Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 45 / Солиқ солиш

ЖШДСга доир хатолар: қандай тузатилади

 

Бухгалтер ўтган йил учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китобида хатога йўл қўйилганини аниқлади, шу сабабли солиқ тўлиқ ушланмаган. ЖШДСни қайта ҳисоблаб, уни ходимнинг жорий йилдаги иш ҳақидан ушлаб қолса бўладими? Агар ходим ишдан бўшаб кетган ва солиқни ушлашнинг имкони бўлмаганда қандай йўл тутиш лозим? Агар қўшимча ҳисобланган ЖШДСни корхона тўласа, бу ходимнинг даромади ҳисобланадими ва унга солиқ солинадими?

Амалиётда бу хил саволларга деярли ҳар бир бухгалтер тўқнаш келади. Бундай вазиятларда нима қилиш керак ва ушбу тузатишларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш лозим – бугунги материалимизда шу мавзуни ёритамиз.

 

Ташкилотлар – солиқ агентлари турли сабабларга кўра жисмоний шахслардан даромад солиғини ушламайдиган ёки тўлиқ ушламайдиган ҳолатлар тез-тез учраб туради. Бунга асосан жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромади нотўғри аниқланиши сабабчи бўлади. Кўпинча бу ходимларининг даромадлари ҳисобланадиган иш берувчининг харажатлари нотўғри таснифланиши билан боғлиқ бўлади. Булар ходим учун коммунал хизматлар ҳақини, унинг қариндошлари таълим олиши учун ҳақ тўлаш, дам олишга йўлланмалар қийматини тўлаш, жисмоний шахснинг меъёрдан ортиқ хизмат сафари харажатларини қоплаш ва ҳ.к. юзасидан ташкилотнинг харажатларидир. Имтиёзларни асоссиз қўллаш ҳоллари ҳам учрайди.

Одатда, хатолар муайян вақт ўтгач аудиторлик текширувлари ёки тафтиш чоғида аниқланади. Аудитор ёки бухгалтернинг ўзи аниқлаган хатони солиқ тўловчи мустақил равишда тузатиши мумкин. Тафтиш чоғида солиқларнинг қўшимча ҳисобланиши уларга йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари қўлланишига олиб келади.

 

Хатоларни мустақил равишда тузатамиз

ЖШДСнинг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши учун жавобгарлик даромад тўлаётган солиқ агентининг зиммасида бўлади. Мазкур солиқ суммаси ушлаб қолинмаган тақдирда, у ушлаб қолинмаган суммани ҳамда у билан боғлиқ пеняни бюджетга тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 185-моддаси).

Хатоларни мустақил равишда аниқлаган солиқ тўловчи уларни ўзи тузатишга ҳақли. ДСИга солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ҳам тузатиш мумкин. Бунда уларни Солиқ кодексида белгиланган даъво қилиш муддати, яъни 5 йил ичида тузатиш мумкин (Солиқ кодексининг 46-моддаси).

ЖШДС тўлиқ тўланмаганлиги аниқланганда:

1 – солиқни қайта ҳисоблаш;

2 – тегишли давр учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тузиш;

3 – уни солиқ органларига қайта топшириш;

4 – қўшимча ҳисобланган солиқни пеняни ҳисобга олган ҳолда бюджетга тўлаш зарур.

Қўшимча ҳисобланган ва бюджетга тўланган ЖШДС ходимдан ушлаб қолинади, яъни унинг иш берувчи олдидаги қарзи ҳисобланади. Ходимларнинг шу жумладан ЖШДС бўйича қарзининг бухгалтерия ҳисоби 4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари» ҳисобварағида юритилади. Бундай қарзни, ҳатто у ўтган даврга тааллуқли бўлса ҳам, у аниқланган даврдаги бухгалтерия ҳисобида акс эттириш лозим.

Ўтган ҳисобот давридаги солиқ ҳисоботига тузатишлар киритилгандан кейин молиявий ҳисоботга ҳам тузатишлар киритиш зарур. Тақсимланмаган фойда сальдоси ва баланснинг тегишли моддаларини ўзгартириш воситасида жорий даврдаги молиявий ҳисоботга тузатишлар киритилади.

Ҳисобот даври учун бухгалтерия балансини тузишда ўтган даврлар учун ЖШДСнинг қўшимча ҳисобланган суммасини йил бошида қуйидагича акс эттирамиз:

активда – ходимларнинг бошқа операциялар бўйича қарзи сифатида (300-сатр);

пассивда – бюджетга тўловлар бўйича қарз сифатида (680-сатр).

Бу ҳолда ўтган даврлар учун молиявий ҳисоботларга ўзгартиришлар киритилмайди ва, тегишинча, уларни ДСИга қайта топшириш талаб этилмайди.

 

Қарзларни ундирамиз

Қўшимча ҳисобланган ва ташкилот томонидан тўланган ўтган даврлар учун ЖШДС суммасини жисмоний шахсдан жорий даврда ундириш мумкин.

Корхона штатида бўлган ходимнинг қарзини, башарти у бунга ёзма розилик берган тақдирда, унинг навбатдаги иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин. Буни рад этган ёки розилиги олинмаган ҳолда фақат суднинг ҳал қилув қарорига кўра ушлаб қолиш эҳтимоли мавжуд. Бироқ ундан қўшимча ҳисобланган ЖШДС суммасининг ўзи ушлаб қолинади. Солиқ бўйича тўланган пеня корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилади.

Агар қарз суммаси катта бўлса, уни қисмлаб ушлаб қолишга тўғри келади, чунки ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим (МКнинг 164-моддаси).

Агар ходим ишдан бўшаб кетган, қарзи аниқланган пайтда корхонада ишламаётган бўлсачи? Бу ҳолда унинг уй манзилига (яшаш жойини у ишга қабул қилинаётганда тўлдирилган шахсий варақасидан аниқлаш мумкин) ёзма хабарнома йўллаб, унда қарз юзага келиши сабабларини кўрсатиш ва уни ўз ихтиёри билан тўлашини илтимос қилиш керак. Инсофли фуқаро қарзини мустақил равишда тўлайди. Қарз суммасини ташкилот кассасига нақд пул билан тўлаши ёхуд корхонанинг ҳисобрақамига ўтказиши ёки тўлов карточкаси воситасида банк кассаси орқали тўлаши мумкин.

Агар собиқ ходим қарзини ихтиёрий равишда қоплашдан бош тортса, қарз суммаси эса катта ёки уни ундириш ташкилот учун принципиал аҳамиятга эга бўлса, иш берувчи қарзни мажбурий тартибда ундириш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда ходимдан фуқаролик қонунчилигига мувофиқ даъво қилиш муддати ўтмаган қарз ундирилиши мумкин (ФКнинг 150-моддаси).

Баъзан қарзни ундиришнинг имкони бўлмайди (масалан, жисмоний шахс доимий яшаш мақсадида бошқа мамлакатга кўчиб кетган бўлади). Бу ҳолда у умидсиз қарз сифатида корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилади.

 

Қарзни тўладингизми – солиқни ҳам тўланг

Ташкилот ўз ташаббусига кўра ходимини қўшимча ҳисобланган ЖШДС тўлашдан озод қилиб, солиқ суммасини ўз ҳисобидан тўлаши мумкин. Иш берувчи ходими учун тўлаган суммалар ходимнинг жами даромадига киритиладиган моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси). Ходим учун тўланган солиқ суммасига ҳам ЖШДС ҳисоблаш ва уни бюджетга тўлаш зарур.

Солиқ текшируви чоғида бюджетга ўтказилган, бироқ қарздордан ундирилмаган солиқлар бўйича боқимонда суммаларига ҳам ЖШДС ҳисоблашлари мумкин. Шу сабабли жисмоний шахсдан қарзни ундириш чоралари кўрилганлигини тасдиқловчи барча ҳужжатларни сақлаш муҳимдир. Уларга: қарздор жисмоний шахс манзилига йўлланган хабарнома, судга даъво аризаси, ИИВ манзиллар бюросига яшаш жойи ҳақида сўровнома ва ҳ.к. киради. Агар солиқ текшируви чоғида ҳужжатлар тақдим этилмаса, жисмоний шахс учун тўланган тўловлар юзасидан корхонага қўшимча ЖШДС ҳисоблашлари мумкин.

 

Бухгалтерия ҳисобида акс эттирамиз

ЖШДСни қўшимча ҳисоблаш, уни ходимдан ушлаб қолиш ёки корхона харажатларига ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тартибда акс эттириш мумкин:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Қўшимча ҳисобланган ЖШДС суммалари ва у билан боғлиқ пеня бюджетга тўланди

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

ЖШДС бўйича бюджетга тўланган пеня харажатларга ҳисобдан чиқарилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Илгари ушлаб қолинмаган солиқ бўйича ходимларнинг қарзи акс эттирилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Ходимнинг қарзи унинг иш ҳақидан ушлаб қолинди

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Собиқ ходимнинг ЖШДС бўйича қарзини ихтиёрий равишда тўлаши акс эттирилди

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»;

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Ходимларнинг умидсиз қарзи корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

 

 

Ортиқчасини эгасига қайтаринг

Амалиётда юқоридаги вазиятларнинг акси, яъни ходимдан керагидан кўп солиқ ушланган ҳолатлар учраб туради. Бу ҳолда ортиқча ушлаб қолинган солиқ суммасини ходимга қайтариш лозим. Буни ортиқча ушланган суммани ходимга бир йўла тўлаган ҳолда амалга ошириш ёхуд у билан келишувга кўра бўлғуси солиқлар ҳисобига қайд этиш мумкин. Жорий ва ўтган даврлар учун ҳам ортиқча ушланган солиқ суммалари қайтарилиши лозим.

Ходимдан ортиқча ушланган ЖШДС ташкилотнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича қарзи ҳисобланади. У аниқланган даврдаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши керак. Меҳнат ҳақининг барча турлари (иш ҳақи, мукофотлар, нафақалар, ишловчи пенсионерларга пенсиялар ва бошқа тўловлар) бўйича корхона штатидаги ва штатида бўлмаган ходимлар олдидаги жорий қарз ҳақидаги ахборот 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» ҳисобварағида умумлаштирилади.

Агар хато аниқланган пайтда ходим ишдан бўшаб кетган бўлса, ортиқча ушланган суммани бериш учун уни таклиф қилиш ёхуд уни ходимнинг пластик картасига ёки ҳисобрақамига ўтказиш мумкин. Агар қарзни қайтаришнинг имкони бўлмаса, бухгалтерия ҳисобида ушбу суммани 6990-«Бошқа мажбуриятлар» ёки 7920-«Турли кредиторларга бўлган бошқа узоқ муддатли қарзлар» ҳисобварағида акс эттириш зарур. Бундай қарз фуқаролик қонунчилигига мувофиқ даъво қилиш муддати ўтгач, яъни 3 йилдан кейин ҳисобдан чиқарилади (ФКнинг 150-моддаси). Ҳисобдан чиқарилган қарз юридик шахс учун солиқ солинадиган бошқа даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132-моддаси).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2322 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика