Norma.uz

Ислоҳотлар жараёнида «қоврилиб»

 

Ислоҳотлар жараёнида «қоврилиб» ёки «лип этиб опчиқиб қўяди»

 

13 йилдирки, Тошкентдаги «Берёза коммунал сервис» бошқарув компаниясининг (кейинги ўринларда – БК) электр механиги Акмал Мирсоатов ўз қўни-қўшниларининг турмушини янада чиройли ва қулай қилиш хизматида. Чилонзорнинг «Е» мавзесида жойлашган учта 9 қаватли уйнинг аҳолиси учун у бегона эмас – ўзларининг одами, бу эса уларни хушнуд ҳам қилади. Акмал шу одамларнинг кўз ўнгида ўсиб-улғайди, кўпчилик уни болалигидан яхши билади. Бугун эса у қўшнилар хизматида ҳормай-толмай меҳнат қилмоқда.

 

Қўшнилар уни ҳурмат қилишади, чунки Акмал ишга киришдими, демак, кўнгилни хотиржам қилса бўлади: лифтлар ўз маромида ишлаб кетади; электр билан боғлиқ муаммолар ҳал этилади; ёрилган қувурни ўзи алмаштиради. Бошқа юмушларни ҳам виждонан, қойилмақом қилиб бажаради. Бунда ҳеч бир риё ёки хўжакўрсинлик йўқ – профессионаллар бошқача ишлолмайди, вассалом. Бу юқори даражадаги масъулият, жавобгарлик дегани, ишига бутун қалб қўрини бериб, ҳаммадан яхшироқ бажаради. Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида бундай ходимларнинг бўлиши уларнинг ютуғидир. Бир сўз билан айтганда, қўшниларнинг, шу билан бирга БКнинг ҳам омади чопган экан. Бошқарув компаниясининг штатида ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам ураверадиган ходимга эга бўлиш – лотереяга ютуқ чиққани билан баробар гап. Бир қарасангиз, у механик, электрик ва сантехник ҳам бўлиб қолади – қисқаси ҳар томонлама мутахассис. Боз устига яхши йигит ҳам. Одамларни ҳурмат қилади, ўз ишини севади ва уни миридан сиригача пухта билади.

 

Дарахт бир жойда кўкаради

«Берёза коммунал сервис» БК директори Валентина Азимова Акмални ёшлик чоғиданоқ кузатиб юрганлигини айтади. Тенгдошлари кўча-кўйни чангитиб юришган бир вақтда у телевизорларнинг барча схемаларини ўрганар эди – Акмал болалигидан радиотехникага қизиқиши катталиги билан ажралиб турган. Схемаларни китобни ўқигандек ўрганган, деталлардан телевизор ва радиоприёмниклар ясар эди. Акмалнинг қатъийлиги, интилувчанлигига эътибор берган эди. Мактабдан сўнг у радиотехника билим юртига ўқишга кирди. Ўқишни битирди-ю, лекин мутахассислиги бўйича ишламади. Қайта қуриш даври бошланди, дурадгорлик цехига ишга кирди, кейин эса қурилишда ишлади. Ҳаёт тажрибасига эга бўлиб, ўзининг билимлар захирасини мисқоллаб тўлдира борди. Шу тариқа дунёқараши, ишга муносабати шаклланди.

2003 йилда, ўша вақтда ширкатни бошқараётган Валентина Азимова Акмални ХУМШга электрик ва сантехник бўлиб ўтишга чақира бошлади. Йигитча бу ишнинг уддасидан чиқа олишига, юмушларни аввалгидек қизиқиш ва пухталик билан ўзлаштира олишига тамоман кўзи етарди. Бу таклифдан Акмал узоқ вақтгача бош тортиб юрди. Ота-онасининг маслаҳатлари эса масалани ҳал этди, дарвоқе улар ҳам уй-жой коммунал соҳасида – дастлаб «жэк»да, кейинчалик ижара корхонасида ишлашган. «Одамларга фойданг тегадиган иш билан машғул бўл, болам, улардан ҳам албатта хайр кўрасан, – деди отаси. – Дарахт бир жойда кўкаради».

ХУМШда дастлабки йиллари иш анча машаққатли кечган, дейди у. Одамлар 3 йилгача иситиш тизимисиз ўтиришган – қувурлар тешилиб кетган эди. Ертўлага тушмоқчи бўлганда кўрдики, сув елкагача келади. Ўшанда «Буларнинг ҳаммаси менга нима учун керак?» деганини тан олади. Кейин эса қарор қилди: «Ахир биз шу ерда яшаймиз-ку, болаларимиз улғаймоқда. Уларга биздан кейин нима қолади? Мана шундай уйларми? Йўқ, буларни тартибга келтириш керак».

Акмал электриклик ва сантехниклик соҳаларини тезда ўзлаштириб олди. Электр ва иссиқлик таъминоти, иссиқлик тармоғи тизимлари схемаларини чизиб олди, уларни пухта ўрганди. Бир неча ойдан сўнг муҳандислик коммуникацияларини кўзини юмиб биладиган бўлди. Ертўлани қуритиб, иссиқлик таъминотини ўрнатишди. Бошқа ишлар ҳам секин-аста расамадига кела бошлади. У вақтларда УЖК соҳасидаги ислоҳотлар девнинг қадами билан амалга оширилар эди. «Натурал хўжаликлар» – катта штатга эга бўлган йирик ширкатлар ўрнига ўз самарадорлигини кўрсата олган бир уй доирасидаги ва кичик ХУМШлар майдонга келди. Кўп қаватли уй-жой фондига хизмат кўрсатишнинг амалиёти шу тариқа профессионал бошқарув компанияларини тузиш заруратини юзага чиқарди.

«Эсимда, ўшанда Валя опа айтган эди: «Бизнинг уйларда лифтлар кўп, ўзимиз эса уларга хизмат кўрсатиш учун четдан ходимларни ёллаб ўтирибмиз, уларнинг иши эса доим ҳам қониқарли бўлаётгани йўқ, – дейди Акмал. – Балки бошқарув компаниясини тузиб, лифтларга ўзимиз хизмат кўрсатармиз? Шу янги ишга бир қўл уриб кўрсанг-чи». Лекин лифтлар одамлар хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган мураккаб ускуна ҳисобланади. Жавобгарлиги катта. Дастлаб бу юмушга қўл уришга юраги дов бермади. Кейин эса: «Нима қипти? Янги тажриба, янги билимлар беради. Уддалаб кетаман», – деб қарор қилди.

Яна ўқиб-ўрганишга шўнғиб кетди. Электр механиклик дипломини қўлга киритди. БКга ХУМШлардан лифтларни таъмирлашга буюртмалар туша бошлади. Ёшларни бу ишга ўргатди. Бугунги кунда БК шаҳар бўйича 109 та лифтга хизмат кўрсатади. Уларнинг ҳар биридаги муаммони Акмал дирижёр сингари тезда илғаб олади. Одамлар ҳам ундан миннатдор. Валентинанинг гапига қараганда, агар Акмал бир ишга киришса, кўнгил хотиржам бўлса бўлаверади: ҳамма муаммолар ҳал этилади. Бирор-бир носозликлар юз бергудек бўлса, буюртмачилар айнан Акмал келишини сўрашлари ҳам бежиз эмас. Яқинда у ҳақда Қорақалпоғистондаги коммуналчилар билиб қолишди. БК билан шартнома тузишди. Акмал ихтисослаштирилган фирманинг ходими билан биргаликда Нукусдаги иккита 9 қаватли бинонинг лифт хўжалигини тартибга келтириш учун жўнаб кетди. У ерда 2003 йилда 8 та кўтаргич ўрнатилган эди, лекин нотўғри уланганлик сабабидан бу лифтлар бир кун ҳам ишламаган эди. Гап нимада эканлигини дарҳол аниқлашди, механизмни ишга тушириб юборишди. Нукусликлар Акмални қўйиб юбормоқчи бўлишмади, шу ерда қолишини сўрашди, ҳатто 4 хонали уйни таклиф этишди. Лекин... дарахт бир жойда кўкаради-да.

 

Уй-жой соҳасининг академиги

«Менимча, инсон умр бўйи ўқиб-ўрганиши, ўзи билган нарсаларни бошқаларга етказиши, бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак, – дейди Акмал. – Бу гап айниқса уй-жой хўжалиги соҳасига тегишли. Киши соҳанинг академиги бўлиб етишиш керак (кулади у), уй хўжалигининг икир-чикирларигача тушуниши, яхши руҳшунос бўлиши даркор. Ҳар куни бир қанча одамлар билан мулоқотда бўламан. Улар билан тил топишишга, сабрли бўлиб, билмаган нарсаларини тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Масалан, ёзда сув циркуляциясининг линияси мавжуд бўлмаганлиги сабабидан ҳисоблагич бўйича иссиқ сувнинг харажати ошиб кетади ва иссиқ сувнинг ҳарорати ўрнатилган параметрларга жавоб бермай қўяди. Аҳоли норози бўлиб, ҳисоблагични ўчириб қўйишни илтимос қилишади. Баъзида иссиқ сув «юра бошлаши»ни ва ҳисоблагич жиҳози ишлаб кетишини сабр билан кутишга тўғри келади. Ҳисоблагични ўчириш мумкин эмаслигини ётиғи билан тушунтираман. «Тошиссиққуввати» эса иссиқ сувнинг совуши коэффициентини қўллаб, унинг харажатларини мавсум оралиғида ёпади. Ёки жорий йили баҳорда ҳаво исиб кетгани туфайли яшовчилар иссиқликни пасайтиришни сўрашган. Бизда иситиш марказлашган тизимда эканлигини, уни якка тартибда пасайтиришнинг иложи йўқлигини яна тушунтиришга тўғри келди.

Албатта, одамлар ҳар хил. Шунинг учун муайян бир масала бўйича муносабатлар ҳам турличадир. Масалан, машиналар тротуарлар бўйлаб ҳаракатланаётгани, уйлар олдида қўним топишаётганини айтиб шикоят қилишади. Шлагбаум ўрнатилди. Баъзилар бундан миннатдор бўлишса, баъзилар «нега уни ўрнатдингиз, айланиб ўтиш ноқулай бўлмоқда» дейишмоқда. Ёки канализацияни таъмирладик, ундан олдин сув ўчирилишини айтиб қўшниларни огоҳлантирган эдик. Айримлар ишимиздан мамнун бўлса, айримлар «Бу нима аҳвол, сув нимага йўқ?» деб ҳайратини яширмайди. Битта уйга тўлиқ БК хизмат кўрсатар эди, кейин у бундан воз кечди. Биз уй йўлкалари устига соябонлар қура бошладик. Улар кўп қаватли уйларни жуда безади. Кейин БК хизматидан воз кечган уй аҳолиси олдимизга келиб, «Соябонларни бизга ҳам қуриб берасизларми?» деб сўрашди. Биз: «Йўқ, ахир сизлар БКдан чиқиб кетгансиз-ку» деб жавоб бердик. «Бизларга ҳам шунақасидан бўлишини хоҳлардик» деб хафа бўлиб қолишди. Отам кўпинча олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, кўл чўлга айланганда сувнинг қадрига етиб қоласан, дердилар. Одамлар шунақа-да.

Ишда ижобий жиҳатлар албатта кўп. Ўз қўшниларингга хизмат кўрсатган афзалми ёки бегоналаргами – аниқ бир нарса дейиш қийин. Лекин нима бўлганда ҳам уйларимиз ўзгараётгани, одамларимиз мамнунлигини кўриб, киши хотиржам бўлади. Бир сафар эндигина ишни тугатиб бўлган эдик, бир кекса аёл Валентинадан Акмални сўраб қолди. «Мен пирог пиширдим, чой дамладим, меҳнати учун раҳмат билдириб қўймоқчи эдим» дейди. Ёки 16 қаватли уйда лифтни созлаганимизни эслайман. Одамлар «Ҳаммада лифт ишлайди, бизда эса ишламайди. Жуда қийналиб кетдик» деб хафа бўлишганини эслайман. Кўтаргич ишлай бошлагандан кейинги уларнинг хурсандлигини кўрсангиз! Мана шу ҳол мен учун катта мукофотдир».

 

Ишларимиз бажарилди, лекин тинмаяпмиз

«БК ва ХУМШдаги иш 24 соат давом этади, – дейди Акмал. – Бизнинг ишимиз кунни тунга, тунни кунга улайди. Сабаби уйлардаги муаммо ва авария ҳолатлари тушлик нималигини, дам олиш вақти нима эканлигини билмайди. Биз ўзимизга шиор қилиб олганмиз: агар сиз уй хўжалигида ишлайдиган бўлсангиз, кенгроқ масалаларни ҳал этишга қодир бўлинг. Яқинда биз йўлкаларни бетонладик, аҳолини бетон қотмагунча бу ерлардан ўтмаслигини огоҳлантирдик. Кейин эса яна бирор киши адашиб ўтиб қолмасин деб, эрталабгача ўзимиз навбатчилик билан қоровуллаб чиқишга мажбур бўлдик.

Бир сафар одамлар кечаси ухлолмаётганликларидан шикоят қилишди – кимдир дераза тагида кукулайвериб тинчлик бермас эмиш. Биз Валентина опа билан участка милициясини чақириб, 2 соат пистирмада ўтирдик. Охир-оқибат тунги тинчлик бузувчини қўлга туширдик, у қушча экан. Қушча ухлашга халақит бермасин деб, дарахт шохларини буталаб ташладик. Кимдир бу ХУМШнинг вазифаларига кирмайди, унинг иши фақат уй хўжалигини юритиш билан чекланади деб ўйлаши мумкин. Лекин биз учун инсон ва унинг қадр-қиммати муҳимроқ масаладир. Уйни сақлаш вазифасини зиммамизга олдикми, одамларга ҳамма масалаларда кўмак беришга ҳаракат қиламиз.

Нима хафа қилади, дейсизми? Одамлар ўз умумий мулкларини эҳтиёт қилишни исташмайди. Ахир мол-мулкнинг сақланиши учун улар маблағ тўлашади. Лекин айни вақтда унинг сақланиши учун жон куйдиришмайди: болалар йўлкаларнинг таъмирдан чиққан деворларини, лифт кабиналарини тирнашади, уй атрофларига ахлатлар ташлашади. Агар биз авваллари видеокамера қўйишга унчалик ошиқмаган бўлсак-да, энди уни қўйишга эҳтиёж сезмоқдамиз. Ҳар бир лифтнинг бузилишида инсон омили туради. Одамлар унга қурилиш материаллари ва чиқиндиларни, мебелни ортишади, болалар доим ўйнаб учиб юришади. Бир сафар лифт кабинасига радио ўрнатдим. Одамларга мусиқа эшитиб ҳаракатланиш ёқимли бўлар деб ўйлагандим. Дарҳол унинг динамикасини бузиб қўйишди, 3 қайта ўзгартирсам ҳам шу аҳвол – бузиб ташлашаверди. Лифт ичида нарсалар ёқишади, сигареталар ташлашади, вентиляция тўрларига сақичлар ёпиштиришади. Одамга алам қилади – ахир шу ишларни ҳеч ким ўз квартирасида қилмайди-ку.

Баъзида одамлардан уларнинг ширкати, раиси ёмонлиги ҳақида эшитиб қоламиз, ХУМШ раҳбарлари эса аҳолидан нолишади: фалон-писмадон, пулларни тўлашмайди, фақат талаб қилишни билишади. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкин – ким ишлашни хоҳласа, ишлайди, баҳона қидирганга эса важ-корсон ҳам топилаверади. Шаҳар бўйлаб кўп сайр қиламан. Уйларни ўз ҳолига ташлаб қўйилган жойларни кўраман. Сантехниги, электриги йўқ, ҳеч бир ҳаракат сезилмайди. Ахир уйларимиз доимий эътибор, профилактика ва маблағ сарфини талаб қилади. Бу худди инсон организмига ўхшайди, уни парваришлаб, асраб-авайлаш керак, аҳоли бадалларини жой-жойига ишлатиш лозим. Бизнинг БКга қарашли учта 9 қаватли уйда йирик харажатларни талаб қилувчи барча ишлар амалда бажарилган. Лекин бу билан биз бўшашаётганимиз йўқ. Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ободонлаштириш бўйича катта ишларни режалаштириб, амалга оширдик. Уйлар атрофидаги йўлакчаларни бетонладик, ҳудудни кўкаламзорлаштирдик (БК ҳатто 2 нафар боғбонни штатга олмоқчи). Ирригация тизимини тартибга келтирдик, автотурар жой ва болалар майдончаларини қуришни режага киритганмиз. Йўлак ва ертўлаларни таъмирдан чиқардик, сув тўпланмаслиги учун сув чиқариш қувурларини лотокларга чиқардик, канализация тизимини тузатдик, шлагбаумлар ўрнатдик. Бу ишларнинг барчаси кредитлар ҳисобидан бажарилиб, аҳоли уни жадвалдан олдин сўндириб бормоқда. Автотурар жой ва болалар майдончаларини ХУМШ аъзоларининг ҳисобидан бажармоқчимиз. Ишларимиз «қайнаб» ётибди, ҳаммаси кўз ўнгимизда ўзгармоқда.

13 йиллик уй хўжалигидаги фаолиятим давомида қандай ўзгаришлар бўлганини кузатиб бораман. Бизнинг БК ана шу янгиланиш жараёнларининг иштирокчиси, етакчиларидан бири эканлигидан фахрланаман. Биз ҳар бир янгиланишни ўзимизда қўллашдан чўчимадик, дадил бўлдик ва одамларимизнинг миннатдорчилиги бизга қанот бағишлади. Барча буюртмачиларимиз, қўшниларимиз, ўзбекистонликларни Ўзбекистон истиқлолининг 25 йиллиги билан чин дилдан қутлайман, ҳаммага соғлик-саломатлик, ободлик, фаровонлик тилайман, ҳеч бир уйнинг чироғи ўчмасин».

 

 

Уй олдидаги ер

 

Яқин вақтгача ҳудудларни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг формулировкаларида «туташ ҳудуд» ва «уй атрофидаги ҳудуд» тушунчалари ўртасида аниқ фарқ йўқ эди.

 

Шу сабабли «ер участкаси», «умумий фойдаланишдаги ер», «туташ ҳудуд» ва «уй атрофидаги ҳудуд», «туташ участка» тушунчалари чалкашиб кетар, нотўғри талқин қилинар эди. 0329-16-сон СанҚМ* амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги тушунчаларга аниқ таъриф берди:

туташ ҳудуд – асосий ҳудуд, қурилиш майдончаси, савдо объекти, жамоат транспортининг охирги тўхташ жойлари ва мулкчилик, эгалик қилиш, фойдаланиш, шунингдек ижара ҳуқуқида бўлган бошқа объектларнинг чегараларига бевосита туташ бўлган, эни 15 метрлик ёки майда чакана савдо тармоғи объектлари, кичик архитектура шаклларидаги объектлар, алоҳида турувчи реклама конструкциялари учун асосий ҳудуддан периметр бўйича эни 5 метрлик ҳудуд;

уй атрофидаги ҳудуд – кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси, унинг (участканинг) чегаралари давлат кадастр ҳисоби маълумотлари асосида белгиланган ёки кўп квартирали уй жойлашган, техник паспортда кўрсатилган чегаралар режаси бўлган, таркибига майдончалар, боғлар, йўлкалар ҳамда мавзе ичидаги йўллар ва тор кўчалар кирадиган ер участкаси.

Ушбу формулировкалар ХУМШга туташ ҳудудни сақлаш (тозалаш) вазифасини мажбуран юклаш масаласида уй-жой мулкдорларининг манфаатларини юридик жиҳатдан тўғри ҳимоялаш имконини беради, чунки ҳужжатда фақат уй атрофидаги ҳудудни сақлаш (тозалаш) мажбурияти белгиланган. Ер ва Уй-жой кодекслари, шунингдек «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун амалга киритилгунча чиқарилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бошқа таърифларга ҳаволалар амалдаги қонунчиликка номувофиқ ҳаволалар сифатида асоссиз ҳисобланади. Ҳудудни сақлаш масалалари ердан фойдаланишга тааллуқлидир. 0329-16-сон СанҚМ уларга қўшимча аниқлик киритди.

 

Кўп квартирали уйлар атрофидаги ер участкалари мазкур уйлар бошқарувини амалга оширувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш учун берилади.

Ер кодексининг 63-моддаси.

 

Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига қуйидагилар киради:

майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, суғориш тармоғи, соҳилбўйи ерлари ва шу каби ерлар;

аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар);

коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар (қабристонлар, чиқиндиларни зарарсизлантириш ва улардан фойдаланиш жойлари ва бошқа шу каби жойлар).

Умумий фойдаланишдаги ерлар муайян юридик ва жисмоний шахсларга бириктириб қўйилмайди ҳамда бевосита шаҳар, туман давлат ҳокимияти органларининг ихтиёрида бўлади.

Аҳоли пунктларидаги сув ҳавзаларининг соҳилбўйи ерлари ва қирғоқ минтақасидан биринчи навбатда дам олиш ва спорт мақсадларида фойдаланилади.

Умумий фойдаланишдаги ерларда бу ер қайси мақсадга хизмат қилса, фақат шунга мос келадиган иморат ва иншоотлар қуришга рухсат берилади.

Йўллар ва ариқ тармоқлари эгаллаган ерлардан ташқари умумий фойдаланишдаги ерлардан туман ёки шаҳар ҳокимининг қарорига биноан юридик шахслар ва фуқароларга енгил иморат ва иншоотлар (савдо чодирлари, дўкончалар, реклама иншоотлари ва шу кабилар) қуришда вақтинча фойдаланишга ижара шартлари асосида ер участкалари берилиши мумкин.

Ер кодексининг 64-моддаси.

 

Ер участкаси – ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.

Ер кодексининг 10-моддаси.

 

Агар ер участкасига хўжалик бинолари (гараж, отхона, оғилхона, омборхона, ертўла ва шу кабилар) қуриш ушбу участкада жойлашган юридик шахслар ёки уй-жойларда яшовчи жисмоний шахсларнинг манфаатларига зарар келтирса, бундай қурилишни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Ер кодексининг 62-моддаси.

 

Кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдори ўзига қарашли турар жойни ўз ҳисобидан тегишли техник ва санитария ҳолатида сақлайди, шунингдек кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни ва шу уйга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкасини сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олади.

Уй-жой кодексининг 132-моддаси.

 

Ширкат умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаши шарт.

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси.

 

0329-16-сон СанҚМ ҳудудларни сақлаш ва ободонлаштиришга талабларни белгилаб, бу билан ўқувчиларимизнинг бошқа бир қатор саволларига жавоб берди.

 

*«Ўзбекистон Республикаси шароитида аҳоли яшайдиган жойларнинг ҳудудларини сақлаш ва ободонлаштиришнинг санитария қоидалари ва меъёрлари» (Бош давлат санитария врачи томонидан 6.05.2016 йилда тасдиқланган).

 

 

Бизга ёзган эдингиз

 

Ахлат меъёрномалари

 

Аҳоли жон бошига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш меъёрлари қандай ва уларни қанчалик тез-тез олиб чиқиб кетиш керак? Ахлат контейнерлари қандай масофада ўрнатилиши керак?

А.Шарифхўжаев.

 

– Аҳоли пунктларида киши бошига қаттиқ маиший чиқиндиларни (ҚМЧ) тўплаш меъёрларини 0297-11-сон СанҚМга* кўра ўртача суткасига 1,17 кг (0,003 куб м) ёки йилига 437,7 кг (йилига 1,09 куб м) даражасида қабул қилиш керак (0329-16-сон СанҚМнинг 2.1-банди).

ҚМЧни тўплаш меъёри ўзгарувчи миқдор бўлиб, ижтимоий-иқтисодий вазият, демографик тусдаги ўзгаришлар ва хизмат кўрсатувчи объектларнинг ободонлаштириш даражасига боғлиқ ҳолда вақти-вақти билан қайта кўрилиши (5 йилда камида бир марта) керак, у йил мобайнида нотекис тақсимланади (0329-16-СанҚМнинг 2.2-банди).

ҚМЧни олиб чиқиб кетишнинг даврийлиги шаҳар, аҳоли пунктлари санитария ҳолатининг таъминланиши, касаллик тарқатувчи бактериялар ривожланишининг олдини олиш шартларини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий иқлим шарт-шароитларидан келиб чиқиб белгиланади ва маиший чиқиндиларни сақлашнинг чекланган муддатларидан ошиб кетмаслиги керак. Йилнинг иссиқ вақтида улар ҳар куни, совуқ вақтида эса 3 кунда бир марта олиб чиқиб кетилиши лозим (0329-16-сон СанҚМнинг 2.4-банди).

Ахлат контейнерлари учун майдончалар 2.08.01-05-сон ШНҚ «Турар жойлар»га (Давархитектқурилишқўм томонидан 7.12.2005 йилда 67-сон билан тасдиқланган) кўра турар жойлар, болалар муассасалари, спорт майдончалари ва аҳолининг дам олиш жойларидан камида 20 метр масофада, бироқ 100 метрдан кўп бўлмаган тарзда ўрнатилиши керак. Майдончалар ҳудуди контейнерларни жойлаштиришнинг зарур сонига мўлжалланиши керак. Хусусий уй-жойлар ҳудудида ахлатхоналар, ҳовлидаги ҳожатхоналар ва кир ўраларнинг жойлашиш ерини уй эгаларининг ўзлари белгилайдилар, бироқ бунда қўшни уй-жойларга зарар етмаслиги лозим. Бунда жойлашиш масофаси уй-жойнинг деразасидан 8–10 метргача қисқартирилиши мумкин (0329-16-СанҚМнинг 3.8-банди).

