«Астана ЭКСПО–2017» ташкилотчиларининг таклифига биноан 6 мамлакат – Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Россия, Ўзбекистон ва Украина ОАВ вакиллари икки кун давомида халқаро ихтисослаштирилган кўргазмага тайёргарлик кўриш жараёни билан танишдилар. У келаси ёзда МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб ЭКСПО туркумидаги кўргазмаларни ўтказишга сазовор бўлган Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтади. Уч ойлик кўргазма марафони 2017 йил 10 июнда бошланиб, 10 сентябрда якунланади.
«ЭКСПО» халқаро ихтисослаштирилган ярмаркаси – энг илғор илмий-техника ютуқлари, ривожланиш истиқболлари, шунингдек бутун дунё тарихи, анъаналари ва маданияти намойиш этиладиган энг йирик халқаро кўргазма. Жаҳон кўргазмалари ўтказилиши натижасида халқаро, иқтисодий, сиёсий, маданий ва илмий алоқалар кенгаяди. Жаҳон кўргазмалари 5 йилда бир марта ўтказилади, улар оралиғида эса ихтисослаштирилган кўргазмалар бўлиб ўтади.
– ЭКСПО–2017 мавзуси долзарб ва улуғвор – «Келажак энергияси». У ҳозирги кунда бутун дунёда ўта талабгир муқобил энергетика (қуёш, шамол, сув энергияси сингари) соҳасида энг янги ёндашувлар, лойиҳалар ва ечимлар тақдимоти учун платформа бўлади. Мақсад – атроф муҳитни ифлослантирмай осон энергия олиш, – дея хабар қилди матбуот анжуманида «Астана ЭКСПО–2017» миллий компанияси бошқаруви раиси Аҳметжон Есимов. ЭКСПО–2017 вазифаси – ушбу соҳадаги энг яхши ишланмаларни жамлаш. 93 кун давомида локал ҳудудда нафақат келажак энергетикаси қандай бўлиши кераклиги ва бўлишини намойиш этиш, балки ривожланаётган давлатларнинг унга бўлган эҳтиёжига тааллуқли муаммоларни кўтариш ҳам режалаштирилмоқда. Астанада йиғилган жаҳоннинг етакчи экспертлари «яшил энергетика», унинг оммабоплиги, экологик ва тежамкорлиги яқин ўн йилликларда ривожланишнинг асосий тренди бўлиши учун нималар қилиш зарурлигини муҳокама қиладилар.
Мамлакатимиз ҳам унда иштирок этишини маълум қилди, шартномани имзолаш қолди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда муқобил энергетика технологияларидан кенгроқ фойдаланила бошланди. Газеталаримизда бу мавзуни кўп бор ёритганмиз. ЎзБАТнинг Самарқанд вилоятидаги олис аҳоли пунктларининг тиббий пунктлари ва қишлоқ касалхоналарида қуёш батареяларини ўрнатиш бўйича ижтимоий лойиҳаси ҳақида ҳам ёзганмиз. Фермер хўжаликларида қуёш энергияси қўлланилаётгани, Сирдарё вилоятидаги қишлоқ фуқароси уй тегирмони учун мини-ГЭС қургани ҳақида ҳам ҳикоя қилганмиз.
Ихчам шамол станциялари ва ҳатто тоғдаги кичик ариқда ҳам ўрнатса бўладиган мўъжаз гидроэнергетика объектларини яратиш лойиҳалари тежамли, самараси эса юқори. Чунончи, кичик қишлоқ аҳли унинг ҳисобига автоном электр олиши, Интернетга кириши, ТВ томоша қилиши мумкин. Шу сабабли ЭКСПО мавзуси ўзбекистонликлар учун долзарб ва яқиндир.
Аҳметжон Есимов 5 та асосий кўргазма объекти қурилганлиги, халқаро павильонлар, 1 370 дан ортиқ иштирокчи учун шаҳарча, марказий офис улар сирасига кириши ҳақида журналистларга хабар қилди. Конгресс-холл ва меҳмонхонадан ташқари, барча объектлар қурилиши Янги йилгача якунланади. Улар фақат кўргазма пайтида керак бўлади, шу сабабли ҳамма ишлар жадвалга кўра бажарилмоқда. Бундан ташқари, баҳорда жамоат зоналари бўйича ишлар якунига етади.
ЭКСПО–2017 да 110 га яқин давлат қатнашиши тахмин қилинмоқда. Унинг мавзусига алоқаси бўлган қарийб йигирмата ташкилот (ЭСКАТО, ИҲТТ, ЮНИДО, ЮНЕСКО, МАГАТЭ, Жаҳон банки, БМТТД, Жаҳон нефть кенгаши ва б.), жаҳондаги ўндан ортиқ энг йирик компаниялар – инновацион технологиялар етакчилари ҳам кўргазмада қатнашишларини тасдиқладилар.
Ташкилотчиларнинг прогнозларига кўра, қарийб 5 млн киши иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 85%ини қозоғистонликлар, 15%ини эса хорижий давлатлар фуқаролари ташкил этиб, уларнинг аксарияти МДҲ мамлакатлари ва Хитойдан ташриф буюради. Европа, Туркия ва АҚШдан кўп сонли сайёҳлар келиши кутилмоқда.
ЭКСПО – келажак шаҳри
Меҳмонлар келишига қарамай, кўргазма ҳудудида, унинг майдони эса 174 гектарни ташкил этади, 25 гектарида ЭКСПО объектлари жойлашган, узлуксиз иш олиб борилиб, қурилиш ишлари навбати билан бажарилмоқда эди.
Кўрганимиз кутганимиздан ҳам аъло бўлиб чиқди. ЭКСПО макети ғаройиб архитектура шакллари билан тасаввурни лол қолдирди. Унинг ижодкорлари – америкалик архитекторлар Дубайдаги Бурж-Халифа осмонўпар биноси муаллифларидир. Лойиҳа барқарор ривожланиш ва архитектура-бадиий қиёфаси нуқтаи назаридан ҳам, кўргазмадан сўнг келгусида фойдаланилиши нуқтаи назаридан ҳам энг мақбул деб топилди.
Объектлар бўйлаб экскурсия чоғида бизга ҳамроҳлик қилган кўргазманинг бош қурувчиси бу ердаги қурилишда кўргазма мавзусига мувофиқ энг янги технологиялар қўлланилаётгани ва тадбирни ўтказишда ҳам қўлланилиши ҳақида сўзлаб берди. Ақлли технологиялар, тикланувчи энергетика, қурилишда энг янги материаллар қўлланиши, шунингдек ЭКСПО объектларидан фойдаланишда барқарор ва самарали ёндашув шулар жумласидандир.
ЭКСПО юраги
Ҳажми ва комил шакли билан ақлни лол қолдирувчи улкан шар кўргазма ҳудудидан анча олисда ҳам кўринади. Маълум бўлишича, умумий майдони 24 000 кв.м, диаметри 80 м бўлган глобал сфера ЭКСПО–2017 нинг асосий рамзи экан. Бу – Қозоғистон павильони. У бамисоли Қуёш – энергия манбаини эслатади. Муҳим тадбир учун ишлаб чиқилган логотипда ҳам айни шу фикр акс эттирилган. Силлиқ ва нафис думалоқ шаклли япроқлар ҳаракат ва кучни ифодалайди.
Ушбу объект айни ЭКСПО–2017 қуёшидир. Буни тўғри маънода айтяпмиз. Унда қуёш панеллари, шамолни тўплаб ўзидан ўтказувчи шамол ускунаси ўрнатилади. Павильоннинг кўриниши ҳам, ички дизайн, қўлланилаётган технологиялар ҳам «Келажак энергияси» шиорига мувофиқ келади. Бир сўз билан айтганда, Сфера «келажак шаҳрини» «келажак энергияси» билан ёритади. Айтиш жоизки, ушбу Сфера дунёда энг улкан бўлиб, бу ҳажмдаги яхлит сферани ҳали ҳеч ким барпо этмаган.
Шар ёнидан келажак нишонаси – «Энг илғор амалиёт зонаси» майдончаси ўрин олади. Унинг яратилиши суперғоядир. У илгари биз орзу ҳам қилмаган ва бизни келажакда кутаётган лойиҳаларни кўриш имконини беради.
Ушбу павильон учун экспонатларни Нобель лауреатлари таркибига кирган комиссия танлади. 13 мамлакатнинг 150 дан ортиқ ноёб инновацион лойиҳалари ва технологиялари орасидан 24 таси танлаб олинди. Тўғри, ташкилотчилар жаҳондаги энг илғор компаниялар қандай ютуқларини намойиш этишларини ҳозирча сир сақламоқдалар. Уларнинг таъкидлашларича, ҳаммаси «яшил» технологиялар билан боғлиқ.
Миллий павильонлар
Биз, хорижий журналистларда ушбу павильонлар катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатларимиз намойиш этиладиган майдончаларни кўришга ошиқдик.
Улар ҳар бир иштирокчи мамлакат ўзини бундай кенг миқёсли тадбир марказида деб ҳис қилишини кўзлаб қурилган. Астанада Миландаги ЭКСПО–2015 кўргазмаси тажрибасини ҳисобга олдилар, у павильонлар учун улкан ҳудуди билан ажралиб турар эди. Бунинг устига, айрим мамлакатлар павильонлари шундоққина киришда жойлашган, бошқалари эса худди чеккада қолиб кетгандек эди. Бу ерда эса павильонлар ярим сфера шаклида жойлаштирилган, бир томондан бошқасига ўтиш жуда қулай бўлади. Ҳаммаси ёнгинангизда ва бари марказда.
Павильонлар майдони ҳажми турлича – 350, 550, 750, энг каттаси – 1 000 кв.м, баландлиги – 8 м. Ҳар бир мамлакат ўз имкониятлари ва талабидан келиб чиқиб павильон танлайди.
Жойлар иштирокчи мамлакатларнинг расмий аризалари келиб тушишига қараб тақсимланади. Ташкилотчилар кўргазмада нафақат тикланувчи ва муқобил энергия манбалари соҳасидаги илғор ютуқлари ва ишланмалари билан донг таратган мамлакатлар, балки ривожланаётган кичик давлатлар ҳам иштирок этишидан манфаатдор.
Миллий павильонлари учун майдончалар ажратилган иштирокчилар ҳозирданоқ уларнинг дизайни ва тузилишини, айни нималар билан тўлдиришни режалаштиришга киришдилар.
Турфа хил ноу-хаулар хорижий иштирокчилар павильонларининг ўзига хос жиҳати бўлиши керак. Масалан, «Toyota» автогиганти водородда ишловчи автомобилини намойиш этмоқчи. «Тесла» охирги русумдаги электромобилларини тақдим этади. ХХР компаниялари муқобил энергия манбаларида ишловчи кичик мотоцикллар ва велосипедларни намойиш этмоқчилар, Испания компаниялари ҳам транспорт учун қуёш энергиясидан фойдаланиш технологияларини тайёрламоқдалар.
Хизмат кўрсатиш соҳаси
Ташкилотчиларнинг айтишича, ўзбекистонликлар ҳозирданоқ тадбирга катта қизиқиш билдирмоқдалар.
ЭКСПОда барча телекоммуникация сервислари барпо этилмоқда. Чунончи, кўргазма комплексининг бутун ҳудудида қулай мобил сервислардан фойдаланиш учун Wi-Fi очиқ тармоғи ишлайди. Расмий иштирокчиларга алоҳида алоқа каналлари (VPN) ажратилади. Ташкилотнинг маълумотларини узатувчи каналлар хавфсизлиги учун нуқта-нуқта усулида VPN-тоннеллари барпо этилади. Аутентификациялаш ва кириш учун эса ихтисослаштирилган назорат ва киришни бошқариш серверлари қўлланилади.
Энг ақлли автотўхташ тизими кўпроқ эътиборни қозониши шубҳасиз. ЭКСПО ҳудудидаги 6 мингга яқин барча автотўхташ жойлари энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилади. Ҳудудга кираётган транспорт воситаларини турли аутентификациялаш усулларининг қўлланиши эса киришда вақтни тежаш ва тўлов таомилини соддалаштириш имконини беради. Web-илова ёрдамида автотўхташ жойини бронлаш имконияти ҳам назарда тутилмоқда.
Бу ерда 7 та бепул тиббий пунктлар ишлайди, ногиронлар учун кресло-аравачалар олиш мумкин бўлади.
Кўргазма доирасида 3 мингдан ортиқ кўнгилочар тадбирлар (концертлар, шоу, мавзувий кунлар ва б.) ўтказилади. 30 га яқин ресторан ва қаҳвахона очилади.
Божхонага доир ва бошқа расмиятчиликлар
ЭКСПО ҳудудида Иштирокчиларга хизмат кўрсатиш ягона маркази фаолият юритади, у виза, иммиграция ва солиқ масалалари юзасидан кўмак беради.
2016 йил 1 мартдан кучга кирган ва 2017 йил охиригача амал қиладиган Астанадаги ЭКСПО–2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Қозоғистон Республикаси Қонунида солиқлар, кўргазма норезидентлари, пудратчилари ва иштирокчилари ўзаро муносабатлари бобида преференциялар назарда тутилган. Шу тариқа, хўжалик юритувчи субъектлар сифатида ҳисобга олинадиган барча иштирокчилар кўргазма ёпилганидан кейин ишларини тугатиш ва ҚРдан чиқиб кетишга улгурадилар.
ЭКСПО логистика марказида «ягона дарча» тизими орқали кўргазмада расман қатнашувчиларнинг юкларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш имкони берилади. Чунончи, божхона қонунчилигига кўра, Божхона иттифоқининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳамда ЭКСПО–2017 ихтисослаштирилган кўргазмани ташкил этиш ва ўтказишга мўлжалланган хорижий товарлар божхона божлари, солиқларни тўламай, шунингдек нотариф ва техник тартибга солиш чораларини қўлламай, махсус божхона таомилини қўллаган ҳолда расмийлаштирилади*.
Имкониятни қўлдан бой берманг!
Мамлакатимиз рестораторлари ва ҳунармандларига ундовим шу. ЭКСПО ташкилотчиларининг айтишича, иштирокчи мамлакатлар вакилларининг илтимосига кўра миллий таомлар ресторанларини ва миллий эсдалик буюмлари сотиладиган савдо шохобчаларини очиш имконияти масаласи ҳал этилмоқда, эҳтимол, ўзаро фойдали шартларда иштирок этишга уриниб кўрганингиз маъқулдир.
Сайёҳлик фирмалари раҳбарларига. Департамент раҳбарларидан бирининг айтишича, бўлғуси кўргазма тақдимоти чоғида Хитой сайёҳлик агентликларидан бирининг раҳбари таклиф этилган имкониятларга қизиқиш билдирган. Шу заҳоти муносабат билдириб, ўша куниёқ 300 минг сайёҳ қатнашиши ҳақида шартнома имзолаган. Балки, вақт борида бизнинг сайёҳлик фирмаларимиз ҳам мақбул шартлар ҳақида келишиб олиб, ЭКСПОга саёҳатларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқарлар.
ЭКСПО–2017 ихтисослаштирилган кўргазмасига тайёргарлик жараёни билан махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА танишиб чиқди.
*Европа иқтисодий комиссияси Кенгашининг «Махсус божхона таомили белгиланиши мумкин бўлган товарлар тоифалари ва уларнинг ушбу божхона таомили остида жойлаштирилиши шартлари рўйхатига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (16.07.2014 йилдаги 50-сон).