Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 21 / Солиқ солиш

ҚҚС тушунтиришни талаб этмоқда

 

ҚУРИЛИШ ИШЛАРИ ҲИСОБИ

 

Биз пудрат усули билан ўзимиз учун ишлаб чиқариш цехини ­қуряпмиз. Ушбу операцияларда қўшилган қиймат солиғини қандай ҳисобга олиш ва у нималарга солиниши керак?

Бухгалтер.

 

– Ташкилотингиз цехни пудрат шартномасига кўра қурмоқда. Бу ташкилотингиз ҳеч қайси ишни ўз кучи билан бажармаётганлигини англатади. Шу тариқа, сизда реализация бўйича оборот ва, тегишинча, ҚҚС солиш объекти мавжуд эмас.

Бироқ сиз буюртмачиси бўлган қурилиш-монтаж ишларини бажарувчи ташкилотда реализация бўйича оборот юзага келади.

Агар ишлаб чиқариш цехини қураётган пудрат ташкилоти ҚҚС тўловчиси бўлса, у сизга ҚҚС билан бирга қурилиш-монтаж ишлари қийматига ҳисобварақ-фактурани қўяди. Солиқ кодексининг 219-моддаси ва ­5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-банди* қоидаларини эътиборга олган ҳолда ташкилотингиз тўлаган ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди, балки қурилган ишлаб чиқариш цехи қийматига киритилади.

Шуни қайд этиш зарурки, ташкилотингиз ишлаб чиқариш цехини мустақил равишда қурган ҳолда ҳам сизда ҚҚС бўйича мажбурият юзага келмайди. Зеро Солиқ кодексининг 199-моддаси 2-қисми 3-бандига мувофиқ, солиқ тўловчининг ўз эҳтиёжлари учун ўз кучи билан қурилиш, монтаж, қурилиш-монтаж ишларини бажариши реализация қилиш обороти бўлмайди.

 


*Корхона балансига кирим қилиниши лозим бўлган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати тўланган ва қопланмайдиган солиқларни (йиғимларни), шунингдек активни ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун ишчи ҳолатига келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган етказиб бериш ва монтаж қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш ва исталган бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда, асосий воситаларни барпо этиш (қуриш ва қўшимча қуриш) ёки харид қилиш бўйича қилинган харажатларнинг қиймати ҳисобланади.

 

 

СОЛИҚ ТЎЛОВЧИ КИМЛИГИГА ҚАРАМАЙ

 

ҚҚС тўловчи корхона ҚҚС тўламайдиган шахс учун ишларни бажарди. Харидоримиз ҳисобварақ-фактурани ҚҚС билан қабул қилишдан бош тортяпти. Ҳисобварақ-фактурада қўшилган қиймат солиғини кўрсатиш зарурми?

О.Орлова.

 

– Солиқ кодексининг 222-моддаси 3-қисми билан қўшилган қиймат солиғи солинадиган оборотни ва ҚҚСдан озод қилинган оборотни амалга ошираётган юридик шахслар, шунингдек ушбу солиқ тўловчиси бўлмаган юридик шахслар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи шахсга ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари шартлиги белгиланган. Йўловчилар ташишни йўл чипталари билан расмийлаштириш, товарлар (ишлар, хизматлар) аҳолига нақд пулда реализация қилинган ҳолларда сотиб олувчига фискал хотирали назорат-касса машинаси чеки, терминал чеки, квитанция бериш, товарларнинг экспорт-импорт тарзида етказиб берилишини расмийлаштириш ва бошқа ҳоллар бундан мустасно.

ҚҚС солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилган тақдирда, ҳатто товарлар (ишлар, хизматлар) харидори (буюртмачиси) ҚҚС тўловчиси бўлмаса ҳам, ҳисобварақ-фактурада ушбу солиқ суммаси албатта ажратиб кўрсатилиши керак.

Сотувчи ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини акс эттиради, чунки айни у – сотувчи ҚҚС солинадиган етказиб беришни амалга оширади. Харидор реализация бўйича ўз оборотлари юзасидан ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди, сотувчидан ҚҚС суммасини эса товарни (ишни, хизматни) харид қилиш нархида тўлайди.

Шу сабабли ташкилотингиз ҚҚС тўловчиси бўлса ва ҚҚС солинадиган етказиб беришни амалга оширса, маҳсулотингиз харидори ушбу солиқ тўловчиси ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигидан қатъи назар, ҚҚС суммасини ҳисобварақ-фактурада кўрсатиши шарт.

 

 

ҲИСОБГА ОЛИНМАЙДИ

 

Россияга хизмат сафарига юборилган ходим меҳмонхона счётини тақдим этди, унда ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилган экан. Корхона ушбу ҳужжатга кўра ҚҚСни ҳисобга олиши мумкинми?

О.Иброҳимова.

 

– Ходимлар хорижга хизмат сафарига юборилганда ҚҚС ҳисобга олинмайди, чунки Солиқ кодексининг 219-моддаси 4-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди.

Россиядаги меҳмонхонада яшаш – Ўзбекистондан ташқарида кўрсатилган хизмат (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 3-банди*). Шу сабабли корхонангиз Россиядаги меҳмонхона счётига асосан ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли эмас.

 


*Агар туризм, маданият, санъат, маориф, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар амалда Ўзбекистон ҳудудида кўрсатилса, реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон Республикаси эътироф этилади.

«Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, туризм – жисмоний шахснинг доимий истиқомат жойидан соғломлаштириш, маърифий, касбий-амалий ёки бошқа мақсадларда борилган жойда (мамлакатда) ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланмаган ҳолда узоғи билан 1 йил муддатга жўнаб кетиши (саёҳат қилиши).

 

 

ТУРЛИ УСУЛДА ТЎЛДИРИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛАДИ

 

Биз етказиб берувчидан олган ҳисобварақ-фактурада СТИР қўлда ёзилган, қолган реквизитлар эса босиб туширилган. Бу ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилишини бузиш саналадими, уни реквизитлари бир хил усулда тўлдирилганига алмаштиришларини сўрашимиз керакми?

Н.Егорова.

 

– Солиқ кодексининг 222-моддасига мувофиқ, ҳисобварақ-фактура қоғоздаги шаклда ёки электрон ҳужжат тарзида тузилиши мумкин.

Олинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрини юритиш тартибининг (МВ ва ДСҚнинг 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова) 15-бандида белгиланишича, қисман компьютер ёрдамида, қисман қўл билан тўлдирилган, бироқ тўлдиришнинг белгиланган қоидаларига мувофиқ бўлган ҳисобварақ-фактуралар Олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Шу тариқа, қоғоз кўринишидаги ҳисобварақ-фактуралар қисман компьютерда, қисман қўл билан тўлдирилган бўлса, бу қоидабузарлик саналмайди.

 

 

ҚҚСсиз САНКЦИЯЛАР

 

Шартнома шартларини бажармаганлик учун жарима тўлашга пул маблағларини ўтказяпмиз. Ушбу суммаларга ҚҚС солиш керакми?

Т.Воҳидова.

 

– Солиқ кодексининг 198-моддасига мувофиқ, ҚҚС солиш объекти реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 261-моддасига мувофиқ, қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади. Солиқ кодексининг ­147-моддаси 25-бандига кўра, тўланган жарималар фойда солиғи тўловчисида чегирилмайдиган харажатларга киради. Бухгалтерия ҳисобида тўланган жарималар бошқа операцион харажатлар сифатида таснифланади.

Шу тариқа, шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун контрагентга жарима тўлаш харажатлари реализация қилиш обороти ҳисобланмайди. Шу сабабли корхонангизда ҚҚС бўйича мажбурият юзага келмайди.

 

Валерий ЛИ,

ЎзР Молия вазирлигининг солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармаси бўлими бошлиғи.

Прочитано: 2648 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика