Давлат божхона қўмитасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда республика Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (5.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон) мазмун-моҳиятини тадбиркорларга яқиндан етказиш мақсадида видеоконференция ташкил қилинди.
Фаолиятга аралашув тубдан қисқаради
Республика доирасида иш олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, ҳудудий божхона бошқармаларининг вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этган видеоконференцияни очар экан, ДБҚ раиси ўринбосари М.Салиев мазкур Фармон, энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилишига хизмат қилишини таъкидлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси У.Сулайманов ўз сўзида Фармонга биноан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш учун жорий қилинаётган янги имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, эндиликда тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар тубдан қисқариши, бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олиниши, соҳада профилактика ишлари самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Экспортчининг маҳсулотига у «сувини йўқотмасданоқ» – 1 кунда сертификат берилади
Маълумки, тадбиркорлар экспорт шартномаларини мажбурий тарзда божхона органларида ҳисобга қўйиб келишади. Биргина жорий йилнинг 9 ойи мобайнида экспортчилар томонидан 6 минг 200 дан ортиқ экспорт шартномалари божхона органларида ҳисобга қўйилган.
Юқоридаги Фармон билан эса қуйидаги меъёрлар белгиланди:
2017 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт шартномаларини божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади, эндиликда валюта назорати органлари томонидан экспорт шартномаларининг ижро этилиши Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали мониторинг қилиб борилади;
тадбиркорлар экспорт шартномалари тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёрдамида Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали киритадилар;
амалдаги тартибларга мувофиқ товарлар хорижга экспорт қилинаётганда «Ўзбекэкспертиза» АЖдан мазкур товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат 3 иш куни давомида берилмоқда. 2017 йилдан бошлаб, бу муддат уч бараварга қисқаради – илгари худди шундай товар учун сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида айнан шундан сертификат берилади;
товарларни «Экспорт» божхона режимига амалга оширилмайдиган жойларда жойлаштирганлик учун ЭКИҲнинг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди – 5 фоиз бўлди;
товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини берадиган «Ягона дарча» идоралараро ахборот тизими тўлиқ жорий қилинади.
Мазкур қулайликлар экспорт қилишга мўлжалланган товарлар, айниқса тез бузилувчан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнини тезлаштиради, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ тартиботларни янада соддалаштиради. Пировардида тадбиркорнинг вақти ҳам, молиявий харажатлари ҳам тежалади.
Норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади
Маълумки, Фармон билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Шу муносабат билан божхона органлари томонидан аниқ чоралар белгилаб олинди. Жумладан, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилишини кафолатлаш мақсадида ДБҚ Жиноят кодексининг 182-моддасига тегишли қўшимча ва ўзгартириш киритиш бўйича қатор таклифлар тайёрлади.
Шунингдек, Президентнинг «Экспорт-импорт операцияларини тартибга келтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (11.04.1995 йилдаги ПФ-1096-сон), Вазирлар Маҳкамасининг «Экспорт-импорт операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (30.09.2003 йилдаги 416-сон) ҳамда Ўзбекистон Республикаси божхона органларида контрактлар (шартномалар) ва битимларни ҳисобга қўйиш тартибига (АВ томонидан 15.11.1999 йилда 832-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан лойиҳалар тайёрланмоқда.
Видеоконференцияда адлия ва солиқ идоралари вакиллари сўзга чиқиб, Фармоннинг ўз йўналишларига доир жиҳатларига атрофлича тўхталиб ўтишди. Йиғилганларга божхона органларида коррупцияга қарши курашиш ва унинг профилактикасига фаол кўмаклашиш борасида қилинаётган ишлар юзасидан ҳам ахборотлар берилди. Видеоконференция иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси З.Дусанов иштирок қилди.
ДБҚ Ахборот хизмати.