АЖ қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун Россия Федерациясида 50 нафар ходим ишлайдиган ваколатхона очаяпти. Кузатув кенгашининг РФда ваколатхона очишга рухсат берувчи баённомаси мавжуд. Иш бошлашдан аввал ваколатхонанинг ўзи ва унинг ходимлари Россияда аккредитацияланиши кераклиги ҳисобга олинса, бир қатор саволлар юзага келади.
1. РФдаги ваколатхонада ишлайдиган ходимларнинг Ўзбекистонда ишга қабул қилинишини улар кетгунларигача қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?
2. РФдаги ваколатхонада ишлаш учун унитар корхоналаримиздаги ходимларни хизмат сафарига юбора оламизми? Ёки аввал уларни ишдан бўшатиб, сўнг ваколатхонага ишга қабул қилишимиз керакми?
Р.Қосимова,
молиявий ишлар бўйича бош мутахассис.
1 |
АЖнинг Россиядаги ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилганидан сўнг ушбу алоҳида бўлинмага ходимларнинг ишга қабул қилинишини (меҳнат шартномаларини тузиш ва ҳ.к.) расмийлаштирган мақсадга мувофиқдир.
АЖ томонидан Ўзбекистондан ташқарида филиаллар ташкил этиш ва ваколатхоналар очиш, агар ЎзРнинг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, филиаллар ва ваколатхоналар жойлашган ердаги мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси 7-қисми).
АЖ Россия Федерациясида ваколатхона очаётганлиги сабабли унинг ваколатхонасидаги ходимлар билан меҳнат муносабатларини РФ қонунчилиги тартибга солади. РФ ҳудудида меҳнат қонунчилиги белгилаган қоидалар, агар МК, бошқа федерал қонунлар ёки РФнинг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, хорижий фуқаролар, халқаро ташкилотлар ва хорижий юридик шахслар иштирокидаги меҳнат муносабатларига татбиқ этилади (РФ МКнинг 11-моддаси).
Россияда фақат юридик шахс иш берувчи ташкилот бўлиши мумкин1 (РФ МКнинг 20-моддаси 4-қисми). Филиаллар ва ваколатхоналар эса юридик шахс ҳисобланмайди. Уларга ўзларини барпо этган юридик шахснинг мол-мулки берилади ва у тасдиқлаган қоидалар асосида фаолият юритадилар. Фуқаролик оборотида қатнашувчи уларнинг раҳбарлари юридик шахснинг ишончномасига кўра иш юритадилар (РФ ФКнинг 55-моддаси).
Шу тариқа, АЖ очаётган Россиядаги ваколатхона иш берувчи, бинобарин, меҳнат муносабатларидаги тараф бўла олмайди. АЖнинг ўзи ваколатхона ходимларига нисбатан иш берувчи ҳисобланиб, унинг номидан ваколатхона раҳбари, хусусан, меҳнат шартномаларини тузиш ваколатларини амалга оширишга ҳақли бўлади.
АЖнинг ижроия органи РФдаги ваколатхона раҳбарини тайинлаши керак бўлади (АЖ тўғрисидаги ЎзР Қонунининг 79-моддаси 6-қисми). Ваколатхонага бошқа ходимларнинг ишга қабул қилинишига келсак, ваколатхона бошлиғи муассис2 билан келишган ҳолда ЎзР фуқаролари ва унинг фуқаролари бўлмаган шахслар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга ҳақли бўлади (Намунавий низомнинг 13-банди 9-хатбошиси, ВМнинг 24.03.2000 йилдаги 102-сон қарорига 2-илова). Ушбу ҳуқуқларни амалга ошираётганда РФ ҳудудида хорижий фуқаролар ва юридик шахслар иштирокидаги меҳнат муносабатларига ушбу мамлакатнинг меҳнат қонунчилиги татбиқ этилишини ёдда тутиши лозим (РФ МКнинг 11-моддаси). АЖнинг Россиядаги ваколатхонаси ходими билан иш берувчи сифатида АФнинг ўзи ўртасида меҳнат муносабатлари юзага келишига асос бўлувчи меҳнат шартномаси, РФ МКнинг 16-моддаси 1-қисми маъносига кўра, мазкур меъёрий ҳужжатга мувофиқ тузилиши керак.
Шу сабабли АЖнинг Россиядаги ваколатхонаси аккредитациялангандан сўнг ушбу алоҳида бўлинмага ходимларни ишга қабул қилиш (меҳнат шартномалари тузиш ва ҳ.к.) мақсадга мувофиқ. Чунки айни аккредитациядан сўнг унинг раҳбари тегишли хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли бўлади. У АЖ номидан ҳаракат қилиб ва РФ меҳнат қонунчилигига риоя этиб, ўзи раҳбарлик қилувчи ваколатхонага ходимларни қабул қилиши керак бўлади.
2 |
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида бошқа юридик шахснинг (бош ташкилотнинг) хориждаги ваколатхонасида ишлаши учун унитар корхоналарнинг ходимларини хизмат сафарига юбориш тақиқланмайди.
Бунда унитар корхоналар хизмат сафарига юборилаётган ходимларнинг суткалик харажатлари, яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатлар ва, эҳтимол, бошқа турдаги хизмат сафари харажатларини, бунинг устига хорижий валютада (АҚШ долларида) тўлашлари зарурлигини ҳисобга олишлари лозим (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Шу сабабли бошқа юридик шахснинг (ҳатто бош ташкилотники бўлсин) ваколатхонаси учун ишларни бажариш мақсадида ходимларни хорижга хизмат сафарига юбориш маблағ талаб этади. Унитар корхоналар мутахассисларини АЖ ваколатхонасидаги ишга расмийлаштириш тавсия этилади. Ушбу корхоналарда улар билан меҳнат шартномалари бекор қилинишига тарафларнинг келишуви асос бўлиши мумкин, унга мувофиқ меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин (ЎзР МКнинг 97-моддаси 1-банди).
Қонунга мувофиқ, ваколатхона юридик шахснинг бундай шахс жойлашган ердан ташқарида жойлашган, унинг манфаатларини ифодалайдиган ва бу манфаатларни ҳимоя қилишни амалга оширадиган алоҳида бўлинмасидир (ЎзР ФКнинг 47-моддаси 1-қисми; АЖ тўғрисидаги ЎзР Қонунининг 7-моддаси 3-қисми).
Юридик шахснинг у жойлашган ердан ташқарида жойлашган, бироқ унинг барча вазифаларини ёки уларнинг бир қисмини, шу жумладан ваколатхонанинг вазифаларини амалга оширадиган бошқа алоҳида бўлинмаси эса филиал ҳисобланади (ЎзР ФКнинг 47-моддаси 2-қисми; АЖ тўғрисидаги ЎзР Қонунининг 7-моддаси 2-қисми).
Бундан кўринганидек, ваколатхонага ваколатларнинг энг кам ҳажми берилган, у ишлаб чиқариш ёки бошқа тадбиркорлик фаолиятини (шу жумладан қурилиш-монтаж ишларини) бажаришга ҳақли эмас. Унинг вазифаси бош компаниянинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш ва илгари суриш, у ҳақда ахборот тарқатиш, бўлғуси ҳамкорлар, мижозларни излаш, хўжалик шартномаларини тузиш, низоли вазиятларни ҳал қилиш ва бошқалардан иборат. Филиал эса кенгроқ доирадаги ишларни бажаради, сабаби у бош компания сингари хўжалик фаолиятини амалга оширишга ҳақли. Юридик шахснинг филиали ва ваколатхонасига оид РФ қонунчилиги қоидаларида ҳам худди шундай нуқтаи назар акс эттирилган.
Шу билан бирга, РФ Солиқ кодексида «хорижий ташкилотнинг доимий ваколатхонаси» тушунчаси очиб берилган. Унинг мазмуни РФ ФКда белгиланганидан анча фарқ қилади. РФ Солиқ кодексининг «Ташкилотларнинг фойдасига солинадиган солиқ» 25-бобини қўллаш мақсадида хорижий ташкилотнинг доимий ваколатхонаси деганда ташкилот у орқали РФ ҳудудида хизматлар кўрсатиш, кўрсатилган бандда санаб ўтилган ишларни, бошқа фаолиятни юритиш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятини мунтазам равишда амалга ошираётган ушбу ташкилотнинг филиали, ваколатхонаси, бўлими, бюроси, идораси, агентлиги, бошқа исталган алоҳида бўлинмаси ёки бошқа фаолият юритиш жойи (бўлими) тушунилади (РФ Солиқ кодексининг 306-моддаси 2-банди).
Шунга қарамай, фикримизча, сизнинг АЖ Россияда ваколатхона эмас, бош компаниянинг хўжалик фаолияти ва бошқа вазифаларини бажаришга ҳақли бўлган филиалини барпо этгани маъқул эди.
Камол Музаффаров,
«Norma Online» эксперти.
1РФ МКнинг 20-моддаси 4-қисмида меҳнат шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилган бошқа субъект иш берувчи сифатида чиқиши мумкин бўлган ҳолларни назарда тутувчи федерал қонунларга ҳавола этилади. Бироқ улар сирасида юридик шахснинг филиали ва ваколатхонаси иш берувчи сифатида қайд этилмаган.
2Намунавий низомнинг 1-бандига мувофиқ, муассис деганда ваколатхона очган вазирлик, идора, бошқа давлат органи, юридик шахс мақомига эга ташкилот ёки корхонани тушуниш лозим.