Мен транспорт воситасини лизингга олганман. Айни пайтга келиб тўловга доир барча мажбуриятларни бажарганман, бироқ лизинг компанияси банк олдида кредит бўйича мажбуриятини бажармагани ва лизинг объекти банк учун гаров таъминоти ҳисобланганлиги сабабли ушбу транспорт воситасини менинг номимга қайта расмийлаштириб бермаяпти. Бу вазиятда нима қилишим керак?
М.Бобоев.
– Кўпинча лизинг берувчи харидни молиялаш мақсадида жалб этиладиган, банклар тақдим этадиган пул маблағларидан фойдаланади, гаров шартномалари эса уларнинг қайтарилишини таъминлайди. Лизинг берувчи банкрот бўлганда ёки кредит мажбуриятларини бажармаганда ўзаро муносабатларнинг бундай мураккаб тузилмаси банклар (гаровга пул берганлар) ва лизинг олувчилар манфаатлари тўқнашувини юзага келтириб, ҳуқуқни қўлловчини оқилона мувозанат излашга мажбур қилади.
Лизинг берувчи лизинг олувчининг олдиндан розилигини олмай туриб, лизинг объектидан гаров сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас («Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси; ОХС Пленумининг 27.11.2015 йилдаги 289-сон қарори 12-банди). Яъни лизинг олувчининг олдиндан розилигини олмай тузилган, нотариал расмийлаштирилган лизинг объектининг гаров шартномаси ҳам ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Шу муносабат билан судлар қарздорликни ундириш ва ундирувни лизинг объекти бўлган гаров нарсасига қаратиш тўғрисидаги талабларни кўришда лизинг олувчини ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилишлари, шунингдек лизинг объектини гаровга қўйиш учун лизинг олувчининг розилиги олинганлиги ҳолатини аниқлашлари лозим.
Агар банк ёки бошқа кредит ташкилоти гаровга пул берувчи сифатида гаров шартномасини тузаётганда гаров нарсаси бир вақтнинг ўзида лизинг шартномаси предмети эканлигини билган ёки билиши керак бўлган бўлса, судлар лизинг олувчи билан гаровга пул берувчи ўртасидаги низоларни ҳал этаётганда лизинг предметини гаровга бериш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда «Лизинг тўғрисида»ги Қонун қоидаларини қўллашлари керак. Лизинг битимини молиялаштириш учун мақсадли қарз маблағларини қайтариш бўйича молиявий воситачи сифатида лизинг берувчининг мажбурияти кўпинча гаров билан таъминланиши боис одатда гаровга пул берувчининг бундан хабардорлиги шубҳа туғдирмайди.
Амалиётда асосан хусусий лизинг компаниялари лизинг объектини банклар ёки бошқа кредит ташкилотларига гаров сифатида берадилар.
Лизинг предметини гаров сифатида бериш имконияти камроқ харажат билан ва янада мослашувчан шартлар билан керакли мулкни сотиб олиш имконини беради. Гаровни жалб этишга эҳтиёж йўқолиши туфайли ҳатто янги ташкил этилган корхоналар ёки кредит бўйича таъминот сифатида тақдим этса бўладиган мулкка эга бўлмаган корхоналар ҳам ускунани лизингга харид қила оладилар.
Бироқ лизинг бўйича гаровни таъминлаш механизми ўз хусусиятларига эга.
Мавжуд амалиёт
Қонунга кўра, лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи лизинг олувчи томонидан сотиб олингунга қадар лизинг берувчига тегишлидир («Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси 1-қисми). Бироқ гаровга пул берувчи мақомига эга бўлган учинчи шахслар бўлса ва уларда ушбу ҳуқуқ лизинг олувчи билан лизинг шартномаси тузилгунга қадар юзага келган бўлса, лизинг берувчи учинчи шахсларнинг лизинг мулкига доир ҳуқуқи тўғрисида лизинг олувчига маълум қилиши шарт.
Қуйидаги ҳолларда низоли вазиятлар юзага келади:
● муайян сабабларга кўра лизинг олувчи сотиб олмоқчи бўлган лизинг предмети учинчи шахсда гаровда эканлигидан бехабар бўлса;
● лизинг битимини тузиш пайтида лизинг предмети учинчи шахсларда гаровда бўлмаган, бироқ шартномани тузиш олдидан лизинг берувчи уни лизинг битимига алоқаси бўлмаган мажбуриятлар бўйича таъминот сифатида гаровга қўйган бўлса.
Иккала ҳолатда ҳам лизинг берувчи билан лизинг олувчининг манфаатлари мувозанати бузилади. Зеро шартнома тузаётганда лизинг олувчи гаровга қўйилмаган мулкни олишни режалаштирган бўлади. Биринчи ҳолатда лизинг берувчи лизинг предметини сотиб олиш учун қарз маблағларини жалб этиш мақсадида уни гаровга қўйган ва бундай гаров лизинг тўловлари тўланиб боришига қараб мажбуриятдан халос бўлса, иккинчи ҳолатда умуман лизинг олувчининг манфаати кўзланмайди.
Тарафлар манфаатлари мувозанатининг бундай бузилиши лизинг мулкига эгалик ҳуқуқи ўтишини тўғри расмийлаштиришни талаб этади. Гап шундаки, сотиб олинадиган лизинг бўйича барча лизинг тўловлари ва харид қиймати тўланганидан кейин лизинг предмети лизинг олувчининг мулкига айланади.
Шу тариқа, гаровга пул берувчи асосий таваккалчиликни зиммасига олади. Шу сабабли у гаровга қабул қилаётган мулкнинг мақомини аниқлаётганда жуда зийрак бўлиши лозим. Агар тарафларнинг барчаси лизинг предмети уни сотиб олиш учун олинган пулга гаров сифатида расмийлаштирилаётганидан хабардор бўлса, одатда муаммо юзага келмайди.
Шундай қилиб, лизинг предмети лизинг берувчининг мулкида қолиши ва у бундай мулкни хоҳишига кўра гаровга қўйиши мумкинлигига қарамай, ҳар қандай ҳолда ҳам бу лизинг олувчининг манфаатларига дахл қилади. Асосийси – лизинг шартномасини расмийлаштиришга ва лизинг мулкига эгалик ҳуқуқи ўтиши шартларига эътибор билан муносабатда бўлиш лозим.
Мираббос Аслонов,
«Victory Yurconsalt» МЧЖ
юрисконсульти.