Norma.uz

Аввал синов, сўнг тўлов

 

Ишнинг моҳияти

1-МЧЖ (буюртмачи) ва 2-МЧЖ (пудратчи) 2016 йил апрелда 40 млн сўмлик лифт ускунасини монтаж қилиш ва ишга тушириш-созлаш учун пудрат шартномасини туздилар. Шартнома шартларига биноан буюртмачи у имзоланган кундан бошлаб 10 банк куни давомида 50 фоиз олдиндан тўловни тўлади. Қолган 20 млн сўмни бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура имзолангандан кейин 10 банк кунидан кечиктирмай тўлаши керак эди. Пудратчи олдиндан тўлов тўлангандан кейин 20 кунлик муддатда ишни бажариш мажбуриятини олди, бироқ ишни топширишдан олдин лифтларни синовдан ўтказиши, улар синалганлиги ҳақидаги далолатномани расмийлаштириши ва уни буюртмачига бериши шарт эди.

20 кундан сўнг пудратчи буюртмачига синов далолатномаси, бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурани юборди. Бироқ буюртмачи дастлабки синовда лифтлар ишида аниқланган нуқсонларни ва уларни бартараф этиш заруратини важ қилиб, пудратчи юборган ҳужжатларни имзолашдан бош тортди. Нуқсонлар бартараф этилгач, буюртмачи такрор синов ўтказишни талаб қилди. Бироқ энди пудратчи буни ортиқча деб билиб, рад жавоби берди ва 2016 йил май ойида бажарилган иш учун тўлов – 20 млн сўм, шунингдек давлат божи (200 минг сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат этди.

 

Пудратчининг позицияси

– Биз белгиланган муддатда мажбуриятларимизни тўлиқ бажардик. Бироқ буюртмачи лифтларнинг иши текширилганда салбий натижа кўрсатганини важ қилиб, бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурани имзолашдан ҳамда шартнома бўйича қолган суммани тўлашдан бош тортди. Биз дастлабки синовда аниқланган нуқсонларни бартараф этдик, такрор синов ўтказишга зарурат йўқ. Шартномада назарда тутилган тўлов муддати ўтиб кетди, шу сабабли даъвомизни қондиришингизни сўраймиз.

 

Буюртмачининг позицияси

– Шартнома шартларига кўра, ишни қабул қилишдан олдин дастлабки синов ўтказиш зарур. Бундай синов ўтказилди, бироқ уларнинг натижаси салбий бўлиб чиқди, пудратчи такрор синов ўтказишдан бош тортди. Шу сабабли бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурани имзолашдан, тегишинча, шартнома бўйича қолган суммани тўлашдан бош тортаяпмиз. Даъвони қондиришни рад этишингизни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, пудратчи тўланмаган қарз, шунингдек давлат божи ва почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган юқоридаги далиллар тасдиғини топмади.

Фуқаролик кодексининг 236 ва 680-моддаларига асосланган ҳолда суд даъво талабларини қондиришни тўлиқ рад этди. Апелляция инстанцияси суди ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирди, кассация инстанциясида эса ушбу иш кўрилмади.

 

Юрист шарҳи

ФКнинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

ФКнинг 680-моддаси 6-қисмига мувофиқ, қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ёки шартнома юзасидан бажариладиган ишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолларда иш натижасини қабул қилиб олишдан олдин дастлабки синов ўтказилиши керак. Бундай ҳолларда ишлар фақат дастлабки синов ижобий натижа бергандагина қабул қилиб олиниши мумкин. Аввал дастлабки синовлар салбий натижа берганлиги сабабли уларни такрор ўтказиш зарур.

Бундан ташқари, бажарилган ишда ундан қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилган мақсадда фойдаланиш имкониятини бермайдиган камчиликлар борлиги аниқланган ва уларни пудратчи, буюртмачи ёки учинчи шахс бартараф этиши мумкин бўлмаган тақдирда, буюртмачи ишлар натижасини қабул қилиб олишдан бош тортишга ҳақли (ФКнинг 680-моддаси 7-қисми). Шу сабабли ижобий синов натижалари бўлмаганда буюртмачи пудратчи тақдим этган бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурани имзолашдан бош тортишга ҳақли бўлган.

Пудратчи эса шартномага биноан унга тегишли тўловни олмоқчи бўлса, ишни сифатли бажариши ва уни буюртмачига топшириши шарт эди.

Шу сабабли суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришни ҳақли равишда рад этган.

Ушбу муаммони ҳал этиш учун пудратчи лифт ускунасининг ишини такрор синовдан ўтказиши кифоя эди. Шунда қарзни қайтариб, қўшимча суд харажатларидан қутула олар эди.

 

Павел Сильнов, 

адвокат.

 

Прочитано: 1305 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика