Давлат хизматлари ягона порталида (my.gov.uz) Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назорати вақтинчалик қоидаларига (АВ томонидан 11.02.2000 йилда 896-сон билан рўйхатдан ўтказилган) киритиш учун таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Улар Вақтинчалик низом тартибга солмайдиган объектлар рўйхатини кенгайтиради. Ҳозирда у ёзма хат-хабарлар (майда пакетлардан ташқари) ва дипломатик почтага татбиқ этилмайди. Лойиҳада ушбу рўйхатга консуллик вализасини* киритиш кўзланмоқда.
Лойиҳада аниқлаштирилишича, халқаро почта айирбошлаш жойлари почта алоқаси соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан Давлат божхона қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади. Шуни эслатиб ўтамизки, ушбу жойларда кирувчи, чиқувчи ва транзит олиб ўтилувчи халқаро почта жўнатмаларига тўлиқ ишлов берилади, Ўзбекистон божхона органлари томонидан назорат қилинади ва расмийлаштирилади, шунингдек тайинланган манзилга жўнатилади. Лойиҳада кирувчи ва чиқувчи халқаро почта (ХПЖ) ҳамда курьерлик (ХКЖ) жўнатмалари учун божхона декларацияси сифатида қараладиган ҳужжатларни аниқ белгилаш назарда тутилган. Қуйидагиларга ана шундай ҳужжатлар деб қаралади:
Бутунжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатлари билан назарда тутилган ҳужжатлар – нотижорат мақсадлари учун жисмоний шахсларга, шунингдек юридик шахсларга ХПЖда юбориладиган, қиймати 10 ЭКИҲгача бўлган товарлар учун;
тижорат ҳужжатлари – нотижорат мақсадлари учун жисмоний шахсларга, юридик шахсларга ХКЖда жўнатиладиган, қиймати 10 ЭКИҲгача бўлган товарлар учун.
Қолган ҳолларда ХПЖ ва ХКЖда жўнатиладиган товарлар божхона юк декларациясини тақдим этиш йўли билан декларацияланади. Лойиҳада тушунтирилишича, почта алоқаси операторлари ва провайдерлари ҳар бир ХПЖ ва ХКЖ бўйича божхона органларига ҳар бир товарнинг олувчиси, номланиши, оғирлиги, миқдори ва баён этилган қиймати ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган божхона декларацияларини тақдим этадилар.
Кўрсатилган ҳужжатлар электрон тарзда тақдим этилиши мумкин.
Агар уларда бундай маълумотлар бўлмаса, божхона органининг мансабдор шахси ХПЖ ва ХКЖни техник воситаларни қўллаб кўздан кечиришда зарурат туғилганда уларни очишни талаб қилишга ҳақли бўлади. Лойиҳа билан божхона кўздан кечируви тартиби белгиланган. Чунончи, божхона органининг мансабдор шахси ва почта алоқаси оператори ёки провайдери икки нафар ходими ХПЖ ва ХКЖни очган ҳолда кўздан кечиришлари аниқлаштирилган. Кўздан кечириш натижаларига кўра почта алоқаси оператори ёки провайдери ходимлари албатта кўздан кечириш рўйхатини тузишлари керак. Унинг биринчи нусхаси почта алоқаси оператори ёки провайдерида қолади, иккинчиси ХПЖ ва ХКЖ билан бирга адресатга жўнатилади. Миқдорида тафовут аниқланган, солинмалар мувофиқ келмаган ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган бошқа ҳолларда почта алоқаси оператори ёки провайдери ходими божхона органининг мансабдор шахси билан биргаликда ХПЖ ва ХКЖ божхона кўригидан ўтказилганлиги далолатномасини тузади.
Лойиҳада назарда тутилишича, агар ХПЖ ва ХКЖга солинган товарга қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловлари солинмаса, божхона органининг мансабдор шахси божхона декларациясига «Yuk chiqarishga ruxsat berildi» штампини қўяди ва жўнатмаларни тайинланган манзилга жўнатиш ва адресатга тақдим этиш учун почта алоқаси оператори ёки провайдери ходимларига беради.
Ҳужжат билан (ХПЖ ва ХКЖ адресатга берилганидан кейин 15 календарь кундан ошмайдиган) муддатни белгилаш таклиф этилади, унинг давомида почта алоқаси оператори ва провайдери ходимлари божхона органларига олувчининг паспорт маълумотлари ва берилган санаси ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган электрон маълумотлар базасига киритиш йўли билан тақдим этишлари шарт. Божхона тўловлари ҳисоблаб ёзиладиган ХПЖ ва ХКЖ учун божхона расмийлаштируви тартибига тузатиш киритилади: у тўловлар тўланганидан кейингина амалга оширилади. Агар олувчи божхона назорати зонаси фаолият юритадиган минтақада жойлашмаган бўлса, божхона органининг мансабдор шахси томонидан илова қилинадиган ҳужжатларга «Bojxona nazoratidagi yuk» белгиси қўйилади ҳамда жўнатма олувчи фаолият юритиш минтақасида жойлашган почта алоқасининг тегишли ҳудудий ташкилотига божхона назорати остида юборилади.
Лойиҳа билан қиймати эквивалентда 1 000 АҚШ долларигача бўлган товарларни ўз ичига олган ХПЖ ва ХКЖни Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига (АВ томонидан 18.04.2011 йилда 2219-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ жўнатиш таклиф қилинган.
Лойиҳа келишув босқичида бўлиб, ўзгартирилиши, тузатилиши ёки рад қилиниши мумкин.
Елена ЕРМОХИНА,
«Norma Online» эксперти.
*Консуллик вализаси – дахлсиз тусга эга бўлган дипломатик почта учун ёпиқ ва белгиланган тартибда муҳрланган ёки пломбаланган сиғим (сумка, халта, пакет, конверт ва ҳ.к.).