Ходимга янги иш ўрнини таклиф этдилар. Бироқ бўлғуси иш берувчи 2 ҳафта кута олмайди, сабаби унга зудлик билан ходим керак.
Ишдан бўшаётганда 2 ҳафта ишлаб беришдан бош тортган тақдирда ходим жазоланиши мумкинми?
Т.Афонина.
– 2 ҳафта ишлаб берадиган даврда ишга чиқмаслик интизомий жазо қўллашга сабабчи бўлиши мумкин.
Ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза бергандан кейин 2 ҳафта муддатда ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши керак. Узрли сабабсиз ишга чиқмасликни иш берувчи прогул сифатида баҳолашга, ходимга нисбатан эса МКнинг 181-моддасига мувофиқ интизомий жазо чораларини (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандларига биноан ҳайфсан, жарима ёхуд меҳнат шартномасини бекор қилиш) қўллашга ҳақли бўлади.
Огоҳлантириш муддати давомида ходим фақат иш берувчининг розилиги билан ишга чиқмаслиги мумкин. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин (МКнинг 99-моддаси 2-қисми).
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги: ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва узрли деб топиш мумкин бўлган бошқа ҳоллар билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак (МКнинг 99-моддаси 5-қисми).
Валерия Ляндрес,
кадрлар хизмати ходими.