Norma.uz

Иш жадвали: тўлиқсиз кун

 

Ходим уни тўлиқсиз иш кунига (ярим ставкага) ўтказишимизни сўраяпти. Ходимга рад жавоби берса бўладими? Ўтказишга розилик бериш қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади ва ўтказиш ҳақидаги буйруқ мазмуни қандай бўлиши керак?

У.Қўчқорова,

кадрлар бўлими.

 

– Худди шундай шароитда ишлайдиган корхона ходимлари учун назарда тутилган ички меҳнат тартиби қоидаларидагига нисбатан камроқ давом этадиган иш вақти тўлиқсиз иш вақти деб ҳисобланади. Меҳнат шартномаси томонларининг келишувига кўра тўлиқсиз иш вақти белгиланади. Томонлар меҳнат шартномасини тузиш чоғида ҳам, кейинчалик, яъни у амал қилаётган даврда ҳам тўлиқсиз иш вақти белгилаб қўйилиши мумкин. Қонун билан тўлиқсиз иш вақти белгиланиши мумкин бўлган шахслар доираси чекланмаган. У исталган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси билан белгиланиши мумкин. Бироқ Меҳнат кодексининг 229-моддасида белгиланган ҳолларда иш берувчи:

ҳомиладор аёлнинг;

14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг;

болани парвариш қилиш таътилида бўлган аёлнинг ёки шахснинг. Бунда уларнинг бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади;

тиббий хулосага мувофиқ оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг тегишли илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақтини белгилашга мажбурдир.

Иш берувчи қуйидаги ҳолларда ҳам тўлиқсиз иш вақтини белгилаб қўйиши шарт:

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ходим диплом лойиҳасини (ишини) бажариш ёки битирув имтиҳонлари топширишдан олдинги 10 ўқув ойи давомида машғулотларга тайёргарлик кўриш учун 6 кунлик иш ҳафтаси бўлганда ҳафтада 1 кун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилади. Иш ҳафтаси 5 кунлик бўлса, ишдан озод этиладиган кунлар миқдори иш сменасининг муддатига қараб ўзгаради, ишдан озод этиладиган соатлар миқдори эса сақланиб қолади (МКнинг 255-моддаси);

қонун ҳужжатлари ва меҳнат тўғрисидаги бошқа меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Иш берувчи кўрсатилган ходимларнинг тўлиқсиз иш вақтини белгилаш ҳақидаги илтимосини рад этишга ҳақли эмас. Бошқа ходимларнинг ушбу илтимосини рад этиши мумкин – иш берувчида бундай ҳуқуқ мавжуд.

Ходимни тўлиқсиз иш кунига ўтказишни расмийлаштириш учун унинг ёзма аризаси бўлиши зарур. Бунга розилик берилганда тўлиқсиз иш куни ишлашга ўтказиш ҳақида эркин шаклда буйруқ чиқарилади, масалан:

«2016 йил 18 июлдан бошлаб ишлаб чиқариш цехининг электр ускуналарга техник хизмат кўрсатувчи уста Комилов Темур Умидович штат жадвалига кўра ишлаган вақтига мутаносиб равишда меҳнат ҳақи тўланган ҳолда тўлиқсиз иш вақтида (0,75 ставка) ишлашга ўтказилсин.

Асос: Комилов Т.У.нинг 05.07.2016 йилдаги аризаси, 03.01.2011 йилдаги 5-сон меҳнат шартномасига 09.07.2016 йилдаги 5/1-сон қўшимча келишув.».

Шунингдек меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш ёки унга қўшимча келишувни расмийлаштириш зарур, сабаб иш вақти режими шартноманинг муҳим шарти ҳисобланади. Айрим ҳолларда штат жадвалига ўзгартиришлар киритиш керак.

Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди ва ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш вақти меҳнат стажига тўлиқ иш вақти каби қўшиб ҳисобланади.

 

Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 2489 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика