Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 48 / Тарафдор ва қаршилар

Ходимнинг моддий жавобгарлиги

 

Меҳнат шартномаси томонларининг моддий жавобгарлиги мавзуси кенг қамровли ва мураккаблиги сабабли илмий диссертация предмети бўла олади. Бироқ унинг амалий жиҳатдан муҳимлигини ҳисобга олиб, ушбу мақолада ходимларни моддий жавобгарликка тортишда юзага келадиган асосий саволларга жавоб берамиз.

 

Ходимнинг моддий жавобгарлиги тушунчаси

Бу иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаш мажбурияти (МКнинг 198-моддаси).

Қуйидагилар тўланиши лозим:

иш берувчининг мол-мулки (шу жумладан учинчи шахслардан ижарага олинган) амалда камайиши ёки ёмон ҳолатга келиши, яъни ўғирланган ёки йўқотилган, шикастланган ёки йўқ қилинган мол-мулкнинг қиймати;

ортиқча тўловлар. Масалан, ижара объектига зиён етказганлик учун ижарага берувчига компенсация ва ҳ.к.

Қуйидагилар моддий жавобгарлик тартибида қопланмайди:

иш берувчининг бой берилган фойдаси, яъни келгусида олиши мумкин бўлган даромадлар;

иш берувчининг ишбилармонлик нуфузига етказилган зиён.

 

Зарар миқдори қандай аниқланади?

Зарарни баҳоламай туриб уни қоплашни талаб қилиб бўлмайди. Бунинг устига, зарар миқдорини белгилаш ва келиб чиқиш сабабларини аниқлаш – иш берувчининг мажбурияти.

Мол-мулк талон-торож қилинган, камомад бўлган, қасддан йўқ қилинган ёки қасддан бузилган тақдирда унинг миқдори ваколатли орган томонидан иш кўрилган куни амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисобланади.

Қолган барча ҳолларда иш берувчининг асосий фондларига (воситаларига) етказилган зарар миқдори баланс қийматидан (таннархидан) эскириш қийматини белгиланган нормалар бўйича чегириб ташлаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

 

Ходим қай даражада жавоб беради?

Ходим чекланган ёки тўлиқ моддий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Ходимнинг моддий жавобгарлиги

 

Чекланган

 

Тўлиқ

 

► Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида белгиланади.

 

Масалан, агар ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи – 800 минг сўм, зарар эса – 950 минг сўм бўлса, ундан фақат 800 минг сўм ундириш мумкин.

 

► Вояга етмаганлар (18 ёшга тўлмаганлар), ўнг устуннинг «в», «г» ва «д» кичик бандларида кўрсатилган ҳоллардан ташқари

Қуйидаги ҳолларда юклатилади:

а) махсус ёзма шартнома асосида ходимга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;

б) бир галлик ҳужжат асосида олинган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;

в) қасддан зарар етказилганда;

г) алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда;

д) суд ҳукми билан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда;

е) тижорат сирлари ошкор этилганда;

ж) қонунларда, шунингдек Ҳукуматнинг қарорларида назарда тутилган ҳолларда (МКнинг 203-моддаси).

 

 

Бундан ташқари, тўлиқ моддий жавобгарлик якка тартибда ходимга ҳам, ходимлар гуруҳига, яъни жамоага ҳам юклатилади.

 

Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома

 

Якка тартибдаги

 

Жамоа

 

Қуйидаги шартлар мавжуд бўлганда битта ходим билан тузилади:

► пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш хизмат вазифасига кирадиган;

► жамоа шартномасига кўра рўйхатга киритилган лавозимни эгаллаган бўлса (агар у тузилмаган бўлса – иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан);

► 18 ёшга тўлган бўлса

Ишониб топширилган қимматликларга келгусида биргаликда хизмат кўрсатадиган шахслар гуруҳи (бригада) билан тузилади

 

 

Шуни қайд этиш лозимки, агар ходим чап устунда кўрсатилган талаблардан лоақал биттасига жавоб бермаса, у билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузилмайди, тузилгани эса ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бироқ қонунда қўлланиладиган таърифлар айрим амалий ҳолатларда бундай шартномаларни тузиш мумкин бўлган шахсларни белгилашда баҳс-мунозаралар туғдиради.

Айрим ҳолларда 15 дан ортиқ ходим ишлайдиган тижорат банкининг касса операциялари бўлими жамоа жавобгарлигига мисол бўла олади. Уларнинг ҳар бири билан шартнома тузиш мақсадга мувофиқ эмас, бўлимдаги барча ходимларнинг жамоа жавобгарлигини белгилаш осонроқ.

 

Зарар қай тартибда ундирилади?

Айбини тан олган ходим зарарни ихтиёрий равишда тўлаш ҳуқуқига эга, бироқ баъзи ҳолларда уни мажбуран ундиришга тўғри келади.

 

Зарарни қоплаш усуллари

 

Ихтиёрий

 

Мажбурий

 

Ходим:

► иш берувчининг банкдаги ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиши;

► унга тенг қимматли мол-мулк бериши ёки зиён етказилганини тузатиши;

► зарар суммасини иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида ариза бериши мумкин

Иш берувчи:

► агар зарар миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса;

зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтмаган бўлса, иш ҳақидан ушлаш ҳақида буйруқ чиқариши;

► агар зарар миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошса;

зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, судга мурожаат қилиши мумкин

 

Қанча миқдорда ушланади?

Ушланмалар миқдори чекланиши ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларидан бири саналади – унга тўланиши лозим бўлган иш ҳақининг ­50%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим зарарни ихтиёрий равишда тўлаганда ҳам, суд қарорига кўра ушлаб қолинганда ҳам ушбу қоида қўлланади.

 

МИСОЛ. Зарар миқдори 1 млн сўмни ташкил этади. Ушбу суммани тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома имзоланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида буйруқ чиқарилди. У «қўлига» 800 минг сўм олади. Буйруқ чиқарилгандан кейинги биринчи ва иккинчи ойда ундан 400 минг сўмдан, 200 минг сўмлик қарз қолдиғи эса учинчи ойда ушлаб қолинади.

 

Якун чиқарамиз. Барча ходимлар истисноларсиз иш берувчига етказилган зарарни қоплашлари шарт. Жавобгарлик чегарасида фарқ бўлиши мумкин: айримлар учун у ўртача ойлик иш ҳақи билан чекланади, бошқалар эса уни тўлиқ қоплашлари шарт. Тўлиқ моддий жавобгарлик шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланган. Етказилган зарар ихтиёрий ёки мажбурий тартибда (иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақидаги буйруқ ёки суд қарорига кўра) тўланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бирйўла ушланманинг энг юқори миқдори ходим иш ҳақининг 50%идан ошмаслиги лозим.

 

Олег ЗАМАНОВ,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Ходимларнинг муайян тоифасини тўлиқ моддий жавобгарлик юкланадиганлар сирасига киритиш борасида амалиётда қизғин баҳс-мунозаралар юзага келади. Тоифалардан бирини батафсил кўриб чиқиб, бир-биридан фарқланувчи фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Шундай қилиб:

 

Бош бухгалтер билан моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкинми?

 

ТАРАФДОР

Ҳа, мумкин. Меҳнат кодексининг ­203-моддасида қайд этилишича, пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилувчи ходим билангина якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома (бундан кейин – Шартнома) тузилиши мумкин. Бу ҳолда «муомала қилувчи» сўзларини турлича талқин қилиш мумкин. Тор маънода бу – нақд пул ёки ТМБ билан, масалан, кассирлар ёки ташкилот омбор мудири амалга оширадиган кўринишда «бевосита алоқа қилиш». Агар кенгроқ фикр юритилса, бош бухгалтер одатда пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва бериш учун асос бўладиган ҳужжатларни ҳам имзолаш ҳуқуқи берилган шахсдир. Бундан ташқари, у солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш, ходимларга иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш билан шуғулланади, у тўлдирадиган тўлов ҳужжатлари асосида пул ўтказилади.

Бош бухгалтер солиқни ҳисоблашда йўл қўйган, назорат органлари буни яшириш деб баҳолайдиган хато, шунингдек ходимнинг масъулиятсизлиги боис ўз вақтида тўланмаган солиқ ёхуд нотўғри тўлдирилган ҳисобварақ-фактура ҳар бир ҳолатда муай­ян ходим – бош бухгалтернинг айбли хатти-ҳаракатлари туфайли иш берувчи учун зарар келтириб, молиявий жазо (жарималар, пеня) кўринишида салбий оқибатларга олиб келади.

Асосланмаган тўловлар: ходимларга ортиқча тўловлар ёки контрагентларга ортиқча тўланган пул ҳам, уларни қайта ундириш имкони бўлмаганда (масалан, даъво муддати ўтганлиги, маблағ олган корхона тугатилганлиги ёки иш ҳақини ҳисоблашда қонун нотўғри қўлланганлиги ва ҳ.к.), шулар сирасига киради. Айниқса бугунги кунда бош бухгалтер ташкилот раҳбарини хабардор қилмай туриб ҳам тўловларни техник йўл билан, шу жумладан «Банк-мижоз» электрон тўловлар тизимида ЭРИдан фойдаланиб тўлаш имконига эга, бу иш берувчининг пулидан тўғридан-тўғри ва тўсиқсиз фойдалана олишини англатади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, муаллифнинг фикрича, бош бухгалтер билан Шартнома тузиш мумкин, чунки унинг хизмат вазифалари кўпинча иш берувчининг пул маблағларини тўғридан-тўғри тасарруф этиш билан боғлиқ (табиийки, меҳнат шартномаси, лавозим йўриқномаси ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида унинг мажбуриятлари қайд этилган бўлиши, бош бухгалтер лавозимининг ўзи эса тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкин бўлган ходимлар тоифалари рўйхатига киритилиши лозим). Натижада иш берувчида ўзига тегишли мол-мулк ҳақиқатда камайиши хатари билан бир қаторда қўшимча тўлов (жарима ёки пеня) тўлаш зарурати ҳам юзага келади.

Тўғри, қонунчиликда Шартнома тузиш мумкин бўлган ходимларнинг ишлари ёки тоифалари аниқ рўйхати қайд этилса, амалиётда бу масалани ҳал этишда низоларнинг олди олинган бўлар эди.

 

Олег ЗАМАНОВ,

«Norma Online» эксперти.

 


*Айни пайтда фақат Мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона, муассаса, ташкилот сақлаш, ишлов бериш, сотиш (топшириш), ташиш ёки ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш учун берилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганликлари учун тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартномалар тузиш мумкин бўлган, бошқанинг ўрнига ишловчи ёки бошқанинг вазифасини бажарувчи ходимлар лавозимлари ва ишлар тахминий рўйхати (Меҳнат вазирлиги ҳайъатининг 2.04.1996 йилдаги 2/4-сон қарорига 2-илова) мавжуд. У тавсия тусига эга бўлиб, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаганлиги сабабли юридик кучга эга эмас.

 

 

ҚАРШИ

– Йўқ, мумкин эмас. Ходим билан Шартнома тузиш заруриятини белгилашда 2 омил ҳисобга олинади:

1) ходимнинг пул ёки товар қимматликлари билан бевосита муомала қилиши;

2) ходимнинг лавозими, касби у билан Шартнома тузилиши мумкин бўлган шахслар рўйхатида мавжудлиги. Бундай рўйхат жамоа шартномаси билан, у тузилмаган бўлса – иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Бундан ташқари, лавозим, касбнинг Тахминий рўйхатда* мавжудлиги ҳисобга олинади.

Бош бухгалтер билан Шартномага келсак:

1) Тахминий рўйхатда бош бухгалтер лавозими мавжуд эмас;

2) Шартнома тузиш учун қонуннинг асосий талаби – ходимнинг пул ёки товар қимматликлари билан бевосита муомала қилиши талаби бажарилмаяпти.

Муаллифнинг фикрича, бош бухгалтер билвосита, бухгалтерия ҳужжатлари айланмаси орқали пул ва моддий қимматликлар ҳаракати билан боғланган (айтайлик, кассирдан фарқли равишда, амалиётда бухгалтер-кассир билан Шартнома тузилиши бежиз эмас, сабаби у бевосита пул билан муомала қилади).

Шуни қайд этиш зарурки, пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилмайдиган ходим билан тузилган Шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (МКнинг ­203-моддаси 1-қисми).

Шу тариқа, агар бош бухгалтер билан Шартнома тузиб бўлмаса, зарарни тўлиқ миқдорда ундириш учун бошқа асослар (МКнинг 202-моддасига кўра қасддан зарар етказилганда ва ҳ.к.) мавжуд бўлмаса, МКнинг 202-моддаси 1-қисми 7-банди билан йўл қўйиладиган ундириш усули таклиф этилади:

1) МЖТКнинг 175-1-«Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш» моддасига мувофиқ суд томонидан бош бухгалтернинг маъмурий жавобгарликка тортилишини таъминлаш;

2) ишни кўриш давомида зарарни тўлиқ миқдорда қоплаш талабини қўйиш. Суд зарар миқдори ва тегишли Шартнома мавжудлигидан қатъи назар, уни айбдор шахсдан ундиришга ҳақли (МЖТКнинг 38-моддаси).

Фуқаролик ишлари бўйича судга бундай даъво берилса (МЖТКнинг 175-1-моддаси бўйича ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини тан олмасдан), уни қондиришни рад этиш жавоби олиниши эҳтимоли катта.

 

Эркин ҲОСИЛОВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 8197 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-11-06 18:31:34, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика