Norma.uz

Қонунга мувофиқми ёки йўриқномага биноан?

 

Ушбу сонда доимий ўқувчиларимизда... пенсия низосида ютиб чиқиш мумкинлигини узил-кесил билиб олиш имконияти бор. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг мутахассиси ўтган сондаги материаллардан бирида баён этилган вазият юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этди.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Мавзуга қайтиб

 

Қонунга мувофиқми ёки йўриқномага биноан?

 

«Қандай қилиб пенсия низосида ютиб чиқиш мумкин» материалида («Норма маслаҳатчи»нинг 11.10.2016 йилдаги 41-сони) муаллиф – адвокат Зумрад Ниёзметова пенсия қонунчилигига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги айрим зиддиятлардан қандай фойдаланиш мумкинлиги хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашган. Ўз навбатида эксперт – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассиси Дилшод Султонов материалда кўрсатилган вазиятлар юзасидан тушунтиришлар берди.

 

ВАЗИЯТ. Ёшга доир имтиёзли (умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин) пенсияга чиқаётган аёл Пенсия жамғармаси органлари унинг махсус иш стажига ягона фарзандини 3 йил парвариш қилиш даврини қўшишни рад этишлари ҳолатига тўқнаш келди. Бунда ПЖ ходимлари Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – 252-сон Низом) 35-бандига ҳавола қилдилар, аёл эса худди шу Низомнинг 37-банди қўлланиши керак дея туриб олди. Бу вазиятда ким ҳақли?

 

Адвокат болани парваришлаш даврини махсус иш стажига киритиш вазиятини таҳлил қилаётганда «иш стажи» ва «махсус иш стажи» тушунчаларини тўлиқ ажратмаган.

Умумий ва имтиёзли асосда пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш мақсадида иш стажидан фойдаланилади. Бунда махсус иш стажи фақат имтиёзли асосда пенсия олиш ҳуқуқини белгилайди.

Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 3-сон Рўйхатнинг I қисми) ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси «б» банди, бундан кейин – Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун).

Яъни эркаклар иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда; аёллар камида 20 йил ишлаган бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда.

Юқоридагилардан кўринганидек, имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ҳам умумий (эркаклар – 25 йил, аёллар – 20 йил), ҳам махсус (эркаклар – 12 йилу 6 ой, аёллар – 10 йил) иш стажига эга бўлиш зарур.

Ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари Қонунда белгиланган муддатдан 5 йил олдин, бироқ махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда (Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуннинг 12-моддаси «к» банди, 3-сон Рўйхатнинг VII қисми).

Шуни қайд этиш зарурки, иш стажи Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуннинг 37-моддаси биринчи қисми «а»–«и» бандларини қўшиш ҳисобига аниқланади. Бунда «д»–«и» бандлар ушбу модданинг «а»–«г» бандларида кўрсатилган камида 7 йил умумий иш стажи бўлганда иш стажига қўшилади. 

 

МИСОЛ. Аёл ярим ставкада, яъни ярим кун, айтайлик, тушлик танаффусдан кейин соат 14.00 дан 18.00 гача ишлайди. Бошқа аёл худди шу ишда соат 9.00 дан 18.00 гача тўлиқ ставкада ишлайди. Умумий стажни ҳисоблаб чиқаришда иккала аёл ишлаган давр бир хил, яъни ишдаги юкланмадан қатъи назар тўлиқ ой ва тўлиқ йил деб қабул қилинади.

Бироқ махсус иш стажини ҳисоблаб чиқаришда у ҳар бир ҳолатда ўзгача белгиланади.

 

Имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига рўйхатларда, 1-сон Рўйхатнинг «Учувчи ва синовчи учувчи таркибнинг ишчилари» III қисми ва «Спортчилар» VII қисми (ВМнинг 250-сон қарори билан тасдиқланган), шунингдек 3-сон Рўйхатнинг «Ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим бериш муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбиявий колониялар ўқитувчилари» VII қисми ва «Ихтисослашган тиббий муассасаларнинг шифокорлари ва ўрта тиббий ходимлари» VIII қисмлари бундан мустасно, кўзда тутилган ишларни бажаришда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ишчилар эга (АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 6-банди).

Тўлиқ иш куни давомида бандлик деганда рўйхатларда кўзда тутилган ишларни тегишли ишлаб чиқариш тармоқларида, иш вақти аттестациясига мос келувчи шартларда, қонунчилик билан белгиланган иш вақтининг камида 80%и билан банд бўлиш тушунилади (Йўриқноманинг 7-банди).

Ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг врачлари ва ўрта тиббиёт ходимлари, ишлаш даврида амал қилган қонунчиликка асосан мазкур тоифадаги ходимларга белгиланган иш вақтининг давомийлиги меъёрлари (ўқитувчилар учун – педагогик юкланма) талабларига риоя этилган тақдирда, имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқидан фойдаланадилар (Йўриқноманинг 24, 25-бандлари).

Юқоридаги ходимлар учун куннинг давомийлиги меъёр­лари Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори (4-илова) билан тасдиқланган.

Тегишинча, ярим ставкада ишлаган аёл махсус иш стажига ҳақли бўлмайди, тўлиқ иш куни ишлаган аёл эса унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритади.

Юқоридагилардан кўринганидек, болаларни парваришлаш билан банд бўлган аёл тўлиқ иш куни ишлаган ва махсус иш стажига эга бўлган аёл билан бир хил шароитга эга бўлишга даъво қила олмайди.

Бундан ташқари, адвокатнинг шарҳида «мутахассислиги бўйича ишлаш» атамаси ҳам қўлланган. Бироқ мутахассислик бўйича ишлаш билан махсус иш стажи – турли хил тушунча. Мисоллар ёрдамида кўриб чиқамиз.

 

1-МИСОЛ. Ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасининг А врачи мутахассислиги бўйича кунига 3,5 соат ишлайди. Худди шу ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасидаги В врачи ҳам мутахассислиги бўйича кунига 5,5 соат ишлайди. Бироқ махсус иш стажини ҳисоблаб чиқаришда А врачида мутахассислиги бўйича ишлаганига қарамай махсус стаж бўлмайди, В врачида эса у вақт (кунлар, ойлар, йиллар) давомийлигига қараб ҳисоблаб чиқарилади.

 

2-МИСОЛ. Кончи (мутахассислиги бўйича юрист ёки математик ёхуд иқтисодчи) фойдали қазилмаларни қазиб олувчи кон-металлургия комбинатида тўлиқ иш куни ишлайди. Шуни қайд этиш лозимки, мазкур ишчи мутахассислиги бўйича ишламайди, бироқ унга имтиёзли пенсия таъминоти, махсус иш стажи ҳисоблаш ҳуқуқини берувчи иш билан машғул.

 

У ҳолда мутахассислик бўйича ишлашдан нима учун фойдаланилади? Амалиётда мутахассислик бўйича ишлашдан меҳнат муносабатларида фойдаланилади. Мутахассислик бўйича муайян иш стажига эга бўлган ходим лавозими оширилишига ёки моддий таъминотга (кўп йил ишлаганлик учун мукофот, иш ҳақига устама ва ҳ.к.) даъво қилиши мумкин.

Агар қонунга қатъий амал қилсак, махсус иш стажи – халқ хўжалигининг муайян тармоқларида, касблар ва лавозимларда қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолиятининг давомийлиги (252-сон Низомнинг 2-банди 12-хатбошиси). Бунда бола парваришлаш имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берувчи меҳнат фаолияти ҳисобланмайди.

252-сон Низомнинг 35-банди «ж» кичик банди 3-хатбошиси, шунингдек Йўриқноманинг 27-бандига мувофиқ, болани парваришлаш таътилида бўлиш (шу жумладан, пули тўланадиган таътилда бўлиш) даври ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди.

 

ВАЗИЯТ. 1996 йил декабридан 2014 йил октябригача ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилганман. 2000 йил июль–октябрь ойларида террорчиликка қарши ҳаракатларга жалб этилганман. «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонунга ҳамда 252-сон Низомнинг 39-бандига кўра бу кунлар пенсияни ҳисоблаб чиқаришда имтиёзли (1 куни 3 кунга) ҳисобланади. ПЖ ходимлари буни ҳисобга олмадилар. Бу вазиятда ким ҳақли?

 

Ҳарбий хизматчиларга, ички ишлар органларининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахсларга Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунда назарда тутилган асосларда пенсия олиш ҳуқуқи берилади (5-модда).

Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунда стажга имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланадиган даврларнинг батафсил рўйхати белгиланган (38-модда). Ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш давригагина уч ҳисса баробарида қўшиб ҳисобланади. Ушбу рўйхатга киритилмаган даврларга бир ҳисса баробарида қўшиб ҳисобланади.

Адвокат шарҳида кўп йил ишлаганлик учун стажни ҳисоблаб чиқариш тартиби кўрсатилган. Бунда Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга кўра кўп йил ишлаганлик учун стажни ҳисоблаб чиқариш тартиби фақат учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимларга нисбатан қўлланишини қайд этиш зарур (Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуннинг 10-моддаси «в» банди). 

Шуни қайд этиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида хизматни ўташ тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг (ВМнинг 8.01.1993 йилдаги 16-сон қарори билан тасдиқланган) 55-банди амал қилиши бошқа Қонун билан тартибга солинадиган ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тартибига нисбатан татбиқ этилади.

Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия миқдори ва иш стажини (кўп йиллик хизматини) ҳисоблаб чиқариш ҳарбий бўлмаган шахсларнинг пенсия таъминотидан тубдан фарқ қилади.

 

МИСОЛ. Ҳарбий хизматчи камида 20 йил хизмат қилган бўлса, ёшидан қатъи назар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда камида 20 йил хизмат қилган ҳарбий хизматчи Пенсия жамғармаси бўлимига ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилганда уни тайинлашни рад этадилар. Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга (10-модда) мувофиқ, ёшидан қатъи назар ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатига ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органларининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар тоифалари киритилмаган. Тегишинча, 60 ёшга (эркаклар) ёки 55 ёшга (аёллар) тўлганда унга ёшга доир пенсия тайинланиши мумкин.

 

Маълумот учун!

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ижроия аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ­РАҲБАРЛАРИ ҳар куни соат 8.00 дан 11.00 гача пенсия қонунчилиги масалалари бўйича фуқароларни ҚАБУЛ ҚИЛАДИЛАР.

Фуқаролар қабулида Пенсия жамғармасининг тегишли бўлими раҳбари БЎЛМАГАНДА бунинг устидан шикоят билан (71) 239-10-46 рақами орқали Ижроия аппаратига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

 

Экспертга савол

 

Устама ҳақ йўқ. Имтиёз бор

 

Бувам – меҳнат фахрийси. У оширилган пенсия ёки унга қандайдир устама ҳақ олишга ҳақлими? Меҳнат фахрийлари учун қандай имтиёзлар белгиланган?

А.Ли.

Тошкент ш.

 

Айрим тоифадаги шахсларга пенсияга устама ҳақ олиш ҳуқуқи берилади (Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун; 252-сон Низом):

I гуруҳ уруш ногиронларига – ЭКИҲнинг 150%и;

II гуруҳ уруш ногиронларига – ЭКИҲнинг 125%и;

кўриш бўйича I гуруҳ ногиронларига – ЭКИҲнинг 100%и;

I гуруҳ ногиронларига – ЭКИҲнинг 75%и;

II гуруҳ ёлғиз ногиронларига – ЭКИҲнинг 50%и;

уруш қатнашчиларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга – ЭКИҲнинг 50%и;

1941–1945 йиллардаги уруш даврида фронт орқасида ишлаган ва ҳарбий мажбуриятларни бажарган шахсларга – ЭКИҲнинг 30%и;

ўлими ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш ёки ички ишлар органларида хизмат қилиш билан боғлиқ бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналарига ва янги никоҳга кирмаган бева хотинларига (бева эрларига) – ЭКИҲнинг 30%и;

Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматларга эга бўлган шахсларга – хизматларга қараб ЭКИҲнинг 100%идан 150%игача;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида»ги қарорига (28.10.1995 йилдаги 415-сон) 1-иловада кўрсатилган ташкилотларда ишлаган имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган артистларга, Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуннинг 10-моддаси «г» бандига мувофиқ, ёшидан қатъи назар – ЭКИҲнинг 75%и;

ВМнинг 415-сон қарорига 2-иловада кўрсатилган лавозимларда ва ташкилотларда ишлаган (эркаклар учун камида 25 йил ва аёллар учун камида 20 йил) театр, концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимларига, театр ва мусиқа санъатининг ижодий ходимларини тайёрлаш билан банд бўлган таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркибига ва концертмейстерларига – ЭКИҲнинг 50%и.

Назарда тутилган устама ҳақлардан ташқари, ишламайдиган пенсионерларга фахрий унвонлар учун қўшимча ҳақ (17.12.2007 йилдаги ПФ-3942-сон), 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига эса ҳар ойда ЭКИҲнинг 100%и миқдорида қўшимча тўлов қўшиб ҳисобланади (14.04.2015 йилдаги ПФ-4715-сон).

Меҳнат фахрийлари учун қуйидаги имтиёзлар назарда тутилган:

якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари биринчи навбатда берилади (Низомнинг 13-банди, ВМнинг 30.12.2006 йилдаги 272-сон қарорига 1-илова);

маданият ва истироҳат муассасаларининг пулли хизматларидан фойдаланишда белгиланган тарифнинг 50%и тўланади. Булар театрлар, кино, музейлар, истироҳат боғлари, қўриқланадиган табиат ҳудудлари ва моддий маданий мерос объектларидир (Тартибнинг 6-банди, ВМнинг 10.03.2015 йилдаги 53-сон қарорига 3-илова);

давлат корхоналари давлат тасарруфидан чиқарилаётганда ва хусусийлаштирилаётганда корхонада камида 10 йил ишлаганларга акциялар ва бошқа мулк сотилиши мумкин («Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси).

Агар 1941–1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти фахрийлари ҳақида гапирсак, улар учун ҳар йили санаторийларда бепул соғломлаштириш курсидан ўтиш (12 кунлик) назарда тутилган (13.10.2014 йилдаги ПФ-4658-сон). Бунда 2015 йилдан бошлаб меҳнат фронти фахрийлари санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бораётганда ҳар йили 1 марта темир йўл транспортида бепул юриш ва ҳаво транспортида имтиёзли юриш ҳуқуқига эгалар (ВМнинг 23.04.2015 йилдаги 100-сон қарори).

Фуқароларнинг ушбу тоифаси учун уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ЭКИҲнинг 25%и миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўланади (ПФ-4715-сон).

 

Елена Ермохина,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Компенсацияни қаердан оламан

 

Мен пенсионерман, лекин ишлайман. Маълум бўлишича, менга коммунал хизматлар учун компенсация тўлашлари керак экан. Уни қаердан оламан: яшаш жойимдаги почтадами ёки иш жойимда?

Р.М.

Тошкент ш.

 

– Компенсация суммалари жисмоний шахсларнинг жами даромадига қўшилади ҳамда иш ҳақи (пенсиялар, нафақа) тўланадиган муддатларда тўланади. Бунда улар ҳар ойда корхона штатида турган ҳар бир ходимга (шу жумладан, ишловчи пенсионерларга) иш жойида тўланади. Ишламайдиган пенсионерларга ва нафақа оладиган болаликдан ногиронларга ҳамда нафақа оладиган пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган, меҳнатга қобилиятсиз кекса фуқароларга – пенсия (нафақа) олиш жойида тўланади (АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

 

 

Она учун имтиёз

 

Менинг болам болаликдан ногирон. Пенсияга 55 ёшга тўлмасдан чиқишга ҳақлиманми?

А.Левтина.

Тошкент ш.

 

Ҳа, сиз умумбелгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эгасиз. Бироқ бунинг учун иш стажингиз камида 20 йил бўлиши ва болангиз камида 8 яшар бўлиши керак (Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуннинг 12-моддаси «з» банди). Бу қоида, башарти аёл уларни 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, ҳақиқий фарзандларга нисбатан ҳам, ўгай ўғил ва ўгай қизларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Болаликдан ногирон боланинг онасига талаб этиладиган иш стажига қуйидаги меҳнат фаолияти даврлари қўшиб ҳисобланади (252-сон Низомнинг 35-банди):

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат (шу жумладан, сафарбарлик чақириғи резервидаги ҳарбий хизмат) ва партизанлар отрядлари ва қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларидаги ва ички ишлар органларидаги хизмат;

в) ҳарбийлаштирилган соқчиликда, махсус алоқа органларида ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, якка тартибдаги меҳнат фаолияти ёки қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш бўйича фаолият;

д) қараб туриш вақти:

I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага қараб туриш;

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган қарияларга қараб турилган вақт – 80 ёшга тўлган қария ўзганинг парваришига муҳтож бўлган давр. Бунда қараб туриш вақти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига фақат қараб турган ва қараб туришга муҳтож бўлган шахс билан бирга яшаган шахслардан бирига қўшиб ҳисобланади.

Шунингдек тиббиёт муассасасидан маълумотнома (ногиронлиги ҳақида хулоса); яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган оила аъзолари таркиби ҳақидаги маълумотнома ҳамда бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳномани ҳам тақдим этиш зарур.

 

 

Васий сифатида нафақа олишим мумкинми

 

Мен 11 яшар ногирон болага васийман. Илгари у вилоятда яшар эди. Ҳозир эса вақтинча меникида рўйхатдан ўтган. Болаликдан ногирон болалар нафақа олишлари мумкинлигидан хабарим бор. Мен унга нафақани расмийлаштиришим мумкинми? Бунинг учун нима қилишим зарур?

Р.Азаматов.

Тошкент ш.

 

Ҳа, сиз васийлик қилаётган бола нафақа олиш ҳуқуқига эга (Низомнинг 3, 4-бандлари, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 1-илова).

Бунинг учун яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат этишингиз ва Низомга (5, 6-бандлар) мувофиқ қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз зарур:

• ногирон боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

• ногирон боланинг яшаш жойини тасдиқлайдиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси;

• соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан белгиланган тартибда бериладиган тиббий хулоса;

• ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси;

• туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарорининг нусхаси.

Нафақа вақтинчалик прописка (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олиш)нинг амал қиладиган муддати мобайнида тўланади (Низомнинг 13-банди).

Шунингдек ногирон болага 16 ёшгача тайинланган нафақа, унга бошқа пенсиялар ва нафақалар, шу жумладан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси олишидан қатъи назар, тўланади (Низомнинг 18-банди).

 

 

Ёлғизлик далилини тасдиқлаш лозим

 

Қўшним – ногирон, бир ўзи яшайди. Бундай кишиларга муайян имтиёзлар берилиши шарт. Бироқ Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилганида болалари борлигини важ қилиб, буни рад этганлар. Улар бошқа мамлакатда яшайдилар. Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақлими?

К.Султонова.

 

Ҳа, бу ҳолда ПЖ ходимлари ҳақли. Тегишли имтиёзларни олиш учун ёлғиз пенсионер – ногирон ушбу далилни тасдиқлаши керак. У фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган, унинг яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги маълумотномани, шунингдек Пенсия жамғармаси бўлими ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тегишли органи вакиллари иштирокида тузилган унинг яқин қариндошлари (ота-онаси, эри ёки хотини ва болалари) йўқлигини тасдиқлайдиган далолатномани тақдим этиши зарур (252-сон Низомнинг 25-банди).

 

Маълумот учун!

Пенсияни расмийлаштираётганда ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқариладиган охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги энг МАҚБУЛ 5 йиллик даврни КЎРСАТИНГ.

 

 

Маълумотнома бўлиши зарур

 

Пенсия жамғармасида менга пенсия ҳисоблашда ширкат хўжалигида ишлаган давримни қўшиб ҳисобламай, менда ушбу давр учун иш ҳақи олганлигим ва бадалларни тўлаганлигимни тасдиқловчи маълумотнома йўқлигини важ қилдилар, ҳолбуки меҳнат дафтарчамда ёзув қайд этилган. Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақлими?

Керим А.

Чирчиқ ш.

 

– Ҳа, ҳақлилар. Иш стажига ҳар қандай иш, агар у суғурта бадаллари тўлаган бўлса, қўшиб ҳисобланади. Фермер хўжалиги аъзоси ва қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати) ходимининг иш стажи Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланишининг амалдаги даври бўйича аниқланади (252-сон Низомнинг 45-банди).

Шу сабабли буни тасдиқлашингиз учун тегишли маълумотномани тақдим этишингиз зарур.

 

 

Бадал тўлаганмисиз?

 

Мен пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларни тўплаяпман. Айтишларича, касаллик пайти, яъни касаллик варақаси берилган давр иш стажига қўшиб ҳисобланмас экан. Мен эса турли вақтда касал бўлганман. Шу тўғрими?

Норова.

Тошкент ш.

 

– Иш даврида бошланган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври давомийлиги ушбу иш жойи бўйича бериладиган маълумотномалар бўйича белгиланади. Бунда кўрсатиб ўтилган (тиббиёт муассасалари томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан тасдиқланган) давр иш стажига фақат бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда киритилади (252-сон Низомнинг 64-банди). Агар бадаллар тўланмаган бўлса, тегишинча, ушбу даврлар қўшиб ҳисобланмайди.

 

* * *

Пенсияни ҳисоблашда якунлар бўйича мукофотлар иш ҳақига киритиладими?

Зарина М.

 

– Ой, йил чораги, ярим йиллик, йил якунлари бўйича мукофотларни ҳисобга киритишнинг асосий шарти – суғурта бадалларини тўлашдир. Бу давр якунлари бўйича тўланадиган тақдирлаш пули, давлат байрамлари ва ишларнинг айрим турларини бажарганлик учун бир марталик мукофотлар, шунингдек шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан, жамоа хўжаликлари аъзоларига пилла етиштириш бўйича тўловлар ҳамда йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар)га ҳам тааллуқли (252-сон Низомнинг 98-банди).

Тўловлар ҳисобланган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади. Ходимга ишдан бўшаганидан кейин тўланган мукофотлар меҳнат шартномаси тўхтатилган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади.

 

Маълумот учун!

 

«Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Қонунда* ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган:

мушкул ҳаётий вазиятдаги шахсларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

мушкул ҳаётий вазият юзага келишининг олдини олишга доир профилактик иш;

ижтимоий хизматлардан фойдаланувчиларнинг оила ва ҳамжамият билан алоқаларини сақлаш, уларнинг одатий қулай муҳитда бўлиши, ижтимоий хизматларни етказиб берувчиларнинг улардан фойдаланувчилар яшаётган ёки амалда турган жойига яқин бўлиши учун зарур шароитлар яратиш;

ижтимоий хизматлардан фойдаланувчиларнинг мушкул ҳаётий вазиятни енгиб ўтишга доир ташаббусларида ёрдам кўрсатиш;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолияти очиқ-ошкоралигини таъминлаш, жамоатчилик назорати тизимини ривожлантириш;

ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш.

Ижтимоий хизматларнинг максимал даражада манзиллилиги бюджет маблағлари мақсадли сарфланишини ва зарурат туғилганда аҳолининг тегишли гуруҳлари жорий эҳтиёжларига қараб қайта тақсимланишини таъминлайди.

Ижтимоий хизматларни етказиб берувчиларнинг реестри ҳам шакллантирилади, унга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва тадбиркорлар кирадилар.

Ижтимоий хизматлар кўрсатилиши устидан мониторинг юритиш ва уни баҳолаш ижтимоий ҳимоя тизими жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини таъминлайди.

 

*2016 йил 12 октябрда парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

 

 

P.S.

 

Ўзингизни текширинг

 

Агар сиз «Норма маслаҳатчи»нинг доимий ўқувчиси бўлсангиз, саволларимизга жавоб бериш сизга қийинчилик туғдирмайди. Қийинчиликка дуч келсангиз – доим «Норма маслаҳатчи»ни очиб, билимларни ёдга тушириш мумкин. Муваффақият тилаймиз!

 

1. Бўлғуси пенсионер ишлаётган ташкилотнинг ҳозирги вақтда мавжудлиги тўғрисида солиқ инспекциясидан маълумотнома тақдим этиш керакми?

а.  Агар ташкилот хусусий корхона ҳисобланса, тақдим этиш зарур.

б.  Пенсия жамғармаси бўлимлари Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилмаган қўшимча маълумотнома ёки ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

в.  Йўқ, бундай маълумотномани тақдим этиш керак эмас.

 

2. Пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни қабул қилаётганда меҳнат дафтарчаси Пенсия жамғармаси бўлимида қоладими?

а.  Меҳнат дафтарчаси пенсионернинг йиғмажилдида қолади.

б.  Меҳнат дафтарчаси ариза берувчига паспорт билан бирга қайтарилади.

в.  Меҳнат дафтарчаси Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсиялар тайинлаш комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилинганидан кейин ариза берувчига қайтарилади.

 

3. 70 ёшдан ошган пенсионерларнинг пенсиясини ҳисоблаш пайтидаги хатоларни давлат «кечириши» ва ортиқча ҳисобланган суммаларни қайтартирмаслиги тўғрими?

а.  Пенсионерларнинг қарзини ҳисобдан чиқариш Пенсия жамғармаси ҳисобига амалга оширилади.

б.  Пенсионерларнинг қарзларини ҳисобдан чиқариш бўйича меъёр фақат 2015 йилда амал қилган.

в.  Пенсионерлар пенсия ва нафақалар тўғри ҳисобланганлиги текшируви натижасида аниқланган қарзларни тўлайдилар.

 

4. Ижодкор ходимлар пенсияларига устамалар борми?

а.  Устамалар бор. Тўловлар миқдори – ЭКИҲнинг ­50%идан 75%игача.

б.  Йўқ, устамалар назарда тутилмаган.

в.  Имтиёзли пенсияни фақат унвонида «халқ» сўзи бўлган ижодкор ходимлар оладилар. Тўловлар миқдори – ЭКИҲнинг 75%и.

 

5. Ўзбекистон фуқаролигидан чиққан, бироқ бир муддат унинг ҳудудида яшаётган киши пенсия оладими?

а.  Йўқ, олмайди, чунки у Ўзбекистон фуқароси эмас.

б.  Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонда доимий яшаган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эгалар.

в.  Фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқаролиги бўлмаган шахс нафақасини олиш ҳуқуқига эгалар.

 

6. Олий ўқув юртида кундузги ўқиш йиллари иш стажига ҳисобга киритиладими?

а.  Агар ўқишга киришга қадар иш стажи бўлгандагина ҳисобга киритилади.

б.  Олий таълим муассасаларида кундузги ўқиш бу ҳақда маълумотнома мавжуд бўлганда иш стажига ҳисобга киритилади.

в.  Йўқ, ҳисобга киритилмайди.

 

Тўғри жавоблар: 1-б, 2-в, 3-б, 4-а, 5-б, 6-б.

 

Натижалар

Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1 балл.

 

Натижангиз:

6 балл – аъло натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларини жуда яхши биласиз.

3–5 балл – сиз, шубҳасиз, кўп нарсани биласиз. Бироқ тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун озгина билимингиз етишмайди. «Норма маслаҳатчи»ни ўқисангиз, ҳар доим ҳуқуқ янгиликларидан хабардор бўлиб борасиз.

3 балл ва ундан кам – афсус, сиз жуда кам нарса биласиз.

Унутманг, куч билимдадир. Айниқса у пенсия ёшида зарур.

«Норма маслаҳатчи»ни қўлдан туширманг, шунда мақбул натижа сиз учун кафолатланади.

 

Диққат! Ушбу саволларга тўлиқ жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг 9.08.2016 йилдаги 32-сон; 13.09.2016 йилдаги 37-сон; 11.10.2016 йилдаги 41-сонларида чоп этилган.

 

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.  

Прочитано: 2271 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-07-17 15:21:36, Гость_Каримжон.:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2019-04-01 11:53:28, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика