Кўпинча банкларда тўловни қабул қилмай, бировнинг картасидан тўловни қабул қилишни тақиқловчи қонун борлигини важ қиладилар, бироқ тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатмайдилар. Мен ўзимга тегишли бўлмаган пластик карта (Uzcard) воситасида ҳақ тўлаш ҳуқуқига эга эмаслигимни тасдиқловчи ҳужжат борми?
Д.Азимов,
фирма ходими.
– Ҳақиқатан ҳам 2011 йилда товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиларининг банк картаси тутувчисидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишини талаб қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи меъёр бекор қилинган. Бироқ бу фақат товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиларига татбиқ этилади.
Банкларга келсак, аксинча – 2015 йил март ойида Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган) банкларга карта тутувчисидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишини талаб қилиш ҳуқуқини берувчи ўзгартиришлар киритилди. Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг (АВ томонидан 21.11.2013 йилда 2528-сон билан рўйхатдан ўтказилган) талаблари ушбу тузатишларнинг киритилишини тақозо этди.
Ҳужжатни пластик карта қўлида бўлган киши эмас, айни унинг эгаси тақдим этиши шарт. Ҳужжатни тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқидан эквайер1 ва эмитент2 фойдалана олади.
Елена Ермохина,
«Norma Online» эксперти.