкур вазиятда ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайди.

Шуни қайд этиш зарурки, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари чекланишига, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалада бўлишга, шахсий ҳаёт, ёзишмалар, телефонда сўзлашувлар, почта, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар сир сақланиши, бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва яшаш жойини танлаш, шунингдек шахсий дахлсизлиги, уй-жой дахлсизлиги бузилишига йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ўзига нисбатан профилактика чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда шикоят қилишга ҳақли (Қонуннинг 46-моддаси).

 

Бошқа давлат фуқароси

 

РФ ҳудудида доимий яшайман. Россия паспортини олдим, бироқ Ўзбекистон Республикаси консуллигини 30 кун ичида бу ҳақда хабардор қилмадим. Янги Қонун (23.09.2016 йилдаги ЎРҚ-411-сон) муносабати билан бунда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотаманми?

Т.Сергеев.

 

– Қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкин:

1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;

2) агар чет элда доимий яшовчи шахс 3 йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

3) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса;

4) агар шахс чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;

5) агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса.

Чет давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс ушбу факт ҳақида 30 кун ичида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар идораларига ёки чет элдаги консуллик муассасаларига хабар бериши шарт («Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида иккинчи фуқароликни олганлик ҳақида хабардор қилмаганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1666 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика