Norma.uz

Марказий сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари тўғрисида маълумот берилди.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов 2016 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик принциплари асосида очиқ ва ошкора ўтказилганини таъкидлади.

– Президент сайловининг тарихий ва сиёсий аҳамиятини чуқур тушунган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи яна бир бор ўзининг Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини, гражданлик позициясини намойиш этиб, овоз беришда юксак сиёсий фаоллик билан иштирок этди, – деди Марказий сайлов комиссияси раиси.

Сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчининг 17 миллион 951 минг 667 нафари овоз беришда иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 87,73 фоизини ташкил этади. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ бу Президент сайлови ўтганлигидан далолат беради.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини бешта халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, 46 давлатдан 600 га яқин кузатувчи кузатиб борди.

Сайловда иштирок этган тўртта сиёсий партиянинг 37 мингдан зиёд вакили ҳам овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёнини кузатиб борди. Сайлов комиссиялари томонидан уларнинг фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароит яратиб берилди.

Сайлов жараёнини мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 нафардан зиёд вакили кенг ёритмоқда.

Овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнида сайловга оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилгани ҳақида Марказий сайлов комиссиясига сайловчилар, сиёсий партиялар кузатувчилари, халқаро ва хорижий кузатувчиларидан мурожаатлар келиб тушмаган.

Марказий сайлов комиссияси раиси 4 декабрь куни овоз бериш якунлангач, сайлов участкаларида Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатуви остида ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқиш ишлари бошланиб, бу жараён охирига етгунига қадар танаффуссиз давом эттирилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Сарвар Садуллаевич Отамуратовга 421 минг 55 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 2,35 фоизи, Шавкат Миромонович Мирзиёевга 15 миллион 906 минг 724 фуқаро ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоизи, Хатамжон Абдурахмонович Кетмоновга 669 минг 187 фуқаро ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 3,73 фоизи, Наримон Мажидович Умаровга 619 минг 972 фуқаро ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 3,46 фоизи овоз берган.

Шундай қилиб, 2016 йил 4 декабрь куни ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат ­Мирзиёев ғалаба қозонди.

Брифингда айни пайтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган протокол ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқаётгани маълум қилинди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, ушбу ҳужжатлар, зарур бўлса, айрим участка сайлов комиссиялари материалларини Марказий сайлов комиссияси яна бир марта синчиклаб текширади ва шундан сўнг сайлов натижаси бўйича қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирилмай, яъни 2016 йил 14 декабргача Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади.

 

ЎзА.

Прочитано: 1270 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика