Корхонамиз Россия ва Хитойдан доимий равишда хом ашёни импорт қилади. Илгари тажрибали мутахассис божхонадан ўтказиш билан шуғулланар эди. Бироқ яқинда янги декларантни ишга қабул қилдилар. Менга божхона билан муносабатларни назорат қилиш топширилган. Ўтган йил охирида ТИФ ТН коди нотўғри белгиланганлиги сабабли қўшимча келишувни расмийлаштиришимизга тўғри келган. Натижада юкни фақат февралда олганмиз. Бундай вазиятларга тўқнаш келмаслик ва ишлаб чиқариш тўхтаб қолмаслиги учун божхона органига дастлабки қарорни сўраб мурожаат қилишни тавсия этишди. Буни қандай қилиб тез ва тўғри амалга ошириш кераклигини айтиб берсангиз. Янги Божхона кодекси кучга кирганидан кейин нималар ўзгарди?
Л.Насимова,
МЧЖнинг тижорат директори.
Кодларда хатога йўл қўймаслик учун
– Ҳақиқатан ҳам, ЎзР ТИФ ТНга мувофиқ 10 рақамли кичик ёрдамчи позицияда белгиланган муайян товар таснифи тўғрисида Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган кўрсатма товар божхонага тақдим этилгунча ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади. ТИФ қатнашчиси бўлган корхонангиз хом ашёнинг янги туркуми етказиб беришга тайёрланаётганда ушбу ҳужжатга қараб иш тутиши ва товар таснифланишига ишонч ҳосил қилиши мумкин.
Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг 52-боби дастлабки қарорлар тўғрисидаги меъёрларга бағишланган. Унинг 370-моддасига мувофиқ, божхона органлари товарларнинг таснифланишига нисбатан ТИФ ТНга мувофиқ товар божхона органига тақдим этилгунга қадар дастлабки қарор қабул қилиши мумкин. У божхона органлари учун мажбурийдир.
Ушбу таомил маҳсулот олиб кирилгунга қадар божхона хизмати вакилларининг товарни товар номенклатурасининг у ёки бу позицияси ёхуд ёрдамчи позициясига киритиш, шунингдек унинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлашга оид нуқтаи назарини билиш имконини беради. Бу эса кейинчалик божхона расмийлаштируви ва назорати таомилини анча енгиллаштиради, сабаби ТИФ божхона пости ходимлари бу ҳолда дастлабки қарордаги маълумотларни божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган товар билан солиштириб қўя қолишлари мумкин.
Сўров тақдим этамиз
Дастлабки қарорни олиш учун манфаатдор шахс ДБҚ ёки унинг ҳудудий хизматларига товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисида ёзма сўров юбориши зарур. Унда товарнинг тўлиқ тижорат ва фирма номи, асосий техник, тижорат тавсифлари ва товарни бир маънода таснифлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Зарур ҳолларда, маҳсулотнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари, паспортлари ҳамда дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилади.
Юридик шахсдан келиб тушадиган сўров ташкилот раҳбари томонидан фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда имзоланган ҳамда ташкилот жойлашган ер тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак. Жисмоний шахсдан келиб тушадиган сўров ушбу шахс томонидан имзоланган ва унинг яшаш манзили ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.
Диққат! Сўров божхона органига келиб тушган кундан эътиборан 20 кун ичида кўриб чиқилади (БКнинг 371-моддаси).
Аризачи томонидан маълумотлар товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш учун тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилган тақдирда, божхона органи ариза берилган кундан эътиборан 20 календарь кун ичида қўшимча маълумотларни, ҳужжатларни ва материалларни бериш зарурлиги тўғрисида аризачини хабардор қилади. Бунда айнан қандай қўшимча маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни тақдим этиш зарурлиги кўрсатилиши шарт. Улар аризачи хабардор қилинган кундан эътиборан 60 календарь кун ичида тақдим этилиши лозим, акс ҳолда товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқмасдан қолдирилади.
ТИФ ТН бўйича товарнинг кодини аниқлаш борасида низоли вазиятлар юзага келган ҳолларда ва уларни ҳал этиш қийин бўлганда, божхона органи товарларнинг намуналарини ёки нусхаларини ҳамда тегишли ҳужжатларни Умумжаҳон божхона ташкилотига тегишли текширишлар ёки синовлар ўтказиш учун юбориши мумкин. Бунда товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор божхона органи томонидан ўз сўровига жавоб олинганидан кейин қабул қилинади.
Диққат! Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида аризачини товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилиши керак. Сўровнинг рад этилиши уни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда аризачининг дастлабки қарорни қабул қилиш тўғрисида қайта мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
Бир йилдан ортиқ эмас
Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор, агар у ўзгартирилган, қайтариб олинган ёки бекор қилинган бўлмаса, қабул қилинган кунидан эътиборан 1 йил ичида амал қилади. Ушбу муддат тугагач, у ўз кучини йўқотади. Бу ҳол манфаатдор шахснинг янги дастлабки қарор бериш тўғрисидаги сўров билан мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди (БКнинг 372-моддаси).
Муайян вазиятларда божхона органлари товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни ўзгартириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. У ТИФ ТН ўзгартирилганда ёхуд дастлабки қарорни қабул қилишда йўл қўйилган камчиликлар ва хатолар аниқланганда ўзгартирилади. Ўзгариш ўзгартириш тўғрисида қарорда кўрсатилган муддатда кучга киради.
Дастлабки қарорнинг шартларига амал қилинмаган тақдирда у қайтариб олинади. Уни қайтариб олиш тўғрисидаги қарор товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорнинг ўзгариши эълон қилинганидан кейин 3 иш кунидан кечиктирмай қабул қилиниши керак ва бир вақтда кучга киради.
Агар дастлабки қарор аризачи томонидан тақдим этилган тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар асосида қабул қилинган бўлса, бундай қарор бекор қилинади. Бекор қилиш тўғрисидаги қарор дастлабки қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Диққат! Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни ўзгартириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор дастлабки қарор берилган шахсга қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда юборилади (БКнинг 373-моддаси).
Реестр ва йиғим тўғрисида
Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорлар очиқ ахборот бўлиб, барча юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ёзма сўровларига кўра ҳеч бир чекловларсиз тақдим этилиши керак, бундан тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган ахборот мустасно.
Диққат! ДБҚ Товарларни таснифлаш бўйича берилган дастлабки қарорларнинг реестрини юритади ва унинг даврий равишда эълон қилинишини таъминлайди (БКнинг 374-моддаси).
Божхона органида дастлабки қарорни олиш учун дастлабки қарор қабул қилганлик учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати асос ҳисобланади. Унинг эквивалентдаги миқдори (50 евро) Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги Қарори (30.04.1999 йилдаги 204-сон) билан белгиланган.