Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 34 / Хўжалик юритиш қоидалари

Шартномасиз қарзни ундириб бўладими

 

Тегишли шартномасиз, яъни тарафларнинг ёзма аҳдлашувисиз бажарилган ишлар учун қарздор корхонадан қарзни ундириш тартиби қандай?

Р.Қосимова,

молиявий ишлар бўйича бош мутахассис.

 

Битимнинг ҳақиқийлигини исботлаш зарур

Агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмайди. Агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келиши тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлса, ушбу қоида қўлланилмайди (ОХС Пленумининг 18.12.2009 йилдаги «Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги ­203-сон қарорининг 8-банди).

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун) 11-моддасига мувофиқ, хўжалик шартномаси битимлар тузиш учун назарда тутилган ёзма шаклда тузилади. У тарафлар имзолаган битта ҳужжатни тузиш йўли билан, шунингдек почта, телеграф, телетайп, телефон, электрон алоқа ёки ҳужжат шартномадаги тарафдан чиққанлигини ишончли суратда аниқлаш имконини берадиган бошқа алоқа ёрдамида ҳужжатлар алмашиш йўли билан тузилиши мумкин.

Шартноманинг ёзма шаклига риоя этмаслик (оғзаки келишув) унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди (қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно). Шартноманинг ёзма шаклига риоя этмаслик оқибатида низо келиб чиққан тақдирда, тарафлар битимнинг тузилганлиги, мазмуни ва бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар. Бироқ улар ёзма ва бошқа далиллар (юкхатлар, товар-транспорт ҳужжатлари, ишончномалар, далолатномалар ва б.) билан тасдиқлаш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.

Бунда судлар Фуқаролик кодексининг 363-моддаси талаблари моҳиятидан келиб чиқиб, шартномани тузишга хизмат қилган барча ҳолатлар, шу жумладан, шартнома тузиш олдидан олиб борилган мунозаралар, ёзишмалар, ўзаро муносабатларда шаклланган амалиёт, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг ўзларини тутишларини эътиборга олишлари лозим (ОХС Пленумининг 4.03.2002 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 103-сон қарорининг 3-банди).

 

Ундириш тартиби

Ёзма шартнома расмийлаштирилмаган ҳолда бажарилган ишлар учун қарз қарздор корхонадан оддий тартибда ундирилади.

Сиз қарздорга хизмат кўрсатувчи банкка акцептли тўлов талабномаси – тўлов талабномасида назарда тутилган сумма қарздор томонидан акцептланганидан (тан олинганидан) сўнг, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжатини қўйишингиз мумкин (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг V боби, бундан кейин – Низом). Низомнинг 45-банди «в» кичик бандига кўра, маблағларни тўловчи тўлов талабномасини белгиланган муддатда банкка акцепт тўғрисида тўлов талабномасининг юқоридаги чап бурчагига белги қўйиб қайтариши керак.

Низомнинг 52-бандида тўлов талабномаларини акцептлаш муддатлари кўрсатилган:

бир ҳудудда (вилоятлар, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) жойлашган мижозлар учун – тўлов талабномаси топширилганидан кейинги кундан бошлаб 3 иш куни;

бошқа ҳудудда жойлашган мижозлар учун – тўлов талабномаси топширилганидан кейинги кундан бошлаб 5 иш куни;

маблағларни тўловчининг ёзма талабига кўра – тўлов талабномаси топширилганидан кейинги кундан бошлаб 10 иш куни.

Қарздор ушбу муддат ичида тўлов талабномасини акцептлашни тўла ёки қисман ёзма равишда рад этиш ҳуқуқига эга.

Агар қарздор белгиланган муддатда розилиги ёки рад этиши (тўла ёки қисман) ҳақида хабар қилмаса, тўлов талабномаси банк томонидан умумий тартибда акцептланади.

Қарздорнинг ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, тўлов талабномаси «Муддатида тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатлари» (2-картотека) 90963-баланс ҳисобварағига жойлаштирилади (бу ҳақда уч иш куни ичида маблағларни олувчига хизмат кўрсатувчи банкка маълум қилинади) ва маблағларнинг келиб тушишига қараб тўлаб борилади. Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида етарли маблағ бўлмаган тақдирда, банк томонидан ҳисобварақ қолдиғи доирасида тўлов амалга оширилади. Маблағларнинг етарли бўлмаган қисми доирасида тўлов талабномаси 2-картотекага жойлаштирилади (Низомнинг 49-банди).

Корхонангиз тўлов талабномасини қўйган ёки қўймаган ҳолда, Қонуннинг 17-моддаси қоидаларига амал қилиб, қарздорга нисбатан ёзма талабнома билдиришга ҳақли. Унда, бошқа маълумотлар билан бир қаторда, қуйидагилар кўрсатилади: талабнома билдириш учун асос бўлган ҳолатлар; ушбу ҳолатларни тасдиқловчи далиллар; арз қилувчининг талаблари; талабнома суммаси ва унинг ҳисоб-китоби, арз қилувчининг тўлов ва почта реквизитлари; талабномага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Корхонангизнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган талабнома буюртма ёки қимматли хат тарзида, телеграф, телетайп орқали, шунингдек унинг жўнатилганлигини қайд этадиган, қабул қилиб олувчини огоҳлантирадиган бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.

Қарздор талабномани олган кундан бошлаб бир ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт. Талабнома тўлиқ ёки қисман тан олинган тақдирда у сизга ўзи тан олган суммани ихтиёрий равишда ўтказиши мумкин. Агар талабномани тан олиш тўғрисидаги жавобда тан олинган сумма ўтказилиши ҳақида маълумот бўлмаса, сиз жавоб олгандан сўнг 20 кун муддат ўтгач, банкка қарздор тан олган суммани сўзсиз тартибда (қўшимча акцептсиз) ўтказиш тўғрисидаги фармойишни тақдим этишга ҳақли бўласиз. Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади (Қонуннинг 18-моддаси).

Рад (қисман рад) жавобини олган тақдирда ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, шунингдек хўжалик шартномалари юзасидан талабнома билдирмай ҳам хўжалик судига даъво аризаси беришингиз ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этишингиз мумкин. Мазкур аризаларни тақдим этиш тартиби Хўжалик процессуал кодексининг 102–121-моддалари қоидаларига кўра белгиланади.

Бундан ташқари, агар қарздор сизнинг олдингиздаги кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юборса, сиз қарздорнинг мансабдор шахсларини қарз муддатини ўтказиб юборганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси ­3-қисми бўйича жавобгарликка тортиш ҳақидаги ариза билан солиқ органлари ёки прокуратурага мурожаат қилишингиз мумкин. Ушбу ҳуқуқбузарлик ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Муайян вазиятга қараб қарзни ундиришга оид бошқа қонуний чоралар қабул қилинади.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2222 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика