Ишнинг моҳияти
Ташувчи (МЧЖ) ва юк жўнатувчи (ХК) 2015 йил сентябрида 100 млн сўмлик товарларни ташиш шартномасини туздилар. Унинг шартларига кўра юк жўнатувчи 7 банк куни давомида шартнома суммасининг 50%ини олдиндан тўлаб, қолган ярмини ҳисобварақ-фактура имзолангандан кейин 30 кун давомида сўндириши керак эди. Ташувчи ўз навбатида олдиндан тўлов тўланган кундан бошлаб 10 кун ичида товарни етказиб бериши шарт эди.
Хусусий корхона ўз мажбуриятларини вақтида бажарди. Бироқ МЧЖ лицензия муддати тугаганлиги ва юк автотранспорти техник кўрикдан ўтиши зарурлигини рўкач қилиб, товарни белгиланган муддатда етказиб беришдан бош тортди. Унга юборилган даъво натижа бермади, ноябрь ойида юк жўнатувчи хўжалик судига илгари тўланган 50 млн сўм, 500 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини қоплаш даъвоси билан мурожаат қилди.
Юк жўнатувчининг позицияси
– Биз олдиндан тўловни ўз вақтида ўтказдик. Бироқ ташувчи товарни белгиланган муддатда етказиб беришдан бош тортгани сабабли зарар кўрдик. Шартноманинг 10.4-бандида ташувчи ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда тўланган суммани қайтариб олиш ҳуқуқига эгалигимиз назарда тутилган. Шу сабабли суд ундан асосий қарзни ва суд харажатларини ундириб беришини сўраймиз.
Ташувчининг позицияси
– Биз суддан даъвогарнинг даъвосини рад этишни сўраймиз, зеро юкларни ташишга лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганлиги ва уни узайтириш учун юк автотранспорти техник кўрикдан ўтказилиши зарурлиги сабабли унинг олдидаги мажбуриятларимиз бекор бўлган. Фуқаролик кодекси 349-моддасининг маъносига кўра мажбуриятни бажариб бўлмаслиги туфайли жавобгар ушбу ҳолатлар учун жавоб бермайди.
Суднинг ҳал қилув қарори
Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, юк жўнатувчи судга даъво билан мурожаат қилишига сабаб бўлган далиллар тасдиғини топди. ФКнинг 333, 349 ва 719-моддаларига асосланган ҳолда у:
хусусий корхонанинг даъво талабларини тўлиқ қондириш;
Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддасидан келиб чиққан ҳолда суд харажатларини (давлат божи ва почта харажатларини) тўлиқ ҳажмда жавобгардан ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилди.
Апелляция ва кассация инстанцияси судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.
Юристнинг шарҳи
ФКнинг 711-моддаси 1-қисмига мувофиқ, юк ташиш шартномаси бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни белгиланган манзилга етказиб бериш ва уни олишга ваколат берилган шахсга (олувчига) топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 719-моддаси 1-қисмига асосан, ташувчи юк ташиш учун транспорт воситаларини қабул қилинган талабнома (буюртма)га ёки бошқа ташиш шартномасига мувофиқ бермаганлиги учун, жўнатувчи эса юкни тақдим этмаганлиги ёки берилган транспорт воситаларидан бошқа сабабларга кўра фойдаланмаганлиги учун транспорт уставлари ва кодекслари, шунингдек тарафларнинг келишувлари билан белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.
Жавобгарнинг шартномада назарда тутилган юкни етказиб бериш мажбурияти уни бажариб бўлмаслиги туфайли бекор қилиниши ҳақидаги важ-далиллари рад қилинади, чунки ФКнинг 349-моддаси 1-қисмига кўра, агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади.
Кўриб чиқилаётган иш материалларидан маълум бўлишича, ташувчи юкларни ташишга лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганлиги ва уни узайтириш учун юк автотранспорти техник кўрикдан ўтказилиши зарурлиги сабабли шартномани бажаришдан бош тортган.
Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон Қарори билан тасдиқланган) 25-бандига асосан, лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензиат томонидан лицензияловчи органга унинг амал қилиш муддати тамом бўлгунгача 2 ойдан кечикмай берилиши керак. Яъни ташувчи юк ташиш шартномасини имзолаш вақтидаёқ Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш масаласи бўйича мурожаат этиши керак эди. Унинг ушбу талабни бажармаганлиги ташувчининг ўзи жавобгар бўлган вазият ҳисобланади. Шу муносабат билан мазкур вазиятда ФКнинг 349-моддаси меъёрларини қўллаб бўлмайди, ташувчи юк жўнатувчининг юкини етказиб беришдан бош тортганлиги учун шартномавий жавобгарликка тортилиши керак. Зеро ФКнинг 333-моддаси 1-қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Ишнинг моҳиятидан келиб чиқилса, шартноманинг 10.4-бандида ташувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолда юк жўнатувчининг тўланган суммани қайтариб олишни талаб қилиш ҳуқуқи назарда тутилган. Шу сабабли юк жўнатувчининг илгари тўланган суммани ундириш талаби шартнома ва қонун ҳужжатларига асосланган.
Юқорида айтилганлар ҳисобга олинса, суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.
Шунга эътибор қаратиш лозимки, ташувчи судгача тартибда юк жўнатувчи билан шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қўшимча битим тузиши мумкин эди. Шунда неустойка ва суд харажатларини тўлашига тўғри келмас эди. Бошқа тараф шартномага қўшимча битим тузишдан бош тортган ва илгари тўланган суммани қайтаришни талаб қилган ҳолда воз кечиш битимини тузиш ҳақида келишиб олиши, мажбуриятларни таъминлаш чораларини қўллаши, хусусан, кафиллик ёки гаров шартномаси тузиши, қарз олиши ёки юк жўнатувчининг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиши ва бошқа чораларни қўллаши мумкин эди.
Павел Сильнов,
адвокат.