Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 21 / Муаммони кўтарамиз

Ҳужжатлар турлича талқин қилинганда

 

Текширув чоғида корхоналар ходимларига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаларини ҳисоблаб чиқариш бўйича саволлар юзага келди. Бунда турли корхоналарда текширувчилар ҳисоб-китобларга мукофот тўловлари, устамалар, компенсациялар ва бошқа қўшимча тўловларни қўшиш бобида Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом меъёрларини турлича талқин қилганлар. Масалан, муассаса раҳбарининг йил бошида чиқариладиган буйруғига кўра, ходимларга лавозим маошидан ташқари қуйидагилар мунтазам равишда тўланади: қатъий белгиланган суммада устама ёки иш ҳақидан (лавозим маошидан) фоиз сифатида; байрамлар муносабати билан, чораклик, йиллик иш натижалари бўйича мукофотлар; моддий ёрдам (йилда 1 марта), шунингдек шахсий автомобилдан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун компенсация (меъёрлар доирасида 2 ЭКИҲ + белгиланган меъёрлардан ортиқ 1 ЭКИҲ). Битта корхонада текширувчи касаллик варақаси бўйича нафақани ҳисоблаш учун фақат лавозим маошини инобатга олиб, унга мукофотнинг атиги 1/12 қисмини қўшган, иккинчисида – ҳисоб-китобга 1/12 қисми миқдорида қўшилган мукофотларни истисно этганда маошга ундан ортиқ барча тўловлар қўшилган. Юқорида тилга олинган даромадларга эга бўлган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини қандай қилиб тўғри ҳисоблаб чиқариш мумкин?

Севара Г.,

аудитор.

 

Бадалларни чегирдингизми? – Ҳисоб-китобга қўшинг

Касаллик бўйича нафақалар ҳисоб-китоби Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 1136-сон Низом) билан белгиланган. Унда белгиланишича, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Нафақаларни ҳисоблашда асос қилиб олинадиган ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари ҳисобланган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади (1136-сон Низомнинг 49–52-бандлари).

1136-сон Низомда меҳнатига вақтбай ҳақ тўланадиган ходимларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ҳисоблаб чиқарилишига алоҳида тушунтириш берилган: у ойлик иш ҳақи, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик таътили бошланган кунгача доимий равишда олиб келинган қўшимча ва устамаларни қўшган ҳолда кунлик ёки соатбай тариф ставкаси ва юқорида келтирилган тартибда – 1/12 қисм миқдорида ҳисоблаб чиқарилган ўртача ойлик мукофотлар суммаси ҳисобга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

 

Номувофиқлик кўринмоқда

Шуни қайд этиш лозимки, бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида 1136-сон Низомга нисбатан анча савол йиғилиб қолди. Уларнинг айримлари юзага келишига унинг алоҳида бандлари ҳозирги пайтда амал қилаётган ҳуқуқий меъёрларга мувофиқ келмаслиги ёки тўғридан-тўғри зид келиши сабабчи бўлган. Масалан, 1136-сон Низомнинг 1-бандида кўрсатилишича, ҳомиладорлик ва туғиш учун нафақалар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади. Айни пайтда мазкур нафақа 2010 йилдан буён иш берувчиларнинг маблағлари ҳисобидан тўланмоқда. Ушбу тартиб Президентнинг 22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон Қарори 24-банди билан киритилган. Унинг амал қилиши мунтазам равишда келгуси барча йиллар давомида узайтирилади – 2016 йил учун бу Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарори 16-банди асосида амалга оширилган.

Бошқа бандлар мазмуни ҳам амалдаги меъёрларга мувофиқ келувчи аниқлаштириш киритишга муҳтож. Масалан, 1136-сон Низомнинг ­2-бандида қайд этилишича, нафақалар ижтимоий суғурта жорий қилинадиган ходимларга берилади. Бунда ижтимоий суғурта бўйича тўловлар шартли равишда 2 турга – ягона ижтимоий тўлов (иш берувчи тўлайди, 2002 йилда «мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ижтимоий суғуртага мажбурий бадаллар» деб номланган) ҳамда фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадалларига (ходим иш берувчи – солиқ агенти орқали тўлайди) бўлинади. Нафақани ҳисоблаб ёзишда ижтимоий суғурта бўйича қайси тўловларни инобатга олиш зарурлиги ноаниқ. Ёки уни тўловларнинг 2 тури бир йўла тўланганда ҳисоблаб ёзиш мумкинми?

Бундан ташқари, 1136-сон Низомнинг 51-бандида Вазирлар Маҳкамасининг 11.05.1994 йилдаги 249-сон Қарори билан белгиланган суғурта бадаллари ҳисобланмайдиган иш ҳақи ва бошқа тўлов турларини ҳисобга олиш таклиф этилади (бундай иш ҳақи ва бошқа тўлов турлари Рўйхати ВМнинг 11.03.2009 йилдаги ­63-сон Қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган). Бироқ 2008 йилдан бошлаб бундай тўлов турлари рўйхати Солиқ кодексининг тегишли моддалари билан тартибга солинади. Солиқ кодексининг 172–175-моддаларида кўрсатилган иш ҳақи тарзидаги даромадлар суғурта бадалларининг солиқ солиш объектидир (Солиқ кодексининг ­306-моддаси). Яъни вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблаб чиқариш учун ҳақиқатдаги иш ҳақида ишбай нархлар, тариф ставкалари ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақидан ташқари, рағбатлантириш хусусиятига эга ва компенсация тўловлари, ишланмаган вақт учун ҳақ, иш берувчи тўлайдиган, аслида доим ҳам иш ҳақи саналмайдиган бошқа устама ва қўшимча тўловлар инобатга олинади. Моҳиятан олганда, буларнинг бари жисмоний шахслар олиши мумкин бўлган ва тегишли солиқлар солиниши керак бўлган даромадлардир.

Ўриндошларга нафақа тўлаш бўйича Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган) ўриндош учун ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартиби аниқроқ баён этилган. У асосий ва ўриндошлик бўйича иш жойида алоҳида ҳисобланади. 1136-сон Низомнинг 60-бандига кўра эса, нафақа барча иш жойидаги умумий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади, ­яъни банд таҳрири нафақа иш берувчи маблағлари ҳисобидан тўланмаган даврга мувофиқ келади.

Бундан ташқари, 1136-сон Низомда ноаниқликлар мавжуд. Хусусан, 62-бандининг 2-хатбошисида белгиланишича: агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ишнинг вақтинча тўхтатилган даврида бошланган бўлса, иш тўхтатиб қўйилган давр учун нафақа Меҳнат кодексининг 155-моддасида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорида берилади. Ўз навбатида МКнинг 155-моддасида белгиланишича, муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон Қарорига 1-илова) биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. 1136-сон Низомнинг талқинидан келиб чиқилса, корхонада иш вақтинча тўхтатилган даврда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ҳолда нафақани умумбелгиланган тартибда ҳисоблаб чиқариш керак эмас, балки меҳнатга қобилиятсизликнинг барча кунлари учун белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори суммасини тўлаш лозим (тариф коэффициенти 2,476 ва ЭКИҲ 130 240 сўм бўлганда МҲТФ 322 474,24 сўмни ташкил этади). Бундай қилиш керак эмаслиги, бу ҳолларда нафақани 322 474,24 сўм миқдоридаги МҲТФ ва меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунлардан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариш лозимлиги аён.

 

Тушунчалар устида ишлаш

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, меҳнат тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари 1136-сон Низомда қўлланадиган айрим тушунчалар моҳиятини очиб бермайди. Шу боис турли талқинлар, тегишинча, уларни қўллашга турли ёндашувлар юзага келади. Айтайлик, 1136-сон Низомда иш ҳақи турлари деганда нималар тушунилади? Ўтган йиллар амалиётида асосий ва қўшимча иш ҳақи тушунилган. Биринчиси қайси давр – кун, ҳафта, ярим ой ёки ой учун ҳисоблаб ёзилганлигидан қатъи назар, ишланган давр ёки бажарилган ҳажм учун тўланган. Ўшанда амал қилган қонун ҳужжатлари билан муайян ҳолларда қўшимча иш ҳақи (унинг иккинчи тури): ходимларнинг айрим тоифаларига қўшимча тўловлар, эмизикли оналарга ҳақ тўланадиган таътиллар ва ишда ҳақ тўланадиган танаффуслар ҳамда вояга етмаган ходимларга имтиёзли соатлар, ишдан бўшатишда ишдан бўшатиш нафақалари ва ҳ.к. тўланиши кафолатланган. Ҳозир буларнинг бари Солиқ кодексининг 171–178-моддаларига асосан жами даромад тушунчасига киритилган. Бунда даромадларнинг таркиби ҳам, таркибланиши ҳам фақат фискал мақсадни кўзлайди. Айрим даромад турларини иш ҳақига боғлашнинг мураккаблиги шу билан изоҳланади. Масалан, хизмат сафари харажатлари бўйича, шахсий автомобилдан фойдаланиш бўйича меъёрдан ортиқча компенсациялар, шунингдек солиқ солиш мақсадида ҳатто рағбатлантириш тусига эга тўловлар деб эътироф этиладиган моддий ёрдамнинг айрим турларини. Ушбу тўловларни иш ҳақи деб тан олиш иш ҳақи хусусидаги мавжуд тушунча ва уни ҳисоблаб ёзиш услубияти нуқтаи назаридан ҳам мураккабдир.

Нафақани ҳисоблашда доимий тусдаги қўшимча тўловлар ва устамалар билан боғлиқ бошқа муаммо юзага келади. Ўтган йилларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга миқдори календарь йил давомида ўзгармайдиганларини киритар эдилар (масалан, ходимга малакаси учун буйруқ билан 250 минг сўм миқдорида шахсий устама белгиланган). Жамоат семинарларида ваколатли органлар ходимлари ана шу позицияни тилга олар эдилар. Бироқ сўнгги йилларда доимий тусдаги қўшимча тўловлар ва устамалар талқини ўзгарди.

Хусусан, давлат ташкилотларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган, меҳнат натижаларига боғлиқ бўлмаган ва ташкилот (муассаса) раҳбарининг қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин бўлмаган тўловларни улар сирасига киритиш таклиф этилади. Давлат хизматчиларига қўшимча тўловлар ва устамалар уларнинг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида тўланади. Шу муносабат билан бюджет ташкилотларига ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармасини (махсус жамғармани) тузиш ҳуқуқи берилган (АВ томонидан 20.09.1995 йилда 177-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Бунда махсус жамғарманинг тузилиши илгари ташкил этилган жамғармаларнинг амал қилишини бекор қилмади. Давлат хизматчилари ВМнинг «Давлат хизматчиларининг лавозим маошларига йигирма фоизли устама ҳақ белгилаш тўғрисида» (3.07.1997 йилдаги 339-сон) ва «Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги (3.09.1999 йилдаги 414-сон) қарорлари асосида ҳам устамалар оладилар. Айрим бюджет ташкилотлари учун рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги ўз (идоравий) низомлари тасдиқланган (масалан, ВМнинг 8.01.2003 йилдаги 8-сон Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг махсус жамғармаси тўғрисида низом). Бироқ ушбу барча ҳужжатларда ҳам қайси устама ва қўшимча тўловлар доимий, қайсилари доимий эмаслиги очиб берилмаган.

 

Ихтилофлар сабаби талайгина

Юқоридаги фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб, 1136-сон Низомдаги тушунтиришларни амалда турлича талқин қилиш ва нотўғри қўллаш учун асослар жуда кўплигини қайд этиш мумкин. Буни касаллик варақалари ҳисоб-китоби бўйича текширувчиларнинг танбеҳи юзага келтирган саволларимиз ҳам тасдиқлайди. Агар 1136-сон Низомга қатъий амал қилинса, уларнинг биронтаси ҳақли эмас бўлиб чиқади.

Амалиётда нафақаларни ҳисоблашнинг анча тушунарли ва адолатли тартиби қўлланган ва қўллаб келинмоқда (семинарларда ваколатли органларнинг мутахассислари айни уни мисол қилиб келтирадилар), бунда нафақа ҳисоб-китоб кунида белгиланган тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда, уларни ҳисоб-китоб даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг 1/12 қисмига оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Яъни барча мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқа тўловлар тарифдан ортиқча қисмда ҳисобга олинади (нафақат мукофотлар).

Бунда нафақани ҳисоблашда фуқароларнинг Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ушлаб қолинадиган барча тўловлар (даромадлар) инобатга олинади.

 

Комила КАРИМОВА,

экспертимиз.

Прочитано: 2554 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика