Биз комитент ролида чиқяпмиз, воситачилик шартномаси АҚШ долларида тузилган, тўлов кунидаги МБ курси бўйича сўмда ҳақ тўлаймиз. Шартномада ТМБ учун бўнак (100%) ва воситачилик ҳақи назарда тутилган. Ҳамкоримиз унга курсдаги фарқни тўлашимизни сўраяпти, ҳисобварақ-фактурани сўмда ёзаяпти.
Воситачилик шартномаси бўйича воситачи билан ҳисоб-китоблар қайси бухгалтерия ҳисобварағида ҳисобга олинади?
В.Ким,
бош бухгалтер.
– Воситачилик шартномаси бўйича воситачи билан ҳисоб-китоблар 4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар», 6990-«Бошқа мажбуриятлар» бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида акс эттирилади.
Бунда чет эл валютасидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзи, шу жумладан тўлов сўмда тўланган ҳолларда баланснинг валюта моддаларига киритилади. Бундай қарзлар қайта баҳоланиши керак (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 13, 17, 18-бандлари). Чет эл валютасида ифодаланган дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қайта баҳолаш тартиби 22-сон БҲМС (АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.
Шартнома АҚШ долларида тузилганлиги сабабли ҳамкорингиз ҳисобварақ-фактурани долларда ёзиб, айни бир вақтда уни ҳисобварақ-фактура ёзиб берилган санада ЎзР МБ томонидан белгиланган курс бўйича қайта ҳисоблаган ҳолда миллий валютадаги ТМБ (хизматлар) қийматини акс эттириши шарт (Солиқ кодексининг 222-моддаси). Ҳисобварақ-фактурада курс фарқи ажратиб кўрсатилмайди. Корхонангиз тузилган воситачилик шартномаси доирасида бўнак тўлайди, воситачи билан якуний ҳисоб-китоб эса сотиб олинган ТМБ ва воситачилик ҳақи учун унга ёзиб берилган ҳисобварақ-фактуралар асосида амалга оширилади.
Комитентда воситачилик шартномаси бўйича операцияларнинг акс эттирилишини мисол ёрдамида кўриб чиқамиз.
Айтайлик, воситачилик шартномасига кўра 1 200 АҚШ доллари миқдорида бўнак (100%) тўланди, шундан 1 000 доллари – ТМБ учун олдиндан тўлов ва 200 доллари – воситачилик ҳақи. Бўнак тўланган санада МБ курси (шартли равишда) 2 500 сўмни, ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган санада – 2 510 сўмни ташкил этди.
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Сумма, сўм
|
Дебет
|
Кредит
|
Воситачилик шартномасига кўра 100% бўнак воситачининг ҳисобварағига ўтказилди (1 200 USD х 2 500 сўм) |
3 000 000
|
4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Воситачидан ТМБ олинди (1 000 USD х 2 510 сўм) |
2 510 000
|
1000-«Материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар»;
|
6990-«Бошқа мажбуриятлар»
|
Воситачига тўланадиган, ТМБ қийматига киритиладиган воситачилик ҳақи суммаси акс эттирилди (200 USD х 2 510 сўм) |
502 000
|
1000-«Материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар»;
|
6990-«Бошқа мажбуриятлар»
|
Берилган бўнакларнинг ҳисобварақлари ёпилди
|
3 012 000
|
6990-«Бошқа мажбуриятлар»
|
4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар»
|
Баланснинг валюта моддаси бўйича операцияни ўтказиш санасида валютанинг қайта баҳоланиши акс эттирилди (1 200 USD х (2 510 – 2 500)) |
12 000
|
4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар»
|
9540-«Валюталар курслари фарқидан даромадлар»
|
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.