Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 48 / Божхона

Қонунни бузган панд ейди

 

Амалдаги тартибга мувофиқ, республикамиз фуқароларига 2 000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишга рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валютани олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.

Афсуски, амалдаги тартибларга риоя қилмасдан нақд хорижий валютани ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга уринаётган қонунбузарлар ҳам учраб туради.

 

«Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари нақд хорижий валюталарнинг ҳаво йўллари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам давом эттиришмоқда.

Сеулга парвози олдидан хоразмлик В.Ким (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида 2 минг АҚШ долларини олиб чиқаётганлигини қайд қилди, аммо божхона кўриги давомида унинг сумкасидан яна шунча миқдорда нақд хорижий валюталар яширилганлиги божхона ходимлари томонидан аниқланди.

Пойтахтлик А.Чўпонованинг эса Римга парвози бироз кечикди: у йўловчи божхона декларациясида ёнидаги ортиқча 1 750 еврони кўрсатмаган ва божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида ҳам лом-мим демаган. Унинг бу «уятчанлиги» ўзига қимматга тушди…

Истанбулга йўл олар экан, тошкентлик С.Каюмова божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш режасини тузди ва сумкасининг гўёки кўз илғамас бўшлиқларига 1 800 еврони яшириб қўйди. Аммо назорат-рентген аппарати бу ҳийлани бир зумда фош қилди.

Айни шу рейс бўйича сафарга отланган М.Адиловга ҳам «омад» кулиб боқмади: божхоначиларда шубҳа уйғотган ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ички кийимлари орасига 2 470 АҚШ долларини яширганлиги маълум бўлди.

«Тошкент-Москва» рейси бўйича парвозга шайланган В.Цойнинг қинғир режалари чиппакка чиқди. У 3 200 АҚШ долларини божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Истанбулга парвози олдидан самарқандлик Х.Равшанованинг нақд хорижий валюталарни яширинча олиб ўтишни кўзлаган «ширин» хаёллари ҳам саробга айланди: йўловчининг чет элга яширинча олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган 5 минг АҚШ доллари билан хайрлашишига тўғри келади.

Амалдаги тартибларга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқароларга Ўзбекистонга кириб келиш вақтида божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага олиб кирган валютаси миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиб кетишга рухсат этилади.

Чет эл фуқароси томонидан йўловчи божхона декларациясида (олиб кириш пайтида тўлдирилган ва божхона органининг ходими томонидан тасдиқланган) кўрсатилган суммадан ортиқча нақд чет эл валютасини олиб чиқиш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банклар томонидан бериладиган рухсатнома асос бўлиб хизмат қилади.

Аммо мазкур тартибларга риоя қилмай, республикамиздан нақд хорижий валюталарни яширин йўллар билан олиб чиқишга уринаётган чет элликлар ҳам учраб турибди.

Пекинга йўл олган хитойлик У.Чан парвоздан олдин божхона назоратидан ўтиш вақтида ёнидаги нақд хорижий валюталар ҳақида ёлғон кўрсатмалар бера бошлайди. Унинг безовталанишини пайқаган божхоначилар кўрик давомида 1 800 АҚШ долларини яширинча олиб чиқишга уринганини фош этишди.

Украиналик Б.Валентина ҳам сафарга отланар экан, ёнидаги нақд хорижий валюталарни маҳкам қилиб белига боғлади. Шу йўл билан ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осонгина кечади деб ўйлади. Ўзини хотиржам тутишга уриниб, божхоначиларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва йўловчи божхона декларациясини тақдим қилади. Декларацияда 500 евро олиб чиқиб кетаётганлигини қайд қилган аёлнинг оғзаки сўровлар пайтида безовталаниши бир зумда барчасини фош қилди. Холислар иштирокида ушбу аёл шахсий кўрикдан ўтказилганда, 1 900 евро нақд хорижий валютани яширинча олиб чиқмоқчи бўлганлиги аниқланди.

Россия Федерацияси фуқароси А.Викторовга республикамиздан нақд хорижий валюталарни олиб чиқишнинг амалдаги тартибларини бузганлиги қимматга тушди. Москвага парвози олдидан ушбу шахс қўл сумкасига 1 000 АҚШ долларини яширганча олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, божхоначилар ушбу шаҳарга отланган россиялик йўловчилар Н.Эгамова томонидан 2 700 АҚШ доллари, О.Владимиров томонидан эса 300 евро ва 4 525 АҚШ долларини яширинча олиб чиқилишига чек қўйишди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаган 182 та божхона қоидабузарликлари натижасида салкам 194 минг АҚШ доллари, 16,4 минг евро, 2 млн дан ортиқ Россия рубли ва бошқа нақд хорижий валюталар ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларнинг аксарияти дастлабки суриштирувлар давомида амалдаги тартибларни билмасликларини пеш қилишади. Ваҳоланки, мазкур тартиблар ҳақида батафсил эслатмалар йўловчи божхона декларациялари бланкаларида, барча чегара-божхона постларининг йўловчи божхона декларацияларини тўлдириш устунларига ўзбек, рус ва инглиз тилларида илиб қўйилган. Шунингдек, божхона назоратидан ўтиш вақтида божхона ходимлари ҳам амалдаги тартиб ва қоидалар ҳақида йўловчиларга доимий равишда маълумотлар бериб боришади.

Нима ҳам дердик, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди.

 

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

«Тошкент-Аэро» ИБК
Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 1700 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика