Корхонамиз алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси билан шуғулланади. Ушбу фаолият тури бўйича ягона солиқ тўлови 4%лик ставкада ҳисоблаб чиқарилади. Биз ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда 2203-сон Низом талабларига амал қиламиз. Бугунги кунда алкоголли маҳсулотлар билан бир қаторда яхна ичимликларни ҳам сотамиз. Баъзан яхна ичимликлардан тушум алкоголникидан анча ошади.
Бу ҳолларда ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда 2203-сон Низом талаблари сақланадими? Ёки ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда 2449-сон Низомга амал қилишлари лозимми?
А.Ниёзов,
директор.
– ЯСТнинг энг кам миқдорини белгилаш тартиби корхонангизнинг қайси фаолият тури асосий деб ҳисобланишига боғлиқ. Юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолияти асосий фаолият тури ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Чакана савдо корхоналари ЯСТнинг энг кам миқдорини Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2449-сон Низом) мувофиқ, айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан келиб чиқиб тўлайдилар. ЯСТнинг энг кам миқдори ҳар бир чорак учун белгиланади.
Мазкур Низом ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури қонун ҳужжатларига мувофиқ фақат юридик шахс шаклида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари томонидан реализация қилинадиган товарларнинг чакана савдоси бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди. Улар сирасига алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишга ихтисослашган корхоналар ҳам киради.
ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун корхонангизнинг асосий фаолият турини ҳар бир ҳисобот чораги якунларига кўра (ортиб бормайдиган якун билан) белгилашингиз лозим.
Шартли мисол ёрдамида энг кам ЯСТни белгилаш тартибини кўриб чиқамиз.
I чоракда:
алкоголли маҳсулотларни сотишдан тушум 15,0 млн сўмни (60%) ташкил этди;
алкоголсиз ичимликларнинг чакана савдосидан тушум – 10,0 млн сўм (40%).
Алкоголли маҳсулотларни сотишдан тушум сотишнинг умумий ҳажмида устунлик қилади, тегишинча, алкоголнинг чакана савдоси корхонанинг асосий фаолият тури деб ҳисобланади.
Бу ҳолда I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2203-сон Низом) мувофиқ, эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг 3 баравари миқдорида белгиланади.
II чоракда:
алкоголли маҳсулотларни сотишдан тушум – 10,0 млн сўм (40%);
алкоголсиз ичимликларнинг чакана савдосидан тушум – 15,0 млн сўм (60%).
Алкоголсиз ичимликларнинг чакана савдосидан тушум сотишнинг умумий ҳажмида устунлик қилади, тегишинча, чакана савдо корхонанинг асосий фаолият тури деб ҳисобланади.
II чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2449-сон Низомга мувофиқ, айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.
III чоракда:
алкоголли маҳсулотларни сотишдан тушум – 9,0 млн сўм (60%);
алкоголсиз ичимликларнинг чакана савдосидан тушум – 6,0 млн сўм (40%).
Алкоголли маҳсулотларни сотишдан тушум устунлик қилади, тегишинча, асосий фаолият тури – алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси ва III чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2203-сон Низомга мувофиқ, яъни ер солиғининг 3 баравари миқдорида белгиланади.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.