Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида «Коррупция – хавфли иллат» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда божхона бошқармаси шахсий таркиби, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Маълумки, коррупция, яъни мансабдор шахсларнинг ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият ваколатларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишида ифодаланувчи бу иллат бугунги кунда дунё ҳамжамиятини безовта қилаётган масалалардан ҳисобланади. Давлат бошқаруви соҳасидаги бундай жиноий фаолият ҳақида бугун бот-бот эслатиб ўтилади.
Президентимизнинг «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланиш жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид сифатида баҳоланади. Ушбу иллат амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодаси бўлиши билан бир қаторда, жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини ҳам емиради.
Коррупция фуқаролар, айниқса ёш авлод онгида мансабдор шахсларга нисбатан ишончсизлик ва бошқа салбий муносабатларни шакллантириши билан ҳам ачинарли ҳолдир.
– Коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, у мансабдор шахсларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши натижасида жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий инқирозига сабаб бўлиши мумкин, – деди суҳбат давомида божхона хизмати капитани Жамшид Эшқулов. – Бундай хавфли қилмиш давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаб-яшнаши учун шароит яратиб беради.
Бошқарманинг ҳуқуқий хизмат гуруҳи катта инспектори Баҳром Аҳмедов мазкур масалага мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратилганини қайд этди. Дарҳақиқат, республикамизда БМТ иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (EKOSOS)нинг Коррупцияга қарши кураш резолюцияси, Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси, Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳақидаги декларация, Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларнинг эътироф қилингани мазкур иллатга қарши курашда муҳим омил вазифасини ўтамоқда. Ушбу халқаро ҳужжатлар, шунингдек, миллий қонунчилигимиз меъёрлари бу борада жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамиятларининг фаоллигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Г.МАҲМУДХОНОВА.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати катта инспектори.