Ташкилот Москвага хизмат сафарига юбориладиган ходимлари учун авиачипталар харид қилди. Улар ҳақи тўлангач ҳисобварақ-фактура тақдим этилмади, чунки шартномага кўра ижрочи фақат республика ичидаги йўналишларга берилган авиачипталар бўйича ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади. Шу сабабли бухгалтерияда фақат авиачипталарнинг нусхалари ва чеклар мавжуд.
Улар, ҳисобварақ-фактура бўлмаган ҳолда, чипталар қийматини харажатларга киритиш учун асос бўладими?
Л.Кулева,
МЧЖ бухгалтери.
– Солиқ кодексининг 222-моддасига мувофиқ, ҚҚС солинадиган оборотни ва ундан озод қилинган оборотни амалга ошираётган юридик шахслар, шунингдек ҚҚС тўловчиси бўлмаган юридик шахслар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи шахсга ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари шарт. Ундан, хусусан, йўловчилар ташишни йўл чипталари билан расмийлаштириш мустасно.
Ушбу моддада белгиланишича, унинг 3-қисмида кўрсатилган ҳужжатлар ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлардир. Уларда ҚҚС солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилган тақдирда ҚҚС суммаси албатта ажратиб кўрсатилиши керак. Яъни йўловчини ҳаво транспортида ташиш шартномаси тузилганлигини тасдиқлайдиган йўл чиптаси бўлган тақдирда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш керак эмас.
Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларининг (АВ томонидан 29.06.2011 йилда 2238-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 36-бандида белгиланишича, ҳар бир йўловчига қоғоз бланкаси ёки электрон шаклда чипта расмийлаштирилади. Йўловчи қатнов бажарилишидан олдин ташувчи томонидан белгиланган қоидаларга асосан расмийлаштирилган ҳамда ушбу қатнов учун парвоз, йўловчи ва фойдаланилмаган парвоз купонлари мавжуд бўлган чиптани тақдим этмаганда, ушбу йўловчи ташишга қўйилмайди, электрон шаклда расмийлаштириладиган чипта бундан мустасно (Қоидаларнинг 43-банди). Электрон шаклда расмийлаштириладиган чиптадан фойдаланилган ҳолларда, агар йўловчи ўз шахсини тасдиқловчи ва ушбу чипта айнан унинг номига расмийлаштирилганлигини маълумотлар базасидан аниқлаганлиги тўғрисида ҳужжат бўлмаса, у қатновга қўйилмайди (Қоидаларнинг 44-банди).
Сизнинг мурожаатингиздан «авиачипталар нусхалари» нималигини англаш қийин. Зеро йўловчида тушиладиган охирги пунктгача йўловчи купони (унинг нусхаси эмас) қолади, айни у хизмат кўрсатилганлиги далилини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади. Агар авиачипта электрон шаклда расмийлаштирилган бўлса, ташишни тасдиқлайдиган ва ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжат бўлиб аниқ йўловчи номига чипта расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотлар базасидан олинган ҳужжат ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 141-моддасига кўра, солиқ тўловчининг харажатлари бўлиб операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган ҳужжатлар билан тасдиқланган асосли харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Агар сизда мавжуд бўлган ҳужжатлар операция санаси, суммаси, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берса, тегишинча, уларни харажатларни эътироф этиш учун асос деб ҳисоблаш мумкин.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.