Бугунги кунда турар жойларни ижарага бериш долзарб масалалардан бўлиб турибди. Бу тартиб-таомил қонун ҳужжатларига кўра қандай амалга оширилади?
А.Носиров.
– Уй-жой кодексининг 86-моддасига мувофиқ турар жой фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижара шартномаси асосида берилиши мумкин. Фуқаролар ўртасида тузилган турар жой ижара шартномаси нотариал тасдиқланган ҳамда белгиланган тартибда тегишли ҳудудий давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим. Шу билан бирга Фуқаролик кодексининг 574-моддасига асосан бир йилдан ортиқ муддатга тузилган бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим, у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Шуни билиш лозимки, ФК 539-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ кўчмас мулк ижара шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлиб, бундан бир йилдан кам муддатга тузилган шартномалар истисно этилади (Олий хўжалик суди Пленумининг 1.12.2011 йилдаги «Мулк ижараси шартномаси тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 234-сон қарорининг 4-банди).
Ижара шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга тузилган бўлса, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг тегишли туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилиши лозим.
Битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди (ФКнинг 112-моддаси).
Фуқаролар ўртасида турар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя этмаслик энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-1-моддаси).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, турар жойни ижарага беришда қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси тузиб, уни тегишли органларда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш лозим.
Авваллари мазкур тартиб-таомилни амалга ошириш учун ижарага берувчидан бир қатор ҳужжатлар – барча коммунал тўловлардан қарздорлик мавжуд эмаслиги, давлат солиқ хизмати органларидан тегишли солиқларнинг тўланганлиги ва қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг тегишли туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасидан маълумотномаларни тақдим этиш талаб қилинар эди. Эндиликда мазкур тартиб-таомил бирмунча соддалаштирилиб, турар жойни ижарага бериш учун уй-жой жойлашган нотариал идорага фақатгина қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш керак бўлади:
1. Турар жойда рўйхатда турганлар ҳақида маълумотнома ва 17-шакл
2. Турар жойда рўйхатда турувчиларнинг розилиги
3. Мазкур турар жойда рўйхатда турувчи балоғат ёшига етмаган шахсларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси
4. Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома
5. Уй-жой режаси
6. Томонларнинг паспорти ва СТИР.
Кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, нотариал идора тегишли ижара шартномаси лойиҳасини тайёрлайди.
ШАРТНОМАДА НИМАЛАР ҚАЙД ЭТИЛАДИ?
Турар жой ижара шартномасининг мазмуни қуйидагиларни ўз ичига олган бўлиши керак:
● турар жойни ижарага бериш тартиби ва унинг қиймати;
● турар жой ижарасининг муддатлари;
● турар жойни ижарага бериш шартлари ва ижара ҳақи миқдори, уни тўлаш муддатлари;
● ижарага берувчи ижарага бераётган турар жойнинг, муҳандислик қурилмаларининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар;
● шартнома муддати ўтиши билан турар жойни ижарага берувчига қайтариш тартиби;
● ижарага берилган турар жойга қараш, хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш бўйича тарафларнинг мажбуриятлари;
● ижарага берилган турар жойни ижарага бериш ёки иккиламчи ижарага бериш имкониятлари, шартлари ва тартиби;
● тарафларнинг жавобгарлиги.
Турар жой ижара шартномасига тарафларнинг келишуви бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин (Уй-жой кодексининг 86-моддаси).
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари республикамиз Президенти томонидан ҳар йил қабул қилинадиган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги қарорида белгиланади. Хусусан 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 26-иловада 2016 йил учун қуйидагича ставкалар белгиланган:
Т/р
|
Ижарага бериладиган мол-мулкнинг тури
|
Белгиланган ставка миқдорини тавсифловчи кўрсаткич
|
Ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдорлари, сўмда
|
||
Тошкент ш.
|
Нукус ш. ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар
|
бошқа аҳоли пунктлари
|
|||
1
|
Уй-жойлар:
|
|
|
|
|
|
турар жой
|
умумий майдоннинг 1 кв.метри учун
|
3 000
|
2 000
|
1 000
|
Эътиборли жиҳати шундаки, ижара шартномаси бўйича ижара ҳақининг миқдори юқорида кўрсатилган суммадан кам бўлмаслиги лозим. Мисол учун Тошкент шаҳрида жойлашган турар жойнинг майдони 65 кв.метр бўлса, ижара тўловининг энг кам ставкаси 195,000 сўм (65 х 3000) бўлади.
Нотариал идорага тўланадиган давлат божи Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат божи ставкалари»га мувофиқ нотариал идорага ижара шартномасини тасдиқлаганлик учун давлат божи, шартнома суммасининг 1,0 фоизи миқдорида, бироқ ЭКИҲнинг камида 20 фоизи миқдорида тўланади.
Демак агарда сиз ижара шартномасини 1 йил муддатга тузадиган бўлсангиз, бир йиллик ижара ҳақининг умумий миқдоридан 1 фоиз давлат божи тўланади.
Даромад солиғи эса Солиқ кодексининг 181-моддасига асосан мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар жисмоний шахсларнинг даромадларига белгиланган энг кам ставка бўйича солиқ солиниши белгиланган. ПҚ-2455-сон қарорнинг 9-иловасига асосан жисмоний шахсларнинг даромадларига белгиланган энг кам ставка 7,5 фоиз миқдорида белгиланган.
Агар ижара ҳақи миқдори ойига 195,000 сўмни ташкил этадиган бўлса, ундан тўланадиган даромад солиғи 14 625 сўмни ташкил этади.
Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар ЖШДСни тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлайдилар. Йил тугагач, жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 1 июнидан кечиктирмай солиқ тўловчидан ундирилиши ёки унга қайтарилиши керак (Солиқ кодексининг 193-моддаси).
Жўрабек МУРОТОВ,
«Norma Online» эксперти.