 

*«Ўзбекистон шароитида саноат чиқиндиларини тўплаш, инвентарлаш, классификациялаш, зарарсизлантириш, сақлаш ва утиллаштиришни ташкил қилишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари» (Бош давлат санитария врачи томонидан 16.11.2011 йилда тасдиқланган).

 

 

Ҳар бир йўлакка – биттадан ахлатдон

 

Фарзандимга музқаймоқ сотиб олдим, ўровини ташлайдиган жой тополмадим – атрофда битта ҳам ахлатдон кўринмайди. Буни ким назорат қилиши ва ахлатдонларни бир-биридан қанча масофада ўрнатиш керак? Ким уларни тез-тез тозалаб туриши лозим?

Р.Иброҳимов.

 

– Ахлатдонлар масаласи 0329-16-СанҚМ томонидан тартибга солинади. Унда айтилишича, барча майдончалар ва кўчалар, боғлар, парклар, вокзаллар, аэропортлар, бандаргоҳлар, бозорлар, шаҳар транспорти бекатлари ва бошқа жойларда ахлатдонлар етарли миқдорда ўрнатилиши керак. Улар ўртасидаги масофа коммунал хўжалик органлари томонидан магистралдан (ҳудуддан) интенсив фойдаланишга боғлиқ ҳолда, бироқ гавжум жойларда 50 м ва одам кам кирадиган жойларда 100 м дан ортиқ бўлмаган оралиқда белгиланади. 2.07.01-03-сон ШНҚда* назарда тутилганидек, улар шаҳар транспорти бекатлари ва метрога киришда мажбурий тартибда ўрнатилиши керак. Ахлатдонлар уларнинг тўлишига қараб мунтазам равишда, бироқ суткада камида 1 марта тозалаб турилиши лозим. Ахлатдонларни тоза тутиш учун ўзларига биркитилган ҳудудларни супуриб-сидирадиган ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар жавоб беради (0329-16-СанҚМнинг 7.1-банди). 0329-16-СанҚМнинг 8.2-бандида йўлакларга кириш ерида скамейкалар ёхуд ахлат учун идишлар ўрнатиш ва уларни ўз вақтида тозалаб туриш назарда тутилган.

Паркларга келсак, ахлатдонлар сонини аниқлашда паркнинг 800 кв.м майдонида 1 ахлатдон ҳисоб-китобидан келиб чиқиш керак. Асосий хиёбонларда ахлатдонлар орасидаги масофа 40 м дан кўп бўлмаслиги лозим. Ҳар бир дўкон, киоск (озиқ-овқат, эсдалик буюмлар, китоб ва бошқалар сотадиган) ёнида камида 10 л ҳажмга эга бўлган ахлатдон ўрнатиш даркор (0329-16-СанҚМнинг 9.2.2-банди).

 

*«Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини ривожлантириш ва ҳудудлардаги қурилишларни режалаштириш» Давархитектқурилишқўм томонидан 23.12.2009 йилда 128-сон билан тасдиқланган.

 

 

Бир кишига қанча дарахт керак?

 

Пойтахт мавзеларида дарахтларни кесиш тез-тез учрайдиган ҳолатга айланди. Илгари мавзеларда улар қуёшнинг нурларидан тўсувчи қуюқ соя яратарди. Энди эса тепамизда жазирама қуёш нури – сояни топиш амри маҳол. СанҚМда киши бошига тўғри келадиган дарахтлар сонини белгилайдиган бирор-бир меъёрномалар мавжудми?

Р.Мустафина.

 

– 0329-16-СанҚМда мавжуд дов-дарахтларнинг сақланиши ва лозим даражада парвариш қилинишини таъминлаш талаби белгиланган. Зарур микроиқлимни яратиш учун ҳовлиларнинг ҳудуди имкон борича яшил бўлиши керак. Яшил ўсимликларнинг бўлиши яшашнинг шинамлиги ошишига, чанг-тўзон тўпланишининг пасайишига, баъзи кимёвий моддаларни ютишга, шовқин-суронни камайтиришга ёрдам беради, тупроқнинг ифлосланишига тўсқинлик қилади, унинг ўзини ўзи тозалашига имкон яратади (8.2.1-банд).

Яшил ўсимликлар бевосита турар жой ҳовлиларида бир киши учун 5,5 дан 8 кв метргача бўлиши керак. Бир яшовчига яшил ўсимликларнинг бундай меъёрлари санитария меъёрлари ва қоидаларига кўра яшашнинг шинам шароитларини яратиш имконини беради (8.2.2-банд).

Ортиқча қуёш радиациясининг таъсири олдини олиш учун барча кўчалар турли дов-дарахтлар билан бир неча қаторда кўкаламзорлаштирилиши керак. Айниқса, тротуарлар соя-салқин бўлиши лозим (7.14-банд).

 

 

Ариқлар йўқолиб кетадими?

 

Бир вақтлар катта шаҳарларни ўраган ва жазирамада ғоятда салқинлик яратган ариқлар йўқолиб кетадиганга ўхшайди. Сақланиб қолган ариқлар эса ахлатга тўлган, мунтазам тозалаб борилмайди. Шарқнинг ноёб ихтироси бўлган ариқлар тармоғи вайрон бўлишга улгурган. Жазирама иқлим шароитида улар катта роль ўйнаган: шаҳар суғориш суви билан таъминланган, яшил кўчалар суғорилган, салқин ҳаво сақланган, тупроқ юмшатилган, ёмғирлар ёғганда оқава сувлар чиқариб ташланган. Ўшандан бери эса амалда уларнинг ҳаммаси қуриди, чунки уй-жойлар қурилиши, йўлсозлик ариқлар тармоғини сақлашни ҳисобга олмасдан юритиляпти. Кўчаларни ободонлаштириш бўйича ишлар вақтида кўп маҳаллаларда улар бетон воситасида тротуарга кўмиб юборилди. Албатта, бу – муаммоларнинг бутун бир мажмуаси, бироқ уларнинг энг каттаси хўжасизлик бўлса керак. Шуни билмоқчи эдим: СанҚМда ариқлар тармоғи бўлиши назарда тутилганми ёки улар йўқ бўладими?

М.Цой.

 

– 0329-16-СанҚМда назарда тутилишича, барча кўчалар икки томонли ариқлар билан таъминланиши, уларга дов-дарахтлар, гулзорлар ва газонларни суғориш, шунингдек йўл ва тротуарларга сув сепиш учун хизмат қиладиган ирригация суви вақти-вақти билан, яхшиси мунтазам равишда қўйилиши керак (7.16-банд).

Кўчадаги ариқ четлари емирилишдан сақланиши учун бетон билан қопланиши керак. Дарахтлар ва бошқа кўчатларни сув билан таъминлаш учун ариқлар таг қисми қопланмайди ва сув ўтиши учун ён туйнуклар қилинади (7.26-банд). Ариқлар шаҳар ва аҳоли пунктларида йилига камида 3-4 марта балчиқдан тозаланиши керак (7.27-банд).

Тупроқнинг тез сочилувчанлиги, ёзда ёмғир ёғмаслиги ҳамда ҳудудлар ва дов-дарахтларни суғориб туриш зарурлигини ҳисобга олиб, барча ҳовлилар водопровод (агар марказлаштирилган водопровод дебити имкон берса) ёки ариқ суви билан таъминланиши керак. Ҳар куни, кунига камида икки марта (!!!) ҳовли ҳудудига сув сепиш ва уни супуриш керак, бу эса, яшиллик мавжуд бўлганда микроиқлимнинг айниқса хушёқар ҳолатларини яратиб, руҳият, асаб тизимига яхши таъсир кўрсатади (8.2.5-банд).

 

 

Оилангиз таркиби ўзгардими? – Етказиб берувчига маълум қилинг

 

2016 йил 20 июлда менга газ истеъмоли учун қарзим борлиги тўғрисида хабарнома келди. Квартирада ҳисоблагич йўқ, газ плитаси ва титан бор. Газга ҳар бир яшовчи учун меъёрномалар бўйича тўлайман. Доимо бир йил олдиндан тўлаб қўйишга ҳаракат қиламан. 2013 йил 17 июлгача квартирада 4 киши яшарди. Июлда отам вафот этди, бундан участка назоратчимиз хабардор эди, чунки биз газ тўловини у билан мунтазам солиштириб турардик.

2015 йил февралида мен квартирани хусусийлаштириб, газ қийматини олдиндан бир йил учун уч кишига тўлаб қўйдим. Участка назоратчиси менга қарзим йўқлиги тўғрисида маълумотнома берди. 2015 йил 20 августда эса онам вафот этди. Бироқ ўша пайтда газ учун уч кишига олдиндан тўланган эди, 2015 йил сентябрдан эса газдан икки киши фойдалана бошлади.

Жорий йилда ҳам мен яна газ истеъмолига икки киши учун олдиндан бир йилга тўладим. Шаҳар газ идорасининг компьютер бўлимига мурожаат қилдим, у ерда менга ҳисобланма қилишганини маълум қилишди, қайта ҳисоб-китоб қилишмас экан, чунки мен маҳалладан оилам таркиби тўғрисидаги маълумотномани ўз вақтида тақдим этмаганман ва йил охиригача 311 минг сўм тўлашим керак эмиш. Бунинг устига уларнинг жавоби қонун ҳужжатларига эмас, балки компьютерда шундай дастур ўрнатилганига таянди. Шаҳар газ идорасининг қайта ҳисоб-китоб қилишдан бош тортиши тўғрими?

Л.Варгина.

 

– Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасининг 4.2-бандида белгиланишича, истеъмолчи оила аъзолари ёки яшаш жойи ўзгарганда газ етказиб берувчига маълумотларни дарҳол тақдим этиши шарт. Абонент етказиб берувчини истеъмолчининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, уй телефон рақами, тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда паспорт маълумотларини кўрсатиб, шахсий ҳисобварақдаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида ёзма хабардор қилиши шарт. Маълумотларни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик учун истеъмолчи белгиланган тартибда жавобгар бўлади (Шартноманинг 6.11, ­6.8-бандлари).

Агар сиз Шартномада кўрсатилган ҳужжатларни ёзма равишда, шунингдек ота-онанинг ўлими тўғрисида гувоҳномалар нусхаларини топширмаган бўлсангиз, оила таркибидаги ўзгаришлар электрон базага киритилмайди ва ҳисобланмалар аввалги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Олинган газга чакана истеъмолчи ҳар бир ой тугагандан кейин 10 кун ичида ҳақ тўлаши керак (Шартноманинг 6.2-банди). Белгиланган муддатда газ қиймати қисман ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда етказиб берувчи чакана истеъмолчини 10 кун ичида етказиб берилган газ учун ҳақ тўлаши ҳақида ёзма равишда хабардор қилади (Шартноманинг 6.3-банди). Чакана истеъмолчи хабарнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида етказиб берилган газ қийматини тўламаса, у газ таъминоти тармоғидан узиб қўйилади. Қарзни бундан кейин ундириш суд тартибида амалга оширилади (Шартноманинг ­6.4-банди).

Табиий газ истеъмолчилари билан газ таъминоти ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 26.05.2005 йилдаги 132-сон қарорига 1-илова, 23, 24-бандлар) ҳам худди шундай талаблар қайд этилган.

Агар газ етказиб берувчи қилинган ҳисобланмалар тўғрисида сизни белгиланган муддатларда хабардор қилмаган бўлса, у Шартнома ва Низом талабларини бузган бўлади.

 

 

Лифт. Кабина. Домофон

 

Йўлагимизда ВМнинг 10.08.2015 йилдаги 235-сон қарори доирасида янги лифт ўрнатилди. Шундан сўнг бизни кўтаргичга техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги уч томонлама шартнома билан таништирдилар. Шартнома томонлари ХУМШ (буюртмачи), лифтчилар (ижрочи), уй-жой мулкдорлари (тўловчилар) ҳисобланади. Яъни ХУМШ лифтга техник хизмат кўрсатишга буюртма беради, яшовчилар эса унинг ҳақини тўлайдилар.

Бироқ умумий мулкни сақлашга мажбурий бадалларни ҳар ой тўлаймиз. Улар лифтга техник хизмат кўрсатиш ҳақини ҳам тўлашга йўналтирилиши керак эмасми? Бундан ташқари, шартнома бандларидан бирида тўловчилар (яъни уй аҳли) лифт кабинаси тозалигини таъминлашлари шартлиги кўрсатилган. Аслида умумий фойдаланишдаги жойларни, шу жумладан лифтларни аҳоли бадаллари ҳисобига тозалаш билан ХУМШ шуғулланиши керак. Бадаллардан ташқари, домофонга техник хизмат кўрсатиш ҳақини ҳам алоҳида тўлаймиз. Мажбурий бадаллар ҳисобига бунинг учун ХУМШ тўлаши керак эмасми?

Ширкатнинг мажбурий бадаллардан ташқари лифт ва домофонга техник хизмат кўрсатганлик учун алоҳида ҳақ ундириши, шунингдек уй аҳлини лифт кабинасини тозалашга мажбурлаши тўғрими?

М.Ортиқова.

 

– ВМнинг 10.08.2015 йилдаги 235-сон қарори билан 2016–2021 йилларда Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларда лифтларни алмаштириш дастури қабул қилинган, унинг доирасида сизлар учун янги лифт ўрнатилган. Бу давлат бюджети ҳисобидан аҳолига кўрсатилаётган улкан ёрдамдир. Уй-жой мулкдорларининг мажбурияти – кўтаргичларни сақлаш ва уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш.

Лифтлар кўп квартирали уйлардаги турар жойлар мулкдорлари умумий мулкининг бир қисми ҳисобланади, уй аҳли уларни ўз ҳисобига сақлаши шарт («Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28, 30-моддалари). Лифтга техник хизмат кўрсатиш ҳақини тўлаш умумий мулкни сақлашга мажбурий бадал таркибига киради. Кўтаргичга техник хизмат кўрсатиш шартномаси кўтаргичга хизмат кўрсатувчи ташкилот билан умумий мулкни сақлаш билан шуғулланувчи ХУМШ ўртасида тузилади. Лифт кабинасини тозалаш ХУМШнинг иши, кабина остини тозалаш эса – шартнома асосида кўтаргичга хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг вазифаси.

Домофонга келсак, у турар жой мулкининг бир қисми ва барча мулкдорларнинг умумий улушли мулки ҳисобланмайди. Домофонни сақлаш ҳақини уни ўрнатиш ташаббуси билан чиққанлар тўлаши керак. Қолган мулкдорлардан харажатни кўтаришни талаб қилишга ҳеч ким ҳақли эмас. Домофон ўрнатиш – умумий мулкни яхшилаш эмас, телефон ёки кабель ТВ ўрнатишга ўхшаш чет фаолиятдир.

Агар домофонларни ўрнатиш ҳақидаги қарор ХУМШ аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилиниб, улар уни ишлар режасига киритишга қарор қилсалар, шунда ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш ҳақи мажбурий бадаллар ҳисобига тўланади. Бироқ бу бадал миқдорининг ошишига олиб келишини инобатга олинг.

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1815 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика