МЧЖнинг ягона муассиси ёш оила аъзоси сифатида якка тартибда уй-жойни сотиб олиш учун банкдан ипотека кредити олди. Унинг қарорига кўра ҳисобланган дивидендлар суммаси ипотека кредити ва унга доир фоизларни сўндиришга йўналтирилади.
Ёш оила аъзолари якка тартибда уй-жойни сотиб олиш учун олган ипотека кредитини сўндиришга йўналтирилган жисмоний шахснинг дивидендларига солиқ солинадими?
Ф.Иноғомова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Йўқ, ёш оила аъзолари якка тартибда уй-жойни сотиб олиш учун олган ипотека кредитини сўндиришга йўналтирилган дивидендларга ЖШДС солинмайди.
Ёш оила аъзолари томонидан якка тартибда уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ёки кўп квартирали уйдаги квартирани реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларига солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси).
ЖШДС бўйича солиқ солинадиган база жами даромаддан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 179 ва 180-моддаларига мувофиқ солиқ солишдан озод қилинган даромадлар чегирилган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 170-моддаси).
Жисмоний шахсларнинг жами даромадига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар, мулкий даромадлар, моддий наф тарзидаги даромадлар, бошқа даромадлар киради (Солиқ кодексининг 171-моддаси). Дивидендлар жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига киради (Солиқ кодексининг 176-моддаси). Шу сабабли улар ёш оила аъзолари олган ипотека кредити ва унга доир фоизларни сўндиришга йўналтирилса, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Бунда муассиснинг ўзи ёш оила аъзоси бўлган тақдирдагина юқоридаги имтиёздан фойдалана олади. Яъни у ва турмуш ўртоғи 30 ёшга тўлмаган ва иккалови учун бу биринчи никоҳ бўлиши керак.
Ипотека кредити бўйича сотиб олинган мол-мулк олинган (мол-мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган) санадан эътиборан 5 йил ичида сотилса, кўрсатилган даромадларга умумбелгиланган тартибда солиқ солинади.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.