Norma.uz

Филиал учун жавобгарлик

 

Ишнинг моҳияти

АЖ филиали (харидор) МЧЖ (етказиб берувчи) билан 300 млн сўмга етказиб бериш шартномасини тузди. МЧЖ белгиланган муддатда унга бутун маҳсулотни етказиб берди. Бироқ филиал унинг ҳақини тўлиқ тўламади, унда 210 млн сўм қарз қолди.

МЧЖ АЖ филиалидан 210 млн сўм асосий қарз, 1 050 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш ҳақида хўжалик судига даъво тақдим этди. Мажлис давомида суд жавобгарни алмаштирди ва АЖни ишда иштирок этиш учун жалб этди.

 

МЧЖнинг позицияси

– Биз шартномавий мажбуриятларимизни бажардик ва 300 млн сўмлик товарни етказиб бердик, АЖ филиали эса олдиндан тўлов сифатида атиги 90 млн сўм ўтказди. Талабларимизни тасдиқловчи юкхат-ҳисобварақ-фактура ва ўзаро ҳисоб-китоблар далолатномасини судга тақдим этдик, у мажлис давомида бизнинг розилигимиз билан жавобгарни алмаштирди. Биз АЖдан қарзни ва суд харажатларини ундириб беришни сўраймиз.

 

АЖнинг позицияси

– АЖ филиали бош ташкилотни хабардор қилмасдан МЧЖ билан етказиб бериш шартномасини тузган. Биз бундан бехабар эдик, шу сабабли шартномага кўра олинган товар ҳақини бош ташкилот эмас, филиал тўлаши керак деб ҳисоблаймиз. Қарзни филиалдан ундиришингизни ва АЖни жавобгарликдан озод қилишингизни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил этиб, МЧЖ АЖ филиалидан асосий қарз суммаси (210 млн сўм) ва суд харажатларини ундириш даъвоси билан судга мурожаат қилишига сабабчи бўлган юқоридаги далиллар тасдиғини топди.

Хўжалик суди ФКнинг 14, 236 ва 333-моддаларига асосланиб, ёзма далиллар билан тасдиқланадиган асосий қарз ва суд харажатларини тўлаш қисмидаги даъво талабларини асосли деб ҳисоблаб, даъвони тўлиқ ҳажмда қондирди.

 

Юрист шарҳи

Акциядорлик жамияти ўз филиалининг мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси 6-қисмида белгиланган.

ХПКнинг 23-моддасида хўжалик судига тааллуқли низолар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиларининг субъектли таркиби белгиланган. Унга юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар, шунингдек хўжалик ширкатлари ва жамиятлари иштирокчиси бўлган жисмоний шахслар киритилган. Шу билан бирга акциядорлик жамияти филиаллари юридик шахс ҳисобланмайди (ФКнинг 47-моддаси 3-қисми) ва шу сабабли хўжалик суди жараёнида мустақил иштирокчи бўла олмайди. Шу муносабат билан агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг филиалига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади (ОХС Пленумининг 15.07.2007 йилдаги ­162-сон қарори 9-банди). Чунончи, хўжалик суди даъво юзасидан жавоб бериши керак бўлган шахсга нисбатан тақдим этилмаганлигини аниқлаб, ҳал қилув қарорини қабул қилгунга қадар даъвогарнинг розилиги билан дастлабки жавобгарни тегишлисига алмаштириши, яъни жавобгар сифатида ишда иштирок этиш учун акциядорлик жамиятини жалб этиши мумкин. Агар даъвогар жавобгарни бошқа шахсга алмаштиришга рози бўлмаса, суд яна даъвогар билан келишган ҳолда ушбу шахсни иккинчи жавобгар сифатида жалб этиши мумкин.

ФКнинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФКнинг ­437-моддасига асосан, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. Сотиб олувчи товарнинг ҳақини тарафларнинг келишуви билан белгиланадиган баҳода тўлашга мажбур. Шу сабабли асосий қарзни тўлашга доир даъво талаблари тўлиқ асосланган. Даъво қондирилганлиги муносабати билан эса ҳукм қилинган сумма тегишли жавобгар сифатида жалб этилган юридик шахсдан ундирилиши керак.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда суд даъво талабларини тўлиқ қондириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Келтирилган вазиятда сотиб олувчи низони судгача ҳал этиш чораларини кўрмаган. Бу бош ташкилот – АЖ суд харажатлари тарзида қўшимча харажат қилишига олиб келган. Қонун ҳужжатларида ва, хусусан, ФКда бундай вазиятларда қандай йўл тутиш мумкинлиги етарлича батафсил кўрсатиб ўтилган.

Аслида қарз масаласини ҳал этиш мумкин эди. Мисол учун, етказиб бериш шартномасига ўзгартиришлар киритиш ва якуний ҳисоб-китоб қилиш муддатини кечиктириш мумкин эди. Бундан ташқари, АЖ филиали ва АЖнинг ўзи ФКда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш усулларини ўзгартириш ҳақида (воз кечиш, кафиллик, гаров ва б.) МЧЖ билан келишиб олиши мумкин эди. Улар қарз олиш ёхуд сотувчининг розилиги билан қарзни АЖга ёки учинчи шахсларга ўтказиш имкониятидан ва низони ҳал этишнинг бошқа усулларидан ҳам фойдаланмаганлар.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1726 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика