Биз лаборатория хизматларини кўрсатамиз. Буюртмачининг талабига кўра тўсилмаган платформада (ердан 3 м баландликда) ҳаво намуналарини олиш зарур. Баландликда ишлаш хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ ҳимояловчи камардан фойдаланиш (агар тўсиқ бўлмаса) ва уни суғурталовчи арқонга улаш зарур, мижознинг ҳудудида эса суғурталовчи арқон йўқ.
Суғурталовчи арқонни ким ўрнатиши керак? Агар ижрочининг ходими йиқилиб, буюртмачининг ҳудудида жароҳатланса, буюртмачи ва ижрочи қандай жавобгарликка тортилади?
А.Умаров.
– Хавфсизлик талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиб бериш иш берувчининг – мазкур ҳолатда ижрочининг мажбуриятига киради (МКнинг 211-моддаси 1-қисми; «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси 3-қисми). Айни у мазкур талабларни бузганлик учун жавобгар бўлади (МКнинг 211-моддаси 3-қисми).
Яъни ходимларингиз бажарадиган баландликдаги ишларнинг хавфсизлигини айнан сиз таъминлашингиз шарт. Тегишли харажатларни хизматлар қийматига киритиш ва буюртмачи ҳисобидан қоплаш мумкин.
Техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатларининг оғирлигига қараб маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келади.
Чунончи, ишларни бехатар олиб боришга оид қоидалар, нормалар ва йўриқномаларни бузиш натижасида жароҳатланиш фуқароларга ЭКИҲнинг 1/3 қисмидан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 97-моддаси 1-қисми).
Техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларининг бузилиши ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилишига сабаб бўлса, ЭКИҲнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖКнинг 257-моддаси 1-қисми).
Ўша қилмиш одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми).
Эркин Ҳосилов, «Norma Online» эксперти.