2014 йилда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжимиз учун хом ашё импорт қилган эдик. Божхонада расмийлаштиришда ҚҚС тўлашга доир имтиёзлар қўлланган эди. Айни пайтда фойдаланилмаган хом ашё қолдиқлари бир қисмининг яроқлилик муддати тугади, ундан ишлаб чиқаришда фойдаланиб бўлмайди. БҚТ расмийлаштириб, пеняни ҳисобга олган ҳолда солиқларни қўшимча тўлашимиз, шундан кейингина уларни ҳисобдан чиқариш ва утиллаштиришни бошлашимиз мумкинми?
Декларант.
Давлат божхона қўмитаси мурожаатни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.
Божхона кодексининг 15-моддасига мувофиқ, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиб, бу имтиёзлар нима муносабат билан берилган бўлса, шартли чиқариб юборилган товарлар ва транспорт воситаларидан фақат шу мақсадда фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга йўл қўйилади. Бошқа мақсадда улардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга божхона тўловлари тўланган ҳамда ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган тақдирда йўл қўйилади.
Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича йўриқноманинг (АВ томонидан 20.04.2000 йилда 920-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 8-бандида белгиланишича, ундириладиган божхона тўловлари суммалари ўзгарган ҳолларда (масалан, имтиёзлар берилган товарлар бўйича божхона тўловлари қўшимча тўланган ва ҳ.к.) кўрсаткичларга тузатиш киритиш мумкин. Кўрсаткичларни тўғрилаш (БҚТ-1 ва БҚТ-2 шакллари) воситасида божхона тўловлари суммаларини ўзгартириш Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 24.09.2010 йилда 2143-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ташкил этилган, ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, «Тошкент АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексида доимий фаолият юритувчи комиссиянинг хулосасига асосан амалга оширилади.
Шу муносабат билан ТИФ иштирокчиси божхона тўловларини тўлаш учун илгари БЮД расмийлаштирилган ҳудудий божхона бошқармасига мурожаат қилиб, ЎзРнинг амалдаги божхона қонунчилигига мувофиқ барча зарур ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Мурожаатга жавобдан қониқмаган бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи идораларга ёхуд суд органларига мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Муталибжон СОЛИЕВ,
ЎзР Давлат божхона қўмитасининг раис ўринбосари.