Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 39 / Тарафдор ва қаршилар

Имзонинг йўқлиги муаммони ҳал этадими?



Фаолиятнинг хавфли турлари ҳақида ўйлаганда бухгалтер хаёлингизга ҳам келмайди... Қулай креслода ўтириб олиб, ширинлик кетидан чойни ҳўплаганча дебетни кредитга мослаштиради деб ўйлайсиз. Ҳисоботни топширишда ёқалашгудек бўлишидан ҳам, инвентарлаш чоғида югур-югур қилишидан ҳам бехабарсиз. Аммо бундай фикрлашингиз ўринсиз... Молиявий ҳужжатларни имзолар экан, бош бухгалтер ўзини хавф остига қўяди, беайб бўлса ҳам жазога тортилиши ҳеч гап эмас. Тўғри, қонунчилигимиз айниқса аёлларга нисбатан инсонпарвар муносабатда бўлади. Бироқ шундай ҳолда ҳам кўп ҳаяжонланиш ва ташвишланиш ушбу касб эгаларига хос саналади. Бунинг олдини олиш имкони борми? Биз таниш бухгалтерлар орасида сўров ўтказдик – натижада ушбу материал юзага келди. Уни биргаликда муҳокама қилишни таклиф этамиз.

 

ҲА

 

Янги таҳрирдаги Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун1 хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари билан бош бухгалтернинг фикри бир жойдан чиқмаганда айрим хўжалик операцияларини раҳбарнинг ёзма фармойишига кўра ижро этиш имконини беради, унинг оқибатлари учун айни унинг ўзи шахсан жавобгар бўлади2.

Назарий жиҳатдан олганда барчаси тўғри, амалиётда эса ҳаммаси компания эгасининг қизиққонлигига ва бизнес юритиш услубига боғлиқ бўлади.

 

Раҳбар ташаббускор ва бизнесни авж олдириш борасида турли хаёлларга берилувчан бўлади, сабаби вақти-вақти билан айримлари наф олиб келади. Бухгалтер эса бундан ҳеч қандай наф кўрмаслиги, фақат таваккал қилишига ва касби тақозосига кўра жавоб беришига тўғри келиши боис қоидага қатъий амал қилади. Раҳбарнинг истаги амалга ошган тақдирда ҳам бухгалтер ҳеч нимага эришмайди, бироқ акси бўлса – ҳеч қандай ғаразли нияти бўлмаган бухгалтер якка жиноятчига нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чорасидан жиддийроқ чора қўлланиладиган «уюшган жиноий гуруҳ ­аъзосига» айланиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли низо чиқиши табиий.

Бухгалтерлар таваккалчиликка қўл урувчи саводсиз раҳбарлар билан тўқнаш келадиган ҳоллар бўлади. Бири ниманидир билмайди ёки етарлича англаб етмайди, бироқ бош бухгалтер «тушунтириш ишларини» олиб боргандан кейин хўжалик операцияси лозим даражада бажарилишига рози бўлади. Бошқаси эса унинг тушунтиришларига, бунинг устига қонун ҳужжатларидаги асос-далилларга қарамай, ўз гапида туриб олади. Оқибатда операциялар қонунчиликни бузган ҳолда бажарилади. Қарорни раҳбар қабул қилади, кейинчалик эса бухгалтер ҳам айбдор бўлиб чиқади. Бундай вазиятларда қонун ҳужжатлари бош бухгалтер тарафини олади. Агар у билан раҳбар ўртасида келишмовчиликлар юзага келса, низоли операциялар бўйича ҳужжатлар уларнинг оқибатлари учун шахсан жавобгар бўлган раҳбарнинг ёзма фармойиши билан ижрога қабул қилиниши мумкин («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 4-қисми, бундан кейин – Қонун).

Бироқ буни айтиш осон, амалга ошириш эса мушкул... Бир-икки марта бухгалтер валидол ютган ҳолда директорга миллий қонунчиликдаги «ёзма фармойиши ва шахсан жавобгар бўлиши» ҳақидаги меъёр хусусида сўз очишга журъат қилиши мумкиндир. Шундай қилиши билан бошқа жойлардан иш излашга киришаверса ҳам бўлади.

Бундан ташқари, бухгалтерлик иши ўта аниқликни талаб этади, раҳбарнинг жаҳлини чиқариб жавобгарлик борасида низолашганда эса хатога йўл қўйиш хатари бир неча бор ошиб, хотиржам ишлаш имкони қолмайди.

 

Нима қилмоқ керак?

Шу тариқа нимага эришамиз? Бир томондан бухгалтерлар ҳисоб юритишга рози, бироқ хатарли ҳужжатларни имзолашни истамайдилар дейлик. Бошқа томондан раҳбар бизнесини ривожлантириш мақсадида катта имкониятга эга бўлишни истайди, аммо анъанага содиқ бухгалтерлар ҳар эҳтимолга қарши суғурталанишга мойил бўладилар. Амалиётда айрим бош бухгалтерлар норасмий ҳисоб юритган ҳолда ушбу муаммони осон ҳал этадилар. Бироқ бу йўл ноқонуний бўлибгина қолмай, бефойда ҳамдир. Ваколатли органлар суриштиришга киришганлари заҳоти аслида ким фирманинг бош бухгалтери эканлигини тез аниқлаб оладилар.

Ушбу вазиятдан қонуний йўл билан чиқиш имкони бор. Шуни олдиндан айтиб ўтамиз: амалда уни ҳар доим ҳам қўллаб бўлмайди. Бунда бухгалтерия ҳисоби хизматига раҳбарлик қилишни юридик жиҳатдан директор зиммасига юклаб, уни амалда юритишни тажрибали мутахассисга топшириш назарда тутилади. Моҳиятан олганда, бу ўша «ёзма фармойиш ва шахсан жавобгар бўлишни» англатади, бироқ улар алоҳида операциялар бўйича эмас, балки умуман олганда бутун хўжалик фаолияти бўйича муддати белгиланмаган ҳолда узайтирилган бўлади. Қонунчиликда директорга бош бухгалтер мажбуриятини зиммасига олиш имкони берилган (Қонуннинг 11-моддаси), шундай экан, нега ундан фойдаланмаслик керак?

 

 

Бундай ечимнинг ижобий ва салбий жиҳатлари

бухгалтер учун:

+

Бухгалтер хотиржам, беташвиш ишлайди, ҳаммаси учун директор жавоб беради

+

Маъмурий жазо олиш хавфи деярли йўқ, жиноий таъқиб қилиш имкони камаяди

+

Норасмий ишлаётган бухгалтернинг меҳнат муносабатлари легаллаштирилади, у ижтимоий ва молиявий жиҳатдан ҳимояланади

Бош бухгалтер мақоми расман оддий бухгалтер даражасигача туширилади. Бироқ бунда танлашга тўғри келади: ё резюмега доғ туширасиз, ёки назорат органлари асабингиз ва таржимаи ҳолингизни бузадилар

 

бир кишидан иборат директор-бош бухгалтер учун:

+

Раҳбарнинг «қўли ечилади», бизнес юритиш имкони кенгаяди

+

Жиноий таъқиб қилинганда жавобгарликни оғирлаштирувчи «шахсларнинг жиноий гуруҳи» омилининг қўлланиши хатари камаяди

Шахсий жавобгарлик чораси қўлланиладиган бош бухгалтер тимсолидаги тўхтатиб турувчи унсурнинг йўқлиги

 

Директор бошқа вазифаларни устувор деб билади. Пул доим етмайди. У қандайдир солиқни тўлаш ўрнига биринчи навбатда мол етказиб берувчига ҳақ тўлашни афзал деб билиши тайин, чунки контракт бўйича неустойка солиқ бўйича пенядан катта бўлади. Агар раҳбар қалтис иш юритишга мойил бўлса, беқарор вазият юзага келади

 

Қиссадан ҳисса...

Бош бухгалтер директорнинг қарорлари учун бутун жавобгарликни у билан биргаликда зиммасига олган ҳолда ишлашда давом этиши мумкин. Ёки унга бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари вазифаларини қабул қилишни таклиф этиб, ўзи эса имзо қўйиш ҳуқуқисиз оддий бухгалтер бўлиб ишлаши мумкин.

Айрим директорлар доим «Қонун билан тақиқланган!» деган сўзларни эшитишдан чарчаб, кўнадиган бош бухгалтерни топишни афзал кўрадилар. Кимдир учун эса бош бухгалтер бўлиш тўғри қарор саналади. Эҳтимол, бухгалтерия жорий иш билан машғул бўлганда директорга ҳисобнинг базавий қоидалари ва солиқ солишнинг тармоққа оид хусусиятларини ўзлаштириш, вазиятни тўла назорат қилиш хуш ёқар.

Муаммони ҳал этишнинг универсал усуллари мавжуд эмас. Ҳар ким шахсий ҳолатидан келиб чиқиб ўз йўлини танлайди.

Юлия ЯШИНА,

махсус мухбиримиз.

 

ЙЎҚ

 

Реал бухгалтерни ҳимоя қилиш мақсадида бош бухгалтер вазифаларини ва бир кишига иккита имзо қўйиш ҳуқуқини корхона директори зиммасига юклаш таклифи – реал эмас, кутилган натижани бермайди.

 

1

Директорнинг вақти йўқ

Кўпинча кичик бизнес корхоналарини муассиснинг ўзи ёки унинг яқинларидан биронтаси, ишончли шахс бошқаради. Бундай раҳбар барқарор ва фойда келтирувчи ривожланишдан ўта манфаатдор. У иш куни давомида ўнлаб муҳим вазифаларни, шу жумладан бизнес стратегиясини ишлаб чиқиш, ходимларни бошқариш, ташқи алоқаларни йўлга қўйиш, сотув ва харид, маркетингни ташкил этиш ва бошқа вазифаларни ҳал этиш билан банд бўлади. Шу сабабли бош бухгалтер мажбуриятлари – ҳисоб билан шуғулланиш, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоботларни топширишни ҳам унга юклашнинг иложи йўқ. Раҳбарга бу ишни тўғри бажарадиган малакали бош бухгалтер керак, албатта.

 

2

Бош бухгалтер бўлиш осон эмас

Одатда, директор бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш борасида билимга эга бўлмайди. Бироқ у бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари зиммасидаги жавобгарликдан хабардор бўлади. Аслида бажара олмайдиган, бироқ улар учун жавоб бериши керак бўлган вазифаларни зиммасига олишига не ҳожат?

Тажрибали директор билимдон бухгалтер уни ҳам, бизнесни ҳам жарималардан ва бошқа жавобгарликдан ҳимоялашини тушунади. Шу боис директор бош бухгалтер вазифаларини зиммасига олиб, барча ҳужжатларга ўзи имзо чекиши ҳақида тахмин қилиш ўринсиз.

 

3

Маош оласизми – жавоб ҳам берасиз

Ҳар ким ўз иши учун жавобгар бўлиши керак. Директор барча операцион-ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда корхонанинг молиявий ҳолати учун жавоб беради. Бухгалтер ёки бош бухгалтер – ҳисоб ва ҳисобот учун масъул. У ўз иши учун маош олади, жавобгарликни ҳам зиммасига олиши шарт. Бухгалтернинг ҳисоб ва ҳисоботдаги профессионал хатолари ёки профессионал жиҳатдан виждонсизлиги учун директор жавоб бермаслиги керак.

Агар директор бош бухгалтердан ноқонуний операцияни расмийлаштиришни талаб қилса, бухгалтер қонунчилик доирасида қандай ҳаракат қилиш мумкинлигини тушунтириши шарт. Оқил раҳбар қонунчилик талаблари ва фирма манфаатларини қарама-қарши қўйгандан кўра бирга олиб бориш фойдалироқ эканлигини англаб етади. Ҳар қандай ҳолда ҳам раҳбар қарор қабул қилади. Бироқ бухгалтер зарурат бўлганда раҳбардан бундай операцияни расмийлаштириш учун ёзма кўрсатма беришни талаб қилиши мумкин. Бу ҳолда ҳам Қонун ўз иши учун масъулиятни ҳис этувчи бош бухгалтерни ҳимоя қилади.

 

4

Бош бухгалтер бундай ишга қўл урмайди

Ўз ўрнини биладиган малакали бухгалтер «кам масъулият учун кам маош» қабилидаги битимни тузмайди. Мақоми пастроқ ва камроқ ҳақ тўланадиган лавозимда ҳам ҳар доимгидек ҳажмдаги ишни бажаришга тўғри келади. Ахир директорнинг ўзи бу ишларни қила олмайди... Оддий бухгалтерда имзо қўйиш ҳуқуқи йўқлиги муносабати билан «хавфсизлигига» келсак, уни ҳам кафолатлаб бўлмайди! Ҳатто раҳбар расман бош бухгалтер вазифаларини зиммасига олса ҳам, муаммо юзага келиши билан амалда ноқонуний операцияларни расмийлаштирган шахсни кўрсатиб, бутун жавобгарликни унга ағдаради. Бундай қилмаганда ҳам тергов ва суриштирув давомида ҳақиқатда бош бухгалтер вазифасини бажарган шахс тезда аниқланади ва уни нохуш оқибат кутади... Хулоса: хатарли операцияларга мойил директор билан ишлаган бухгалтер (шу жумладан имзо қўйиш ҳуқуқи йўқлиги сабабли) тўла ҳимояланишига умид қилиш ноўрин.

 

Наталья ГРИШУТИНА,

бош бухгалтер.

 

 

Бухгалтер ишининг юридик жиҳатдан хавфсизлиги муаммоси комплекс тусга эга бўлиб, қонун ҳужжатларининг бир нечта соҳасини қамраб олади. Шу сабабли уни янада батафсилроқ кўриб чиқиб, сўнг хулоса чиқарамиз.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

 

1

Умуман олганда лавозимнинг номи аҳамиятга эгами? Айтайлик, агар бош бухгалтерни оддий бухгалтер деб номласак ёки молиявий маслаҳатчи сингари номни ўйлаб топсак, бирон нарса ўзгарадими?

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасида бу саволга жавоб берилган. Унга кўра, бош бухгалтер ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбаридир. «Ёки бошқа мансабдор шахс» сўз бирикмаси лавозим қандай номланса ҳам, унинг моҳияти ўзгармаслигидан далолат беради. Бунда ходимнинг меҳнат мажбуриятлари муҳим. Агар у амалда барча хўжалик операцияларини ёппасига, узлуксиз, ҳужжатли ҳисобга олиш йўли билан тўпласа, рўйхатдан ўтказса ва умумлаштирса, шунингдек унинг асосида молиявий ва бошқа ҳисоботларни тузса, юзага келадиган барча оқибатлари билан бирга бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари ҳисобланади.

 

2

Қонун раҳбарга бухгалтерия юзасидан бутун жавобгарликни тўлиқ зиммасига олиши ва имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккала рўйхатида ўзини кўрсатишига имконият берадими?

Кўпгина амалиётчи бухгалтерлар бу саволга шубҳасиз ҳа деб жавоб берадилар. Бироқ бундай жавоб етарлича баҳсли саналади. Қонуннинг 11-моддасини диққат билан ўқиймиз. Раҳбар бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш усулини танлаши мумкинлиги аён, бироқ муқобил усуллари чексиз эмас. Улар учта: меҳнат шартномаси асосида бир ёки бир нечта бухгалтерни ёллаш (бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш); фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида штатдан ташқари бухгалтерни ёки ҳисоб юритишга ихтисослашган ташкилотни ёллаш; бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.

Шундай экан, назорат органлари «бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш» сўз бирикмасини айнан талқин қилишидан ҳеч ким суғурталанган эмас. Ҳисобни ё раҳбар, ёки бошқа шахс юритади. Бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш усулларидан бирини танлаш мантиқан олганда бир вақтнинг ўзида бошқасини қўллаш имкониятини истисно этади. Яъни қонун бир вақтнинг ўзида бухгалтерия хизматини ташкил этиш, унга маош тўлаш ва шу билан бирга раҳбарнинг бухгалтерия ҳисобини мустақил юритишига йўл қўймайди. Акс ҳолда бемаъни ҳолат юзага келиши тайин. Тегишинча, агар ташкилотда бухгалтер лавозими бўлса ёки унинг вазифалари амалда бошқа ходимга юклатилган бўлса, бухгалтерия ҳисобини раҳбар эмас, бухгалтерия ҳисоби хизмати юритади (у биргина бухгалтердан ташкил топган бўлса ҳам).

Бундан хулоса шуки – ташкилот раҳбари бухгалтерни имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккинчи рўйхатига киритиши шарт. Бу борада Қонун матнида ташкилот раҳбари ниманидир амалга ошириши «мумкин» ёки «ҳақли» деб айтилмаган. Қонуннинг 13-моддасида шак-шубҳасиз шундай дейилган: «Бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга бухгалтерия ҳисоби субъектида раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига эса, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради». Кўриниб турганидек, ножўя ҳаракат қилиш имкони йўқ, бундан бош тортиб бўлмайди. Ташкилот раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий бошқариш вазифаларини бажарган ҳолдагина иккала рўйхатда ўзини кўрсатиши ҳамда бухгалтер ўрнига имзо чекиши мумкин.

 

3

Имзонинг йўқлиги жавобгар бўлмасликни англатадими?

 

Юқорида айтилганларнинг ҳаммаси назарий гаплар, албатта. Амалиёт эса турли вазиятларга бой.

Бухгалтер раҳбарни бухгалтерия ҳисобини юритганлик учун жавобгарликни зиммасига олишга кўндирди, дейлик. Имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатида бухгалтер қайд этилмаган, тегишинча, у ҳеч қандай ҳужжатни имзоламайди. Савол туғилади – текширув чоғида бухгалтер маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладими?

Ташкилот фаолиятидаги иқтисодий ҳуқуқбузарликлар учун кўпинча унинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади. Шу сабабли аввало имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган бухгалтер мансабдор шахс деб ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини аниқлаб оламиз. Доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс мансабдор шахс деб эътироф этилади (МЖТКнинг 15-моддаси).

 

Бухгалтерия ҳисобини юритувчи ходимда имзолаш ҳуқуқи бўлмаса

ИЖОБИЙ ТОМОНЛАРИ

 

САЛБИЙ ТОМОНЛАРИ

 

Имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ходим МЖТКнинг 15-моддасига кўра мансабдор шахс деб эътироф этилмаслиги мумкин.

Бу қуйидагилар учун жазодан қутулишда ёрдам бериши эҳтимол:

касса операцияларини юритиш тартиби ва тўлов интизомини бузиш (МЖТКнинг 175-моддаси 3-қисми бўйича ЭКИҲнинг 15 бараваригача миқдорда жарима);

солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик (МЖТКнинг 175-моддаси 6-қисми бўйича ЭКИҲнинг 5 бараваригача миқдорда жарима);

бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш (МЖТКнинг 175-1-моддаси бўйича ЭКИҲнинг 10 бараваригача миқдорда жарима);

шартнома интизомини бузиш (МЖТКнинг 176-1-моддаси бўйича ЭКИҲнинг 15 бараваригача миқдорда жарима) ва бошқа ҳуқуқбузарликлар, бунда фақат мансабдор шахслар жавобгарликка тортиладилар

Бухгалтерия ҳисобини юритувчи ходимга имзолаш ҳуқуқини бермаслик «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига зид. Бунинг учун МЖТКнинг «Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш» деб номланган 175-1-моддаси бўйича ташкилот раҳбарига ЭКИҲнинг 10 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин. Шунингдек ЖКнинг 27 ва 28-моддаларига мувофиқ, ходимни жиноятда иштирокчи деб топиш ва уни жиноий жавобгарликка тортиш учун унда имзолаш ҳуқуқи ва (ёки) мансабдор шахс мақоми бўлиши шарт эмас. У қуйидагилар учун жазоланиши мумкин:

ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖКнинг 167-моддаси);

солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 184-моддаси);

мансаб сохтакорлиги (жиноятда иштирокчи сифатида) – 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 209-моддаси) ва кўплаб бошқа иқтисодий жиноятлар

 

Кўриниб турганидек, юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколатнинг мавжудлиги ходимни мансабдор шахс деб эътироф этишнинг асосий шартларидан бири бўлиб, у имзолаш ҳуқуқи билан узвий боғлиқ. Бухгалтерия ҳисоби соҳасида имзолаш ҳуқуқисиз юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалда содир этиб бўлмаслиги ҳисобга олинса, бу ҳуқуқ берилмаган бухгалтерия ходими мансабдор шахс деб ҳисобланмайди. Тегишинча, МЖТКда мансабдор шахсга нисбатан жавобгарлик қўлланиши тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда имзолаш ҳуқуқи берилмаган ходим маъмурий жавобгарликдан қутулиб қолади.

Жиноий жавобгарлик билан боғлиқ ишлар бошқа тусга эга. Жиноят ҳуқуқида жиноятда иштирокчилик деган тушунча мавжуд. Жиноят кодексига (27, 28-моддалар) кўра, жиноий ҳаракатларнинг бир қисмини бажарган ёки улар содир этилишига кўмаклашган мансабдор шахсгина эмас, балки оддий ходим ҳам иқтисодий жиноят иштирокчиси деб тан олиниши мумкин. Бунда ташкилотнинг молиявий ҳисоботларида ходимнинг имзоси мавжуд бўлиши шарт эмас. Терговчилар унинг жиноятда иштирокининг бошқа далилларини: «иккинчи бухгалтерия» дафтарларида унинг қўли билан қайд этилган норасмий ёзувлар, компьютеридаги электрон файллар, ноқонуний хўжалик операциялари хусусида раҳбар ва бошқа ходимлар билан музокаралари ва бошқа далилларни тўплашлари мумкин.

 

4

Раҳбар муайян хўжалик операциясини бажариш ҳақидаги ёзма фармойишни ўзи берди. Наҳотки бу бухгалтерни ҳимояловчи энг яхши восита бўлмаса?

Ҳақиқатан ҳам, ташкилот раҳбари қабул қиладиган қарорлар учун нима учун бухгалтер жавобгар бўлиши керак? Қонуннинг 12-моддасида айтилишича, ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтер ўртасида айрим хўжалик операцияларини амалга оширишга доир келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, улар бўйича ҳужжатлар операциялар амалга оширилишининг оқибатлари учун шахсан жавобгар бўлган раҳбарнинг ёзма фармойиши билан ижрога қабул қилиниши мумкин.

Ушбу меъёр бухгалтерга қўл келиши шубҳасиз. Бироқ у доим ҳам ҳимоя воситаси сифатида хизмат қила олмайди. Бюджет ташкилоти раҳбари бюджет маблағларини сметада назарда тутилмаган харажатларга йўллашга (МЖТКнинг 175-2-моддаси; ЖКнинг 184-1-моддаси) ёхуд танлов таомилларига риоя этмаган ҳолда товарларни очиқ-ойдин оширилган нархда сотиб олишга (МЖТКнинг 61-моддаси; ЖКнинг 167-моддаси) қарор қилди дейлик. Бухгалтер ташкилот раҳбаридан бу ҳақда буйруқ чиқаришини ёки ҳужжатга ўз имзосини қўйишини сўраши мумкин. Бу ҳолда ҳақиқатан ҳам раҳбар ўз ҳаракатлари учун шахсан жавоб беради. Бироқ бухгалтер солиқ солиш объектлари ҳисобдан яширилишига имкон яратса, уларнинг пулдаги баҳосини пасайтирса (МЖТКнинг 174, 175-моддалари; ЖКнинг 184-моддаси), бу ҳолда ҳимояловчи меъёр амал қилмайди. Чунки у фақат хўжалик операцияларини амалга ошириш ҳолларига нисбатан қўлланади. Бухгалтерия ҳисоби тўғрилигига унинг алоқаси йўқ.

 

Раҳбар «шубҳали» хўжалик операциясини бажариш ҳақида ёзма фармойиш берса

ИЖОБИЙ ТОМОНЛАРИ

 

САЛБИЙ ТОМОНЛАРИ

 

Агар бу бухгалтерия ҳисоботи бузиб кўрсатилишига олиб келмаса, ҳисоб юритувчи ходим фармойишни бажариш оқибатлари учун жавобгар бўлмайди ва қуйидагилар учун жазоланмайди:

ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш, агар ушбу операциялар излари бухгалтерия ҳужжатларида яширилмаган бўлса (ЖКнинг 167-моддасига кўра 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш);

қасддан банкротликка олиб келиш ­(ЖКнинг 181-1-моддасига кўра 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш);

бюджет интизомини бузиш (ЖКнинг ­184-1-моддасига кўра 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ва ҳ.к.

Фармойишни бажариш оқибатида бухгалтерия ҳисоботи бузиб кўрсатилса, ҳимояловчи меъёр амал қилишдан тўхтайди ва ҳисоб юритувчи ходим қуйидагилар учун жазоланиши мумкин:

ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш, ушбу операцияларни бухгалтерия ҳужжатларида яширишга уринган ҳолларда (ЖКнинг 167-моддасига кўра 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш);

банкротликни яшириш – 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 181-моддаси);

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 184-моддаси);

мансаб сохтакорлиги – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 209-моддаси) ва ҳ.к.

 

 

Изоҳ: ҳар бир аниқ ҳолатда суд ходимнинг айбини якка тартибда белгилайди.

 

ХУЛОСА

 

Қонуннинг 12-моддаси маъносига кўра лавозимнинг номланиши бухгалтерия ҳисобини юритувчи ходимнинг жавобгарлигини камайтирмайди. Кўпгина ташкилотларда фақат битта бухгалтерия ходими ишлаши, бўйсунувчилари бўлмаганда уни бош бухгалтер деб номлашдан маъно йўқлиги Қонунда ҳисобга олинган. Яъни лавозимни қандай (бош бухгалтер ёки бухгалтер деб) номламанг, амалда корхонада бухгалтерия ҳисобини юритувчи шахс юридик жиҳатдан унинг учун жавобгар бўлади.

Қонуннинг 11 ва 13-моддалари мазмунидан англашилишича, ташкилотда бухгалтер бўлганда раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккала рўйхатида ўзини кўрсатишга ҳақли эмас. Бироқ амалиётнинг кўрсатишича, бу ҳол нотўғри бўлса ҳам, амалда кўп учрайди.

Бироқ раҳбар ходимга имзолаш ҳуқуқини бермаган бўлса, МЖТКнинг 15-моддасига мувофиқ, у мансабдор шахс деб эътироф этилиши мумкин эмас. Бинобарин, МЖТК матнида маъмурий жавобгарлик тўғридан-тўғри мансабдор шахсларга юкланган ҳолларда бундай ходим бу жазога тортилиши керак эмас.

У жиноий жавобгарликка нисбатан қўлланмайди. Иқтисодий жиноятда қандайдир тарзда иштирок этган барча шахслар, ходим мансабдор шахс ҳисобланиши-ҳисобланмаслигидан қатъи назар, иштирокчи деб тан олинадилар (ЖКнинг 28-моддаси).

Қонуннинг 12-моддасига кўра, ташкилот раҳбарининг «шубҳали» хўжалик операцияларини бажариш ҳақидаги ёзма фармойишининг мавжудлиги бухгалтерия ходимини уларни бажарганлиги учун жавобгарликдан озод қилади. Бироқ Қонун бухгалтерни бухгалтерия ҳисобининг нотўғрилиги (солиқ солиш объекти ҳисобининг мавжуд эмаслиги, унинг қиймати пасайтирилганлиги ва ҳ.к.) учун жавобгарликдан озод этмайди. Шу сабабли раҳбарнинг фармойишини бажариш оқибатида бухгалтерия ҳисоботи бузиб кўрсатилса, бухгалтер раҳбар билан бир қаторда жавобгарликка тортилиши мумкин.

Самир ЛАТИПОВ,

«Norma Online» эксперти.

 


113.04.2016 йилги.

2«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 4-қисми.

Прочитано: 2239 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика