Norma.uz

Тежамкор лампалар: қулай ва фойдали

 

Аммо одамлар заҳарланмаслиги учун улар ишлатиб бўлингандан кейин утилизация қилиниши керак

 

Мамлакатимизда энергия тежайдиган симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлганларини тўплаш ва утилизация қилиш тизими яратилиб, уларнинг пластик, металл ва электрон қисмларини қайта ишлаш йўлга қўйилган.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 июндаги «Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 21 сентябрдаги 266-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, одамлар ва ҳайвонлар заҳарланишининг олдини олиш учун симоб ҳамда унинг бирикмаларини йўқотиш зарурлигини англатадиган «демеркуризациялаш», яъни зарарсизлантириш атамаси киритилди.

Бугунги кунда юртимизнинг беш корхонасида ишлаб чиқарилаётган кам энергия сарфловчи лампалар сифат жиҳатидан хорижда ишлаб чиқарилаётган шу турдаги маҳсулотлардан асло қолишмайди. Ушбу лампаларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларнинг хизмат қилиш муддати узоқ бўлиб, тўхтовсиз 8 минг соат ёниб туриши мумкин. Бу оддий чўғланма лампаларга нисбатан 8 марта кўпдир. Айни пайтда улар оддий чўғланма лампаларга нисбатан 4–5 маротаба кам энергия сарфлайди. Люминесцент лампалар ишлаб чиқаришда амальгама (симоб ва рухнинг шарсимон шаклидаги қоришмаси) қўлланилаётир. Ишлаб чиқариш ускунаси герметик тарзда, симобнинг ҳавога чиқиб кетиши ва очиқ сув ҳавзаларига тушишининг олдини олган ҳолда ишлайди.

«Neo Sun Light» МЧЖ импорт ўрнини босадиган люминесценция лампалари ишлаб чиқарадиган юртимиздаги дастлабки корхоналардан бири. Айни пайтда лойиҳа бўйича йилига 15 млн дона лампа тайёрлаш қувватига эга ушбу корхонада 8 турдаги лампа ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, корхонада лампаларни утилизация қилиш йўлга қўйилган. Аксарият бутловчи қисмлар утилизация ва йўқ қилинадиган бошқа корхоналардан фарқли равишда бу ерда металл, пластик ва электрон қисмларга ажратилади. Демеркуризациялашдан сўнг лампанинг фақат шиша қисми бартараф этилади, қолган қисмлари такрорий фойдаланиш учун қайта ишланади.

Мамлакатимизда «Neo Sun Light»дан ташқари яна 9 корхонада симобли люминесцент лампалар утилизация қилинади. Жорий йилнинг биринчи ярмида 210 мингдан зиёд энергия тежамкор лампа утилизация қилинди.

«ASP Selta» МЧЖ ўзининг демеркуризациялаш технологиясига эга ва люминесцент лампаларни утилизация қиладиган корхоналардан биридир. Бу ерда лампани утилизация қилиш жараёни симоб буғи ва бошқа хавфли моддаларнинг атмосферага чиқишининг олдини олиш имконини беради. 2016 йилнинг биринчи ярмида корхонада 100 мингдан ортиқ лампа утилизация қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига кўра, «ASP Selta» МЧЖ технологияси асосида демеркуризация маҳсулотлари тўртинчи тоифа саноат чиқиндилари сирасига киради ва инсон саломатлиги учун у қадар хавф солмайди.

Атроф-муҳит симобдан зарарланишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда ишлатиб бўлинган симобли лампаларни йиғиш ишлари билан утилизация ташкилотлари, лампа ишлаб чиқарган корхоналарнинг ўзи шуғулланиши, шунингдек, ушбу маҳсулотларни сотиш пунктлари орқали, маиший чиқиндиларни йиғиш пунктларида лампаларнинг синиши ва улар таркибидаги симобнинг ҳаво, сув ҳавзаларига, тупроққа ва озиқ-овқат маҳсулотларига тушишидан ҳимояланган ҳолда алоҳида идишлар ўрнатиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Жорий йилда, масалан, Андижон вилоятида шундай лампаларни тўплайдиган 84 пункт ташкил этилди. Шунингдек, энергия тежамкор лампаларни утилизация қилишга топшираётган ташкилотлар сони йил сайин кўпаймоқда. Бу йил қарийб 500 корхона ва ташкилот ўз муддатини ўтаб бўлган люминесцент лампаларни топширди.

Мамлакатимиз аҳолиси ҳам ишлатиб бўлинган симобли лампаларни қайтариб топширишдан анча фойда кўрмоқда.

 

Энергия тежамкор лампаларни самарали утилизация қилиш атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва Ватанимиз келажаги ҳақида қайғуриш демакдир.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2400 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика