Norma.uz

Шартнома ихтиёрий равишда тузилади

 

Ишнинг моҳияти

2016 йил февралида МЧЖ ва хусусий корхона 100 млн сўмлик юкни ташиш шартномасини тузиш хусусида музокаралар ўтказдилар. Томонлар юкни сақлаш учун МЧЖ ижарага олган омбордаги юкнинг дастлабки туркуми МЧЖга берилиши ва жойлаштирилиши ҳақида олдиндан келишиб олдилар. Ушбу аҳдлашувни бажариш мақсадида МЧЖ омборхонани ижарага олди ва 1 млн сўм ижара ҳақини тўлади. Ижара шартномасининг умумий суммаси 5 млн сўмни ташкил этди. 2016 йил март ойида ХК МЧЖни импорт юкнинг қиймати ошгани ҳамда вақтинчалик молиявий қийинчиликлар туфайли шартнома туза олмаслиги ҳақида хабардор қилди.

ХКнинг важ-далилларига қўшилмаган МЧЖ 2016 йил апрелида ХКни ташиш шартномасини тузишга мажбур этиш, омборхона ижараси учун тўланган 1 млн сўмни ва суд харажатларини ундириш ҳақидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

МЧЖнинг позицияси

– Биз шартнома тузишни кўзлаб музокаралар ўтказдик ва эришилган аҳдлашувни бажариш ниятида юкни сақлаш учун омборхонани ижарага олдик, унинг ижараси учун 1 млн сўм тўладик. Бироқ ХК молиявий қийинчиликларни важ қилиб, ташиш шартномасини тузишдан бош тортди. Фуқаролик кодексининг 354-моддаси 2-қисмига мувофиқ, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. ХК шартнома тузиш мажбуриятини зиммасига олган, судга тақдим этилган ёзишмалар бунга далил бўла олади. Шу сабабли даъвони қондиришингизни сўраймиз.

 

ХКнинг позицияси

– Биз ҳақиқатан ҳам музокаралар ўтказдик ва шартнома тузишга тайёр эдик. Бироқ юкни етказиб берувчи – экспортчи товар қиймати ошганини бизга маълум қилди, уни янги нархда харид қила олмай, бу ҳақда МЧЖни хабардор қилдик. Биз омборхона ижараси учун тўланган 1 млн сўмни қоплашга тайёрмиз, бироқ ташиш шартномасини тузишга мажбур қилишларига қаршимиз. ФКнинг 354-моддаси меъёрлари оммавий шартномалар бўйича хизматлар кўрсатувчи тижорат ташкилотларига татбиқ этилади. Шу сабабли даъвони қисман қондиришингизни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, МЧЖнинг ХКни ташиш шартномасини тузишга мажбур этиш ва омборхона ижараси учун тўланган 1 млн сўмни, шунингдек суд харажатларини ундириш ҳақидаги даъво билан мурожаат этишига сабаб бўлган юқоридаги далилларнинг қисман тасдиғини топди.

ФКнинг 236, 354 ва 358-моддаларига асосланган ҳолда биринчи инстанция суди жавобгардан 1 млн сўм, 130 240 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш ҳақида қарор қабул қилди. Даъвонинг қолган қисми рад этилди.

Апелляция инстанцияси суди ушбу қарорни ўзгартиришсиз қолдирди.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 354-моддаси 1 ва ­2-қисмларига мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Хусусан, оммавий шартнома тузиш ана шундай ҳол деб ҳисобланади. Томонлар тузмоқчи бўлган юкни ташиш шартномаси оммавий шартномаларга кирмайди. Ташкилот томонидан тузилган ҳамда унинг бундай ташкилот ўз фаолияти хусусиятига кўра ўзига мурожаат қиладиган ҳар бир шахсга нисбатан амалга ошириши шарт бўлган товарлар сотиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш соҳасидаги вазифаларини (чакана савдо, умумий фойдаланишдаги транспортда йўловчи ташиш, алоқа хизмати, энергия билан таъминлаш, тиббий хизмат, меҳмонхона хизмати ва ш.к.) белгилаб қўядиган шартнома оммавий шартнома дейилади (ФКнинг 358-моддаси 1-қисми). Томонлар тузмоқчи бўлган шартнома лойиҳаси оммавий шартнома мезонларига жавоб бермайди. Бунинг устига, ФКнинг 358-моддаси 1 ва 3-қисмлари, шунингдек ФКнинг 377-моддаси 6-қисмининг маъносига кўра, шартнома тузиши мажбурий бўлган тарафнинг контрагентигина оммавий шартнома тузишга мажбур қилиш даъвоси билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Яъни МЧЖ ХКни бундай шартнома тузишга мажбур қилишга ҳақли эмас.

Шу муносабат билан суд даъво талабларини қисман қондириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Низони судгача ҳал этиш мақсадида МЧЖ ХК билан дастлабки шартномани тузиши ва келгусида асосий шартнома – ташиш шартномаси тузилиши эҳтимолини қайд этиши мумкин эди. Ана шунда МЧЖ судга мурожаат қилиб, суд харажатларини тўлашига тўғри келмаган бўларди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 2227 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика