Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандис ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш билан шуғулланишдан бош тортмоқда. Унинг сўзларига қараганда, етказиб берувчини топиш, шартнома тузиш, ҳимоя воситаларини харид қилиш ва сотиб олинган ушбу воситаларни ходимларга бериш билан бевосита раҳбарлар, ҳатто уларнинг лавозим йўриқномаларида бу ҳақда қайд этилмаган бўлса ҳам, шуғулланиши шарт эмиш.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандис ходимларни ҳимоя воситалари билан таъминлаш мажбуриятидан бош тортишга ҳақлими?
А.Умаров.
– Ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш – иш берувчи ва цех бошлиғининг мажбурияти (АВ томонидан 14.08.1996 йилда 273-сон билан рўйхатдан ўтказилган Намунавий низомнинг 69, 133-бандлари).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларига асосан назорат-услубият ваколатлари киритилган. Тегишли чора-тадбирларни, шу жумладан ҳимоя воситаларини сотиб олиш ва бериш чора-тадбирларини бевосита ижро этиш назарда тутилмаган (Низомнинг 43–54-бандлари). Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари уларнинг лавозим мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ишларни бажаришга жалб этилиши мумкин эмас (Низомнинг 41-банди).
Шу билан бирга ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда), меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади (МКнинг 176-моддаси 2-қисми).
Шу тариқа, меҳнат шартномасида ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандис зиммасига ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш мажбурияти юклатилмаган бўлса, уни бажаришдан бош тортишга ҳақли бўлади.