«Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар».
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 51-модда.
Солиқни ким тўлаши керак?
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни мулкида уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар бўлган фуқаролар, шу жумладан чет эл фуқаролари, шунингдек деҳқон хўжаликлари тўлайдилар.
Агар мол-мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчидир (Солиқ кодексининг 272-моддаси).
Квартира ёки уй йил мобайнида сотилган тақдирда, аввалги мулкдор солиқни йил бошидан эътиборан мол-мулкни сотган ойнинг бошланишига қадар тўлайди, янги мулкдор эса сотиб олган ойдан эътиборан тўлай бошлайди.
Квартира (уй, дала ҳовли иморати, гараж)га мулк ҳуқуқи мерос бўйича ўтган бўлса, солиқ ушбу ҳуқуқ қонунга кўра ўтган ойдан эътиборан тўланади.
Янги уй-жой ёхуд қандайдир бино ёки иншоот қурилганда мол-мулк солиғи кейинги йил бошидан эътиборан тўланади. Қандайдир иншоот бузиб ташланган тақдирда солиқни ундириш иншоот бузиб ташланган ойдан эътиборан тўхтатилади. Солиқ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун кўчмас мулк объекти ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига маҳалла қўмитаси томонидан берилган, бузиб ташланганлик фактини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этиш зарур (Солиқ кодексининг 277-моддаси).
Ер солиғини эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи (доимий ёки вақтинча) ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган фуқаролар ва деҳқон хўжаликлари тўлайдилар (Солиқ кодексининг 287-моддаси).
Йил мобайнида ажратилган ер участкалари учун ер солиғи ер участкаси ажратилганидан кейинги ойдан эътиборан тўланади. Муайян сабабларга кўра жорий йилда фойдаланилаётган ер участкаси майдони камайтирилган тақдирда (масалан, участка ёки унинг бир қисми сотилганда), солиқни тўлаш ер участкаси камайтирилган ойдан эътиборан тўхтатилади ёки унинг суммаси камайтирилади (Солиқ кодексининг 294-моддаси).
Солиқларни ҳисоблаб чиқариш тартиби
Мол-мулк солиғи
Солиқ суммаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан белгиланадиган кўчмас мулкнинг инвентаризация қийматидан келиб чиқиб аниқланади.
Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорига (19-илова) мувофиқ жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланган:
Солиқ солинадиган объектларнинг номи
|
Солиқ ставкаси, мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан %да |
Турар жойлар, квартиралар (бундан умумий майдони 200 кв.м дан ошиқ бўлганлари мустасно), дала ҳовли қурилмалари, гаражлар ва бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар
|
1,5
|
Шаҳарларда жойлашган, умумий майдони қуйидагича бўлган турар жойлар ва квартиралар:
|
|
200 кв.м дан ошиқ ва 500 кв.м гача бўлган
|
1,8
|
500 кв.м дан ошиқ бўлган
|
2,5
|
Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.метр дан ошиқ бўлган турар жойлар ва квартиралар
|
1,8
|
Солиқ солиш мақсадида мол-мулкнинг инвентаризация қиймати кадастр ҳужжатлари асосида, бироқ 3 000 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
Масалан, кадастр ҳужжатларига кўра мол-мулк қиймати 2 800 минг сўм миқдорида белгиланган бўлса, солиқ солиш мақсадида 3 000 минг сўм миқдоридаги қиймат қабул қилинади.
Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар белгилаган инвентаризация қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун қуйидаги миқдорларни ташкил этувчи мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади:
20 328 минг сўм – Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида;
8 833 минг сўм – бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг 2 баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.
Масалан, агар сиз қишлоқ жойда янги уй қурган, бироқ уни тегишли давлат органларида белгиланган тартибда ва муддатларда рўйхатдан ўтказмаган бўлсангиз, бу ҳолда солиқ органлари 17 666 минг сўмлик (8 833 х 2) мол-мулк шартли қийматининг 2 баравари миқдоридан келиб чиқиб мол-мулк солиғини ҳисоблаб ёзишга ҳақли бўладилар.
Жисмоний шахслар кўчмас мулк объектларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланганда ёхуд уларни юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берганда, шунингдек турар жой фонди объектларини нотурар жой фонди тоифасига ўтказганда ёки нотурар жой фонди объектларини (бинолар, бинодаги хоналарни) мулк сифатида харид қилганда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставкада тўланади.
Масалан, инвентаризация қиймати 20 000 минг сўм бўлган турар жой фондидаги кўчмас мулкни юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берсангиз ёхуд уни нотурар жой фондига ўтказган бўлсангиз, мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришда 1,5%лик (жисмоний шахслар учун белгиланган) эмас, балки 5%лик (юридик шахслар учун белгиланган) солиқ ставкаси қўлланади: 20 000 х 5% = 1 000 минг сўм.
Жисмоний шахс ёки оилавий корхона турар жой хонасида истиқомат қилиш билан бир вақтда ундан товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставкада тўланади.
Ер солиғи
Жисмоний шахслар учун қуйидаги ер участкалари солиқ солиш объектидир:
деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган, умрбод эгалик қилишга берилган ер участкалари;
якка тартибда уй-жой қурилиши учун мерос қилиб қолдириладиган, умрбод эгалик қилишга берилган ер участкалари;
жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун берилган, шунингдек якка тартибдаги гаражлар эгаллаган ер участкалари;
хизмат юзасидан берилган чек ерлар;
мерос бўйича, ҳадя қилиниши ёки олиниши натижасида уй-жой ва иморатлар билан биргаликда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтган ер участкалари;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулк қилиб олинган ер участкалари;
тадбиркорлик фаолияти юритиш учун фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкалари (Солиқ кодексининг 288-моддаси).
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг маълумотлари асосида ер участкаларининг майдонига ер солиғи солинади.
Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун фуқароларга берилган, шунингдек якка тартибдаги гаражлар эгаллаган ер участкаларининг майдонлари бўйича солиқ солинадиган база ушбу ер участкаларини берган ташкилотлар бошқарув органларининг маълумотлари бўйича аниқланади.
Хизмат юзасидан берилган чек ерларнинг майдонлари бўйича солиқ солинадиган база ўз ходимларига ер участкалари берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маълумотлари бўйича аниқланади (Солиқ кодексининг 289-моддаси).
Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, жойлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаллаган ер участкалари учун жисмоний шахслардан ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади.
Жисмоний шахс ёки оилавий корхона ер участкасидан унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади (Солиқ кодексининг 291-моддаси).
Ер солиғи ставкалари ер участкаси жойлашган жой, вилоят, шаҳар, туманга қараб белгиланади. Солиқ ставкалари Президентнинг ПҚ-2455-сон қарорига 20-иловада келтирилган.
Солиқлар бўйича имтиёзлар
Қонун ҳужжатларига кўра айрим тоифадаги шахслар ёки кўчмас мулк объектлари ва ер участкалари учун имтиёзлар белгиланган.
Масалан, «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар;
уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар;
I ва II гуруҳ ногиронлари мулкида бўлган мол-мулк ва ер участкаларига солиқ солинмайди.
10 нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар, пенсионерлар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари учун белгиланган мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар солиқ солинмайдиган майдон – 60 кв.м ўлчами доирасида берилади.
Масалан, кўп болали онага ёки пенсионерга тегишли квартиранинг умумий майдони 70 кв.метрга тенг бўлса, кадастр ҳужжатларига кўра эса квартиранинг инвентаризация қиймати 10 000 минг сўм бўлса, квартира майдонининг фақат 10 кв.метрига солиқ солинади. Бу ҳолда солиқ суммаси 21,43 минг сўмни (10 000 / 70 х (70 – 60) х 1,5%) ташкил этади.
Бунда имтиёзлар мулкдорнинг танлашига биноан фақат 1 мол-мулк объектига тааллуқли бўлади.
Имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган солиқ солиш объектларига нисбатан қўлланилмайди.
Жисмоний шахслар учун имтиёзлар рўйхати ва уларни қўллаш тартиби Солиқ кодексида батафсил ёритилган:
мол-мулк солиғи бўйича – 275-моддада;
ер солиғи бўйича – 290-моддада.
Имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган солиқ тўловчилар кўчмас мулк ва (ёки) ер участкаси ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига уларни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни (пенсия гувоҳномаси, уруш ногирони (қатнашчиси) гувоҳномаси, маҳалла қўмитасининг болалар борлигини ёки пенсионер ёлғиз яшашини тасдиқловчи маълумотномаси ва ҳ.к.) тақдим этишлари шарт.
Солиқ қандай ҳисобланади?
Фуқароларнинг солиқлар суммасини ҳисоблашларига ҳожат йўқ.
Қонун ҳужжатларига кўра кўчмас мулк объекти (ер участкаси) ҳисобга олинган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекцияси ходимлари солиқлар суммаларини мустақил равишда ҳисоблаб, ҳар йили 1 майдан кечиктирмай тўловчига имзо қўйдирган ҳолда солиқ тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномасини топширадилар.
Агар муайян сабабларга кўра солиқ тўловчи хабарномани олмаган бўлса ёхуд хабарномада кўрсатилган солиқ суммаси тўғри ҳисобланганлиги борасида унда шубҳа туғилса ёки хабарномада жисмоний шахс фойдаланишга ҳақли бўлган солиқ бўйича имтиёзлар ҳисобга олинмаган бўлса, солиқларни тўлаш муддати ўтгунга қадар шахсан ўзи солиқ инспекциясига бориши ҳамда солиқлар ҳисобланиши ва тўланишига доир барча жиҳатларни аниқлаб олиши зарур.
Солиқлар ҳақидаги зарур ахборотни Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг my.gov.uz сайтидан ҳам олиш мумкин. Бироқ бунинг учун электрон рақамли имзо калитига эга бўлиш лозим. (Уни ўз паспорт маълумотлари ва СТИРни кўрсатган ҳолда ариза ёзиб, яшаш жойидан қатъи назар исталган солиқ инспекциясида олиш мумкин.) Ўзингизнинг «Шахсий кабинет»га кириб, қанча солиқлар суммасини қайси муддатларда тўлашингиз лозимлигини билиб оласиз.
Масалан, агар «Солиқлар ва солиқ солиш» иловасида «Жисмоний шахслар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар», «Жисмоний шахслар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари», «Жисмоний шахслар учун солиқ имтиёзлари» ҳаволалари орқали кирилса, жисмоний шахслар тўлайдиган барча солиқлар бўйича тегишли ахборотни юклаб олиш мумкин.
«Жисмоний шахслар учун» бўлимидаги «Интерактив хизматлар» иловасида «Жисмоний шахсларнинг солиқлари бўйича маслаҳатчи» ҳаволаси орқали кириб, ўз солиқларини мустақил ҳисоблаб чиқариш ва бу билан улар тўғри ҳисоблаб чиқарилишини назорат қилиш мумкин. Буни амалга оширишда «Электрон калькулятор» интерактив хизмати ёрдам беради.
Бунинг учун солиқ тўловчи ўзига тегишли ахборотни қайд этадиган катаклар тўлдирилади. Калькуляторда «Имтиёз тури» дарчасида рўйхати келтирилган солиқ имтиёзларини автоматик ҳисоблаб чиқариш имконияти ҳам назарда тутилган. Имтиёзни қайд этиш учун уни рўйхатдан танлаб олишнинг ўзи кифоя.
Мол-мулк ёки ер участкаси бўйича зарур бошланғич ахборот киритилгандан ва «Ҳисоблаб чиқариш» тугмаси босилгандан кейин компьютер экранида тўланадиган солиқ суммаси ва унга доир имтиёз суммаси акс этади.
Бунда ушбу ахборотни қоғозга чиқариш ёки электрон кўринишда сақлаб қўйиш мумкин.
Солиқлар қандай тўланади?
Солиқларни тўлаш учун банкка бориш керак эмас. Тўғридан-тўғри уйдан ёки офисдан туриб унинг хизматларидан фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги қарийб барча банклар юридик ва жисмоний шахсларга Интернет орқали ўз банк ҳисобрақамини бошқариш имконини берувчи «Интернет-банкинг» сервисини тақдим этмоқдалар.
Ушбу сервис билан тўлақонли ишлаш учун Интернетга уланган компьютерга ва хизмат кўрсатувчи банк берган электрон калитга эга бўлиш етарли.
Солиқларни муайян тўлов сервислари ёрдамида уяли телефон орқали ҳам тўлаш мумкин. Click (click.uz) тўлов тизимига ёки Sms-To’lov (smst.uz) сервисига уланишнинг ўзи кифоя.
Агар маошингизни олиш вақти ҳали келмаган, солиқларни тўлаш муддатлари эса ўтиб кетаётган вазиятга тушиб қолсангиз, бу ҳолда иш берувчингизга иш ҳақи ҳисобига бўнак қилиб солиқлар бўйича қарзингизни тўлашини сўраб ёзма ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин. Тўланган солиқ суммасини иш берувчи кейинчалик иш ҳақингиздан ушлаб қолади.
Тўламаганлик учун жавобгарлик
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузиш тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033% миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади. Пеня ундирилиши солиқ тўловчини солиқ мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди (Солиқ кодексининг 120-моддаси).
Солиқларни тўлаш муддати ўтгандан кейин 30 кундан кечиктирмай ДСИ солиқ қарзини тўлаш ҳақидаги талабни юборади, у олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ижро этилиши зарур. Агар солиқлар бўйича қарз суммаси 651 200 сўмдан (ЭКИҲнинг 5 баравари) ошса ва тўлов келиб тушмаса, солиқ органлари сиздан қарзни ундиришни сўраб судга мурожаат қилишга ҳақли бўладилар.
Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини 14 октябрдан кечиктирмай тўланг.
Қайтар алоқа
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахслари аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Шу сабабли давлат органлари билан алоқадор айрим масалаларни ҳал этишингизда ёрдам керак бўлса ёки муайян давлат (шу жумладан солиқ) органларининг ходимлари ҳуқуқ ва манфаатларингизни поймол этди деб ҳисобласангиз, my.gov.uz сайти орқали ушбу орган раҳбариятига мурожаат этишингиз ёки қабулига ёзилишингиз ёхуд куну тун ишлайдиган 1060 ва (8 800) 200-18-18 телефонлари орқали қўнғироқ қилишингиз мумкин. Буни soliq.uz сайтида «Қайтар алоқа» рукнида ёки (8 371) 244-98-98 ишонч телефони орқали қилиш мумкин.
Солиқларимиз нималарга сарфланади?
Ер солиғи ва мол-мулк солиғи маҳаллий солиқлар сирасига киради. Ушбу солиқлар кўринишида келиб тушадиган маблағлар мол-мулк ва (ёки) ер участкаси жойлашган ҳудуддаги туман ёки шаҳарнинг маҳаллий бюджетига йўналтирилади.
Бу маблағлар қуйидагиларга сарфланади:
халқ таълими муассасаларини тутиб туриш ва фаолиятини ташкил этишга;
даволаш-профилактика муассасалари ва давсанэпидемназорат муассасаларини тутиб туришга;
қабул қилинган давлат дастурларига кўра – фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга;
маданият, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини тутиб туришга;
кам таъминланган оилалар, табиий офатлардан зарар кўрган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам бериш учун;
ветлабораториялар ва ҳайвонларнинг касалликларига қарши курашиш станцияларини тутиб туришга;
кўчалар, уй-жой-коммунал хўжалик объектларини таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштиришга;
ҳокимликлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини тутиб туришга;
молиялаштирилиши туманлар ва шаҳарлар бюджетлари билан назарда тутилган бошқа чора-тадбирларга.
Солиқларни тўлаб, вояга етиб келаётган авлод, фарзандларимиз ва набираларимизнинг таълим олиши ва маданий жиҳатдан ривожланишига ҳиссамизни қўшамиз, кам таъминланган оилалар, пенсионерлар, ногиронларга ёрдам берамиз, йўллар ва кўчаларни таъмирлашда, ўзимиз яшайдиган туманни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда иштирок этамиз.
Солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаш – фуқаролик бурчимиз.
«Norma Online» эксперти Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ тайёрлади.