Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 39 / Тадбиркорлик

«Ягона дарча» қандай ишлаяпти?

 

Навоий вилояти тажрибаси

 

Республика Президентининг 28.09.2015 йилдаги қарорига1 мувофиқ мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди ва бу билан бизнес тузилмаларини рўйхатдан ўтказиш, корхоналарни электр ва газ тармоқларига улаш, уларга ер участкаларини ажратиш ва қурилишга рухсатномалар олиш анча соддалашди ва жадал тус олди. Амалиётнинг кўрсатишича, Навоийда янги ташкил топган тадбиркорлик субъекти бор-йўғи 4 соат ичида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

«Янги корхоналарни рўйхатдан ўтказиш учун бизга 2 кун берилади. Одатда бу масалани 1 кун ичида ҳал қилаяпмиз. Агар тақдим этилган ҳужжатлар пакети барча талабларга мувофиқ бўлса, рўйхатдан ўтказиш таомиллари 4 соат мобайнида бажарилиши мумкин. Бироқ хурсанд бўлишга ҳали эрта, зеро бундай ҳоллар ҳозирча жуда оз. Бу борада сўз корхона оча туриб, ҳужжатларни тўплашга профессионал юристларни жалб этадиган муассислар тўғрисидагина бормоқда» – деб таъкидлайди Навоий шаҳар «ягона дарча» ягона марказининг директори Асқар АҲМЕДОВ.

 

«Ягона дарча» ягона марказлари ишга тушганидан кейин давлат хизматлари соҳасида юз берадиган яна бир жуда муҳим ўзгаришни ажратиб кўрсатиш лозим. Президентнинг қарорида юзаки қараганда аҳамиятсиздек туюладиган бир қоида бор: «... вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд «ягона дарча» хизматларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тўхтатилади».

Сўз гўё бор-йўғи техник чора тўғрисида бораётгандек. Бироқ агар чуқурроқ таҳлил қилинса, амалда яна бир бюрократик тўсиқ бартараф қилинган ва аслида «ягона дарча» тамойилининг мазмун-моҳияти сақлаб қолинган. Зеро тадбиркорлар ўз муаммоларини бир «дарча»дан бошқасига ва яна бошқасига ўтиб юриш билан, росмана сансалорлик билан ҳал этишар эди.

Энди ҳамма нарса жой-жойига қўйилгандек. «Ягона дарча» ҳақиқий маънодаги сифатли хизмат кўрсатувчи марказга айланган. Ҳозирда фақат ягона марказ орқали кўрсатиладиган давлат хизматларининг аниқ рўйхати мавжуд. Турли хизматлар ва давлат муассасаларига ягона марказдан келиб тушадиган аризаларни кўриб чиқиши керак бўлган реал муддатлар пайдо бўлди. Масалан, тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига тайёр ҳолда улаш учун жавоб берадиган хизматларга 5 кун ажратилади. А.Аҳмедовнинг айтишича, «ягона дарча» бўйича сўровларга навоийлик энергетик ва газчилар 2-3 кун ичида батафсил ахборот тақдим этадилар.

Нима ҳам дердик – гап йўқ, мақтовга лойиқ тезкорлик, у шаҳар маъмурияти «ягона дарча»ни ишга тушириш ва унинг фаолиятини вилоят марказининг нақ 16 хизмати ва ташкилоти билан мувофиқлаштириш бўйича тайёргарлик ишини юқори савияда ўтказганлигидан далолат беради.

Бироқ кўплаб бизнес-режалар йўлига тўғаноқ бўладиган масала ечилганича йўқ. Сўз тадбиркорлик фаолияти объектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш тўғрисида боряпти. «Ягона дарча»га келиб тушган 340 та мурожаатдан 116 таси бўйича электр ва газ тармоқларига улашга рад жавоби берилди. Ушбу рад жавобларининг ҳаммаси асосли. Газчилар лимитлар камлигини рўкач қилишади, энергетиклар эса подстанцияларнинг қуввати чекланганлигини айтишади.

– Илгари шаҳар ҳокимлигида тадбиркорлардан ер участкаларини ажратишга буюртманомаларни махсус комиссия кўрарди, унга шаҳарнинг турли хизмат ва ташкилотлари вакиллари кирган, – дейди А.Аҳмедов. Тадбиркорнинг нима билан шуғулланмоқчилиги ва қандай фойда келтириши-ю, режалаштираётган бизнес ғоясини амалга ошириш имкониятлари ҳам аниқлаб олинарди. Ушбу босқичдаёқ у газ ва электр тармоқларига уланиш ёки уланмаслигини биларди. Мажозий қилиб айтганда, «уруғ экиш» босқичидаёқ тадбиркор ҳосилни йиғиб ололмаслигини билар ва ўзи кейинги ҳаракатларини белгилаб олар эди. Энди эса кўпинча ишлаб чиқариш объекти қурилиши ва ускунани харид қилишга маблағ «тиккан» инвестор энг охирига келиб, объектив сабабларга кўра муҳандислик коммуникацияларига уланиши мумкин эмаслигини билади.

Албатта, бу муаммо шаҳар маъмурияти ваколатлари доирасига кирмайди, бироқ у муайян даражада олдиндан маълум бўладиган ҳолат. Мамлакатда хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолияти учун қулай муҳит яратилган, ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш барқарор тарзда ошиб боряпти. Тегишинча, ресурсларга бўлган ички талаб ошиб, газ ва электр энергияси сарфи борган сари кўпаймоқда.

Бироқ ҳар доим таклиф талаб ортидан қувиб етолмаяпти. Илгари, айтайлик, «боғ-шаҳар» қаерда бўлиши аниқ эди ва унинг учун тегишли инфратузилма тайёрланар эди. Бугунги кунда қўшимча ишлаб чиқариш активлари ҳисобидан кучаяётган давлат холдинглари ва йирик корхоналарнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжларини ҳисоблаб чиқиш ва инобатга олиш мумкин. Бироқ кичик бизнесга бундай ўлчовлар тўғри келмайди. Хусусий инвестор қаерда ва қачон кийим тикиш ёки қурилиш материалларини ишлаб чиқариш цехини очишини тахмин қилиш амалда мумкин эмас.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер участкалари ажратиш амалиётида бунга ўхшаш муаммо яққолроқ кўзга ташланади. Жорий йилда «Кўчмас Мулк Савдо Хизмати» МЧЖнинг Навоий ҳудудий филиали ер участкаларини тақдим этиш бўйича ҳозирча дастлабки ва ягона танловни ўтказди. Унинг натижалари икки хил таассурот қолдирди. Тадбиркорларга реализация қилинишидан 59,3 млн сўмлик тушум режалаштирилган 199 та участка таклиф этилди. Танлов савдолари якунлари бўйича бор-йўғи 16 участка 126,5 млн сўмга сотилди.

Буюртманомалар йўқлиги боис 5 туманда савдолар чиппакка чиқди. Улар бўлиб ўтган жойларда ҳам тадбиркорлик ҳамжамияти томонидан савдолар суст ва алоҳида қизиқишларсиз ўтди. Зарафшонда бошланғич қиймати 6,4 млн сўм бўлган 18 участкадан фақат 1 участка 900 минг сўмга сотилди. Кармана туманида 11 ер участкасидан фақат 2 таси ўзининг янги соҳибларига эга бўлди. Минтақадаги аҳолиси энг гавжум бўлган Хатирчи туманида ҳам худди шундай манзара кўзга ташланди. Фақат вилоят марказида бир қадар муваффақиятли танлов ўтди, бу ерда савдога ҳар бири 0,62 гектардаги 28 ер участкаси қўйилди. 11 та участка сотилди. Бошланғич нархи 3 млн сўм бўлган энг харидоргир участкага харидор 32 млн сўм таклиф қилди.

Бундай сотувлар ерни энг юқори нархда сотиш ва давлат ғазнаси даромадларини тўлдириш мақсадини кўзлади деб ўйлаш нотўғри бўларди. Мазкур ҳолда танлов савдолари ердан фойдаланишнинг реал бозор қийматини аниқлаш учунгина зарур. Ерни хусусий инвесторларга беришдан асосий мақсад эса ишлаб чиқариш кучларини имкони борича тенг тақсимлаш ҳамда янги саноат ва қайта ишлаш корхоналари негизида стратегик самарадорлик бунёд этишдир. Бўлғуси харидорлар танлов комиссиясининг кўриб чиқишига ҳужжатлар пакети билан бирга тақдим этадиган таклифларни баҳолаш мезонлари билан танишиб, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин (Низомга2 қаранг).

«Албатта, ер участкаси учун таклиф қилинаётган нарх аҳамиятга эга. Бироқ комиссия танлов таклифларини балл тизими бўйича ҳам баҳолайди. Инвестицияларнинг энг юқори ҳажми белгиланадиган ва қанча янги иш ўринларини очиш кўрсатиладиган таклифлар энг юқори (25 балл) миқдорни олади. Ушбу таклифлар аҳамиятига кўра ер участкасини реализация қилишдан мумкин бўлган тушумдан ошади ва уларнинг таклифларига танлов савдоларида устунлик берилади», – деб тушунтиради «Кўчмас Мулк Савдо Хизмати» МЧЖ Навоий бўлинмасининг директори Ўрол БЕКМИРЗАЕВ.

Ҳаммаси тўғри ва пухта ўйлангандек туюлади, бироқ бизнес ўзи учун шинамроқ ва яхшироқ бўлган жойга интилади. Бизнинг ҳолатда бу – вилоят маркази. Бу ерга ҳатто Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг яқин туманларидаги тадбиркорлар келишади. Зеро Навоий минтақадаги энг ривожланган инфратузилма, бу ерда электр таъминотида узилишлар бўлмайди, қувурдаги газ босими барқарор. Худди шу сабабли, масалан, томдилик тадбиркорлар ўз туманларида рўйхатдан ўтадилар, ишлаб чиқариш майдончаларини эса Зарафшон билан чегарада очадилар.

Бизда бизнесни муайян ҳудудларга жалб этиш ва биркитиш тажрибаси мавжуд. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси (ЭИИЗ) ана шундай ижобий ҳудудлардан ҳисобланади. Табиийки, солиқ преференциялари катта жозибадорликка эга. Бироқ иш бу билан чекланмаган. «Навоий» ЭИИЗни танлаган инвесторлар учун транспорт чорраҳаларига осон уланадиган қулай жой танланди ва бутун ишлаб чиқариш инфратузилмаси бунёд этилди. Эҳтимол, гарчи солиқ имтиёзлари бўлмаса-да, бундай мини-зоналар ёки кластерларни кичик бизнес субъектлари учун ҳам очиш пайти келгандир. Шунда, чамаси, уларда қандай қилиб қишлоқдан шаҳарга кўчиб ўтишни ўйлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш муаммолари устида бош қотириш барҳам топади ва улар бизнес ҳамда унинг рентабеллигини ошириш масалалари билан кўпроқ шуғуллана оладилар.

 

Амир МАҲМУДОВ,

мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

 


1«Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматларни кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2412-сон қарори.

2Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 7.10.2015 йилдаги 285-сон қарорига 1-илова).

Прочитано: 3242 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика