Norma.uz

Эҳтиёт бўлинг! Болалар майдончаси

 

Кўп квартирали уйларда болалар майдончаларининг қурилиши, сақлаб турилиши ва хавфсизлиги учун ким жавоб беради? Агар ушбу масала қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаганлиги ва хоҳишга қараб ҳал қилинишини ҳисобга олсак, у долзарб тусга эгадир. Ҳолбуки, травматологларнинг маълумотларига кўра, болалар бундай майдончаларда йўл-транспорт ҳодисаларидагига қараганда кўпроқ жароҳат олмоқдалар. Агар сирпанма, турник ва нарвончалари билан бирга дастлаб қараганда хавфсиз бўлиб кўринадиган арғимчоғу от ўйинлар белгиланган стандартлар талабларига, санитария нормалари ва қоидаларига риоя этмасдан қурилса, улар хавф-хатарнинг айни ўчоғидир. Кўпинча шундай бўляпти ҳам. Кичкинтойларга бу ўринларда «Хуш келибсиздеб эмас, балки
«
Эҳтиёт бўлинг, болалар майдончасидейишга тўғри келади.

 

Нимага эгамиз?

Фуқароларни бу мавзу доимо безовта қилиб келган. Пойтахтнинг уй-жой мавзеларида болалар майдончалари очиқдан-очиқ етишмайди. Борлари эса асосан ўткир, учли, нари-бери пайвандланиб, маҳкамланган, ғарибона темир конструкциялардан иборат бўлиб, турли шикастланган жойлари бўлган, қаттиқ қопламга эга. Бунинг натижасида болалар улардан тез-тез йиқилиб тушади, тиззаларини яралайди, қўл-оёқларини синдирадилар, улардан туша олмай қоладилар ва ҳоказо.

Уй-жой даҳаларини безайдиган ва кўзларни қувонтирадиган, муҳими – хавфлилиги кам бўлган ёрқин, жозибадор майдончалар кўп эмас. Улар қимматга тушади, асосан ҳомийлар ёрдами ҳисобига бунёд этилади. Улар ичида четдан олиб келинадиган компонентлар ҳам, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳам бор.

Болалар спорт ва ўйин майдончаларини қуриш, улардан фойдаланиш ва хавфсизлиги билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг мониторинги ушбу соҳада «ишкалликлар» етарли эканлигини кўрсатди. Мавжуд ҳужжатлар ижро этиш учун мажбурий эмас, балки тавсия этиш тусида. Шуниси ибратлики, ҳужжатларга қараганда, болалар майдончаларини қуриш зарурлиги тўғрисида гапирувчилар жуда кўп: турли экологик дастурлардан тортиб аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва сақлаб туриш билан боғлиқ ҳужжатларга қадар ҳаммаси шунга эътибор қаратади. Шундай бўлса-да уларни қуриш ва фойдаланиш устидан назорат қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас.

Фуқароларнинг мурожаатларига қараганда кейинги вақтда болаларнинг ўйин ва спорт билан шуғулланиш жойлари сахтиён терисига ўхшаб қисқариб боряпти. Гаражлар ёппасига олиб ташланганидан кейин болалар майдончалари ўз-ўзидан автомобиллар тўхташ жойларига айланиб бораётгани ташвишлидир. Бу ҳол аҳолининг норозилигига сабабчи бўлади. Муаммонинг туб илдизи болалар майдончаларининг қурилиши ва сақлаб турилиши учун ким жавоб бериши масаласи тартибга солинмаганлигига бориб тақалади.

 

Кимнинг жавобгарлигида?

Улар учун жавобгарликни ХУМШнинг зиммасига юклашга уринмоқдалар. Ширкат умумий мол-мулк, ХУМШнинг ер участкаси ва мол-мулки асралиши ва сақланишини таъминлаши шарт, зеро «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари» тўғрисидаги Қонун 16-моддасининг талаби ана шундай.

Бунинг маъноси шуки, агар ХУМШ аъзолари умумий йиғилишда ўз ер участкаларида болалар майдончасини бунёд этиш тўғрисида қарор қабул қилсалар, уларга оқ йўл берилади. Бунда аҳоли уни қуриш ва сақлаб туриш харажатлари мажбурий бадал таркибига кириши ва уни кўпайтиришини билишлари керак. Бироқ ширкатда унга давлат ер кадастри бириктириб қўйган ер участкаси бўлмаса (дарвоқе, ҳозир бундай манзара кенг тус олган) ва унинг чегараси бинонинг бурчаги ёки периметр бўйича бир-икки метр наридан ўтса-чи? Бундай ҳолда уй ёнидаги участка умумий фойдаланишдаги ерларга киради, Ер кодексининг 64-моддасига биноан улар давлат ҳокимияти органларининг ихтиёрида бўлади. Уларнинг ваколатлар доирасига ер участкасида турли иншоотлар барпо этиш ҳам киради.

Кўринадики, барчаси болалар майдончаси кимнинг ҳудудида жойлашганлиги ёки уни қаерда қуриш мўлжалланганлигига боғлиқ. Агар у ширкатнинг кадастр билан белгиланган ер участкасида бўлса, майдонча эгаси ХУМШ ҳисобланади. Ширкат уни ўрнатади, таъмирлайди, сақлаб туради. Агар у давлат ерида бўлса, унинг учун шаҳар, туман жавоб беради ва барча масалалар билан ҳокимликка мурожаат қилинади. Умумий фойдаланишдаги ердаги майдончани жиҳозлаш ва сақлаб туриш масаласида ХУМШга тазйиқ ўтказиш эса ширкат ишига ғайриқонуний аралашишдир.

Масала тартибга солинмаганлиги туфайли у кўпинча маъмуриятчилик йўли билан ҳал қилинади: ихтиёрий-мажбурий ижро этиш йўли билан ҳомийлик ёрдами ёки маҳалланинг ташаббуси ёхуд ХУМШга тазйиқ ўтказиш билан.

Ширкатда одатда болалар майдончалари қурилиши бобида якдил фикр бўлмайди. Кичик ёшдаги болалари бўлган фуқаролар ёқлаб чиқадилар. Болалари улғайган фуқароларга эса улар керак эмас. Кексаларга эса деразалари олдида тонгдан тунгача шовқин-сурон бўлиши ёқмайди. Кимдир майдончани қуриш ва сақлаб туришга пул сарфлаб, ҳузурини қўшни уйлардаги болалар кўради деб ҳисоблайди. Бу ҳам асосли фикр. Ушбу конструкцияга босим тушади, тез эскиради, уларни сақлаб туриш ва таъмирлашга пул тўлаш керак. Майдончани бегоналардан тўсиш эса қўшимча харажатлар демак. Ушбу ҳолда ширкат қўшнилар билан бирлашиб иш кўриши мумкин. Шундай қилинса уни қуриш ва сақлаб туриш арзонга тушади.

Болаларга қувонч келтирадиган сирпанмалар, арғимчоқ ва бошқа қурилмаларнинг хавфсизлиги аввало ишлаб чиқарувчиларнинг белгиланган стандартлар, санитария нормалари ва қодаларига риоя этишларидан келиб чиқиши керак. Бироқ бунга фақат юридик шахслар амал қиладилар. Улар босимни кўтара оладиган сифатли материаллардан фойдаланадилар, шикастланишларга йўл қўймаслик учун қопламнинг хавфсиз бўлиши тўғрисида ғамхўрлик қиладилар. Биз болалар майдончаларида кўрадиган оддий темир конструкциялар асосан қўлбола услубда тайёрланган. Уларни ҳар қандай сантехник эски қувурлардан ёки уста амаки ўз гаражида тайёрлаши мумкин. Бунда, албатта, стандартларга риоя этиш тўғрисида ўйланмайди. Сертификатланган комплектларни ширкатлар қимматлиги боис сотиб ололмайдилар. Тўғри, уларга бунинг учун кредит олишни тавсия қиладилар. Бироқ кўп ХУМШларда умумий мол-мулкни мукаммал таъмирлаш билан боғлиқ бошқа муаммолар бор.

 

Дастурлар тугайди, муаммолар қолади

Кейинги беш йилда болаларимиз учун майдончалар кўпайганлигини қайд этиш керак. Бунга «Баркамол авлод йили» Давлат дастурида (27.01.2010 йилдаги ПҚ-1271-сон қарор билан тасдиқланган) режалаштирилган 2010–2015 йилларда болалар майдончаларини тиклаш ва ташкил этиш дастури туфайли эришилди. Дастурда болалар майдончаларига доир, шу жумладан улар хавфсизлиги ва санитария ҳолатига қўйиладиган баъзи талаблар белгиланди. Барча болалар майдончаларини, улардаги мавжуд иншоотларни ялпи инвентаризациялаш, уларни уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бериш мўлжалланди. Ҳар бир маҳалла, мавзе, даҳа учун яқин 5 йилда майдончаларни бунёд этиш ва тиклаш, уларни паспортлаштириш, белгиланган талабларга мувофиқ сертификатлаштириш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш белгиланди. Ҳокимликларга уларни тиклаш ишларига тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари, жамғармалар, фермер хўжаликлари, корхоналар ва ҳоказо ташкилотлар, шунингдек аҳолини кенг жалб этиш топширилди.

Дастурни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни биринчи навбатда ҳомийлик ёрдами, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобига қоплаш режалаштирилган. Болалар майдончаларини сақлаш учун жавобгарлик ХУМШ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларининг зиммасига юкланган.

Шубҳасиз, Дастур вазиятни яхшилашда ўз ролини ўйнади. Ўтган йил пойтахтда 256 болалар майдончаси пайдо бўлди. 2,6 млн кишидан кўп аҳолиси бўлган мегаполис учун бу – денгиздан бир томчи. Бироқ қатра-қатра йиғилиб, денгиз бўлади.

Дастурлар қабул ҳам қилинади, тугайди ҳам, лекин муаммолар баъзан қолади. Болалар майдончаларини қуриш ва сақлаб туриш билан боғлиқ масалаларни кўпинча асоссиз равишда ХУМШ зиммасига юклайдилар. Ушбу жараённи қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солиш учун Тошкент шаҳар ХУМШ уюшмаси ўз вақтида Низом лойиҳасини ишлаб чиққан, у кўриб чиқиш учун шаҳар ҳокимлигига топширилган эди. Бироқ у ҳануз ижобий ечимини топган эмас.

 

 

Мавзуга доир савол

 

Спорт автотўхташ жойига қарши

 

Биз уй атрофидаги ҳудудда спорт майдончасини қурмоқчи эдик, бироқ қўшни уйларда яшовчи автомобиль эгалари биздан ўзиб кетдилар. Улар бу участкани ўзбошимчалик билан автотўхташ жойига айлантириб олдилар. Уларни чиқариб юборишга уриняпмиз, бироқ улар ҳам бўш келмаяптилар. Уй атрофидаги бўш жойлардан қандай фойдаланишни тартибга солувчи ҳужжатлар борми?

А.Иванова.

Тошкент ш.

 

– Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари (ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон қарорига 3-илова) уй атрофидаги бўш ҳудудлардан фойдаланишни тартибга солади. Уй атрофидаги ерларда бўш майдонлар бўлса, улар қуйидагилар учун жиҳозланиши керак:

√ кир қуритиш учун хўжалик майдончаси, кийимлар ва бошқа уй буюмларини тозалаш ҳамда уй-жойлардан фойдаланиш ташкилотининг эҳтиёжи учун майдонча;

√ футбол, баскетбол, волейбол, теннис ўйнаш ҳамда гимнастика билан шуғулланиш учун спорт майдончалари;

√ қум солинган қутилар билан таъминланган, арғимчоқлар, тебранадиган тахталар, айвончалар ва бошқа мосламалар ўрнатилган кичик ёшдаги болалар учун ўйин майдончалари;

√ қиш даврида спорт ва болалар майдончаларида зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган сирпанадиган ва яхмалак отадиган тепаликлар;

√ ахлат ва озиқ-овқат чиқиндилари учун контейнер ва бочоклар ўрнатиладиган майдончалар (Қоидаларнинг 35-банди).

Ширкатнинг ер участкасида болалар майдончасини жиҳозлаш учун аввало ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарори чиқарилиши зарур.

Ширкат бу масалани ҳал қилишда ёрдам беришни сўраб уй атрофидаги ҳудудлар батартиблиги учун ҳам жавоб берадиган тузилмалар: маҳалла қўмитаси, ИИБ профилактика инспектори (участка инспектори), ҳокимликка мурожаат қилишга ҳақли.

ХУМШ бошқаруви уй атрофидаги ҳудудда машинасини қўяётган ҳар бир шахсий автомобиль соҳибига қуйидаги мазмундаги билдиришномани тайёрлаши мумкин: «Қонунчиликка мувофиқ ушбу ер участкаси ХУМШга тегишли. Ундан фойдаланиш тартибини унинг эгаси белгилайди. ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан белгиланганидек, ушбу участкада болалар майдончаси қурилади. Сиздан (сана кўрсатилади) гача ушбу ҳудуддан автомобилингизни олишингизни сўраймиз. Ташкилотнинг фаолиятига тўсқинлик қилган тақдирда жавобгарликка тортиласиз».

Кўрсатмани ҳар бир автомобиль соҳибига тилхат олиб топшириш лозим. Агар уни бажармасалар, прокуратурага ариза билан мурожаат қилиш мумкин. Бунинг учун аризага ХУМШнинг ер участкасида қонунга хилоф равишда қўйилган автомобилларнинг рақамлари акс этган фотосуратларни илова қилиш зарур.

 

 

Ҳуқуқий саводхонлик

 

Ваколатлар чекланган

 

Кўпинча уй аҳли ижрочи директор ёки бошқарув компанияси (БК) умумий мулкларини сақлаш билан машғуллигидан бехабар бўлади. Кўпчилик фуқаролар шу пайтгача ХУМШни ЖЭК деб атайдилар, директорни раис деб ҳисоблайдилар. Айрим ижрочи директорлар ХУМШ раҳбари ваколатларини зиммаларига олиб, ширкатни бошқарадилар. БК уй аҳлининг саводсизлиги ва бепарволигидан фойдаланиб, қонунчиликка зид иш қилади. Буларнинг барчаси кўп квартирали уйлар аҳли ва БК (ижрочи директорлар) ўртасида ихтилофларни юзага келтиради. Бунинг асл сабаби – бошқарув, уй аҳлининг ҳуқуқий саводсизлигида. Натижада инсофсиз БК (ижрочи директорлар) фуқароларнинг ҳуқуқий онгсизлигидан фойдаланиб пул ишлашдан тап тортмайдилар. Айниқса мулкдорларнинг ўз уйлари сақланишига қизиқиш билдирмасликлари бунга туртки бўлади.

 

Тошкент шаҳар ХУМШ Уюшмаси ўтказган ХУМШ ва БК мониторинглари маълумотларига кўра, кўпинча уй аҳли БК ишининг қуйидаги жиҳатлари юзасидан шикоят қилади:

√ уй-жой мулкдорларининг ХУМШ БК (ижрочи директор) билан шартнома тузганлигидан бехабарлиги;

√ БК бажарилган ишлар ҳақида уй аҳлига ҳисобот топширмаслиги;

√ БКнинг ишларни сифатсиз бажариши;

√ мулкдорларнинг бадалларидан мақсадга кўра фойдаланмаслик, БК хизматлари нархларини ошириш.

 

БКни ким қандай сайлайди

Қонунчилик муайян регламент ўрнатиб ва бунда умумий йиғилиш ролини кучайтириб, БК ёки ижрочи директорни сайлашда ХУМШ аъзоларини ҳуқуқлари бузилишидан ҳимоялаган. Уй-жой мулкдорлари унга риоя қилсалар бас. Айнан шу иш қийинчилик туғдиради.

1. ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:

ХУМШ аъзоларининг умумий мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш усулини танлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

бошқарувчиликка (ижрочи директорликка) номзодни ёки бошқарувчи ташкилотни тасдиқлаш (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси).

2. Ширкат бошқарувининг ваколатларига қуйидагилар киради:

бошқарувчиликка (ижрочи директорликка) номзодларнинг ёки бошқарувчи ташкилотнинг танлов асосида танлаб олинишини ташкил этиш;

пудратчиларни танлов асосида танлаган ҳолда умумий мол-мулкка, ширкатнинг мол-мулкига хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш учун буюртмачи вазифаларини бажариш;

танлов ғолиби билан умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш учун шартномалар тузиш.

Ширкат бошқаруви уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ишлари танлов асосида тузилган шартномаларга мувофиқ ташкил этилиши учун ХУМШ аъзолари олдида жавобгардир (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 25-моддаси).

Тўғри, БК ёки ижрочи директорни излашга саводли ёндашиш жуда муҳим. Танлаш чоғида компания (директор) тажрибаси, бозордаги иш стажи, мутахассисларининг малакаси, компаниянинг техник воситалар билан жиҳозланганини ҳисобга олиши, бошқа ХУМШларнинг у ҳақдаги фикрини билиши, ишларни бажариш нархларини солиштириши зарур ва ҳ.к.

ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра ширкат раиси ва бошқарувининг айрим ваколатлари шартномага биноан бошқарувчига (ижрочи директорга) ёки бошқарувчи ташкилотга ўтказилиши мумкин (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 25, 26-моддалари).

 

Қандай ваколатлар бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас

 

Бошқарув ваколатлари:

ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишини ҳамда жой мулкдорлари йиғилишини чақириш ва уларнинг ўтказилишини ташкил этиш;

бошқарувчи ёки БКни танлаб олиш;

БК билан шартномалар тузиш;

умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки асралиши ва сақланиши устидан назорат қилиш;

ускуналар, асбоб-анжомлар ва бошқа моддий бойликларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиш, уларни сотиш, топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, шунингдек уларни ширкатнинг балансидан чегириб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ширкатнинг маблағларини ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши тасдиқлаган ширкат даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ тасарруф этиш.

 

Бошқарув раисининг ваколатлари:

бошқарув фаолиятига раҳбарлик қилади;

ширкатнинг манфаатларини ифодалайди;

умумий йиғилишнинг ёки ширкат бошқарувининг қарорларига мувофиқ молиявий ҳужжатларни, шартномаларни имзолайди;

умумий мол-мулкни ва ширкатнинг мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш усуллари бўйича, бошқарувчиликка (ижрочи директорликка) номзод ёки БК бўйича бошқарув томонидан тайёрланган таклифларни ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади.

Шуни қайд этиш лозимки, тақиққа қарамай, барча ижрочи директорлар молиявий ҳужжатларни, шартномаларни имзолайдилар. Уларнинг айримлари буни умумий йиғилиш қарорига ёки ишончнома бўйича унга раис ваколатлари берилганига асосланиб қилганларини изоҳлайдилар. Бироқ бу ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг юқоридаги нормасига зиддир. Уй хўжалиги вакиллари ХУМШ раиси иш билан банд киши бўлгани боис жамоатчи сифатида жойида бўлмаслиги мумкинлиги, уйни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ масалалар эса кўпинча зудлик билан ҳал этишни талаб қилиши сабабли у тартибга солиниши керак деган фикрдалар. Яъни ижрочи директорга имзолаш ҳуқуқини бериб, бунинг устидан бошқарув, раис, ХУМШ тафтиш комиссияси назорат қилиши ҳақида сўз бормоқда. Бу масала шаҳар ХУМШ Уюшмаси тайёрлаган ширкатлар фаолиятини яхшилашга доир таклифларда ҳам кўп бор кўтарилган бўлиб, ўз ечимини кутмоқда.

Ижрочи директорлар ва БК ваколатларининг чекланиши умуман олганда ширкат аъзоларини бошқарувчиларнинг турли суиистеъмолчиликларидан ҳимоялашга қаратилган.

 

Асоссиз даъво қилганда

Баъзида уй аҳли ижрочи директор ёки БК ишидан асоссиз шикоят қилади ва норозилик билдиради. Масалан, уй томидан чакка ўтяпти, йўлаклар аянчли аҳволда, ҳовли ахлатга тўлди дейлик. Уй аҳлининг ғазаби қайнайди. Бироқ аслида ширкат БКга том, йўлакни таъмирлаш, ҳудудни тозалаш хизматларига буюртма бермаган бўлади. Яъни уй аҳли шартномага қандай хизматлар киришидан бехабар. ХУМШ БКга умумий мулкни сақлаш хизматларининг бутун рўйхатини ҳам, алоҳида ишларни ҳам буюртириши мумкин. Кўпинча уй аҳлидан ширкат бошқарув компанияси (ижрочи директор) билан бир бўлиб, ҳеч қандай иш қилмаяпти, аҳолининг аризаларига муносабат билдирмай, ўғирлик қиляпти деган гапларни эшитиш мумкин. Бироқ тўловларни тўламаслик натижасида ишлар бажарилмаслиги ҳоллари ҳам учрайди. Бундай ҳолларда айбни фақат ўзидан кўриш керак.

 

БК ишига таъсир ўтказиш мумкинми

Жаҳон амалиётида бўлганидек, мамлакатимизда уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи бошқарув компанияларини лицензиялаш тизими, ҳозирча, мавжуд эмас. Бизда БК ходимлари малакаси аттестация билан тасдиқланмайди. Шу боис бу соҳада кадрлар билан боғлиқ жуда кескин муаммо мавжуд. Шу сабабли улардаги раҳбарлик лавозимларини фаррошлар, ошпазлар, тиббиёт ходимлари, милиционерлар ва УКХдан узоқ кишилар эгаллаганлиги ажабланарли эмас. Бу ишлар сифатида акс этади.

Тўғри, ширкат БК ишини назорат қилиши шарт. Зеро хизмат кўрсатганлиги учун унга аҳоли бадаллари тўланади, улар эса ўз пулларига қандай ишлар қилинаётганлигини, қайсилари қилинмаётганлигини, бунга нима тўсқинлик қилаётганини, компания хизматлари қанчага тушаётганини билишни истайдилар ва ҳ.к. БК фаолиятини назорат қилиш усуллари талайгина. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари шартномада қайд этилиши шарт, назоратнинг самарадорлиги унинг шартларига боғлиқ. Бошқарув компанияси билан шартномага «БК фаолияти устидан назорат» бўлимини киритган маъқул. Унга бошқарув компанияси ўз мажбуриятларини бажариши устидан ХУМШ раиси, бошқарув, тафтиш комиссияси назорат қилишини назарда тутувчи бандни киритиш лозим. Бошқа шартлар сирасида қуйидагилар ҳам бўлиши мумкин:

ХУМШ аъзоларининг пул маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат;

умумий йиғилишда БКнинг ХУМШ учун қилинган ишлар ҳақидаги чораклик ҳисоботи;

раис, бошқарув, тафтиш комиссиясининг сўровига кўра БКнинг кўп квартирали уйдаги умумий мулкни сақлаш мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ исталган ҳужжатларнинг тақдим этилиши;

ХУМШ раиси имзолаган бажарилган ишлар далолатномалари асосида БКнинг иши сифатини баҳолаш, умумий мулкнинг қониқарсиз аҳволи хусусидаги уй аҳлининг шикоятларини камайтириш;

бошқарув ёки турар жойлар мулкдорлари умумий мулкнинг сақланишида ва таъмирланишида аниқлаган камчиликларни БКнинг ваколатли вакиллари ҳозирлигида далолатномада қайд этиш;

умумий йиғилиш қарори билан БКни алмаштириш имконияти. Баённомада ХУМШ қандай сабабларга кўра (мажбуриятларни бажармаслик, ишларни сифатсиз бажариш, хизматлар қийматини ошириш, қилинган ишлар ҳақида ҳисоботларнинг йўқлиги ва ҳ.к.) у билан шартномани бекор қилаётганини кўрсатган маъқул.

БК ёки ижрочи директор ширкатга хизмат кўрсатаётганда қонунбузарликка йўл қўйгани далиллари аниқланганда у прокуратурага, суд органларига мурожаат қилиши мумкин.

 

 

Турмуш чорраҳаларида

 

Қурувчи яхши қўшничиликни мустаҳкамламоқда

 

Шарқда қўшнилар билан тинч-тотув яшаш анъанага айланган. Квартира танлаганда қўшнимиз ким эканлиги тўғрисида кўп ўйламаймиз ҳам. Биз учун аввало квартиранинг сифати, ҳудуд, ижтимоий инфратузилма муҳим. Турар жойни харид қилгандан кейингина бошқа тавсифларга, шу жумладан атрофимиздагиларга эътибор қарата бошлаймиз. Ҳолбуки, қўшни яхши бўлмаса, ҳаловатимиз бузилади, тинчимиз йўқолади. Халқимиз «Ҳовли олма, қўшни ол» деб бежиз айтмаган. Яқин қўшни узоқдаги қариндошдан яхши дейишади. Қўшниларнинг аҳил-иноқлиги, бир-бирларини ҳурмат қилишлари ҳаётнинг осуда ўтишига сабаб бўлади. Шу сабабли, квартира танлаётганда қўшнилар билан қизиқинг. Узоқ йиллар мобайнида кимлар билан ёнма-ён яшашга тўғри келишига эътибор беринг.

 

Кўп риэлторлар уйдаги аҳил, жипслашган қўшнилар турар жойнинг ижобий тавсифига айланишлари, унинг сифат кўрсаткичи ва қийматини оширишлари мумкин деб ҳисоблайдилар. Ушбу жиҳатдан ҳозирда кўчмас мулкни сотиш, шунингдек турар жой комплексларини қуриш чоғида жозибали жиҳат сифатида фойдаланилади.

Бироқ биз урбанизация жараёнлари, шу билан барча кишиларнинг руҳан тарқоқлиги жараёнлари шиддат билан ўсаётган бир замонда яшаяпмиз. Эҳтимол, шу боисдандир, қурувчилар яхши қўшничилик омилига катта эътибор бера бошладилар. Янги уйлар билан ёнма-ён борган сари кўпроқ тўйхоналар, спорт майдончалари қад кўтармоқда, улар, соғломлаштириш самарасидан ташқари, кишиларни яхшигина жипслаштиради. Уйда яшовчилар томонидан турли биргаликдаги тадбирлар ўтказишлари учун умумий маконлар уйларда ҳам пайдо бўлмоқда.

Албатта, яхши қўшничилик, мулоқот учун шарт-шароитлар барпо этиш ўз-ўзидан юзага келмайди. Уларни уйда яшовчилар шакллантиради. Архитектор эса қурувчи билан бирга фақат бундай муносабатлар учун негиз яратиши мумкин. Бу ҳам, уларнинг фикрича, лойиҳанинг жозибадорлиги ва унга бўлган талабни оширади.

Одатда бундай таъкидлардан хорижда тез-тез фойдаланилади. Айниқса бир нечта навбатдан иборат бўлган катта уй-жой даҳаларини қуриш чоғида қўшнилар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар ярата бориб, қурувчилар ушбу даҳада яшовчиларнинг ҳаёти қанчалик ёрқин ва тўлиқ эканлигини намойиш этиб, бўлғуси харидорларни жалб этишга интилмоқдалар. Агар улар бу ерда квартира харид қилсалар, уларнинг зерикишларига ўрин қолмайди. Уларни хайрихоҳ, меҳрибон қўшнилар ўраб туради.

Россия амалиётида қурувчилар Янги йил, Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни, масленица ва бошқа байрамларни ташкил этиш ташаббускорлари бўлганлигига мисоллар бор. Уларга нафақат комплексда яшаётганлар, балки ҳали кўчиб кирмаганлар, шунингдек бўлғуси харидорлар ҳам таклиф қилинадилар. Баъзан «шанбаликлар» уюштирилиб, аҳолини кўчат экишга, бир вақтнинг ўзида қўшнилар билан танишишга таклиф этишган. Бу тадбир ҳам қўшниларни яқинлаштиришга йўналтирилган. Бундай тадбирлар кўпинча чойхўрлик билан олиб борилган.

Доимий асосда умумий хордиқ чиқаришни бунёд этишга қўйилган лойиҳалар мавжуд. Уй-жой корпусларидан бирининг биринчи қаватида маданий марказ ташкил этиш учун нотурар жой ажратилган. У ерда яшовчиларнинг кўп тоифалари учун турли машғулотлар ўтказилади, яъни: йога, гитара дарси, расм, ёш оналар курслари, болалар секциялари. Буларнинг ҳаммасини ҳам қурувчи яшовчилар учун бепул ташкил этади. Шу тариқа, комплексда яшовчи исталган киши ўзи учун қизиқарли бўлган тўгарак ёки машғулотларга қатнаши мумкин. Болали оналар учун бу – ўз мулоқот доирасини кенгайтириш учун ажойиб имконият. Қўшниларнинг бундай марказига кишилар ўзлари учун кераксиз бўлган нарсаларни топширишлари мумкин, бу ерда эса уларни тақсимлаш билан шуғулланадилар. Тўгаракларнинг кун жадвали, муҳим янгиликлар гуруҳларда ижтимоий тармоқларда чоп этилади. Бундай лойиҳалар асосан кам қаватли уйларда кенг ёйилган. Қурувчилар учун эса бу – самарали эмас. Бундай марказни сақлаб туриш ҳам унга қимматга тушади. Бироқ бу ерда ёндашув қуйидагича: кўп нарса олиш учун баъзан кўп сарфлашга тўғри келади.

Қўшнилар марказлари ғояси кўпроқ кам қаватли уйларда ўрнашиб қолишига келсак, улардаги квартиралар харидорлари кўпинча ўз болалари ҳордиғини йўлга солиш ғояси билан бирлашганлар. Кишиларни катта ҳамжамиятларга қараганда кам қаватли уйларда бирлаштириш ҳам анча енгил. Агар қурувчи яхши қўшничилик муносабатларини фаол равишда қўллаб-қувватласа, бу ҳол харид тўғрисида қарор қабул қилиш чоғида муваффақиятларнинг бирига айланиши мумкин. Бизнинг олдимизда нафақат бундай қўшнилар марказини ташкил этиш, балки кишиларга бу нарса улар учун қанчалик керакли эканлигини тушунтириш вазифаси ҳам туради.

 

 

Шаҳар муҳити

 

Чиқиндилар сараланиши керак

 

Маиший чиқиндиларни истеъмолчилар томонидан алоҳида-алоҳида саралаш ҳеч ҳам одат тусига кира қолмаяпти. Бунга Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан 6 йил аввал илк қадам қўйилган эди, бироқ у натижа бермади. Иккинчи уриниш Ҳукуматнинг қарори билан 2 йилдан кўпроқ вақт илгари амалга оширилди (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарори). Ҳужжат билан Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари (3-илова) тасдиқланди. У аҳоли зиммасига ахлатни 4 алоҳида-алоҳида пакетга саралаш мажбуриятини қўйди. Бироқ ушбу қарор ҳам натижа бермади. Фуқаролар аввалгидек маиший чиқиндиларни битта пакетга солишни давом эттирмоқдалар. Тўғри, баъзан уларни ахлатхоналарда кўриниб қоладиган кимсалар бизнинг ўрнимизга саралайдилар. Улар пакетлардан шиша, пластик, қоғоз ва бошқа нарсаларни йиғиб олиб, шу заҳотиёқ керакли жойга топширадилар ва муайян даромадга эга бўладилар. Ахлатхоналарда идиш қабул қилиш – уларга эгалик қиладиган хусусий бизнеснинг ташаббуси. Истеъмолчилар учун Қоидаларнинг нормалари мажбурий ижро мақомини олган эмас.

 

Нима учун маиший чиқиндиларни саралашга чақирув аҳоли томонидан қабул қилинмаётир? Аввало фуқароларга ушбу ишнинг қанчалик муҳимлиги тушунтирилмади. Аҳолини чиқиндиларни алоҳида-алоҳида йиғишнинг зарурлигига ишонтириш учун, ҳужжатни қабул қилишдан аввал, кенг миқёсда ахборот-тушунтириш компанияси ўтказилиши керак эди.

Ушбу масала техник жиҳатдан ишлаб чиқилмади. Аҳолини ахлатни саралаш учун турли рангли пакетлар сотиб олишга мажбур этишди. Бироқ улар қаерда, кимдан, қандай нархда сотиб олинади? Аҳолини бу нарса жонбозлик кўрсатишга ундамади. Саралашга ўргатиш учун қайта ишловчилар лоақал дастлабки пайтда истеъмолчиларни бепул пакетлар билан таъминлашлари мумкин эди. Қоидаларда назарда тутилишича, ахлат йиғиш пунктларида ахлат солинган турли пакетлар учун турли рангдаги контейнерлар ўрнатилиши керак эди. Бироқ, ўша контейнерлар қаерда? Улар ҳозиргача мавжуд эмас-ку.

Бошқа сабаб – инсон омили. Оддий истеъмолчиларнинг янгиликнинг экологик ва иқтисодий муҳимлигини англаши мураккаб нарса. Биз кенг миқёсли фикрлашга ўрганмаганмиз. Аҳолига масалани тушунтирмасак, унинг ечимига эриша олмаймиз. Бугунги кунда бутун дунёда маиший чиқиндилар қайта ишланяпти. Улар хом ашёга айлантирилиб, бундан фойда олиняпти. Ахлатни тўплаш ва ёқиш атроф муҳитга, аҳолига тузатиб бўлмайдиган зарар етказяпти ва чиқиндиларни қайта ишлашдан бир неча марта қимматга тушяпти.

Умуман рағбат омилларининг мавжуд эмаслиги туфайли ҳам кишиларимиз ушбу жараёнга киришиб кетмади. Ҳолбуки кўпгина мамлакатларда истеъмолчилар томонидан ахлатни саралаш рағбатлантирилади. Масалан, улар турар жой ва коммунал хизматларни тўлаш, супермаркетларда бирор-бир товарларни харид қилиш, турли акцияларда иштирок этишда чегирмаларга эга бўладилар, идиш, қоғоз ва бошқа нарсаларни қайтарганлик учун мақбул пул олишлари тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Айни вақтда сараланмаган ахлатни ташлайдиган (шу жумладан белгиланмаган жойларга) фуқароларга нисбатан катта жарималар қўлланади.

Яна бир гап. Қоидалар мамлакатимиз саноат корхоналари зиммасига кейинчалик ишлаб чиқувчи ҳисобига утиллаштириш учун истеъмолчилардан маънан эскирган ва сафдан чиққан ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни қабул қилиш, шунингдек ушбу маҳсулотни қабул қилишнинг махсус механизмини ишлаб чиқиш мажбуриятини юклади. Ҳозирча буларнинг ҳаммаси баъзи дўконларнинг қисқа муддатли акциялари билан чекланган. Уларнинг бир-иккитаси вақти-вақти билан истеъмолчиларга эски маиший техникани утиллаштириш ва бунинг учун янги техникани харид қилганда чегирмани таклиф қилади.

Яқин вақт ичида лоақал эски техникани утиллаштириш бобида баъзи бир ижобий силжишлар бўлишига умид қилишни хоҳлардик. Жорий йилда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва «Тошрангметзавод» АЖнинг аҳолининг экологик фаоллигини ошириш, 2016–2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший ва электрон чиқиндиларни утиллаштиришга йўналтирилган, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирлар дастури қабул қилинди. Ушбу Дастур доирасида Тошкент ва вилоят марказларида электрон техникани сотиш жойларида эски маиший техникани утиллаштириш учун 50 та ихтисослашган қабул қилиш пункти пайдо бўлади. «Тошрангметзавод» АЖ электрон чиқиндилар ва ишлатиб бўлинган аккумулятор батареяларини қабул қилиш тизимини ташкил этишни режалаштиряпти. Дастурда аҳолини хавфли чиқиндиларни утиллаштириш тартиби тўғрисида хабардор қилиш ҳам назарда тутилган.

 

 

Ўзгалар тажрибаси

 

Швейцария ахлат муаммосини ҳал қилди

 

Дунёнинг кўпгина мамлакатларида амал қиладиган ахлатни саралаш тизими Швейцарияда ҳаддан ташқари маромига етказиб ишлаб чиқилган. Қарийб мутлақ даражага етказилган. Бу ерда саралаш мумкин бўлган ҳамма ахлат сараланади. Ушбу тизим истисноларни билмайди – амалда ҳамма ахлатни ҳар хил контейнерларга солишга мажбур. Рози эмасмисиз – жарима тўлайсиз. Халқнинг урфи ана шундай. Ҳаммага тозаликда яшаш ёқади.

 

Швейцария дунёда топшириладиган шишалар сони бўйича етакчилик қилади – 90%дан кўпроқ идиш шишани иккиламчи қайта ишлаш заводларига қайтарилади. Бироқ бунда улар қопқоқларини олишлари ва уларни шишанинг рангига боғлиқ ҳолда саралашлари керак. Оқ, жигарранг, яшил – ҳаммаси алоҳида-алоҳида.

Қоғоз картондан алоҳида қайта ишланади (картонни қайта ишлаш қиммат туради), шу боис фуқаролардан қоғоз ва картонни алоҳида-алоҳида топшириш талаб қилинади. Мамлакатда ишлаб чиқарилган босма маҳсулотнинг қарийб учдан бири иккиламчи хом ашёни қабул қилиш пунктларига қайтарилади. Швейцарияда сотиладиган барча батарейкаларнинг 60%и фойдаланилганидан кейин қайта топширилади, улар ахлат челагига ташлаб юборилмайди.

Шишалар, эски электр асбоблар ва маиший техника, қурилиш чиқиндилари, кундузги ёритиш лампалари, консерва банкалари (топширувчилар магнит пресс ёрдамида тунукани мустақил равишда пресслашлари шарт), ўсимлик ёғи қолдиқлари, машина мойи қолдиқлари алоҳида-алоҳида топширилади. Рўйхатнинг ўзиданоқ даҳшатга тушасиз.

Бундай қилмасдан, барчасини ахлат челакка ташлаш мумкин-ку, дерсиз. Мумкин. Бироқ унда ҳар бир килограмм чиқиндидан ундириладиган солиқдан хонавайрон бўлишга тўғри келади. Ҳар бир ахлат пакетига солиқ тўлаганлиги тўғрисида марка ёпиштирилади. 5 кг ахлатни ташлаш 2–3 франк туради (нарх ҳудудга боғлиқ ҳолда ўзгаради). Шу боис аҳолининг кўпчилиги мумкин бўлган барча нарсани иккиламчи хом ашёни қабул қилиш пунктларига олиб боради, бу ерда эски компьютер ёки болаларнинг эски аравачасини топшириш ҳеч нарса эмас.

Фойдаланилган чой пакетчасини қандай қилиб тўғри ташлаш ҳақида тавсиялар мавжуд: ёрлиғи – картонга, пакетчанинг ўзи – эски қоғозга, дамланадиган чой – компостга, қисқич – ишлатилган металлга, ипи эса маркировкаланган ахлат халтачасига қўшиб қўйилади. Буларни ҳазил деб ҳисоблаш мумкиндир. Бироқ Швейцарияда бундай эмас.

Баъзилар марка ёпиштирмасдан чиқиндилардан халос бўлишга уринган эдилар. Бироқ улар танобини тортиб қўядиган ахлат полицияси ҳам бор. Мутахассислар замонавий технологиялар ёрдамида тегишли бўлмаган жойдан ёки солиқ тўламасдан қолдирилган ахлатни таҳлил қиладилар, қоидабузарни (бу ҳазил гап эмас) топадилар ва жарима соладилар. Жарималар анча юқори. ОАВ йўлда автомобиль ойнасидан қоғоз қопчиқлардаги уй ахлатини улоқтирган киши тўғрисида ҳикоя қилган. Полиция уни топган. Қоидабузар суд қилинган ва жарима солинган: ахлатни утиллаштириш ва трассани тозалаш учун 6 000 франк, қонунни бузганлик учун 3 000 франк! Швейцария ўлчовлари бўйича бу – жуда қаттиқ жазо.

Ахлатни маркировкалаш мамлакатнинг фақат жануби-шарқида жорий этилган ўтган асрнинг 80-йилларида «ахлат туризми» кенг ёйила бошлаган эди. Дам олиш кунларида кишилар машиналарининг юкдонларини ҳафта давомида йиғилиб қолган чиқиндилар билан тўлдириб, оилалари билан мамлакатнинг бошқа қисмига дам олиш учун борганлар, ахлатни ҳам ўша ерга ташлаганлар. Цюрихнинг ўзигагина кунига 3 000 тоннадан кўп «нолегал» чиқиндили халтачалар ташиб келтирилган. Шу сабабли барча минтақаларнинг ахлат божини жорий этишларига тўғри келган.

Ўша вақтда Швейцариядаги экологик вазият фалокатли эди – дарё ва кўлларнинг барчаси фосфат ва нитратлар билан, ер оғир металлар билан ифлосланган, биологик хилма-хиллик шиддат билан камайиб бораётган, ўсиб бораётган истеъмолчилик эса жуда кўп миқдорда чиқиндилар чиқармоқда эди. Жуда тез орада аҳоли ўз ахлати, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан нафас ололмай қолди. Кичик ҳудудда чиқиндиларни ташлаш ва уларни йўқ қилиш мумкин бўлган катта майдонлар йўқ эди.

Айни ўшанда янги экологик сиёсатни ишлаб чиқиш масаласи кун тартибига қўйилди, уни жуда катта қунт билан жорий эта бошлашди. Бунга йигирма йил кетди, бироқ натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди. Швейцария ҳозирда – дунёнинг энг экологик тоза мамлакатларидан бири. Муваффақиятнинг сабаби нимада? Сабаби давлат – бу фуқаролардир деган ғоянинг устуворлигида. Швейцарияликлар ўзларига ўз мамлакатларини тозалашни топширдилар ва бунда муваффақиятга эришдилар. Қолгани эса ўзича давом этиб кетди.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 3283 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика