Корхонанинг икки нафар ходими 2 ҳафтага Германияга хизмат сафарига юборилди. Корхона бориб-қайтишга чипталарни харид қилди.
Хорижий хизмат сафарлари бўйича суткалик харажатлар лимитлари қандай, уларни ким белгилайди?
Н.Қодиралиев.
МЧЖ.
– Корхона ходимларининг хорижий хизмат сафарларига маблағлар Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ берилади.
Суткалик харажатлар хизмат сафаридаги ҳар бир кун, жумладан жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни учун, белгиланган меъёрларнинг 100%и миқдорида хорижий валютада тўланади. Жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни хизмат сафарига юборилган шахснинг паспортида Ўзбекистон Республикаси чегара-назорат пунктлари қўйган белгиси бўйича аниқланади.
Бунда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:
● ҳаво транспортида учиб кетилганда, агар хорижий давлатга етиб бориш санаси халқаро авиарейснинг Ўзбекистон аэропортидан учиб кетган санасидан кейингисига тўғри келган ҳолларда (авиачиптага асосан), жўнаб кетиш куни учун суткалик харажатлар берилмайди;
● ҳаво транспортида учиб келганда, агар Ўзбекистонга етиб келиш санаси халқаро авиарейснинг хорижий давлатининг аэропортидан учиб кетган санасидан кейингисига тўғри келган ҳолларда (авиачиптага асосан) қайтиб келиш куни учун суткалик харажатлар берилмайди.
Хорижий валютадаги суткалик харажатлар Низомнинг 1-иловасига мувофиқ меъёрлар асосида тўланади. Масалан, Германияга борувчилар учун ушбу харажатлар бир кишига суткасига 40 еврони ташкил этади.
Овқатланиш ва бошқа шахсий хизматлар (мини-бар, кабель телевидениеси, кийимларни ювдириш ва дазмоллатиш ва бошқалар) учун харажатлар суммаси, шу жумладан яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) тўлов счётларига киритилган харажатлар хизмат сафарига юборилган шахс томонидан суткалик харажатлар ҳисобидан тўланади ва алоҳида қопланмайди (Низомнинг 16-банди).
Бироқ ташкилотларнинг раҳбарлари белгиланган хизмат сафари харажатлари (шу жумладан суткалик харажатлар) меъёрларига қўшимча тўловлар миқдорини мустақил равишда тасдиқлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бунда кўрсатилган қўшимча тўловларни тўлаш ташкилотда мажбуриятлардан озод бўлган ўзининг валюта маблағлари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Агарда ташкилот мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китоблар учун хорижий валютани ички валюта бозоридан сотиб олган бўлса, қўшимча тўловларни тўлаш амалга оширилмайди (Низомнинг 30-банди).
Нормалардан ортиқча суткалик пуллар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадга киритиладиган компенсация тўловлари жумласига киради (Солиқ кодексининг 174-моддаси 9-банди). Бинобарин, уларга ЖШДС, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинади.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.