Корхона ўз офисида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариши учун қурилиш компаниясини ёллади. Компания ишлар қиймати қайд этилган сметани тақдим этди. Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизадан ўтказилиши ҳақидаги ВМнинг 22.01.2016 йилдаги 15-сон қарори талаблари хусусий компаниялар учун мажбурий эмаслигидан хабаримиз бор.
1. Пудратчи тақдим этган сметада кўрсатилган нархларнинг ишончлилигини қайси маълумотларга асосланиб аниқлаш мумкин?
2. Шаҳарсозлик ҳужжатларини мажбурий экспертизадан ўтказиш талаби хусусий компанияларга татбиқ этиладими?
Ф.Раҳматов,
юрист.
1 |
Қурилиш қиймати аниқланишига доир асосий қоидалар ШНҚ 4.01-16-09 «Қурилиш қийматини шартномавий жорий нархларда аниқлаш қоидалари» (Давархитектқурилишнинг 30.07.2009 йилдаги 83-сон буйруғи билан тасдиқланган) билан ўрнатилган. Ушбу қоидалардан, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, буюртмачилар ва пудратчилар қурилиш (шу жумладан капитал ва жорий таъмирлаш) қийматини шартномавий жорий нархларда аниқлаш учун фойдаланадилар.
Агар қурилиш марказлаштирилган ва уларга тенглаштирилган манбалар ҳисобига амалга оширилаётган бўлса, одатда объект қиймати танлов савдолари (тендер) натижаларига кўра аниқланади.
Қурилиш қийматини аниқлаш принципи у ким томонидан ва лойиҳани амалга оширишнинг қайси босқичида аниқланишига боғлиқ. Агар бу тендерни ёки пудратчи билан дастлабки музокараларни ўтказиш мақсадида буюртмачи белгилайдиган бошланғич қиймат бўлса – бир масала. Тендерда қатнашиш учун пудратчи белгилайдиган таклиф нархи (оферта) бўлса – бошқа масала. Ниҳоят, агар пудратчи тендер ўтказмай танланса ҳамда буюртмачи билан пудратчи қийматни биргаликда белгиласа – бу учинчи масала.
Сўнгги ҳолатда буюртмачи пудратчи билан келишган бошланғич маълумотлар асосида қурилиш қиймати аниқланади. Бунда қурилиш материаллари харажатлари минтақа бозорида амалда шаклланган нархлар асосида ҳисобланади. Қурилиш материаллари нархлари ҳақидаги босма
маълумотномалар, uzex.uz, stroyka.uz, stroyinfo.uz сайтлари ахборот манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Иш ҳақига харажатлар (1 киши/соат қиймати) пудратчи маълумотларига кўра аввалги 12 ойдаги ўртача ойлик иш ҳақининг амалдаги даражасидан келиб чиқиб белгиланади (ШНҚ 4.01.16-09 нинг 5.7-банди).
Машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари (1 машина/соат қиймати) Қурилиш машиналари ва механизмларидан фойдаланишнинг жорий ҳисоб-китоб нархларини аниқлашга доир услубий тавсияларга (Давархитектқурилишнинг 6.05.2004 йилдаги 31-сон буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ белгиланади.
Пудратчининг бошқа харажатлари Қурилиш объектлари қийматини шартномавий жорий нархларда ҳисоблашда буюртмачи ва пудратчининг «бошқа харажатларини» аниқлашга доир услубий тавсияларга (Давархитектқурилишнинг 28.12.2007 йилдаги 129-сон буйруғи билан тасдиқланган) асосланган ҳолда ҳисобланади.
Қурилишда амал қилаётган нормалар ва қоидалар тизими (ШНҚ, КМК, услубий тавсиялар, тўпламлар, кўрсатмалар, низомлар, қоидалар ва б.) билан махсус «Қурилиш» электрон маълумотнома тизимимиз орқали танишиш мумкин. Унда қурилиш фаолиятининг барча асосий жиҳатлари – лицензиялашдан тортиб объектни фойдаланишга топшириш ва ҳисобот тақдим этишгача очиб берилган; қурилиш, танлов савдоларини ўтказиш учун ҳужжатларни, қурилишни молиялаш чизмасини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш таомиллари ҳам тушунтирилган ва ҳ.к.
2 |
Шаҳарсозлик ҳужжатлари, улар сирасига лойиҳа-смета ҳужжатлари (ЛСҲ) ҳам киради, давлат экспертизасидан ўтказилиши керак (Шаҳарсозлик кодексининг 26, 27-моддалари). Уни ўтказиш тартиби Шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 22.01.2016 йилдаги 15-сон қарорига 4-илова) билан белгиланган.
Объектлар ва уларнинг комплексларини қуриш, реконструкция қилиш, реставрация қилиш, кенгайтириш, техник қайта жиҳозлаш, модернизациялаш, капитал таъмирлаш, коммуникацияларни ўтказиш, ҳудудни муҳандислик жиҳатидан тайёрлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга доир шаҳарсозлик ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилиши керак. Уни Давархитектқурилиш ва унинг ҳудудий давлат экспертиза бошқармалари ўтказадилар. Уни ўтказиш учун ҳужжатларни буюртмачи ёки у билан келишувга кўра лойиҳа, пудрат ташкилоти тақдим этади.
Қуйидагиларга доир шаҳарсозлик ҳужжатлари мажбурий тартибда давлат экспертизасидан ўтказилиши лозим (15-сон Низомнинг 9-банди):
● тўлиқ ёки қисман марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига барпо этилаётган, шунингдек марказлаштирилган инвестициялар иштирокисиз барпо этилаётган, давлат иштирокидаги ташкилот буюртмачиси бўлган объектлар бўйича;
● қурилишни молиялаш манбаларидан қатъи назар, объектнинг ёнғинга қарши хавфсизликка ва сейсмик чидамлиликка мувофиқлиги юзасидан.
15-сон Низомда у қайси шаклдаги корхоналарга татбиқ этилиш-этилмаслиги белгиланмаган. Агар қурилиш-монтаж ишлари марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштирилмаётган ва буюртмачи корхона давлат улушига эга бўлмаса, ЛСҲни давлат экспертизасидан ўтказиш мажбурий эмас. Бироқ ёнғинга қарши хавфсизликка мувофиқлиги юзасидан ЛСҲни экспертизадан ўтказиш зарурати юзага келиши мумкин.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.