Norma.uz

Бизнинг айвон эса қишда ҳам иссиқ

Истеъмолчилар қўшимча иситиладиган майдон учун ҳақ тўлашлари шарт

 

Икки йил аввал кўпгина истеъмолчилар «қўшимча иситиладиган майдон» деган янги ҳолатга, шу билан бирга – унинг учун ҳақ тўлаш заруратига тўқнаш келдилар. Иссиқлик таъминотчиларининг ҳисобланмалари ҳақидаги билдиришномаларни олиб ҳайратга тушган уй аҳли: «Нимага ҳақ тўлашимиз керак? Уйимизнинг майдони ўзгармаган, уни қандай қилиб ошириш мумкин?» – дея савол берадилар.

Эҳтимол, қўшимча иситиладиган майдонни истеъмолчиларнинг ўзлари юзага келтираётганликлари ким учундир янгилик бўлар. Ҳолбуки квартира соҳиби эканмиз, унда нима истасак, шуни қилишимиз мумкин деган хато фикрлари билан шунга йўл қўядилар. Бу ўринда уларда қурувчилик ва архитекторлик истеъдоди уйғониб, турар жой хоналарини ноқонуний қайта режалаштиришлари ва қайта жиҳозлашлари ҳақида сўз бормоқда. Улар оқибатини ўйламай, ниманидир бузишга, ниманидир улашга, нимадандир ажратиш, кўчириш, қисмларга бўлишга киришадилар. Бир сўз билан айтганда, ўз уй-жойларини яхшилаш билан бирга ўзлари ва қўшнилари учун нақ муаммони юзага келтирадилар.

 

Қонун ҳужжатларида ўз квартирасида нималарни қайта қуриш мумкин ва мумкин эмаслиги, рухсат берувчи ҳужжатлар қачон талаб этилиши ёки талаб этилмаслиги белгиланган. Бироқ иссиқлик таъминотчилари қайта қуриш жараёнини лозим даражада назорат қилмайдилар. Икки йил аввал ушбу муаммони ҳал этишга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди.

Кўпинча уй аҳли ўзи билмаган ҳолда хоналарни бирлаштириш, хона билан пешайвон ўртасида арка қуриш, у ерга батареяларни кўчириш, «иссиқ» пол билан жиҳозлаш, батареялардаги секцияларни кўпайтириш ва бошқа йўллар билан иситиладиган майдонни кўпайтиради. Натижада турар жой иссиқлик энергиясини кўпроқ истеъмол қила бошлайди, иссиқлик мувозанати бузилади. Деярли ҳар бир квартирада яшовчилар ниманидир ўзгартириши, кўчириши, қайта қуриши мумкинлигидан келиб чиқилса, бу етказиб берувчилар учун коммунал маҳсулотнинг ҳисобга олинмаган йўқотилиши, қўшнилар учун эса – уй ичидаги иссиқлик таъминоти тизими ишидаги узилиш ҳисобланади. Бу ишлари фош бўлганлар ўзларининг архитектура-қурилиш соҳасидаги «ижодкорликлари» учун товон тўлаяптилар. Шундай бўлса-да, уларда ҳам кўп савол юзага келмоқда. Шу жумладан, қўшимча иситиладиган майдон, аниқроғи, реал иссиқлик истеъмоли учун қайси пайтдан бошлаб тўлаш керак деган савол уларни безовта қилади. Ҳали фош этилмаганларни эса қўлга тушишларини кутиш ёки масалани ихтиёрий равишда ҳал этиш кераклиги хусусидаги савол қизиқтирмоқда.

Ўқувчиларимизнинг мазкур мавзуга доир саволлари https://www.facebook.com/groups/TChSJ.Uz/permalink/882839051825548/ Фейсбукдаги «ТЧСЖ и как с ним жить» («ХУМШ ва у билан қандай яшаш мумкин») гуруҳида муаммони муҳокама қилиш давомида кўтарилди. Гуруҳ модератори Максим Черников «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК раҳбарларига тушунтириш беришларини сўраб мурожаат қилиб, гуруҳ иштирокчиларининг саволларига жавоб берди. Ушбу пост шарҳи мавзувий сонимиз ўқувчилари учун ҳам фойдали бўлади.

 

Постни топширди – постни қабул қилди

 

Авваламбор истеъмолчилар иситиладиган майдонни ошириш билан боғлиқ ўзбошимчалик билан қуриш ва унинг учун жавобгарлик қандай ҳужжатлар билан тартибга солинишини билишлари керак.

 

1. Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – 194-сон Қоидалар).

2-бандда иситиладиган майдонга турар жой хоналарининг умумий майдони сифатида таъриф берилади. Иситиш асбоблари (иситиладиган юзалар билан) ёки иссиқлик таъминотининг уй ички тизимларига уланган хоналарга бирлаштирилган ҳолда қайта режалаштирилган (иситиладиган юзалар билан) пешайвонлар, балконлар, айвонлар ва террасалар майдони иситиладиган майдон ҳажмига киради.

15-бандда қуйидагилар:

кўп квартирали уйларнинг айрим турар жой ва нотурар жой хоналарини иситишнинг ушбу тизимларини иссиқлик жиҳатидан ва гидравлик қайта тартибга солмаслик учун иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимидан узиш;

иситиш асбобларига қўшимча секцияларни бирлаштириш ёки улар сонини камайтириш, шунингдек қайта жиҳозлаш бўйича талабларга риоя этмасдан иситиш учун радиаторларнинг камгагини олиб ташлаш ва иситиш ҳамда санитария-техник асбоблар жойини ўзгартириш тақиқланади.

87-бандда айтилишича, истеъмолчи иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари кўрсатишнинг сифатига таъсир кўрсатувчи иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

88-бандда истеъмолчи учун шу жумладан қуйидагилар тақиқланади:

уй ичидаги иссиқлик тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш ёки ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбобларини четлаб ўтиб уларга уланиш, тегишли ўзгаришларни белгиланган тартибда киритмасдан иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизимларига ўзгартиришлар киритиш;

турар жой хонасида ўрнатилган иситиш асбобларининг иситиш юзасини хонанинг техник паспортида кўрсатилган параметрлардан ортиқ ўзбошимчалик билан кўпайтириш, шунингдек қўшимча тартибга солувчи ва тик қувур аппаратурасини ўрнатиш;

кўп қаватли уйнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимидан алоҳида турар ва нотурар жойларнинг иситиш асбобларини демонтаж қилиш орқали иситиш тизимидан узиб қўйиш.

 

2. Республика иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш ва молиявий соғломлаштиришга доир чора-тадбирлар мажмуи (ВМнинг 6.11.2013 йилдаги 300-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – 300-сон ВМҚ).

II бўлимнинг 2, 3-бандларида кейинчалик амалда истеъмол қилинадиган иссиқлик энергияси учун ҳақни ҳисоблаган ҳолда квартираларда қўшимча иситиладиган майдонларни аниқлаш ва янги аниқланган иссиқлик энергияси истеъмолчилари билан шартномалар тузилишини таъминлаш мақсадида иссиқлик энергияси истеъмолчилари (жисмоний шахслар) инвентаризация қилиниши назарда тутилган. Шунингдек истеъмолчиларни инвентаризациядан ўтказиш натижалари ва иссиқлик таъминоти корхоналарининг истеъмолчилари ҳақидаги маълумотлар базалари тўғрилигини текшириш ташкиллаштирилади.

 

3. Тошкент шаҳар «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКни молиявий соғломлаштириш бўйича йўл картаси» дастури (ВМнинг 17.07.2014 йилдаги 197-сон қарорига 18-илова, бундан кейин – 197-сон ВМҚ).

II бўлимнинг 2-бандида кейинчалик амалда истеъмол қилинадиган иссиқлик энергияси учун ҳақни ҳисоблаган ҳолда квартираларда қўшимча иситиладиган майдонларни аниқлаш мақсадида инвентаризация ўтказиш механизми белгиланган.

 

4. ШНК 1.04.05-06 «Бинолар барқарорлиги хавфсизлигини таъминловчи кўп квартирали уйлардаги хоналарни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш тартиби тўғрисидаги низом» (Давархитектқурилиш томонидан 23.03.2006 йилда 20-сон билан тасдиқланган).

5-бандда яшаш учун қулайликларни ошириш мақсадида хоналарни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлашга рухсат бериладиган ишлар рўйхати белгиланган.

II бўлим реконструкция қилиш учун бошланғич рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини ўз ичига олган.

III бўлимда хоналарни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлашга чекловлар белгиланган.

VI бўлимда Низом талабларини бузганлик учун фуқаролар, юридик ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги назарда тутилган.

 

Тошиссиққуввати тушунтириш беради

Асосий саволлардан бири: иссиқлик таъминоти ташкилоти қўшимча иситиладиган майдон учун ҳақни қайси пайтдан бошлаб ҳисоблаши лозим? Истеъмолчиларнинг мурожаатларига қараганда, Тошиссиққуввати туман тузилмалари ходимлари буни турлича талқин қиладилар. Қаердадир истеъмолчиларнинг балконларида иситиш жиҳозлари ўрнатилганлиги ёки иситиш жиҳозлари ўрнатилган, хоналар билан бирлаштириш учун балконлар қайта режалаштирилганлиги аниқланган пайтдан бошлаб ҳақни ҳисоблайдилар. Ёхуд 300-сон ёки 194-сон ёинки 197-сон ВМҚ тасдиқланган санадан бошлаб ҳисоблайдилар. Баъзи туманларда даъво қилиш муддати даври учун ҳисоблаб ёзадилар. Бошқаларида (яна ҳам яхшиси) – квартира охирги марта қайта расмийлаштирилган санадан бошлаб ҳисоблайдилар. Умуман олганда, вазият чалкаш, бу ҳолат ойдинлик киритиш ва аниқ талқин қилишни талаб этиши шубҳасиз.

 

 

Максим Черников шу саволлар билан «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКга мурожаат қилди. Тошиссиққуввати бош директорининг ўринбосари М.Нартикоева вазиятни тушунтирди.

Тошиссиққуввати бош директори ўринбосари М.Нартикоеванинг яна бир ёзма тушунтиришидан (19.02.2016 йилдаги 91-сон) келиб чиқилса, етказиб берувчининг вакили истеъмолчининг балконида иситиш жиҳозлари ўрнатилганлигини ёки иситиш жиҳозлари ўрнатилган, хоналар билан бирлаштириш учун балконлар қайта режалаштирилганлигини аниқлаган ҳолда истеъмолчига жарима солинмайди.

Яъни Тошиссиққувватининг талаблари қуйидагича. Батареяни балконга олиб чиқдингизми – қўшимча иситиладиган майдон учун ҳақ у аниқланган ва далолатнома тузилган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Агар ХУМШ бундан олдинроқ бўлган муддатни ёзма равишда тасдиқласа, ХУМШ кўрсатган санадан, бироқ 194-сон ВМҚ кучга кирган 1.08.2014 йилдан аввалги бўлмаган санадан бошлаб ҳақ ҳисобланади. Иситиш жиҳозлари ўрнатилган, хоналар билан бирлаштириш учун балконлар қайта режалаштирилганда ҳам худди шундай қилинади. Кўрсатилган барча ҳолатларда жарималар ундирилмайди. Истеъмолчи ўз хатти-ҳаракати билан уй ичидаги тизимлар ишини бузган бўлса, лойиҳага кўра уй ичидаги иситиш тизимини тиклаши шарт.

 

Муаммони муҳокама қиламиз

Қисмларга ажратиш тақиқланган

А.П.: Опамнинг балконида батарея ўрнатилган, ошхона ва меҳмонхонадан уни олиб ташлашди. У пешайвонни иситиш учун пул тўлаши керакми? Ахир бу унинг ўз квартираси-ку! Атиги 2 та батареяни олиб ташлади ва шу қувурлардан 1 тасини пешайвонга ўрнатди. Агар пул тўлаши шарт бўлса, бунда мантиқ қани, тақиқнинг моҳияти нимада? Чўянни алюминга алмаштирганда ёки олтита секция ўрнига ўн–ўн иккита секция улаганда-чи, бунда ҳам қоида бузилган ҳисобланадими?

Максим Черников (М.Ч.): Опангиз балкондаги батарея учун пул тўлаши керак. Мантиқ шундаки, 194-сон Қоидаларга кўра, кўп квартирали уйларнинг айрим турар жой ва нотурар жой хоналарини иситишнинг ушбу тизимларини иссиқлик жиҳатидан ва гидравлик қайта тартибга солмаслик учун иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимидан узиш тақиқланади (15-банд). Қоидаларнинг 88-бандида ҳам худди шу назарда тутилган. Тақиқнинг моҳияти – уйга иссиқлик жиҳатидан тушадиган юкнинг ўзгаришида.

ШНК 1.04.05-06 нинг 15-бандига кўра, мавжуд истеъмол доирасида хонанинг иситиш, газ, сув-канализация ва электр тармоқлари чизмасини ўзгартирмасдан туриб хоналар янада прогрессив газ, сантехника ва электр асбоблари билан қайта жиҳозланганда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда ваколатли орган рухсатномасини олиш талаб этилмайди. Қоидаларнинг 15-бандига мувофиқ, иситиш асбобларига қўшимча секцияларни бирлаштириш ёки улар сонини камайтириш тақиқланади.

 

Кутиш лозимми ёки ҳаракат қилиш керакми?

В.С.: Таъмирлаш пайтида қайта режалаштиришни амалга оширган ҳолда пешайвон билан хона ўртасида арка қурдириб, пешайвонда батарея ўрнатдик. Танишларимни худди шундай вазиятда ҳаммасини аввалги ҳолатига келтиришга мажбур қилдилар ва қўшимча иситиладиган майдон учун уларга қўшимча ҳақ ҳисоблаб ёза бошладилар. Бизникига ҳозирча иссиқлик таъминотчилари келмади. Бу вазиятда нима қилайлик? Иссиқлик таъминоти ташкилотига ўзимиз мурожаат қилайликми ёки инвентаризация ўтказиш учун келишларини кутайликми?

М.Ч.: Ноқонуний қайта режалаштирганингиз сабабли эртами-кечми барча масалани қонунчилик талабларига мувофиқ тартибга солишингизга тўғри келади. Буни қанчалик тез амалга оширсангиз, шунча кам ҳақ тўлайсиз. Энг узоғи 1.08.2014 йилдан бошлаб тўлашингиз лозим бўлган ҳақни ҳисоблаб ёзишлари мумкин.

 

Мерос қолган арка

А.И.: Пешайвон билан меҳмонхона ўртасида арка қурилиб, қайта режалаштирилган квартирани сотиб олдик. Пешайвонда батарея ўрнатилган. Иссиқлик таъминотчилари бунинг учун жавобгарликни бизнинг зиммамизга юклашди, аслида қайта режалаштириш анча олдин амалга оширилган, бунга бизнинг алоқамиз йўқ. Аввалги уй эгалари учун биз жавоб беришимиз керакми?

М.Ч.: Аввало квартирани сотиб олаётганда уйнинг илгариги эгаларида квартирани қайта режалаштиришга рухсатнома бор-йўқлигига эътибор қаратиш лозим, акс ҳолда бу сизнинг муаммоингизга айланади. Қўшимча иситиладиган майдон учун ҳақ тўлашингизга тўғри келади. Зеро амалда сиз нормативда белгиланганидан кўп ҳажмда иссиқлик энергиясини истеъмол қилгансиз. Савол: қайси пайтдан бошлаб тўлашга тўғри келади? Квартира сотиб олинган пайтдан, бироқ 1.08.2014 йилдан олдинги пайтдан эмас.

 

Учтаси бирда

И.Г.: Биз ошхона, хона ва пешайвонни бирлаштирдик. Иситиш учун ҳақ тўлашни қандай тартибга солишимиз, ишни нимадан бошлашимиз керак?

М.Ч.: Тахминан қуйидаги тартибда ҳаракат қилишингиз лозим:

1. Истеъмолчи қўшимча иситиш майдонини топиш мақсадида квартирани текшириш учун иссиқлик таъминоти ташкилотининг инспекторини чақириши керак. Буни телефон орқали эмас, ёзма равишда қилган маъқул.

2. Инспектор квартирани текшираётганда сиз квартирангизда қайта режалаштириш ўтказилган санани кўрсатишингиз, ХУМШ эса буни ёзма равишда тасдиқлаши керак. Агар ширкат бундан аввалгироқ санани кўрсатса, шу пайтдан бошлаб ҳақ ҳисоблаб ёзилади, бироқ 1.08.2014 йилдан олдинги пайтдан эмас.

3. Иссиқлик таъминотчилари ва ХУМШ қўшимча иситиладиган майдонни кўрсатган ҳолда далолатнома тузадилар. Унда квартира ичидаги иситиш тизимларини лойиҳага кўра тиклаш зарурлиги ҳақида турар жой мулкдорига кўрсатма берилади.

4. Ҳақ кўрсатма ижро этилгунча ҳисоблаб ёзилади.

5. Қўшимча иситиладиган майдон учун жарима ҳисоблаб ёзилмайди.

 

 

Аксилнамуна

 

Квадрат метр кворумни белгилайдиган мезонми?

 

Тошкентдаги «Муборак Юрт» ширкатида ХУМШ аъзолари умумий йиғилишида қарорлар қабул қилишга жуда ноёб ёндашувни кашф этдилар. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланганидек, унда қатнашувчи ширкат аъзолари ёки уларнинг вакиллари овозларини ҳисобга олиш ўрнига йиғилишда қатнашувчи турар ва... нотурар жойлар мулкдорларининг... майдонларидан келиб чиқиб овозлар ҳисобланади. Аниқроғи – кўп квартирали уйдаги турар ва... нотурар жойлар умумий майдонида улар эгаллайдиган майдон улушидан келиб чиқадилар. Яъни йиғилишда турар жойлар мулкдорлари эмас, балки квадрат метрлар қатнашади. Мисол учун, улар орасида 4 хонали квартиралар эгалари бўлса, улар эгаллаган майдондан келиб чиқиб йиғилиш кворумини таъминлаш жуда осон.

 

Вазият ўта чалкаш, бошидан оёғига тўнтарилган. Ширкатда қонун ҳужжатлари билан белгиланган умумий йиғилишда қарорлар қабул қилиш каби асосий қоида қўпол равишда бузилганини айтмаса ҳам бўлади. Муҳим савол: кашфиётчилар «ихтиро»ларида узоққа бориб бўлмаслигини тушунармикинлар? У ҳар қадамда тўхтаб, бузилиб, орқага тортиб туради, шундай ҳам бўлмоқда. «Муборак Юрт» раҳбарлари нимага таянганликларини айтиш мушкул.

 

«Муборак Юрт» ХУМШ аъзоларининг
умумий йиғилиши баённомасидан

КЎЧИРМА

2013 йил 05 январь                       Тошкент шаҳри

01/2013-БАЁННОМА

Кўп квартирали уйдаги турар ва нотурар жойларнинг умумий майдони 12 674,52 кв.метрни ташкил этади.

Умумий майдони 7 984,94 кв.метрлик жойлар мулкдорлари – ХУМШ аъзолари қатнашмоқда, бу кўп квартирали уйлардаги турар ва нотурар жойлар майдонининг 63%ини ташкил этади.

Кворум мавжуд. Йиғилиш ҳуқуққа эга.

 

Ҳурматга сазовор квадрат метрлар – яъни жойлар мулкдорлари бу ҳақда тасаввурга эга бўлмасалар керак. Уларнинг сўзларига қараганда, ширкатда умумий йиғилишлар ўтказилмайди. ХУМШ иши ҳақида биронта ахборот олиш мушкул. Эҳтимол, уй аҳлини чалкаштириш мақсадида бундай ноу-хау ўйлаб топилгандир. ХУМШ аъзоси бўлмаган ва умумий йиғилишда қарор қабул қилишга ҳақли бўлмаган нотурар жойлар мулкдорлари (яъни квадрат метрлар) эса кворумга эришиш учун жалб этилган кўринади. Бемаъниликнинг ўзи!

Ушбу ХУМШ аъзолари таҳририятга олиб келган умумий йиғилиш баённомасига 2013 йил санаси қўйилган. Агар қарорлар ҳозирги кунгача шундай принципга кўра қабул қилинаётган бўлса, икки ярим йилдан буён уларнинг биронтаси қонуний деб саналмайди. Мана сизга «ихтиро»...

 

Қонунда нима дейилган?

Квадрат метрлардан келиб чиқиб қарорларни қабул қилиш умумий йиғилишда қатнашувчи турар жойлар мулкдорларининг асл миқдорини акс эттирмайди. Ва, албатта, нотурар жойлар мулкдорлари ширкат аъзолари ҳисобланмайди (Қонуннинг 3-моддаси). Бундан ташқари, Қонунда нотурар жойларнинг мулкдорлари ХУМШ аъзолари умумий йиғилишларида, ширкат фаолияти билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда қатнашишини белгиловчи меъёр мавжуд эмас.

Умумий йиғилиш, агар унда ХУМШ аъзоларининг ёки улар вакилларининг 50%идан кўпроғи ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Биттадан ортиқ уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирган ширкатлардаги йиғилишда кўп квартирали ҳар бир уйдаги жой мулкдорларининг ёки улар вакилларининг камида 50%и ҳозир бўлиши керак (Қонуннинг 20-моддаси).

ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор, агар ХУМШ аъзоларининг 50%идан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Қарор қабул қилинаётганда йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ХУМШ аъзосининг қарори кўрсатилган ва имзоси қўйилган ҳолда йиғилишга ёзма шаклда берилган ширкат аъзоларининг овозлари ҳисобга олиниши ширкат уставида белгилаб қўйилиши мумкин. Умумий йиғилишда қабул қилинган қарор ширкатнинг барча аъзолари учун мажбурийдир (Қонуннинг 22-моддаси).

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Даъво қилиш муддати қўлланишини айтинг

 

Уй-жой-коммунал соҳага нисбатан даъво қилиш муддати тушунчасини изоҳлаб берсангиз. Хусусан, коммунал хизматларни етказиб берувчилар ёки ХУМШ ўтган 5, 6 йиллик ва ундан олдинги қарзларни, шу жумладан асоссиз қарзларни истеъмолчиларга ҳисоблаб ёзишга ҳақлими? Бу даъво қилиш муддатига қанчалик мувофиқ келади? Агар етказиб берувчининг 5–10 йиллик қарзни тўлаш талаби судда рад этилса, у 3 йил, яъни даъво қилиш муддати билан чекланиши шартлигини англатадими?

И.Алексеева.

 

– Фуқаролик кодексининг 149-моддасига мувофиқ, даъво муддатишахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишларга фуқаролик, меҳнатга доир, оилага доир, уй-жойга доир, агар қонун ҳужжатларида кўришнинг ўзга тартиби белгиланган бўлмаса, бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради (Фуқаролик процессуал кодексининг 239-моддаси).

ФКнинг 150-моддасига кўра, умумий даъво муддати – 3 йил. Ушбу моддада кўрсатилган уч йиллик даъво муддати фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларга нисбатан қўлланилади, қонунларда унга қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган даъво муддатлари белгиланган талаблар, шунингдек даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар бундан мустасно.

ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарори билан Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари тасдиқланган. Етказиб берувчилар ва истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари истеъмолчи билан етказиб берувчи ўртасида тузилган икки томонлама шартномаларда, шунингдек қонун ҳужжатларида, хусусан, кўрсатилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилган.

5–10 йиллик қарзни ҳисоблаб ёзишда даъво қилиш муддати, яъни ФКнинг 150-моддасида назарда тутилган муддатдан келиб чиқиш зарур, сабаби қонун ҳужжатларида уй-жой соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар юзасидан қисқартирилган ёки узайтирилган даъво муддатлари белгиланмаган.

Шуни қайд этиш зарурки, ФКнинг 153-моддасига мувофиқ, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати (3 йил) суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Яъни қарзни тўлаш ҳақида даъво аризасини судга юборганда етказиб берувчи даъво муддатини ҳисобга олмасдан қарзнинг бутун суммасини тўлашни талаб қилишга ҳақли, агар суд жараёнининг бошқа тарафи даъво қилиш муддатини қўллаш ҳақида судга арз қилмаса (илтимос қилмаса), суд етказиб берувчининг талабларини қондириб, тўғри йўл тутган бўлади.

 

Жўрабек Муротов,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Перфоратор учун вақт

 

Кўп квартирали уй-жойларда таъмирлаш-қурилиш ишлари бажарилиши, хусусан, перфоратор билан ишлаш қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади? Таъмирлаш ишлари учун вақт белгиланганми, уни дам олиш кунлари бажариш мумкинми?

В.Борисова.

 

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасида белгиланишича, тунги вақтда – соат 23.00 дан 6.00 гача фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1/3 қисми, мансабдор шахсларга эса – 1/3 қисмидан 1/2 қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга ЭКИҲнинг 1/2 қисми миқдорида, мансабдор шахсларга эса – 1/2 қисмидан 1 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон қарорига 3-илова) 14-бандида белгиланишича, турар жой эгаларига квартира, йўлак, чердак ва ертўлаларда хонага шикаст етказувчи ва истиқомат қилувчиларнинг тинчлиги ва нормал турмуш шароитларини бузувчи ишларни қилиш тақиқланади.

Ушбу масала Бинолар барқарорлиги хавфсизлигини таъминловчи кўп квартирали уйлардаги хоналарни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш тартиби тўғрисидаги низом (ШНК 1.04.05-06, Давархитектқурилиш томонидан 23.03.2006 йилда ­20-сон билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) билан ҳам тартибга солинади. Низомнинг 20-банди билан кўп квартирали уйларда эрталабки 8.00 дан аввал шовқин чиқарувчи ишлар қилиш ва уларни 21.00 дан кейин давом эттириш тақиқланган.

Қўшнилар билан ихтилофга бормаслик учун квартирангизда таъмирлаш ишларини бошлаётганингиз ҳақида уларни олдиндан огоҳлантиришингиз маъқул. Агар йўлакда ёш болалар бўлса, ота-оналари билан ҳордиқ чиқариш вақтини келишиб олиш мумкин. Таъмирлашни бошлаётганингиз ҳақидаги эълонни йўлакка осиб, вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраб, буни тўғри қабул қилганликлари боис миннатдорчилик билдиришингиз мумкин. Агар сизнинг ХУМШда ички тартиб қоидалари ишлаб чиқилган бўлса, уларда таъмирлаш ишларини ўтказиш вақтини қайд этиш, буни ХУМШ аъзолари умумий йиғилишида келишиш ва тасдиқлаш лозим.

 

Мавзуга доир ҳазил

Йўлакдаги эълондан: Ҳурматли қўшнижонлар! Сабр-тоқатингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Шуни маълум қиламизки, 2 йил давом этган таъмирлаш ишларимиз, ва ниҳоят, якунланди. Перфоратор ва дрелни сотиб юбордик! Унинг пулига эса караоке сотиб олдик!!!

* * *

Тунги нақ соат 2 да қўшниларим батареяни тақиллатишаётганини эшитиб қолдим. Кишига инсоф ҳам керак-да! Ғазабим қўзиганидан қўлимдаги перфоратор ерга тушиб кетишига оз қолди.

 

 

Балкон устида соябон ўрнатса бўладими?

 

Кўп квартирали уйнинг биринчи қавати балкони устида соябон ўрнатиш учун келишувни расмийлаштириш талаб этиладими?

М.Ниёзбекова.

 

– Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 9.03.2016 йилдаги 70-сон қарорига 1-илова) 3-бандида назарда тутилишича, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш (фасадини таъмирлаш) деганда бино ва иншоот ҳажми ва майдонини ўзгартирмасдан туриб бино ва иншоотнинг кўчадан (кўчалардан) кўринадиган фасадлари (фасад майдонининг 25%дан ортиғи), асосий ва ён томонлама фасадларининг (деворнинг пастки қисми, қуёшдан тўсувчи элементлари, панжаралари, устунлари, томи, дераза ўринлари, балконлари, айвонлари ва ҳ.к.) асосий архитектура элементлари ранги, конфигурацияси ва ўлчамларини ўзгартириш тушунилади.

Низомнинг 4-бандида белгиланишича, агар бино ва иншоотлар шаҳар ва туман аҳамиятига молик магистрал кўчалар (аҳоли пунктлари доирасида), халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари ёқасида жойлашган бўлса, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш талаб этилади.

Туманларнинг маъмурий марказлари бўлмаган қўрғонлар, қишлоқ аҳоли пунктлари (қишлоқлар, овуллар) ва аҳоли пунктларидан ташқарида жойлашган бино ва иншоотлар бўйича бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш талаб этилмайди.

Халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари, шунингдек шаҳар ва туман аҳамиятига молик магистрал кўчалар (аҳоли пунктлари доирасида) рўйхати ваколатли орган томонидан йўллардан фойдаланувчи ташкилотлар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давархитектқурилишга Интернет тармоғидаги расмий сайтида жойлаштириш учун, шунингдек тадбиркорлик субъектларига «бир дарча» тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи марказларга уларнинг электрон таблосида ҳар йили (ҳар йили 10 январгача) янгилаган ҳолда жойлаштириш учун тақдим этилади.

Низомнинг 3-бандида соябонлар ҳақида аниқ сўз юритилмаган, бироқ ҳужжатда кўрсатилганларидан ташқари, фасадларнинг архитектура элементлари рўйхатида бошқа элементлар ҳам назарда тутилган, унга балконлар устидаги соябонлар ҳам кирса керак.

Тошкентнинг кўпгина туманларида кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватлари балконлари устида ўзбошимчалик билан ўрнатилган соябонлар бузила бошлади. Тошкент шаҳар БошАЛБда бизга хабар берганларидек, Низомга мувофиқ соябонларни ўрнатиш учун туман архитектура ва қурилиш инспекциясидан рухсатнома олиш талаб этилади. Бу турар жой мавзеларининг ташқи кўринишини яхшилаш, шунингдек аҳоли хавфсизлиги учун қилинади, чунки ўзбошимчалик билан қурилган конструкциялар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, шамол кўтарилганда бузилиб тушиб, кишилар соғлиғига зиён етказиши мумкин.

 

 

Текширилгани ҳақидаги маълумот базага киритилмаган

 

Шаҳаргаз назоратчиси компаниямиз ходимига 6,5 млн сўм миқдорида қарзи борлиги хусусида даъво билдирди. Бироқ ҳисоблагич кўрсаткичларига кўра унинг ҳеч қандай қарзи йўқ, газ истеъмолига ўз вақтида ҳақ тўлаб келинган. Назоратчи ҳисоблагич текширувдан ўтмагани сабабли нормативга ва пропискадагилар сонига қараб абонентга тўлов ҳисоблаб ёзилганини тушунтирди. Бироқ ходимимиз ҳисоблагични ўз вақтида текширтирган, бу ҳисоблагич текширилгани ҳақидаги сертификат билан тасдиқланган. Бироқ нимагадир бу ҳақдаги маълумотлар ахборот базасига киритилмаган. Мавжуд вазиятда қандай йўл тутиш лозим?

Д.Тангиров.

 

– Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Низом) 27-бандида белгиланишича, тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонасининг мутахассиси газни ҳисобга олиш приборини ўрнатишдан олдин унинг текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг мавжудлиги ва пломбаларининг бутлигини текширади. Истеъмолчи унга газни ҳисобга олиш приборининг текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификат нусхасини тақдим қилиши лозим.

Низомнинг 29-бандига мувофиқ, газни ҳисобга олиш прибори текширилган ва ўрнатилгандан сўнг, у рўйхатга олинади ва фойдаланилган газ газни ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичига мувофиқ ҳисобланади. Ушбу маълумотлар тумангаз маълумотлар базасига киритилади.

Агар газ таъминоти ташкилоти ходими буни ўз вақтида қилмаган бўлса, абонентга асоссиз ҳисобланмалар ҳақида талаб қўйиш қонунчиликни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузиш саналади.

Етказиб берувчи истеъмолчини унга ҳисобланмалар ёзилгани ҳақида хабардор қилмаган. Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасида назарда тутилганидек, абонент олинган газ ҳақини ҳар ой тугагач 10 кун ичида тўлаши керак (Шартноманинг 6.2-банди). Белгиланган муддатда ҳақ тўланмаганда етказиб берувчи истеъмолчини 10 кун ичида тўлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантириши шарт (Шартноманинг 6.3-банди). Агар истеъмолчи билдиришномани олгандан кейин 3 кун ичида газ ҳақини тўламаса, у газ таъминоти тармоғидан узиб қўйилади (Шартноманинг ­6.4-банди).

Абонент узоқ вақт давомида етказиб берувчидан қарзи борлиги ҳақида на оғзаки, на ёзма билдиришнома олмаган, бу қонунчиликни бузиш саналади. Бироқ истеъмолчи Низомда қайд этилганидек ҳисоблагич текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификат нусхасини етказиб берувчига ўз вақтида тақдим этганми? Ўтказилган текшириш ҳақидаги маълумотлар базада бўлмаслиги ҳолати кўп учрайди. Газ таъминоти ташкилоти билан ихтилофга бормаслик учун истеъмолчи вақти-вақти билан тумангазда тўловларни солиштириб туриши лозим.

Абонент тумангаз раҳбари номига асоссиз ҳисобланмалар ёзилганлиги ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиши зарур. Аризага газ ҳисоблагичи текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификат, газ истеъмоли учун ҳақ тўланганлиги ҳақидаги квитанция нусхаларини илова қилиши лозим.

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 2878 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика